2020 йил май сони

0
1657

“Huquq va burch” журнали

Чоп этилган вақти: 2020 йил, май
Саҳифалар сони: 64 саҳифа
Чоп этилган мақолалар сони: 13 та

Журнал баҳоси: 20 000 сўм

 

МУНДАРИЖАНИ КЎРИШ
ЮКЛАБ ОЛИШ

5

5

УШБУ СОНДА:

Давлат-ҳуқуқий фанлар йўналишидаги тадқиқотларнинг долзарб муаммолари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 5987-фармонида миллий юридик таълимнинг самарадорлиги нисбатан пастлигича қолаётганига алоҳида урғу берилди. Шунингдек, юқори малакали мутахассисҳуқуқшуносларни тайёрлаш ва мамлакатда юридик фанни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган қатор тизимли муаммо ҳамда камчиликлар мавжудлиги, ҳуқуқ соҳасидаги илмий тадқиқотлар натижаларини амалий жиҳатдан жорий этишга етарли эътибор берилмаётгани таъкидланди.


Беморлар ҳуқуқи ҳимояси: хориж тажрибаси

Франция тажрибаси

Францияда ҳам беморлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг самарали тизими жорий этилган. Ушбу тизим бир қанча йўналишларни ўз ичига олади. Энг муҳим йўналишлардан бири беморларга етказилган зарарни қоплаш мақсадида тиббиёт ходимларининг фаолиятини мажбурий суғурталашдир. «Беморлар ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонунда суғурта пулларидан беморларга тиббий хизматларни кўрсатишда юзага келган бахтсиз ҳодиса, ятроген касалликлар, шифохонада инфекция юқтириб олиш натижасида етказилган зарарларни қоплаш белгиланган


Мақсад – прокуратура ходимлари салоҳиятини янада юксалтиришдир

Академиянинг 15 мингта китоб фондига эга бўлган ахборот­ресурс маркази Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси, «EBSCO Publishing», «Elibrary» илмий электрон кутубхонаси, «Asian Journal of Comparative Law», «ProQuest» диссертация ва диплом ишлари базасига уланган бўлиб, академияга «Scopus», «Mendeley», «ScienceDirect» ва «Springer Nature» ахборот платформалари ва ресурсларидан фойдаланиш имконияти берилган.

Академиянинг олий ўқув юртидан кейинги таълим институтида бугунги кунда 8 нафар докторант ва 24 нафар мустақил изланувчи илмий тадқиқот билан шуғулланмоқда.

Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида идоралараро илмий тадқиқотларни амалга ошириш ва мувофиқлаштириш мақсадида академия ташаббуси билан ҳуқуқ фани тарихида биринчи марта ТДЮУ, Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги судьялар олий мактаби, ИИВ академияси, Миллий гвардия ҳарбий­техник институти, ДХХ институти, ДБҚ божхона институти, Адлия вазирлиги ҳузуридаги юристлар малакасини ошириш маркази ва ДСҚ ҳузуридаги малака ошириш марказидан иборат илмий тадқиқот консорциуми ташкил этилди.


Евроосиё иқтисодий иттифоқи судининг миллий суд тизимларига таъсири

Евроосиё иқтисодий иттифоқи собиқ совет иттифоқи ҳудудидаги интеграция лойиҳаси бўлиб, 1995 йилда Россия Федерацияси ва Белорусь Республикаси ўртасида имзоланган «Божхона иттифоқи тўғрисида»ги битимга асосланган ва кейинчалик ўз таркибига Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда Арманистонни бирлаштирган.

Бу ўринда, Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасидаги ташкилий-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи органлар фаолияти, ҳуқуқий асослари, ўзаро келишув ва битимларни ўрганиш билан бир қаторда, асосан мазкур ташкилот судининг мақоми, ташкилот доирасида низоларни ҳал қилиш тартиби, шунингдек, ЕОИИ суди қарорларининг миллий суд тизимларига таъсири, уни ижро этиш масалаларини таҳлил қилиш мақсадга мувофиқдир.


 

Мурожаатлар билан ишлаш борасида айрим ташкилий-ҳуқуқий муаммолар

Аҳоли мурожаатларининг давлат бошқарувидаги ўрни юқори бўлиб, улар ҳар қандай давлат органи учун ислоҳ қилиш лозим бўлган соҳалар ва йўналишларни аниқлаш, аҳолига манфаат келтирадиган тадбирларни амалга ошириш, халқчил қонунчилик базасини яратиш, хатоларни бартараф этишда муҳим ўрин тутади. Шу билан бирга, мурожаатлар фуқаро умри давомида давлат билан қай даражада мулоқотга (муносабатга) киришаётганини таҳлил қилиш ҳамда шу орқали давлатнинг ҳар бир фуқаро ҳаётида қанчалик даражада аҳамият касб этаётганини аниқлаш, муайян ҳудудда давлат ўз вазифасини қай даражада бажараётганлигини баҳолаш имконини беради.


Давлат хизматида манфаатлар тўқнашуви

Соҳа мутахассислари манфаатлар тўқнашувининг келиб чиқиши давлат хизматининг асосий принципларига риоя этмаслик ва давлат хизматчисининг айнан биринчи даражали вазифаларини, худди шунингдек мансаб ёки хизмат мажбуриятларини бажармаслиги ёки лозим даражада бажармаслиги, уларни бажаришда давлат, жамият ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига, амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилмаслиги билан боғлиқлигини эътироф этишмоқда.

Хулоса сифатида шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, манфаатлар тўқнашувини юзага келтирадиган сабабларни ўз вақтида аниқлаш, унинг оқибатларини олдиндан кўра билиш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, соҳага оид муаммолар бўйича илмий тадқиқотлар ўтказиш, улар асосида тавсиялар ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш, шунингдек тўқнашувни ҳал қилиш чораларининг таъсири ва самарадорлигини баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиш коррупциявий ҳолатларнинг сезиларли даражада камайишига олиб келиши муқаррар.


Қонунга хилоф равишда диний ташкилот тузганлик учун жиноий жавобгарлик масалалари

Мақсади, вазифалари ва фаолият йўналишлари Ўзбекистон Республикасининг конституцияси, қонунлари ва халқаро шартномаларига зид бўлмаган, қонун ҳужжатларида белгиланган асосларда ва тартибда ташкил этилган, тегишли давлат органларида рўйхатдан ўтган диний ташкилотларгина мамлакатимиз ҳудудида ҳеч қандай тўсиқларсиз фаолият олиб бориши мумкин.

«Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуннинг 8­моддасига биноан «Ўзбекистон фуқароларининг динга эътиқод қилиш, ибодат, расм­русумлар ва маросимларни биргаликда адо этиш мақсадида тузилган кўнгилли бирлашмалари (диний жамиятлар, диний ўқув юртлари, масжидлар, черковлар, синагогалар, монастирлар ва бошқалар) диний ташкилотлар деб эътироф этилади».

Қонун бўйича диний ташкилотни ташкил этиш ташаббусига фақат ўн саккиз ёшга тўлган, республика ҳудудида доимий яшаётган юз нафардан кам бўлмаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари эга.


Энергетика: тамойил, тажриба ва ислоҳотлар

Мамлакатимизда энергетика соҳасини модернизация қилиш, илғор хориж тажрибасини қўллаш, шунингдек, қайта тикланувчи энергия манбаларидан бўлмиш «яшил» энергетикани ривожлантириш бўйича яқин истиболда бизни нималар кутмоқда? Муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш ижтимоий-иқтисодий ва саноат соҳалари учун қанчалик самарали?

Дунёнинг кўплаб мамлакатларида электр энергиясини ишлаб чиқаришда атом электростанцияларидан (АЭС) фойдаланилади. Масалан, Францияда АЭСнинг энергия ресурсларини ишлаб чиқаришдаги улуши 71,6 фоиз, Украинада 55,1 фоиз, Словакияда 54 фоиз, Финляндияда 33,2 фоиз, Жанубий Кореяда 27,1 фоиз, АҚШда 20 фоиз, Россияда эса 17,8 фоизга тенг.


Келишув институти бўйича хорижий амалиёт

Истиқболда процессуал қонунчилигимизга кириб келиши кутилаётган ўзгаришлардан бири МДҲ мамлакатларида кенг қўлланаётган келишув институтидир. Мазкур институт илк бор Британия судлов тизимида, кейинроқ АҚШда қўллана бошланди. 2017 йилгача федерал судларда кўрилган ишларнинг 97 фоизи келишув асосида ўз ечимини топган. Буюк Британияда бу кўрсаткич камроқ – 87 фоиз.


Пандемиядан кейинги меҳнат бозори қандай бўлиши керак?

Ўзбекистонда эса карантин шароитида давлат томонидан аҳолининг моддий ёрдамга муҳтож қатламига тўғридан­тўғри пул тўлаш таклифи маъқулланмагани бир нечта омил:

    • энг аввало норасмий иш билан банд бўлганларнинг кўплиги карантин шароитида ҳақиқий ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни аниқлаш имконини бермаслиги ёки жуда узоқ давом этадиган жараён эканлиги (бош вазир ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоровнинг «Kun.uz» мухбири билан суҳбати);
    • иккинчидан, мамлакатда норасмий сектор улушининг юқорилиги сабабли аҳоли қўлидаги пул юзасидан аниқ маълумот айтиш қийин бўлган вазиятда давлат томонидан тўғридан-тўғри пул тарқатиш қандай оқибатларга олиб келиши ҳақида иқтисодчиларнинг якдил фикри мавжуд эмаслиги;
    • учинчидан, ушбу жараёнда коррупция авж олиши эҳтимоли юқорилиги билан боғлиқдир.

Сув ресурсларини муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асослари

Сув ресурсларини муҳофаза қилиш умумбашарий муаммолардан бири саналади. Сайёрамиздаги жами сув захирасининг 97,2 фоизи океанларда жамланган ва истеъмолга яроқсиздир. Чучук сув захирасининг 98 фоизи ерости сувлари ҳиссасига тўғри келади, шундан 1,47 фоизи кўлларда, 0,1 фоизи дарё ва сойларда жамланган бўлиб, одамзот фақат шу сувни истеъмол қилади, холос.


Экологик бошқарув моҳияти

Ҳозирги кунда дунё ҳамжамиятини табиий экотизимнинг емирилиши, биологик хилма-хилликнинг кескин қисқариши, глобал иқлим ўзгаришлари, атроф-муҳит ифлосланишининг аҳоли саломатлигига салбий таъсири каби экологик муаммолар жиддий ташвишга солиб келмоқда. Бу каби муаммолар экология соҳасини давлат сиёсати даражасига кўтариб, давлат бошқарувининг алоҳида тизими – экологик бошқарувнинг вужудга келишига сабаб бўлди.

Экология соҳасида давлат бошқарувининг асосий вазифалари сифатида:

    • экологик фаолиятни оқилона ташкиллаштиришнинг қонуний-ҳуқуқий асосларини шакллантириш;
    • экология соҳасидаги давлат бошқарув органлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш;
    • халқаро экологик сиёсий муносабатларда инвестиция, ахборот, тажриба алмашишни кучайтириш;
    • аҳолининг экологик онги ва маданиятини ривожлантиришда давлат бошқарув органларининг ролини ошириш белгиланди.

Қиммат паштет
(ҳикоя)

Бугун кечки овқатга нима харид қилсам экан?..

Пан Михл ҳар доимгидай дўкон пештахтаси олдида узоқ ўйланиб қолди: «Дудланган бирон нима олсаммикан яна?.. Дудланган таомлар бўғин касаллигини келтириб чиқаради… Пишлоқ билан банан олсам-чи? Йўқ, кечаям пишлоқ олган эдим. Ҳадеб бир хил нарса еявериш зарарли дейишади. Пишлоқ эрталабгача ошқозонингда ҳазм бўлмай турганини шундоқ сезиб турасан. Худойим-ей, одам овқатланмаса нима қилар экан-а?»…