0,00 UZS

No products in the cart.

12.7 C
London
Shanba, Oktabr 23, 2021

Ҳуқуқни талаб қилиш учун ҳам билим керак

- Advertisement -
- Advertisement -

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари тўла кафолатланган бўлиб, 44-моддага кўра ҳар бир шахс ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Кўпчилигимиз қонунлар ишлашига ишонамиз, аммо уни қандай «ишлатиш»га келганда кўпинча билим ва кўникмамиз оқсайди. Ахир ҳуқуқни талаб қилиш учун ҳам билим керак. Бироқ бу жараён осон кечмайди, ҳамма бирданига ҳуқуқий маданиятли бўлиб қолмайди. Чунки билим ва кўникманинг ҳосил бўлиши бир кунлик ё бир ойлик иш эмас. У йиллар давомида босқичма-босқич шаклланиб боради. Бунинг учун қуйидагиларга эътибор қаратиш зарур.

Ҳуқуқий кўникмаларни болаликдан ўзлаштириш

Кўникма ёшликдан ўзлаштирилмаса, кейин уни эгаллаш осон эмас. Кўпчиликнинг фикрича, болага ҳуқуқини танитиш қийин. Шунинг учун бола билан ишлашда буйруқ-инкор оҳангига кўникиб қолинган: «уни қилма», «бунга тегма», «борма» каби. Афсуски, бундан боланинг шуурига қўрқув ҳисси сингиб қолади. Кейинчалик оддий маслаҳатни қабул қилишда ҳам бола фикрларини қўрқув тўсиб туради. Бироқ бола бошқарилувчи робот эмас. Унинг ҳам барча қатори қонун билан белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва мажбуриятлари бор. Болаларни улардан хабардор қилиб, ҳуқуқий маданиятли инсон сифатида вояга етказиш катталарнинг бирламчи вазифларидандир. Зотан, ўз ҳуқуқини биладиган шахснинг талаби ҳам юқорироқ бўлади.

Бунга қандай эришилади?

Бола билан ҳамма (ота-она, боғча, маҳалла) бирдай шуғулланса, буткул ўз ҳолига ташлаб қўймаса, ҳар ким зиммасидаги мажбуриятни ҳис қилса, тарбия самарали бўлади. Чунки бола ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини тўлиқ тушунмайди. Нима яхши-ю нима ёмонлигини фарқлашга ожизлик қилади. Бу борада унга бошланғич маълумот ва тушунчаларни содда тилда англатиб бориш зарур. Бу жараён тўхтаб қолмаслиги, мактаб ва коллеж даврида ҳам ёш хусусиятидан келиб чиққан ҳолда изчил давом эттирилиши керак.

Сон эмас, сифатга ишлаш муҳим

Ҳуқуқий тарғибот ҳар хил бўлади. Йилига ўнлаб танловлар, юзлаб тадбирлар ўтказилади, уларга минглаб фуқаролар жалб этилади. Бироқ юзта тадбир ўтказилди дегани уларда қатнашган ҳамманинг ҳуқуқий онгига бирдек таъсир ўтказилди дегани эмас. Демак, ҳуқуқий маданиятли жамиятни шакллантиришда тадбирлар сонига эмас, самарадорлигига эътибор қаратиш лозим. Қайси йўлдан борилса ахборот одамлар онгига аниқ ва чуқурроқ етиб боришини ҳисобга олган ҳолда тадбир шаклини ўйлаб кўриш муҳимдир. Биринчи навбатда тадбирнинг мавзусига қараб унинг шаклини аниқ белгилаб олиш фойда беради. Ҳикояга тортадиган мавзудан роман чиқариб бўлмаганидек, репортажга арзийдиган «масаллиқ»ни ток-шоуга сарфламаслик керак. Шу маънода ҳуқуқий тарғиботда аввало сон эмас, сифатга эътибор қаратиш самаралидир.

Энг катта тарғибот

Аввало давлат хизматчиларининг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданияти етарлича эмаслиги устида ишлаш зарур. Аслида энг катта тарғибот мана шу бўлади. Чунки миллионлаб аҳолининг ўз ҳуқуқини билиш-билмаслиги ортидан қувишдан кўра давлат органларида қонунийликни таъминлаш афзалроқдир. Давлат органлари ва хизматчилари ўз вазифаларини тўғри бажарса, шунинг ўзи энг катта натижа.

Давлат раҳбарининг ҳам энг асосий талаби шундаки, давлат органлари халқ учун ишлаши керак. Бу ғоя ҳар қандай мансабдорнинг кундалик ишига айланиши лозим.

Давлат хизматчиларининг ҳуқуқий билими етарлича эмаслиги оқибатида ноқонуний қарор қабул қилиш ҳолатлари кўп учрайди. Масалан, 2020 йилда адлия органларининг тақдимномаси асосида 306 та ноқонуний ҳужжатнинг ижроси тўхтатилди, 7324 таси бекор қилинди. Ноқонуний қарор қабул қилиш, айниқса, ҳокимликлар фаолиятида кўп кузатилмоқда.

Шундан келиб чиқилса, биз минг марта қонунга итоаткорликка чақирганимиз билан одамлар ўз ҳаётида бунинг аксини, бошқа манзарани кўрса, уларнинг қонунга ишончи сўнади. Ҳар бир инсоннинг ўзи қонунлар ижросининг гувоҳи бўлса, бундан катта тарғибот йўқ.

Тарғибот тўхтаб қолмайди

2020 йил ҳаммамиз учун жиддий синовлар даври бўлди. Коронавирус пандемияси туфайли ўзгача турмуш тарзи юзага келди. Янгича тартиблар, қонун-қоидалар, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга ҳуқуқий тушунтириш беришнинг янги тизими яратилди.

Масалан, фуқароларга масофадан туриб ҳуқуқий маслаҳат бериш мақсадида бир қатор телеграм ботлари (@huquqiy_maslahatbot, @notarius, @davxizmataloqa_bot) очилиб, йўлланган саволларга жавоб бериш амалиёти жорий этилди. Биргина @huquqiy_maslahatbot боти орқали шу кунга қадар фуқароларнинг 6 мингга яқин саволи юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилди.

Бундан ташқари, ҳудудий адлия органлари оммавий ахборот воситаларида, шунингдек,
ижтимоий тармоқларда 189 198 марта чиқиш қилди.

Коронавирус билан боғлиқ вазиятга назар ташлайдиган бўлсак, МДҲ давлатлари билан
таққослаганда Ўзбекистонда инфекцияга чалиниш даражаси анча камлигини кузатиш мумкин. Бу ўтказилган тарғибот ва тушунтириш ишларининг самара берганидан, энг асосийси, фуқароларимизнинг ҳуқуқий маданияти ўсганидан далолатдир.

Қонунларга итоат – ҳар бир фуқаронинг онгли танлови

Умуман олганда, ҳуқуқий онг ва маданиятни ошириш борасида қилиниши керак бўлган ишлар ҳали кўп. Бу ҳолатда биз учун энг муҳими нима? Аввало бугун ва истиқболда нима қилиш кераклиги тўғрисида аниқ тасаввурга эга бўлиш – мана шу энг муҳими. Ҳуқуқий тарғибот ҳар бир давлат органи ва муассасаси учун муҳим аҳамият касб этиши лозим. Негаки, қонунларга итоаткор жамият билангина тараққиётга эришиш мумкин. Мансаби, мавқеи ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар ҳар ким онгли равишда қонунларни ҳурмат қилиши ва уларга итоат этиши керак. Ана шундагина қонунлар ишлайди, тараққиёт бўлади.

Шу билан бирга, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича қилинган ишлар таҳлили соҳада яна бир қатор тизимли муаммолар борлигини кўрсатаяпти.

Биринчи навбатда давлат хизматчиларининг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини ошириш устида ишлаш керак. Айрим давлат органлари қонун талабларини менсимаслиги оқибатида қонун бузилишига йўл қўйилмоқда. Шунинг учун адлия органларидан давлат хизматчиларининг ҳуқуқий билимларини ошириш бўйича алоҳида ўқув курслари ташкил қилиш ва уларнинг билимини тизимли равишда баҳолаб бориш талаб этилади.

Иккинчидан, аксарият идоралар ўзларига тегишли қонун ҳужжатларини аҳолига тўғри тушунтириш масаласига етарли эътибор қаратмайди. Оқибатда фуқаролар қонунчиликдаги янгиликлардан, ўтказилаётган ислоҳотлардан ўз вақтида хабардор бўлмаяпти. Жамиятда ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ўтказишда соҳавий хизматларнинг фаол иштироки таъминланмаяпти.

Учинчидан, болалар ва ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ҳуқуқий таълим ва тарбия борасидаги ишлар тизимли ва узвий олиб борилмаяпти. Мактабларда ҳуқуқий фанларнинг ўқитилиши бўйича изчиллик таъминланмаган. Болаларда ҳуқуқий
тарбияга салбий таъсир кўрсатувчи омилларга нисбатан етарлича ҳуқуқий иммунитет шакллантирилмаяпти.

Буларнинг бари ҳаммамизни ҳушёр торттириши ва керакли чораларни кўришга ундаши лозим.

Шерзод РАБИЕВ,
Тошкент давлат юридик университети магистри

- Advertisement -

Latest news

Тошкент шаҳрига кириб келувчи йўловчи транспортлар учун 6 та метро бекати атрофида автотураргоҳлар ташкил этилади

“Тошкент метрополитени фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5260-сон, 16.10.2021 й.) қабул қилинди Қарорга мувофиқ, “Тошкент метрополитени” УК “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ таркибидан Транспорт...
- Advertisement -

Йил охиригача барча кодексларга шарҳлар тайёрланади

“Адолат” Миллий ҳуқуқий ахборот маркази ҳамда Тошкент давлат юридик университети ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди. Ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад “юриспруденция” мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлаш,...

Хусусий мактаблар тадбиркорлик субъекти ҳисобланадими?

Халқ таълими вазирлигининг ўтган йил ноябрь ойидаги маълумотида юртимизда 140 та хусусий мактаб фаолият юритаётгани қайд этилган. Президентимизнинг 2019 йил 29 апрелдаги 5712-сонли фармони...

2021 йил июнь сони

“Huquq va burch” журнали Чоп этилган вақти: 2021 йил, июнь Саҳифалар сони: 64 саҳифа Чоп этилган мақолалар сони: 12 та Журнал баҳоси: 20 000 сўм МУНДАРИЖАНИ КЎРИШ ЮКЛАБ...

Related news

Тошкент шаҳрига кириб келувчи йўловчи транспортлар учун 6 та метро бекати атрофида автотураргоҳлар ташкил этилади

“Тошкент метрополитени фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5260-сон, 16.10.2021 й.) қабул қилинди Қарорга мувофиқ, “Тошкент метрополитени” УК “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ таркибидан Транспорт...

Йил охиригача барча кодексларга шарҳлар тайёрланади

“Адолат” Миллий ҳуқуқий ахборот маркази ҳамда Тошкент давлат юридик университети ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди. Ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад “юриспруденция” мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлаш,...

Хусусий мактаблар тадбиркорлик субъекти ҳисобланадими?

Халқ таълими вазирлигининг ўтган йил ноябрь ойидаги маълумотида юртимизда 140 та хусусий мактаб фаолият юритаётгани қайд этилган. Президентимизнинг 2019 йил 29 апрелдаги 5712-сонли фармони...

2021 йил июнь сони

“Huquq va burch” журнали Чоп этилган вақти: 2021 йил, июнь Саҳифалар сони: 64 саҳифа Чоп этилган мақолалар сони: 12 та Журнал баҳоси: 20 000 сўм МУНДАРИЖАНИ КЎРИШ ЮКЛАБ...
- Advertisement -