Жорий йилнинг 10 ноябрь куни Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотининг (ИҲРТ) Евроосиё давлатлари билан ишлаш бўлими раҳбари У.Томпсон ва Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.Давлетов ўртасида видеоконференцалоқа орқали учрашув ўтказилди.
Учрашув мақсади — икки ташкилот ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ҳамда турли соҳаларда ишлаб чиқилиши кўзда тутилган лойиҳалар доирасида ИҲРТнинг техник ва эксперт кўмагини жалб қилиш орқали муносабатларни янада мустаҳкамлаш.
Маълумот учун: ИҲРТ вакиллик демократияси ва эркин бозор иқтисодиёти тамойилларини тан олувчи иқтисодий ривожланган мамлакатларнинг халқаро ҳукуматлараро ташкилоти. ИҲРТ таҳлилий ишларни амалга оширади, аъзо мамлакатлар учун тавсиялар ишлаб чиқади ва иқтисодий масалалар бўйича кўп томонлама музокараларни ташкил этиш учун платформа бўлиб хизмат қилади.
Учрашув давомида Адлия вазири томонидан вазирликка юклатилган янги вазифалар ва функциялар батафсил тушунтирилди ҳамда уларни самарали амалга ошириш учун вазирликда ташкил этилган янги бошқармалар тўғрисида маълумот берилди.
ИҲРТнинг Евроосиё давлатлари билан ишлаш бўлими раҳбари У.Томпсон Ўзбекистонда ҳуқуқий соҳада олиб борилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга ҳамда келишган ҳолда ишлаб чиқилган лойиҳаларни амалга оширишда техник ва экcперт ёрдамини кўрсатишга тайёрлигини билдирди.
Дўстлик ва ҳамжиҳатлик руҳида бўлиб ўтган учрашувда ИҲРТ вакиллари ҳамда Ўзбекистоннинг Франция Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси ҳам иштирок этди.
Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими