Сўнгги йилларда қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмунида янги ҳуқуқий тизимнинг асосий ғоя ва тамойиллари ўз ифодасини топиб бормоқда. Жамиятни демократлаштириш, мамлакатни модернизация этиш жараёнида олиб борилаётган ислоҳотлар ижтимоий муносабатларнинг мазмун ва моҳиятини ўзгартиряпти. Ижтимоий муносабатларни тўлиқ ҳуқуқий тартибга солишни замоннинг ўзи талаб қилаяпти. Бу эса норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг сони ва кўлами ортишига олиб келади.

Шу жараёнларда қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари мониторинги қонунчиликнинг самарадорлигини таъминловчи муҳим омилдир. Мазкур институтнинг ҳолати, муаммолари ва соҳани ривожлантиришга қаратилган таклифлар алоҳида аҳамиятга эга.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси мониторинги:  

  • норма ижодкорлиги жараёнининг натижаларини таҳлил қилишга;
  • норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг сифатини аниқлашга;
  • миллий қонунчиликнинг самарадорлигини баҳолашга хизмат қилади.

2012 йил 24 декабрда қабул қилинган «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонуннинг 42-моддасига кўра, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросининг мониторинги ва назоратини давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотлар қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.

Шунингдек, Президентнинг 2018 йил 8 августдаги «Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги 5505-фармонида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнлари сифатини ошириш, уларнинг ижроси мониторингини такомиллаштириш норма ижодкорлиги фаолиятининг асосий йўналишларидан бири сифатида белгиланган.

Президентнинг 2019 йил 2 ноябрдаги «Ҳуқуқий мониторингнинг замонавий механизмлари асосида қонун ҳужжатлари ижросининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 4505-қарори билан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси мониторингининг амалдаги тизими жорий этилган.

Қарор асосида ҳуқуқий мониторингни амалга оширишнинг «давлат бошқарув органи – Адлия вазирлиги – ҳукумат» кўринишидаги уч босқичли тизими йўлга қўйилган.

Ҳуқуқий мониторинг бўйича хорижий мамлакатлар (Беларусь, Литва, Озарбайжон, Россия, Қирғизистон ва Қозоғистон) тажрибаси ўрганилганда ушбу давлатларда бир қатор ўзига хос механизмлар мавжудлиги аниқланди. Масалан, Озарбайжонда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини текшириш институти мавжуд бўлса, Қирғизистонда ҳуқуқий мониторинг ва тартибга солишни баҳолаш тартиби бирлаштирилган бўлиб, яхлит норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан тартибга солинади.

Таҳлилларга кўра, ҳуқуқий мониторинг соҳасида қуйидаги муаммолар бор:

Ҳуқуқий мониторинг бўйича ягона атамалар тизимининг шакллантирилмаганлиги

«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси мониторинги» атамасидан кўра «ҳуқуқий мониторинг» атамаси кенгроқ тушунча ҳисобланади. Юридик адабиётлар ҳамда хорижий мамлакатлар қонунчилигининг тажрибаси шуни кўрсатадики, «ҳуқуқий мониторинг» нафақат норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини ўрганишни қамраб олади, балки ҳуқуқни вужудга келиши ва қўлланиши билан боғлиқ бўлган барча босқичларда амал қилади.

Шундан келиб чиқиб миллий қонунчиликда «норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросининг мониторинги» тушунчаси ўрнига «ҳуқуқий мониторинг» тушунчасини қўллаш мақсадга мувофиқ.

Ҳуқуқий мониторингга оид қоидаларни қонун асосида тартибга солиш

Энг муҳим ва барқарор ижтимоий муносабатлар қонунлар билан тартибга солиниши белгиланганига қарамай ҳуқуқий мониторингга оид қоидалар қонуности ҳужжатлар билан тартибга солинмоқда. Хусусан, «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонунда ҳуқуқий мониторингга бор-йўғи битта модда бағишланган.

Шу сабабли «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонунни ҳуқуқий мониторинг масалаларига оид бўлим билан тўлдириш ва унда қуйидагиларни акс эттириш лозим:

  • ҳуқуқий мониторингнинг мақсад ва вазифалари;
  • ҳуқуқий мониторингнинг объектлари ва субъектлари;
  • ҳуқуқий мониторинг ўтказишни режалаштириш;
  • ҳуқуқий мониторинг ўтказиш босқичлари;
  • ҳуқуқий мониторинг натижалари ва улардан фойдаланиш.

Барча турдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳуқуқий мониторинг билан қамраб олиш масаласи

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросининг ҳуқуқий мониторингини ўтказиш тўғрисидаги низомнинг 4-бандида ҳуқуқий мониторинг объектлари кўрсатилган. Унга мувофиқ ҳуқуқий мониторинг объектига Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Олий Мажлис палаталарининг қарорлари, Президент фармонлари ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари киради. Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг буйруқлари ҳамда қарорлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг қарорлари ҳуқуқий мониторинг объектлари ҳисобланмайди. Ваҳоланки улар ҳам норматив-ҳуқуқий ҳужжат бўлиб, миллий қонунчиликнинг ажралмас қисмини ташкил этади.

Ҳуқуқий мониторингни ўтказишда аҳолининг иштироки

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросининг ҳуқуқий мониторингини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, ҳуқуқий мониторингни ўтказишда давлат бошқаруви органлари адвокатлар, илмий-таълим муассасалари мутахассислари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакилларини, шунингдек, фуқароларни шартнома асосида жалб қилишга ҳақли.

Норма ижодкорлиги жараёнини такомиллаштириш концепцияси иккинчи йўналишининг (Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнлари сифатини ошириш, шунингдек, уларнинг ижроси мониторингини такомиллаштириш) 3-бандида фуқаролар, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, тадбиркорлик субъектлари ва илм-фан вакилларини жалб этиш орқали норма ижодкорлиги жараёнига жамоатчилик муҳокамаларининг таъсирини ошириш вазифаси белгиланган. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни илгари суриш, ишлаб чиқиш ва қабул қилиш босқичларида қатнашиш учун фуқароларга етарли имкониятлар яратилган. Бироқ норма ижодкорлигининг ажралмас қисми ҳисобланган ҳуқуқий мониторинг жараёнида жамоатчиликнинг фаол ва самарали иштироки учун ҳуқуқий ва институционал асослар мавжуд эмас.

Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари қарорларининг ҳуқуқий мониторингини ўтказиш амалиёти

«Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонуннинг 26-моддаси халқ депутатлари маҳаллий кенгаши ва ҳоким фаолиятининг қонунийлигини назорат қилиш масалаларига бағишланган. Унга асосан халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашларининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Президент фармонлари, қарорлари ва фармойишларига зид келадиган қарорларини белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати бекор қилади. Аммо ушбу қарорлар доимий ҳуқуқий мониторингдан ўтказилса, уларни бекор қилишга ҳожат қолмайди.

Ҳуқуқий мониторинг натижаларини жамоатчиликка эълон қилиш

«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросининг ҳуқуқий мониторингинги ўтказиш тартиби тўғрисида»ги низомнинг 27-бандида ҳуқуқий мониторинг натижалари тўғрисидаги ҳисоботни оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш мумкинлиги белгиланган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб қуйидагиларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ:

  • ҳуқуқий мониторингнинг юридик асосларини бевосита қонунда акс эттириш;
  • ҳуқуқий мониторинг объектлари доирасига барча турдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни киритиш;
  • ҳуқуқий мониторинг жараёнига жамоатчиликни жалб қилиш;
  • ҳуқуқий мониторинг жараёнида ахборот-коммуникация технологияларини қўллашни жадаллаштириш;
  • Олий Мажлис Сенатининг халқ депутатлари маҳаллий кенгашлар қарорларини ҳуқуқий мониторинг қилишиини жорий этиш ва бу бўйича метод ишлаб чиқиш;
  • ҳуқуқий мониторинг натижаларини жамоатчиликка доимий ва тизимли равишда эълон қилиб бориш;
  • Олий Мажлис палаталари ўтказадиган ҳуқуқий мониторинг якуни бўйича «Ўзбекистон Республикаси қонунчилигининг таҳлили ва ривожланиш тенденциялари» номли йиллик ҳисоботларни тайёрлаш ва ОАВда эълон қилиш.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаймизки, ҳуқуқий мониторинг институтидан фойдаланиб қонун ҳужжатлари тизимини тартибга келтириш ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ҳужжатлар қабул қилиш мақсадларига мувофиқлигини таъминлаш мумкин. Бу орқали эса қонун ҳужжатларининг ўз вақтида ва сифатли ижро этилишига эришилади.

Рустамбек САЙИДОВ,
Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари
ва парламент тадқиқотлари институти бош илмий ходими