2020 йил март сони

0
86

“Huquq va burch” журнали

Чоп этилган вақти: 2020 йил, март
Саҳифалар сони: 64 саҳифа
Чоп этилган мақолалар сони: 15 та

Журнал баҳоси: 20 000 сўм

 

МУНДАРИЖАНИ КЎРИШ
ЮКЛАБ ОЛИШ

5

5

УШБУ СОНДА:

Йилбоши – барака боши

Ёз мавсуми – 21 мартдан бошлаб кун узаяди. Кундузнинг ёйилиб, кенгайишини ифодаловчи «ёз» (ёзилмоқ, узаймоқ, кенгаймоқ маъноларида) бу мавсумга исм бўлган. Аксинча, туннинг узайиб, кундузнинг қисқариши – «қиш» (қисилмоқ, сиқилмоқ, тораймоқ маъноларида) сўзи билан аталган. Атамалар тасаввур ва дунёқарашни тўлиқ қамрайди. Мақолда «Ёз ёзил, қиш йиғил» дея айтилиши далилдир.


Ватан равнақи, халқ фаровонлиги йўлида

Мутахассисларнинг фикрича, кейинги ўн йилликда энергоресурсларга талаб кескин ошади ва энергетика омили ҳар қандай мамлакат иқтисодиётидаги ҳал қилувчи аҳамиятини сақлаб қолади. Бу, энг аввало, ишлаб чиқариш ва технологик тараққиёт, маиший-коммунал соҳаларнинг уларга бевосита боғлиқлиги билан изоҳланади. Демак, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан биридир.


Биотерроризм таҳдидларига қарши курашнинг ҳуқуқий жиҳатлари

Мамлакат хавфсизлиги – аҳоли фаровонлиги ва тинч-тотувлигини таъминлаш билан бир қаторда, давлат барқарорлиги, халқаро ҳамжамиятда унинг нуфузи ва тараққиётини белгилаб берувчи асосий омиллардан биридир. Ўз навбатида, миллий хавфсизликни таъминлаш – давлат механизмида фаолият юритувчи ваколатли органларнинг ўз функцияларини самарали амалга оширишлари билан боғлиқ бўлиб, ўзида кўплаб соҳаларни, жумладан сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, мудофаавий, маънавий, экологик, биологик хавфсизлик масалаларини қамраб олади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг «Терроризмга қарши кураш тўғрисида»ги қонунига қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчаларни киритиш лозим:

Биринчидан, 31 моддадан иборат мазкур қонун терроризмга қарши кураш соҳасида барча муносабатларни қамраб олмайди. Хусусан, биотерроризм билан боғлиқ ҳуқуқий нормалар норматив-ҳуқуқий ҳужжатда алоҳида қайд этилмаган.

Иккинчидан, қонуннинг 2-моддасидаги асосий тушунчалар доирасида «биотерроризм», «биологик қурол» тушунчаларини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкаш лозим деб ҳисоблаймиз.

Учинчидан, биологик қуроллар тарқалишининг олдини олувчи ва биотерроризм тахдидларига қарши курашувчи агентлик ёки 8-моддада қайд этилган давлат органларидан бирининг тизимида махсус бўлим ташкил этиш мақсадга мувофиқ бўлади.


Коррупциявий хавф-хатар уни аниқлаш ва баҳолашнинг
қиёсий-ҳуқуқий таҳлили

Ҳозирги глобаллашув ва интеграция жараёнлари жадаллашиб бораётган мураккаб шароитда коррупция барча мамлакатлар учун қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда. Халқаро валюта жамғармаси (International Monetary Fund) маълумотларига кўра, жаҳон иқтисодиёти коррупция туфайли ҳар йили 2,6 триллион долларгача зарар кўради.

Антикоррупцион комплаенс назорат — давлат бошқарув органлари, ташкилот ва муассасалар ҳамда хўжалик бошқарув органларида коррупцияга қарши кураш тадбирларини мувофиқлаштирувчи таркибий бўлинма тузиш  ёки коррупцияга қарши курашга масъул ходимни тайинлаш; «Одоб-ахлоқ қоидалари» ва «Коррупцияга қарши курашиш сиёсати»ни тасдиқлаш ҳамда бу процедура учун зарур ички идоравий ҳужжатларни қабул қилиш; коррупцияга қарши кураш тадбирларини амалга оширишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорлик қилишни ўз ичига олади. Антикоррупцион комплаенс назорат тизимидан мақсад давлат хизматчилари ва компания ходимларининг коррупция билан боғлиқ жиноятлар содир этишининг олдини олишдир.


Ходимнинг ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш

Меҳнат муносабатлари юзага келиши, ўзгариши, бекор бўлиши ҳар бир мамлакатда ўзига хос хусусиятга эга. Ўзбекистон меҳнат қонунчилигининг қай даражада қўлланаётганини аниқлаш, ундаги камчиликларни бартараф этиш мақсадида хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш талаб этилади. Меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббуси билан бекор қилиш Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатларида ўзига хос ўринга эга. Бу ҳуқуқий институт МДҲ мамлакатларида алоҳида аҳамиятга эга эканлиги билан меҳнат муносабатларини шартномавий тартибга солишнинг Европача моделидан ажралиб туради.


Жиноят ишини кўриб чиқишда замонавий механизмларнинг аҳамияти

Хорижий давлатларда эса жиноят иши бўйича айбини бўйнига олиш, ҳамкорлик ва келишув институтларининг тобора такомиллашиб бораётганини, уларнинг турли шакллари борлигини кўриш мумкин.

Ушбу институтларнинг икки турини кўриб чиқамиз.

Биринчиси айбини бўйнига олиш ёки иқрорлик институти бўлиб, шахс айбини бўйнига олиши эвазига унга енгилроқ ёки бошқа муқобил жазо чораларини қўллашни назарда тутади. Бунда ҳамкорлик қилиш талаб этилмайди, шахс айбини бўйнига олишининг ўзи етарли ҳисобланади. Мазкур институт хорижий давлатларда «plea bargain», «guilty plea», «plea agreement» каби турли номлар билан аталади.

Иккинчиси тарафлар (айбланувчи ва айблов тарафи) ўртасида жиноят ишини келишув битими ёки ҳамкорлик битими тузиш орқали ҳал этишни назарда тутади.


Халқаро тижорат арбитражлари фаолиятини ташкил этишнинг айрим масалалари

Низоларни халқаро тижорат арбитраж судларида кўриб чиқишда, энг аввало, билими, касбий маҳорати ва тажрибали мутахассис сифатида ўзини кўрсатган шахсларнинг арбитр (ҳакам) этиб тайинланишига асосий эътибор қаратилади. Арбитрларни танлаш низолашувчи ҳар иккала тарафнинг хоҳиши, эрки ва иродасига боғлиқ.


Мажбурият бажарилиши керак

Шартномадан, зиён етказишдан ёки Фуқаролик кодексида назарда тутилган бошқа асослардан келиб чиқиши мумкин бўлган мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш масаласи фуқаролик ҳуқуқий муносабатларда муҳим ўрин тутади. Мажбурият бажарилишини таъминлашнинг моҳияти шундан иборатки, қарздор зиммасидаги мажбуриятни белгиланган муддатда бажармаса кредиторда зиённи ундиришдан ташқари қарздорни мажбуриятни бажаришга мажбур қиладиган бошқа мулкий таъсир чораларини қўллаш ҳуқуқи пайдо бўлади.


Эгалик ҳуқуқини белгилаш бу бўйича фуқаролик ишлари қониқарлими?

«Прокуратура тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 4-моддасига кўра қонун ижодкорлиги ва жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда иштирок этиш прокуратура органлари фаолиятининг асосий йўналишларидан ҳисобланади. Шу боис Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан судларда фуқаролик ишлари юритилишида прокурор ваколатини таъминлаш билан бирга қонунчиликни такомиллаштиришга оид таклифлар ҳам ишлаб чиқилмоқда.


Низоларни ҳал этишда

Мамлакатимизни ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири суд тизимини демократлаштириш ва суд жараёнларини соддалаштиришдир. Ҳаммамизга маълумки, аслида тарафлар низоларни келишув асосида ҳал этишнинг умуман имконияти қолмаганда охирги чора сифатида судга мурожаат қилади.


Бири иккинчисидан кам эмас…

Ўзида бир неча жиноятларни мужассамлаштирган коррупция инсонлардаги эртанги кунга бўлган ишончни сўндириб, жамиятнинг маънавий устунлари емирилишига олиб келади. Шуниси ҳам борки, коррупция, хусусан, порахўрлик икки ёқлама, ўртасида тўсиғи йўқ кенг бир йўл. Бу йўлда кимдир пора олувчи, кимдир эса пора берувчи.


Жиноий инсценировкалар уларни таснифлашнинг назарий асослари

Сўнгги йилларда жиноятчилик табиати кескин ўзгариб, унинг усуллари кун сайин янгиланиб бормоқда. Замонавий жиноятлардаги асосий хусусият жиноятчилар томонидан унинг махфийлик даражасига қаттиқ урғу берилиши бўлиб, жиноий фаолиятнинг аҳамиятга эга бўлган воқеаларини инсценировка қилиш усулидан фойдаланиш ҳолатлари кўп кузатилади. Бу турдаги жиноятларни фош этиш ва ҳақиқатан ҳам содир бўлган воқеага ойдинлик киритиш терговчидан маҳорат ва тажриба талаб қилади.


Пробация ўзи нима?

Инсон учун энг қимматли бойлик шаъни ва қадр­қимматидир. Уни камситишга йўл қўйилмайди. Бу қоида қонунларимизда қатъий белгилаб қўйилган. Бу қоида жинояти учун жазони ўтаётган маҳкумларга ҳам тааллуқли. Жазо туридан қатъи назар, улар ўзининг асосий ҳуқуқ ва мажбуриятларидан, жамият аъзолигидан маҳрум қилинмайди. Мисол учун, Жиноят­ижроия кодексига биноан маҳкумлар жазони ўтаётган муассаса кутубхонасидан фойдаланиши, телевизор кўриши, радио тинглаши,  мажлисларда сўзга чиқиши, деворий газеталарга маъмурият рухсати билан мақолалар бериши мумкин.


Айбсизлик презумпцияси

Бугунги кунда миллий қонунларимизни инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари устувор деган тамойилга асосланган ҳолда такомиллаштириш долзарб аҳамиятга эга. Ўзбекистон президентининг 2017 йил 30 ноябрдаги «Суд­тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора­тадбирлар тўғрисида»ги фармони шулар жумласидандир.


Гулдан нозик, тоғлардан кучли

Аёлларнинг оналик мақоми-ю рафиқалик адаби, фарзандлик меҳри ҳақида кўп ва хўп гапирилган. Шу ўринда бу соҳир қалб эгаларининг тарихимиз сўқмоқлари аро жамиятда тутган ўрни ҳақида баҳоли қудрат фикр юритсак. Аввалбошдан айтиш жоиз, узоқ мозийда  хотин-қизлар орасида ҳам динни чуқур билган, фиқҳ илмида мукаммал, ҳадисшунос, шариат қонун-қоидаларидан пухта хабардор момоларимиз номлари кўплаб учрайди.