0,00 UZS

No products in the cart.

11.8 C
London
Payshanba, Sentabr 23, 2021

Ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш: долзарб муаммолар, инновацион усуллар ва воситалар

- Advertisement -
- Advertisement -

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ҳуқуқий таълим ва тарбия тизимини самарали йўлга қўйиш борасида муҳим ислоҳотлар амалга оширилди.

Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепциясининг қабул қилиниши ҳозирги глобаллашув, илмий-техник тараққиёт даврида аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришнинг инновацион усуллари, тарғиботнинг илғор ва таъсирчан воситалари яратилишида яна бир муҳим қадам бўлди.

Биргина «Advice.uz» (e-maslahat.uz) ҳуқуқий ахборот порталининг яратилиши бугунги кунда аҳолига турли ҳуқуқий масалалар бўйича бепул онлайн ҳуқуқий маслаҳат олиш имконини беряпти.

Фуқароларга ҳуқуқий масалалар бўйича бирламчи бепул юридик ёрдам кўрсатувчи «Мадад» нодавлат нотижорат муассасаси ва унинг жойлардаги ҳудудий бюроларининг ташкил этилиши ҳам аҳолининг ҳуқуқий маслаҳатлар олишига қулайлик яратди.

Шунингдек, Адлия вазирлиги интернет тармоғида аҳолининг ҳуқуқий билимларини оширишга хизмат қилувчи 4 та ҳуқуқий портал ишлаб чиқди.

Хусусан:

  • Буюк Британиянинг «Citizens advice» хизмати тажрибаси асосида турли ҳаётий ҳолатлар бўйича ҳуқуқий ечим таклиф этиладиган ва давлат хизматлари кўрсатиш электрон тизими билан боғланадиган Maslahat.uz ҳуқуқий портали яратилиб, ишга туширилди;
  • барча ҳуқуқий сайт ва нашрларни ягона порталга бирлаштирган Миллий ҳуқуқий интернет портали яратилиб, ишга туширилди;
  • ёш авлоднинг ҳуқуқий билимларини ошириб бориш, болаларни кичик ёшданоқ қонунга ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида «Bolahuquqlari.uz» сайти яратилди;
  • ҳуқуқий саводхонликни баҳолаш тизими – «Test.adliya.uz» сайти ишлаб чиқилиб, унда 2000 нафардан ортиқ шахс ўз билимини синаб кўрди.

Адлия вазирлиги «Street Law» («Кўча ҳуқуқи») лойиҳасини жорий этди. Унга асосан таълим муассасаларида, кўчаларда махсус дастурлар орқали тренинглар ташкил қилиниб, интерактив усулларда ҳуқуқий билимларни ошириш чоралари кўрилмоқда.

Умумтаълим ва ўрта махсус таълим муассасаларида ҳуқуқий билимларга доир ўқув машғулотлари кўлами кенгайтирилди. Ўқувчи ва талабаларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган ўқув дастурлари ва дарсликлар тубдан қайта кўриб чиқилди, айрим дарсликлар янги таҳрирда нашр этилди.

Жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш борасидаги стратегик вазифаларни ҳал этиш ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича давлат сиёсатининг амалга оширилиши юзасидан янги чора-тадбирлар кўрилишини тақозо қилмоқда.

Хусусан, қонунга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига ҳурматни шакллантиришга, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга тўсқинлик қилувчи қуйидаги муаммолар ва камчиликлар сақланиб қолмоқда:

биринчидан, халқ таълими тизимида таълим жараёнини ҳуқуқий тарбия билан уйғун олиб боришга етарлича эътибор берилмаяпти. Бу борада дастур ва стандартлар етарли эмас;

иккинчидан, ҳуқуқий фанлар бўйича дарслик ва ўқув қўлланмаларини тубдан қайта кўриб чиқиш, уларни имкон қадар соддалаштириш ва аҳоли билиши керак бўлган минимал ҳуқуқий талаблардан келиб чиқиб тайёрлаш лозим;

учинчидан, умумтаълим мактабларида юридик фанлардан дарс бераётган 15 344 нафар ўқитувчининг 15 114 нафари олий юридик маълумотга эга бўлмаган педагоглар. Жумладан, 7261 нафар тарих ҳамда 53 нафар она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси ҳуқуқ фанидан дарс ўтиб келмоқда.

Мазкур фандан бошқа фан ўқитувчиларининг дарс бериши оқибатида ўқувчиларга ҳуқуқий таълим бериш, миллий ҳуқуқ тизими тўғрисидаги тасаввурларни уйғотиш, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, қонун ҳар соҳада устувор эканлигини англаш тушунчалари етарли даражада сингдирилмаяпти, белгиланган мавзулар талаб даражасида ўқитилмаяпти;

тўртинчидан, жамиятда ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтириш ишлари тизимли ва изчил олиб борилмаяпти. Манзилли ва предметли ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ташкил қилишнинг самарали ҳуқуқий механизми тўлиқ яратилмаган. Ҳуқуқий ахборотни тарқатишнинг таъсирчан восита ва усулларидан етарли фойдаланилмаяпти;

бешинчидан, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш борасида давлат органлари мансабдор шахсларининг масъулиятини, уларнинг қонунга итоаткорлигини янада ошириш бўйича ишлар етарли олиб борилмаяпти;

олтинчидан, шахсий манфаатлар ҳамда жамият манфаатлари ўртасидаги мувозанатни таъминлаш ғоялари ҳар бир фуқаро ва мансабдор шахс онгига етарли даражада сингдирилмаяпти;

еттинчидан, таълим тизимида таълим жараёнлари ҳуқуқий тарбия ва ахлоқ қоидалари билан уйғун олиб борилмаяпти, ҳуқуқий маданиятни шакллантиришда ўзбек халқининг тарихи ва қадриятларига таянилмаяпти;

саккизинчидан, ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга доир тадбирларни ташкил этишда нодавлат нотижорат ташкилотлари билан самарали ҳамкорлик тизими етарли олиб борилмаяпти, ижтимоий шериклик принципи асосида ишлар ташкил этиш қониқарсиз даражада қолмоқда. Аксарият давлат органларида соҳа фаолиятига доир қонун ҳужжатларининг моҳиятини тушунтириш масаласида давлат буюртмалари асосида ишлар етарли олиб борилмаяпти;

тўққизинчидан, жамиятда манзилли ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ташкил этишда ва ҳуқуқий ахборотни етказишда давлат ташкилотлари ва бошқа соҳавий хизматларнинг фаол иштироки таъминланмаяпти, бу борада юқори самарадорлик кўзга ташланмаяпти;

ўнинчидан, аксарият давлат органлари ва ташкилотлари ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ҳамон эскича усулларда, оддий учрашув ва йиғилишларни ўтказиш йўли билан амалга оширмоқда, хорижий давлатларнинг ижобий тажрибаларини татбиқ этишга эътибор берилмаяпти.

Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш борасидаги муаммоларни бартараф қилиш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган зарур чораларни кўриш
лозим бўлади, хусусан:

биринчи, давлат органлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини янада ошириш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаш, ходимларнинг ҳуқуқий билимини минимал талаблар бўйича баҳолаб бориш;

иккинчи, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш учун турли инновацион усулларни, хорижий давлатларнинг ижобий тажрибаларини менталитетимизга татбиқ этишни давом эттириш;

учинчи, ҳуқуқий онг ва маданиятни ошириш борасидаги чора-тадбирларни белгилашда ва амалга оширишда аҳолининг ҳар бир тоифасини (ёшлар, тадбиркорлар, ногиронлар, махбуслар, мигрантлар ва ҳ.) қамраб олишга алоҳида эътибор қаратиш;

тўртинчи, Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепциясидаги вазифаларни тизимли ва узлуксиз амалга ошириш бўйича Олий Мажлиснинг яқин ва истиқболга мўлжалланган тадбирлар дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

бешинчи, умумтаълим мактабларида ҳуқуқий тарғиботнинг изчил олиб борилишини таъминлаш, ҳуқуқий мавзулардаги ўқув соатларини кўпайтириш, бошланғич синфлар учун алоҳида ҳуқуқий мавзулардаги ўқув курсларини жорий этиш талаб этилади.

Аҳоли орасида ижтимоий муносабатлар жадал ривожланиб бориши натижасида уларнинг ҳуқуқий эҳтиёжлари ҳам ортиб боради. Бундан кейин эса ҳуқуқий ахборотга бўлган талаб ортади ва бу албатта тезкор ҳуқуқий ахборот олиш заруратини юзага келтиради. Шу боис сўнгги йилларда интернет тармоғида ҳуқуқий ахборотни етказишга қаратилган қатор ахборот сайтлари яратилди.

Мамлакатимизда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини юқори даражага кўтаришда қуйидаги комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ.

1. Аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатишнинг барчага, айниқса аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун онлайн ҳуқуқий масалалар бўйича ўз вақтида ва сифатли маслаҳат олишга тенг имкониятларни таъминлайдиган самарали инновацион тизим яратиш.

2. Барча ҳуқуқий сайтлар ва ахборот порталларини («Lex.uz», «Advice.uz», «bolahuquqlari.uz» ва бошқалар) ягона платформага бирлаштириб турадиган Ўзбекистоннинг миллий ҳуқуқий сайтини яратиш.

3. Онлайн, шунингдек, офлайн (жавобни мурожаат этувчининг электрон манзилига, мобил телефонига юбориш) режимда интерактив усул орқали ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳат бериш имкониятини кенгайтириш нуқтаи назаридан «Advice.uz» (e-maslahat.uz) сайтини қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш.

4. Юридик шахсларга, шу жумладан, тадбиркорлик субъектларига ёрдам кўрсатиш орқали бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатиладиган шахслар доирасини кенгайтириш («Advice.uz» for Business лойиҳаси асосида).

5. Жисмоний шахслардан келиб тушаётган сўровлар билан ишлаш сифатини яхшилаш ва тизимни такомиллаштириш, кўрсатилаётган юридик хизматларни индивидуаллаштириш, фуқароларга очиқ ва қулай маслаҳат беришни яхшилашга қаратилган янги механизмларни жорий этиш.

6. Тошкент давлат юридик университети ва юридик техникумлар талаба ва ўқувчиларини кўнгиллилар сифатида аҳолининг ҳуқуқий билимларини ошириш ишларига («to be street smart» тамойилига асосланган «Street Law» лойиҳасини жорий этиш) жалб қилиш.

Фаол фуқаролик позицияси ва ҳуқуқбузарликка нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш ҳиссини шакллантиришга хизмат қиладиган, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг амалий механизмларини ўргатишга қаратилган «Street Law» ҳуқуқий таълим дастурини кенг жорий қилиш.

Бунда барча умумтаълим мактабларини қамраб олиш ҳамда юридик клиника ва «Street
Law» лойиҳасини оммалаштириш мақсадида алоҳида Юридик клиника ва Street law веб-сайтини яратиш ва жорий этиш мақсадга мувофиқ.

Шу билан бирга адлия органлари аҳолининг ҳуқуқий билимларини оширишга қаратилган мавзули ҳуқуқий тарғибот курсларини (онлайн курс, офлайн курс) ташкил этиши лозим.

7. Аҳолини қизиқтираётган ва бошқа муҳим масалаларга бағишланган энг долзарб савол ва жавобларнинг «юзталиги»ни («Top Ten Questions», «FAQ» ва бошқалар) тайёрлаш ва ижтимоий тармоқларда эълон қилиш.

8. Одамларни қизиқтираётган ва бошқа муҳим масалаларга бағишланган энг долзарб саволлар асосида аноним тарзда амалий мисолларни («case study») жойлаштириш ва бунда фуқароларга муаммо мазмун-моҳиятини тушунтириш, ечимларни излаш ва улардан энг мақбулини танлаш имкониятини берган ҳолда реал материалга асосланган ёки унга яқин ҳаётий ҳуқуқий, молиявий, ижтимоий ва бошқа низоли вазиятларни ижтимоий тармоқлар орқали баён этиб бориш.

9. Аҳоли гавжум жойларда (масалан, Тошкент шаҳрининг Сайилгоҳ кўчасида) дисплей (Display advertising), LED экранлар ва бошқа медиаресурсларда у ёки бу ҳуқуқий масаланинг ечими тўғрисида долзарб ва тўлиқ маълумотларни жойлаштириш орқали аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш.

10. Энг кўп бериладиган савол-жавоблар акс этган флаер, варақа ва буклетларни гипермаркет, катта бозорлар, автосалон, кўргазма, фестиваль, экспозиция каби жойларда тарқатишга мўлжалланган «маърифат бурчаклари»ни ташкил этиш.

11. Telegram, Facebook, Instagram, VKontakte, LinkedIn, Pinterest, Odnoklassniki ва бошқа ривожланган ижтимоий тармоқларда энг кўп учрайдиган саволлар бўйича тушунтиришлар, қонунчиликдаги янгиликлар ва бошқа фойдали маълумотларни ўзида мужассам этган канал(саҳифа)ларни яратиш ва тарғиб қилиш.

12. Долзарб ҳуқуқий муаммолар ҳақида мазмунли видеолар тайёрлаш ва интернет тармоқларига жойлаштириш, мамлакат ҳаётида муҳим аҳамиятга эга ҳуқуқий жараёнларнинг онлайн-трансляциясини олиб бориш учун YouTube да канал очиш.

13. Ижтимоий тармоқларда ҳар бир фуқаро учун қонун ҳужжатларини ўзгартириш ва тўлдириш бўйича таклифлар киритиш имкониятини берувчи форум ташкил этиш, консультант ва кўнгиллилар томонидан кўрсатиладиган юридик хизматлар бўйича фикр-мулоҳазалар қолдириш ва баҳо қўйиш (feedback, peer review) имкониятини яратиш.

14. Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналари билан ҳамкорликда миграция ва фуқароликни расмийлаштириш, Ўзбекистонга кириш-чиқиш ва бошқа масалаларда маслаҳат ва тушунтириш бериш мақсадида «Мадад» ННТнинг чет давлатларда (Россия, Қозоғистон, Туркия, Корея, Канада, Хитой, АҚШ ва бошқалар) алоҳида бўлинмаларини ташкил этиш.

Шерзод РАБИЕВ,
Тошкент давлат юридик университети магистранти

- Advertisement -

Latest news

Энди шанба ва якшанба кунлари ҳам ҳайдовчилик гувоҳномангизни алмаштиришингиз мумкин

Сўнгги кунларда Давлат хизматлари марказларида ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунадагисига алмаштириш хизматидан фойдаланиш учун ташриф буюрувчилар оқими ортган. Бу эса, Марказларимизда узун навбатларнинг ҳосил бўлишига...
- Advertisement -

“Адлиядан адлиягача” ҳуқуқий марши ўтказилди

28 август куни давлатимиз Мустақиллигининг 30 йиллиги шодиёналари арафасида Тошкент шаҳрида “Адлиядан адлиягача” ҳуқуқий марши ташкил этилди. Аҳоли учун фойдали ва зарур тадбирларни мунтазам...

Супер-контрактга кирганлар таълим кредити олиши мумкинми?

САВОЛ: Супер-контрактга кирганлар таълим кредити олиши мумкинми? ЖАВОБ: Супер-контрактга кирганлар 1-курсда, яъни супер-контракт тўланадиган йили таълим кредити ололмайди. Аммо 2-курсдан бошлаб, бемалол таълим кредити олиши мумкин. Таълим кредитининг...

Қандай ҳолларда меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинади?

Номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ҳам, муддати тугагунга қадар муддатли меҳнат шартномасини ҳам иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш асосли бўлиши шарт. Қуйидаги сабаблардан бирининг...

Related news

Энди шанба ва якшанба кунлари ҳам ҳайдовчилик гувоҳномангизни алмаштиришингиз мумкин

Сўнгги кунларда Давлат хизматлари марказларида ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунадагисига алмаштириш хизматидан фойдаланиш учун ташриф буюрувчилар оқими ортган. Бу эса, Марказларимизда узун навбатларнинг ҳосил бўлишига...

“Адлиядан адлиягача” ҳуқуқий марши ўтказилди

28 август куни давлатимиз Мустақиллигининг 30 йиллиги шодиёналари арафасида Тошкент шаҳрида “Адлиядан адлиягача” ҳуқуқий марши ташкил этилди. Аҳоли учун фойдали ва зарур тадбирларни мунтазам...

Супер-контрактга кирганлар таълим кредити олиши мумкинми?

САВОЛ: Супер-контрактга кирганлар таълим кредити олиши мумкинми? ЖАВОБ: Супер-контрактга кирганлар 1-курсда, яъни супер-контракт тўланадиган йили таълим кредити ололмайди. Аммо 2-курсдан бошлаб, бемалол таълим кредити олиши мумкин. Таълим кредитининг...

Қандай ҳолларда меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинади?

Номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ҳам, муддати тугагунга қадар муддатли меҳнат шартномасини ҳам иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш асосли бўлиши шарт. Қуйидаги сабаблардан бирининг...
- Advertisement -