2020 йил 1 май куни соат 05:55да Сирдарё вилоятида жойлашган “Сардоба” сув омбори дамбасининг 6 пикет деворида сув чиқиши юзага келганлиги ҳақида хабар берган эдик.
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ахборот хизматининг хабар қилишича, “Сардоба” сув омборида юз берган фавқулодда ҳолатнинг илк соатларида, тезкор гуруҳ таркибида эвакуация қутқарув ишларида иштирок этган Миллий гвардиянинг 2 нафар ходими кучли оқим сабаб оқиб кетган. Натижада, Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси сержант Суяров Хусниддин Зокирович табиий офатга қарши курашиш жараёнида ҳалок бўлди.
Хабарда маълум қилинишича, ҳозирда иккинчи ходимни қидириш ишлари давом этмоқда.
“Ҳуқуқ ва бурч” ижтимоий-ҳуқуқий журнали жамоаси мардлик намунасини кўрсатиб, ўз хизмат бурчига сўнгги нафасигача содиқ қолган сержант Суяровнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.