0,00 UZS

No products in the cart.

16.6 C
London
Seshanba, Avgust 3, 2021

Ҳадя муносабатларини ҳуқуқий тартибга солишнинг тарихий ривожланиши

- Advertisement -
- Advertisement -

Қадимда хусусий мулкнинг пайдо бўлиши билан ашёларнинг айланиши ва унинг бир шахсдан иккинчи шахсга ўтишига қаратилган шартномалар пайдо бўлди ва кенг тарқала бошлади. Бундай турдаги шартнома «пул пайдо бўлмасдан олдин амалда бўлиб, бевосита ашёни ашёга алмаштиришни, яъни айирбошлашни (permutatio) назарда тутган. Бу ўз навбатида натурал хўжалик юритишдан айирбошлашга ўтган жамиятнинг иқтисодий шартларига мос бўлган».(1)

Ҳадя ҳам меҳр-мурувват кўрсатиш, қариндошчилик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда уларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ночорларга ёрдам кўрсатиш рамзи сифатида ўзининг узоқ тарихий ўтмишига эга.

Ҳадя фуқаролик ҳуқуқининг қадимий институтларидан бири ҳисобланиб, қадимги Рим давлатининг республика давридаёқ (милоддан аввалги V-I асрлар) мулк ҳуқуқи вужудга келишининг асосларидан бири сифатида тан олинган. Рим ҳуқуқида ҳадя – «pactum donationis», яъни, ҳадя тўғрисидаги норасмий келишув ҳисобланган. Рим ҳуқуқида шартномаларнинг контракт ва пактларга таснифланишига мос равишда ҳадя тўғрисидаги норасмий келишув «Pacta Legitima» тоифасидан бўлиб, император қонунчилигида даъво қилиш орқали ҳимояга эга пактлар бўлган. Рим ҳуқуқига кўра, бир тараф иккинчи тарафга ашёни (ёки ўз мулкининг бирор қисмини, масалан, талаб қилиш ҳуқуқини) ўз сахийлигини намоён қилиш мақсадида (animus donandi) бериши ҳадя деб тан олинган. Ҳадя ашёни мулк қилиб бериш, муайян пул суммасини тўлаш, сервитут ўрнатиш ва шу кабилардан иборат бўлган. Ҳадянинг алоҳида кўриниши ваъда қилиш бўлган, яъни, ниманидир бериш, қандайдир хатти-ҳаракатларни амалга ошириш ва бошқаларни ваъда бериш.(2) Агарда ҳадяни ваъда қилиш стипуляция шаклида амал- га оширилган бўлса, юридик кучга эга бўлган. И.А. Покровский ўзининг «Рим ҳуқуқи тарихи» асарида қуйидагиларни ёзади: «Императорлик ҳуқуқида кейинчалик келишувларнинг айримлари бевосита қонунга кўра даъво кучига эга бўлди. Сеп бериш (pactum dotis)да шундай тартиб ўрнатилган, энг асосийси эса ҳадяни ваъда қилиш – «donatio» ҳисобланган. Donatio турли шаклларда амалга оширилиши мумкин бўлган: бевосита ашёни бериш йўли билан, қарздан кечиш йўли билан, ҳадяни ваъда қилиш йўли билан. Ҳадяни ваъда қилиш (donatio) нафақат республика даврида, балки классик юристлар ҳуқуқида ҳам агарда stipulatio (писанда, қўшимча шарт) шаклида амалга оширилган бўлса ҳақиқий ҳисобланган. Оддий pactum donationis юридик кучга эга бўлмаган».(3)

Рим ҳуқуқида stipulatio деганда муайян тарзда оғзаки ифодалаш назарда тутилганки, унга кўра, савол берилаётган шахс ундан сўралган нарсани қилиши ёки беришини айтиб жавоб беради. Бироқ Рим ҳуқуқи фанида stipulatio келиб чиқиши тўғрисида ягона фикр йўқ. Классик Рим ҳуқуқида ҳадяни ваъда қилиш фақатгина стипуляция шаклида амалга оширилган бўлса юридик кучга эга бўлган, бошқа барча келишувлар бўйича эса ҳеч қандай мажбурият вужудга келмаган.

Бунга эрамиздан аввалги 204 йилдаги Цинций қонунларида (Lex Cincia) мажбуриятнинг стипуляция шаклига қўшимча тарзда ҳадянинг миқдорини қайта кўриб чиқиш орқали ҳадя шартномасининг қўлланиш доирасини қонуний чеклаш мисол бўла олади. Цинций қонунларига кўра, белгиланган суммадан юқори бўлган ҳадя тақиқланган, фақатгина ҳадя қилувчининг яқин қариндошларига тааллуқли ҳадя актларигина истисно тариқасида қабул қилинган.

Мутлақ монархия даврида lex Cincia муомаладан чиқарилди ва унинг ўрнига ҳадя актлари учун суд томонидан рўйхатга олиш (insinuatio – лотинчада «ишора» маъносини англатади) зарурлиги ўрнатилди. Унга кўра, ҳар қандай ҳадя суд олдида эълон қилиниши ҳамда реестрга ки- ритилиши шарт бўлган. Бу илк маротаба император Констанций Хлор томонидан киритилган ва кейинчалик Константин томонидан тасдиқланган. Юстиниан 500 «solidi» (олтин)дан ортиқ суммадаги ҳадяни суд томонидан рўйхатга олиш (insinuatio)ни белгилади, бундан паст суммадаги ҳадялар эса бундай расмийлаштиришларсиз ҳам ҳақиқий ҳисобланган. Бунинг натижасида эса оддий pactum donationis, яъни ҳадя тўғрисидаги норасмий келишувлар ҳам даъво ҳуқуқига эга бўлди. Шундай қилиб Рим ҳуқуқининг императорлик даврида ҳадя шартномаси, шунингдек, ҳадяни ваъда қилиш қандай шаклда амалга оширилишидан қатъи назар одатий шартнома сифатида тан олинган ҳамда қонуний ҳимояга эга бўлган.

Рим ҳуқуқи классик (республика) даврда ҳам, императорлик даврида ҳам ашёларни текинга беришни назарда тутувчи ҳадя шартномасининг предметини чекламаган, балки унинг таркибига ҳадяни ваъда қилишни (консенсуал ҳадя шартномасининг белгисини), қарздан воз кечишни ҳамда ҳуқуқни беришни ҳам киритган. Рим ҳуқуқида ҳадя шартномасининг текинлик хусусияти тўла маънода ҳисобга олинган бўлиб, бу ҳадя қилувчининг жавоб- гарлиги ва ҳадяни бекор қилишни тартибга солувчи махсус қоидаларнинг ўрнатилишини белгилаб берган.

Рим ҳуқуқшуносларининг ўзига хос конструкцияларидан бири – mortis causa donatio, яъни ўлимдан кейинги ҳадяга тўхталиб ўтамиз. Рим ҳуқуқшунослари бу битим ўзида ўлим ҳолати билан боғлиқ битим белгиларини ифодаласа ҳам уни ҳадя деб номлашган. Бундай шартномалар асосан ҳадя қилувчи ўз мулкини ҳаётлигида ҳадя олувчида эмас, ўзида сақлаб туришни афзал билганда, бироқ ҳар қандай ҳолатда ҳам мулкни меросхўрларга эмас, балки ҳадя олувчига қолдиришни хоҳлаганида тузилган. Бу билан ҳадя меросни бекор қилиш билан тенглаштирилиб, ушбу шартноманинг модификацияси классик «donatio» тушунчасидан борган сари узоқлашиб борди. Ушбу шартнома inter vivos (лотинчада «тириклар орасида» маъносини англатади) битимининг кўпгина белгиларини (масалан, икки тарафлама битим хусусияти, яъни ҳадяни бекор қилиш учун ҳадя олувчининг розилиги зарурлиги ва бошқаларни) ўзида ифодалашига қарамасдан, император Юстиниан ушбу шартнома ўлим ҳолати билан боғлиқ тарзда тузилади деган фикрга келган. Кейинчалик Рим ҳуқуқида ҳадя олувчи ва унинг оила аъзолари манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида иккита муҳим қоида мустаҳкамланди. Биринчидан, эр-хотинлар ўртасидаги ҳадя тўғридан-тўғри тўлиқ ва ҳеч қандай истисносиз тақиқланди. Эр (хотин) хотини (эри) дан ҳадя олса, бегона мулкка эгалик қилаётган ва буни билган бўлади. Иккинчидан, ҳадя қилувчига ҳадяни қайтаришни талаб қилиш ҳуқуқи берилди. Ҳадяни қайтаришга ҳадя олувчи томонидан ношукурчилик қилиниши (Юстиниан қонунларига кўра, ҳадя қилувчини қаттиқ хафа қилиш, унинг ҳаётига хавф туғдириш ва бошқалар) ёки яшаш шароитларининг ўзгариши (масалан, ҳадя амалга оширилгандан кейин туғилган фарзандлар ва уларни боқиш) асос бўлиб хизмат қилган.

Ўзбекистон ҳудудида VII асрлардан то XX аср бошларига қадар фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар мусулмон ҳуқуқи меъёрлари асосида тартибга солинган. Албатта, бунда мусулмон ҳуқуқининг суннийлик оқими, ҳанафия мазҳаби асосий ўрин эгаллаган. Мусулмон ҳуқуқи амал қилган даврларда ҳуқуқнинг асосий манбаи Қуръони карим ҳисобланган. Қуръони каримда мол-мулк, мерос, васийлик ва ҳомийлик, ҳадя, хайр-эҳсон, мажбурият муносабатларида аҳдга содиқлик ва шу каби масалаларни тартибга солувчи кўрсатмалар мавжуд. Қуръони каримда тартибга солинмаган фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар сунна, ижмо, қиёс орқали тартибга солинган. Сунна –Муҳаммад пайғамбар(с.а.в.)нинг сўзлари, кўрсатмалари, хатти-ҳаракатларидир. Улар ҳадислар ҳам дейилади. Ҳадислар Қуръондан кейинги иккинчи муқаддас манба ҳисобланади. Ижмо – Қуръон ва ҳадисда аниқ кўрсатма берилмаган ҳуқуқий масалаларни ҳал этишда фақиҳлар ва мужтаҳидларнинг кўрсатмаларига асосланиб ҳукм чиқариш, яъни фатво беришдир. Қиёс – исломда шариат манбаларидан бири бўлиб, Қуръон, сунна, ижмода бирор ҳуқуқий масалага аниқ жавоб топилмаганида, уни шунга ўхшаш масалага таққослаш йўли билан ҳукм чиқаришдир.(4)

Ҳадя ва хайр-эҳсон муносабатлари мусулмон ҳуқуқида батафсил ҳуқуқий тартибга солинган бўлиб, у чуқур маънавий-руҳий, ахлоқий ва тарбиявий аҳамият касб этган. Хусусан, мусулмон ҳуқуқида ҳадя «ҳиба» дейилиб, «фиқҳ қошинда ўзининг мулкинда бўлган нарсани ёт кишига ба- робарина нарса олмасдан мулк қилиб бермоқдир»(5) деб таърифланади.

Ислом дунёсидаги буюк фиқҳшунослар Муҳаммад бин Аҳмад бин Абу Сахлас-Сарахсийнинг «ал-Мабоут», Юсуф ал-Ҳусайн ас-Самарқандийнинг «Милтакат насири», Шайхулислом Бурҳониддин Марғинонийнинг «Ҳидоя» ҳамда Мақсудхўжа ибн Мансурхўжанинг «Мажмаъ ул-мақсуд» асарларида ҳадя муносабатларига алоҳида эътибор қаратилган.

Мусулмон ҳуқуқида ҳадя ва хайр-эҳсон муносабатларининг ҳуқуқий асослари энг аввало Қуръони каримда назарда тутилган бўлиб, «Бақара» сурасининг 267-оятида «Эй, мўминлар, касб қилиб топган нарсаларингизнинг ҳалол-покизаларидан ва Биз сизлар учун ердан чиқарган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилингиз! Эҳсон қилиш учун улардан ўзингиз фақат кўз юмиб туриб оладиган – паст-нопокларини танламангиз! Ва билингизки, албатта Оллоҳ беҳожат ва ҳамду сано эгаси бўлган зотдир»(6) дея таъкидланади.

Ислом динида ҳадя ва хайр-эҳсон қариндошлар ўртасидаги муносабатларни ҳамда инсонлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамловчи восита сифатида эътироф этилади. Ҳибадан, яъни инъом ва эҳсондан мақсад дунёда дўстлик ва ошноликдир. Ҳадиси шарифда «Тамаду ва талибу», яъни «Бир-бирингизга инъом ва эҳсон қилингизлар, бир-бирингизга дўст бўласизлар» дейилган.(7)

Мусулмон ҳуқуқида ҳадя шартномасини тузишга алоҳида эътибор қаратилади. Эътиборли жиҳати шундаки, ҳадя шартномасини тузиш ташаббуси ҳадя қилувчида бўлади. Масалан, «Сенга яхшиладим ва бердим», – демоқ ва буларга ўхшаган сўзлар билан ҳиба дуруст бўлади. Бас, агар бир киши бир одамга «Бу сенга» – деса, ҳиба қилганга иқрор қилибди. Чунончи, «Муҳит» китобида келтирилган. «Заҳирийя» китобида шуки, агар бир киши «Бу чўрини менга бағишлагин» деса, чўрининг хожаси «Сенга фидо бўлсин» деса ёки «Сендан аялмайди» деса, ҳиба бўлмайди.(8) Кўриниб турибдики, бирор нарсани ўзига беришни сўраса ва унга шу нарса текинга берилса ҳам мусулмон ҳуқуқида ҳадя ҳисобланмайди.

Ҳадя шартнома ҳисобланар экан, мусулмон ҳуқуқида ҳам ҳадя олувчининг розилиги муҳим аҳамият касб этади. Ҳадя олувчи ҳадяни қабул қилдим деб тасдиқлаши ёки ҳадяни қабул қилганлигини имо-ишора билан ҳам тасдиқлаши мумкин бўлган. Хусусан, ҳибани оладиган одам ҳиба мажлисида ҳиба қилинган нарсани қабул қилиб олмоғи билан ҳиба тўлиқ бўлади, яъни ҳиба олган кишининг мулкига киради ва агар ҳиба қиладиган одамнинг сариҳ ва равшан жавоби бўлмаса ҳам.

Таъкидлаш жоизки, мусулмон ҳуқуқида ҳадянинг предмети ҳам алоҳида тартибга солинган. Масалан, шериклик бўлинмаган ва тақсим қилинмаган ер ва ҳовлини, катта уйни икки киши ҳиба қилмоғи дуруст эмас. Аммо тақсим қилмоқ мумкин бўлмаган нарсаларда, масалан, кичик уй, ҳаммом ва тегирмонга ўхшаган нарсаларда ҳиба қилмоқ дуруст бўлади. Бас, ҳиба қилинган нарса тақсим қилиниб, ундан кейин бағишланган кишига топширилса, у ҳиба дурустдир.(9) Ҳали қўлга киритилмаган ёки асосий ашёдан ажратилмаган мол-мулкни ҳадя қилиш ҳақиқий ҳисобланмаган. Масалан, қўйнинг олинмай турган юнгини, дарахтнинг устидаги мевани, ердаги ўрилмаган ва йиғилмаган экинни ва ерда кўкариб турган дарахтни ҳиба қилмоқ, яъни беэваз инъом ва эҳсон қилмоқ. Булар тақсим қилинмаган шериклик мол каби бўлган. Ҳиба дуруст бўлмаслигининг сабаби улар асосий ашёдан ажралмай бир бутун бўлиб, тақсим қилинмаган шериклик молга ўхшаб қабзига олмоқни ман қилади. Хусусан, «Ҳидоя»да ҳам «агар молнинг сутини соғиб олса, экинни ўриб олса, дарахтни кесиб олса, мевани узиб олса ва ҳиба қилган одамига топширса, дуруст бўлади» деб таъкидланади.

Шунингдек, мусулмон ҳуқуқида ҳадяни бекор қилиш мумкин бўлмаган еттита ҳолат санаб ўтилган бўлиб, улар қуйидагилар:

Биринчи, ҳиба қилинган нарсага муттасил нарсанинг кўпаймоғи, масалан, ҳиба қилинган нарсага дарахт ўтқазмоғи ва иморат қилмоғи. У ҳиба қилинган нарсанинг семирмоғи ва чиройли бўлмоғига ўхшаш.

Иккинчи, ҳиба қилган одамнинг ё ҳиба олган одамнинг бирининг ўлмоғи.

Учинчи, ҳиба учун баробарига нарса бермоғи ва агар у берилган нарса ажнабий кишидан бўлса ҳам. Масалан, берган ҳибанинг ўрнига бу нарсани ол деб бермоқ.

Тўртинчи, ҳибани сотмоқ ё бировга инъом қилмоқ ё бошқа сабаб билан у ҳибанинг олган киши мулкидан чиқмоғи.

Бешинчи, ҳиба вақтида ҳибани олган билан берганнинг эр ва хотин бўлмоқлари.

Олтинчи, ҳиба қилган киши билан ҳибани олганнинг бирига маҳрам бўлмоқлари, яъни никоҳи ҳаром қариндош бўлмоқлари.

Еттинчи, ҳиба қилинган нарсанинг ҳалок ва нобуд бўлмоғи. Ушбу етти хил ҳукмнинг бири мавжуд бўлса, ҳиба қилган киши қайтариб ололмайди.(10)

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, мусулмон ҳуқуқида ҳадя ва хайр-эҳсон реал шартномавий муносабатлар ҳисобланиб, фиқҳшунос олимлар томонидан Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар асосида батафсил тартибга солувчи нормалар ишлаб чиқилган.

1917 йил Октябрь инқилобидан сўнг мамлакатимизда мусулмон ҳуқуқи бекор бўлиб, совет қонунчилиги амал қила бошлаган. Дастлаб собиқ совет қонунчилигининг ҳадя шартномасига нисбатан муносабати салбий бўлган. Йирик бойликлар алоҳида шахслар қўлида тўпланиб қолишига йўл қўймаслик мақсадида қонун чиқарувчи орган БМИКнинг 1918 йил 20 майдаги «Ҳадялар ҳақида»ги декрети билан ҳадя шартномаси шакли ҳамда ҳадя этиш мумкин бўлган мулкнинг энг катта миқдори белгиланиб, 10 000 рублдан юқори миқдордаги мулкни ҳадя қилиш ҳуқуқи чеклаб қўйилди. Ушбу декрет вафот этган шахснинг мулкини ҳадя этишни тақиқлаб, шартномани ҳақиқий эмас деб топиш оқибатларини ҳам белгилади. 1000 рублдан 10 000 рублгача бўлган мулкни ҳадя қилишда нотариал ёки суд акти шаклига риоя қилиниши шарт бўлган, акс ҳолда ҳақиқий эмас деб топилган.(11)

Шунга мос равишда кўрсатилган тақиқлар 1922 йилдаги РСФСР Гражданлик кодексининг 138-моддасида ҳам ўз ифодасини топди. Таъкидлаш жоиз, 1927 йил Ўзбекистон ССР ГК қабул қилингунга қадар мамлакатимиз ҳудудида РСФСР ГК амалда бўлган. Ҳадяни тақиқлаш БМИКнинг 1918 йил 27 апрелдаги «Меросни бекор қилиш тўғрисида»ги декрети билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, ушбу декрет қоидаларининг бузилишига йўл қўймаслик, давлат божини тўламаслик учун мулкни яширишнинг олдини олиш мақсадлари кўзланган. Шундай қилиб, РСФСР Гражданлик кодексининг «Шартномалардан келиб чиқадиган мажбуриятлар» деб номланган II кичик бўлимида ҳадяни текинга тузиладиган шартнома сифатида ифодаловчи битта модда (138-модда) мустаҳкамланди. Кўриб чиқилаётган тарихий даврда фуқаролик-ҳуқуқий тартибга солиш соҳасидаги сиёсат хусусий мулк ҳажмини қисқартиришга қаратилганлиги билан характерланиб, шу асосда мерос ва ҳадя ҳажми чеклаб қўйилган эди.(12)

1926 йилга келиб БМИК ва СССР ХКСнинг қарори билан 1918 йилда ҳадянинг суммасига нисбатан ўрнатилган чекловлар олиб ташланиб, 1922 йилдаги РСФСР Гражданлик кодексининг 138-моддаси янги таҳрирда қабул қилинди ва у ҳадя шартномасига бағишланган ягона норма бўлиб қолди. У қуйидаги қоидани ўрнатган эди: «Минг рублдан ортиқ суммадаги мулкдан текинга воз кечиш (ҳадя) шартномаси нотариал тасдиқланиши шарт, акс ҳолда ҳақиқий эмас деб топилади».

1927 йилдаги ЎзССР Гражданлик кодекси қирқ йилга яқин амалда бўлди. Шунинг учун фуқаролик ҳуқуқига муносабат янги иқтисодий сиёсат ва иккинчи жаҳон урушидан кейинги режали иқтисодиёт шароитига мос равишда Граж- данлик кодексининг айни нормалари шарҳларида ўз ифодасини топди. Хусусан, урушдан кейинги даврдаги фуқаролик ҳуқуқига оид адабиётларда ҳадя фақатгина ашё ёки пулни текинга ўзидан бегоналаштириш каби тор тушунча сифатида мустаҳкамланиб қолди.

1950 йиллар ўрталарида СССР Гражданлик кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу ҳолат иттифоқдаги республикаларнинг номига бўлса ҳам давлат суверенитети мавжудлигини амалда йўққа чиқариб, ягона қонунни жорий этишга олиб келиши мумкин эди. Бироқ 1957 йилда СССР Конституциясига киритилган ўзгаришлар, яъни «илиқлик» (оттепель) даври бу ғояни амалга оширишга тўсиқ бўлди. 1956–1964 йилларда фуқаролик қонунчилигини кодификациялаш бўйича цивилист олимлар ўртасида жуда катта баҳс-мунозаралар бўлиб ўтди.

СССР ва иттифоқдош республикалар Гражданлик қонунчилиги асослари асосида ишлаб чиқилган ва 1963 йил 23 мартда қабул қилинган Ўзбекистон ССРнинг Гражданлик кодекси 8 бўлим, 622 моддадан иборат бўлган. Унинг мазмунига коммунистик мафкура ақидалари сингдирилган бўлиб, давлат мулкининг имтиёзли ҳуқуқий ҳолати фуқароларнинг мулк ҳуқуқи чекланганлиги, жисмоний шахсларнинг тадбиркорлик қилиш имкониятлари назарда тутилмаганлиги, жуда кўп масалаларни тартибга солиш маҳкамавий ҳужжатлар ихтиёрига бериб қўйилганлиги ва шу каби ҳолатларда ўз аксини топган.(13)Ушбу кодекс 1964 йил 1 январдан кучга киритилган.

Ваҳоланки, янги кодекс қабул қилингани билан совет давлатининг ижтимоий сиёсатида ҳадя шартномасига нисбатан ҳеч қандай ўзгариш бўлмади. Ўзбекистон ССРнинг 1964 йилдаги Гражданлик кодекси «Мажбуриятнинг айрим турлари» деб номланган III бўлимининг 24-боби «Ҳадя» деб номланиб, ҳадя шартномасининг шаклига алоҳида эътибор қаратилган учта модда (274–276-моддалар)дан иборат эди. Бу эса мазкур шартномани қўллаш доираси кескин торайиб кетишига олиб келди ҳамда бу нарса социалистик ахлоқ принципларига ҳавола қилиш билан оқлаб келинди.

Ўзбекистон ССРнинг 1964 йилдаги Гражданлик кодекси 274-моддасига кўра, ҳадя шартномаси бўйича бир тараф (ҳадя қилувчи) мулкни иккинчи тарафнинг (ҳадя олувчининг) эгалигига текинга топширган. Гражданлар томонидан ўз мулкларининг давлат, кооператив ёки жамоат ташкилотларига ҳадя қилинишида бу мулклардан муайян ижтимоий фойдали мақсадларда фойдаланиш шарт қилиб кўрсатилиши мумкин бўлган.

Ўзбекистон ССР ГКнинг 275-моддасига кўра, 500 сўмдан ошиқ суммага тузиладиган ҳадя шартномаси нотариал гувоҳлантирилиши лозим бўлган. Граждан томонидан мулкни давлат, кооператив ёки жамоат ташкилотига ҳадя қилиш шартномаси оддий ёзма шаклда тузилган. Уй-жойни ҳадя қилиш шартномаси нотариал гувоҳлантирилиши ва меҳнаткашлар депутатлари маҳаллий советининг ижроия комитетида рўйхатдан ўтказилиши лозим бўлган. Мазкур модданинг биринчи қисмида 500 сўмдан ошиқ суммага тузиладиган ҳадя шартномаси нотариал гувоҳлантирилиши лозимлиги белгиланган бўлса-да, валюта билан боғлиқ ҳадя шартномалари ҳам нотариал гувоҳлантирилиши шарт бўлган.

ЎзССР ГК 275-моддасининг мазмунидан кўриниб турибдики, ҳадя шартномаси фақат реал шартнома деб тан олинган. Хусусан, Ф.Х. Сайфуллаев «Ҳадя шартномаси реал шартномалар группасига кирадиган шартнома бўлганлиги туфайли мазкур шартнома мулкнинг ҳадя олувчига топширилган пайтидан бошлаб тузилган ҳисобланади»(14) деб фикр билдиради. Ҳадяни бундай тор тушуниш катта аҳамиятга эга бўлган. Бироқ 1964 йилдаги ЎзССР ГКда ҳадя шартномалардан келиб чиқадиган мажбуриятлар қаторига (айирбошлаш шартномасидан кейин) жойлаштирилса-да, ҳадя шартномасининг мазмуни фуқаролик ҳуқуқи тизимида бундай ўрин эгаллашига мос бўлмаган.

Ҳақиқатан ҳам ҳадя шартномаси (ҳадя қилувчи учун ҳам, ҳадя олувчи учун ҳам) мажбурият туғдирмаган. Чунки ҳадя текинга тузиладиган шартнома бўлиб, ҳадя олувчи томонидан ҳеч қандай эквивалентни назарда тутмайди, яъни ҳадя олувчида ҳеч қандай мажбурият бўлмайди. Ҳадя шартномаси ашё топширилган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланар экан, демак ҳадя қилувчи учун ҳам ҳеч қандай мажбурият туғдирмайди. Ваҳоланки, у ҳадяни топшириб бўлган бўлади, акс ҳолда ҳадя шартномаси қонунга зид бўлиб, тузилмаган ҳисобланади. Шундай қилиб, тузилган ҳадя шартномаси ҳадя қилувчига ҳам, ҳадя олувчига ҳам ҳеч қандай ҳуқуқ ва мажбурият туғдирмайди.

Кўриниб турибдики, совет давлатининг ҳадя шартномасига муносабати ўша даврдаги ғоявий-сиёсий қарашлар таъсирида бўлган ва унинг қўлланиш доираси кескин тор қилиб белгилаб қўйилган ҳамда социалистик ахлоқ принципларига ҳавола қилиш билан оқлаб келинган.

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигига эришгач, мамлакатимизда бозор муносабатларини қарор топтириш, ҳуқуқий демократик давлатни шакллантириш бош мақсад сифатида белгилаб олинди. Амалдаги ГК эса бу вазифаларни бажара олмас эди. Шу сабабли ҳам ўша даврдан бошлаб фуқаролик қонунчилиги ривожида янги босқич бошланди. Бу босқичнинг характерли хусусияти шундаки, бунда ГКнинг иқтисодиёт соҳасини тартибга солувчи меъёрлари амалда қўлланмай қўйилди. Улар ўрнига «Мулкчилик тўғрисида»ги, «Тадбиркорлик тўғрисида»ги, «Хўжалик жамиятлари ва ширкатлари тўғрисида»ги, «Кооперация тўғрисида»ги, «Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида»ги қонунлар ишлай бошлади.

Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан кейин фуқаролик қонунларини бозор тизими, ҳуқуқий демократик давлат талаблари, ривожланган мамлакатлар тажрибаси асосида янгилаш вазифаси қўйилди. Фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишда эски ГК ўрнига жорий қонунларни узвий боғлайдиган, яхлит тизимга соладиган, улар ўртасидаги мутаносибликни таъминлайдиган янги ФК ишлаб чиқиш лозим эди.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг биринчи қисми 1995 йил 21 декабрда, иккинчи қисми эса 1996 йил 29 августда Олий Мажлис томонидан қабул қилинди ва 1997 йил 1 мартдан кучга киритилди. Унда «Мажбуриятларнинг айрим турлари»га бағишланган 3-кичик бўлимнинг 31-боби ҳадя тўғрисидаги махсус нормаларни мустаҳкамлаган бўлиб, 502–511-моддаларни ўз ичига олди.

Шуни таъкидлаш жоизки, янги Фуқаролик кодексини қабул қилиш билан фуқаролик ҳуқуқининг ривожланиш жараёни тўхтаб қолгани йўқ. Аксинча, бугун ўз ривожининг янги босқичларига қадам қўйиб бормоқда. Бундаги асосий стратегик йўналиш бозор муносабатлари тизимини мустаҳкамлаш, фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни амалга ошириш жараёнини эркинлаштириш, шахсий ҳуқуқларни фуқаролик-ҳуқуқий тартибга солиш ва муҳофаза қилишни яхшилаш ҳисобланади.

Мурод ЧОРИЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси

Ҳарбий­техник институти катта ўқитувчиси, доцент.

1 Римское частное право. Учебник / Под ред. И.Б. Новицкого и И.С. Перетерского. М.: Новый юрист, 1998. С. 396.

2 Новицкий И.Б. Римское частное право. Учебник. -М., 1972. С.250.

3 Покровский И. А. История римского права. -СПб., 1998. С. 395.

4 И. Б. Зокиров. Фуқаролик ҳуқуқи. I қисм. Қайта ишланган ва тўлдирилган бешинчи нашр. –Т.: ТДЮИ, 2009. 12-бет.

5 Мухтасар. (Шариат қонунларига қисқача шарҳ). -Т.: Чўлпон нашриёти. 1994. -186-187-бет.

6 Шайх Алоуддин Мансур. Қуръони карим ўзбекча изоҳли таржимаси. –Т.: Қуръони каримни ўрганиш илмий маркази, 2004. 77-бет.

7 Мақсудхўжа ибн Мансурхўжа. Мажмаъ ул-мақсуд: 2-китоб / Масъул муҳаррир: Шайх Абдулазиз Мансур. – Т.: «Sharq», 2015. 192-бет.

8 Ўша жойда. 192-193 бетлар.

9 Ўша жойда. 193 бет.

10 Мақсудхўжа ибн Мансурхўжа. Мажмаъ ул-мақсуд: 2-китоб / Масъул муҳаррир: Шайх Абдулазиз Мансур. – Т.: «Sharq», 2015. 196-197-бетлар.

11 Брагинский М. И., Витрянский В. В. Договорное право. Кн.2: Договоры о передаче имущества. М., 2003. С. 292.

12 Граве А., Новицкий И.Б. Отдельные виды обязательств. М., 1948. – С. 128.

13 И. Б. Зокиров. Фуқаролик ҳуқуқи. I қисм. Қайта ишланган ва тўлдирилган бешинчи нашр. –Т.: ТДЮИ, 2009. 13-бет.

14 Ўзбекистон ССР Гражданлик кодексига шарҳлар. Муаллифлар жамоаси / Масъул редакторлар: М.Восиқова, Ф.Сайфуллаев. –Т.: Ўзбекистон, 1976. 22-бет. (24-бобнинг муаллифи Ф.Х.Сайфуллаев).

- Advertisement -

Latest news

ОАВга эслатма: шахснинг қадр-қиммати қонун ҳимоясида

Ўзбекистонда сўз ва фикр эркинлиги соҳасида туб ўзгаришлар бўлаётгани бугун инкор этиб бўлмас ҳақиқатга айланди. Бироқ барча соҳаларда бўлгани каби сўз ва фикр эркинлигидан фойдаланиш...
- Advertisement -

Адлия вазирлиги ахборот сайтлари билан меморандум имзолади

Адлия вазирлиги "kun.uz", "daryo.uz", "газета.uz" "human.uz" ва "bugun.uz" каби катта аудиторияга эга бўлган электрон ахборот нашрлар билан ҳамкорлик меморандумларини имзолади. Тадбирда иштирок этган Адлия вазири...

Истеъмолчилар ҳуқуқига тааллуқли қонун бугунги кун талабига жавоб берадими?

Бозор иқтисодиётини соат механизмига қиёслаш мумкин. Ана шу механизмнинг қайсидир мурвати ўз функциясини тўғри бажармаса ёки унга бегона бўлган детал зўрлаб тиқиштириб қўйилса, у...

Фуқаролик ташкилий-юридик муносабатларни такомиллаштириш истиқболи

Маълумки, Корпоратив назорат механизмларининг етарлидаражада ривожланмагани, хусусийлаштирилган корхоналарда акциядор-давлатнинг имтиёзли мақоми, корпоратив секторга давлат органларининг асоссиз аралашув ҳолатлари мавжудлиги, мулкдор ҳуқуқининг етарли ҳимояланмагани акциядорлар...

Related news

ОАВга эслатма: шахснинг қадр-қиммати қонун ҳимоясида

Ўзбекистонда сўз ва фикр эркинлиги соҳасида туб ўзгаришлар бўлаётгани бугун инкор этиб бўлмас ҳақиқатга айланди. Бироқ барча соҳаларда бўлгани каби сўз ва фикр эркинлигидан фойдаланиш...

Адлия вазирлиги ахборот сайтлари билан меморандум имзолади

Адлия вазирлиги "kun.uz", "daryo.uz", "газета.uz" "human.uz" ва "bugun.uz" каби катта аудиторияга эга бўлган электрон ахборот нашрлар билан ҳамкорлик меморандумларини имзолади. Тадбирда иштирок этган Адлия вазири...

Истеъмолчилар ҳуқуқига тааллуқли қонун бугунги кун талабига жавоб берадими?

Бозор иқтисодиётини соат механизмига қиёслаш мумкин. Ана шу механизмнинг қайсидир мурвати ўз функциясини тўғри бажармаса ёки унга бегона бўлган детал зўрлаб тиқиштириб қўйилса, у...

Фуқаролик ташкилий-юридик муносабатларни такомиллаштириш истиқболи

Маълумки, Корпоратив назорат механизмларининг етарлидаражада ривожланмагани, хусусийлаштирилган корхоналарда акциядор-давлатнинг имтиёзли мақоми, корпоратив секторга давлат органларининг асоссиз аралашув ҳолатлари мавжудлиги, мулкдор ҳуқуқининг етарли ҳимояланмагани акциядорлар...
- Advertisement -