0,00 UZS

No products in the cart.

10.1 C
London
Payshanba, Oktabr 21, 2021

Қози… ва судья

- Advertisement -
- Advertisement -

Кўҳна қўлёзмалар саҳифаларидан ўтган йўл

Ҳуқуқ илми, ўтмишдаги суд ишлари ҳақида мунозаралар бўлганда албатта қози ибораси суҳбатга бош сўз бўлиб кириб келади. Бу ибора шўролар даврида омоч, мударрис, фақиҳ, батрак, ботмон, таноб каби кўплаб архаик миллий сўзларнинг биринчи қаторида турарди.

Туркистон ҳуқуқ ишлари тизими, ўтмишдаги қози – судья тарихи қандай кечган?

Қозилар, бизга тушунтиришганидек, шу қадар саводсиз, мутаассиб ва залолатга хизмат
қилувчилар бўлганми?

Ҳолбуки, бу сафда Маҳмудхўжа Беҳбудий, Муҳаммад Шариф Садри Зиё каби кўплаб маърифатпарварлар ҳам турибди. Уларнинг ҳеч бири суд тизими яроқсиз ва адолатсиз экани ҳақида бир оғиз ҳам сўз айтмайди.

Юртимизда ўрта асрларда мавжуд бўлган айнан суд жараёни батафсил тасвирланган бирор манба, тарихий ё бадиий асарни топиш қийин. Улар йўқ ҳисоби. Бу жараённинг кичик-кичик парчалари кўҳна қўлёзмаларнинг сонсиз-саноқсиз сатрлари қатларида сочилиб ётибди. Улар териб олиниб, жамланиб ўз ўрнига қўйилгандагина сўз юритилаётган жараённинг бутун манзараси ҳосил бўлади.

Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар хазинасида сақланаётган ҳуқуқ илмига оид минглаб қадимий қўлёзмалар ва турли тарихий асарлар бундай жараён бўлгани, у қарийб бир ярим минг йил давом этганидан дарак беради. Бугун бу жараённи қисқагина «суд иши» деб атаймиз. Юртимиз ва қўшни республикаларда ҳам ҳозиргача бу соҳага доир махсус бирорта бадиий ё ҳужжатли фильм ишланмаган. Фақат айрим фильмларда бир неча лаҳзалик лавҳалар учрайди.

Шўролар давридан олдинги ўтмишимиздаги суд жараёнларига нисбатан бугунги жамият тасаввури шу ҳолатларга мос равишда шаклланган. Мактаб ва олий ўқув юртларида ўқитиладиган дарсликларда ҳам бу жараённи етарлича ёритилган деб бўлмайди. Шу каби сабабларга кўра, мазкур мавзуда сўз борганда, ўтмишдаги қози ва бугунги судья фаолиятидаги фарқ, тарихда адвокат ё қораловчи (прокурор) бўлганига оид турли саволлар юзага чиқаверади. Кўп ҳолатларда уларга аниқ илмий асосланган жавоб топиш мушкул бўлиб қолади. Тайинли жавоб бериш учун аввало ўтмишда жамиятдаги қозилик (суд) иши жараёнига тааллуқли бирламчи манбалардан олинган илмий ахборотлар бўлиши керак. Акс ҳолда бир хонанинг тўрида қалин кўрпачаларда ўтирган, маҳобатли салла ўраган, қимматбаҳо тўн кийган, тунд қиёфали
қози ва қаршисида гуноҳкорона ўтирган ожиз, боши эгик айбланувчи, унинг ортида тик турган қаҳрли иккита миршаб манзарасидан нарига ўтиб бўлмайди. Ҳақиқий манзарани кўриш учун ушбу тадқиқотимизда бирламчи манбалар кўмагида ўтмишдаги судья (қози) билан боғлиқ ижтимоий жараёнга кириш, иштирок этишга ҳаракат қиламиз.

* * *

Ўтмиш ҳуқуқ илми ва унинг амалиётда қўлланиши билан боғлиқ ишни ўрганишга киришилган заҳоти қаршимизда фиқҳ, шайхулислом, қозихона, қози, қози аскар, муфти, муфти аскар, нақиб, садр, судур, муҳтасиб, миршабхона, миршаб, ясовул, маҳкум, маҳбус, мазлум, вакил, гувоҳ, зиндон, маҳбусхона, ҳукм, йарғу, тархон, йаса сингари яна бир қанча қадимий атамалар пайдо бўлади.

Мавзуни ёритиш учун уларнинг бирортасини четлаб ўтиб ё эътибордан қолдириб бўлмайди. Фақат шу сўзлар орқали мамлакатимизда мавжуд бўлган қадимги суд жараёни манзараси ва қонунияти тўлиқ кўзга ташланади. Бугунги тасаввур кенгаяди ва тиниқлашади. Охир оқибат, асл воқелик юзага чиқади. Ўша ўтмишга олиб борадиган йўлларнинг барчаси аждодлар ёзиб қолдирган қадимий қўлёзмаларнинг саҳифаларидан ўтади.

Ҳуқуқ ишлари тизими

Бу йўналишда юқорида айтганимиздек, махсус ёзилган китоблар кўп эмас. «Туҳфаи хоний» (Муҳаммад Вафо Карманагий)1, «Фатҳномаи султоний» (Муҳаммад Мир Олим Бухорий)2, «Матолиъ ул-фохира ва матолиб уз-зоҳира» (Абдураҳмон Тамкин Бухорий)3
асарларида бу тўғрида қимматли ва қизиқарли маълумотлар бор. Бироқ кўп сонли қадимий қўлёзмалар орасида Мирза Бадиъ девоннинг «Мажмаъ ал-арқам», Бухоро ва Насафда кўп йиллар қози бўлиб ишлаган Шарифжон махдум Садри Зиёнинг «Зикри мансаб ва амалҳои салотини ўзбакия» асарлари мазкур мавзуни ёритишга хизмат қиладиган ноёб ва муҳим манбалардир.

Ушбу мақолани тайёрлашда кўп жиҳатдан мукаммал ёзилгани сабабли «Мажмаъ аларқам» асарига ортиқроқ таяндик. Унинг қўлёзма нусхаларидан бири матни ҳошиясида муаллиф ўзини «Охунд мулла Бадиъ девон ибн мулла Шаҳобиддин девон ибн Мирза Улуғ девон ибн мулла Риза девон ибн Мирза Муҳаммад Раҳим кутвол ибн Мирза Таҳур девон» деб таништиради4. У XVIII асрнинг иккинчи ва XIX асрнинг биринчи ярмида Бухорода яшаган.

Ушбу хонадон Бухоронинг машҳур зиёли оилаларидан эди. Шўролар инқилобига қадар
шаҳардаги гузарлардан бири муаллифнинг катта бобоси Мир Таҳур номи билан аталган. XVIII аср бошида расмийлаштирилган вақф ҳужжатида «қутб ул-ақтоб Мир Таҳур девон масжиди ва хонақоҳи гузарида» Биби Халифа исмли аёл мадраса қурдиргани маълум қилинади5.

Мирза Бадиъ девон жамият ҳаётида фаол иштирок этган. Давлат бошқарувида садр6 ва
девон вазифаларида ишлаган. Бухорода бунёд эттирган мадрасаси фаолиятига тааллуқли иккита вақф ҳужжати сақланиб қолган. Улардан бирида марҳум Мирза Шаҳобиддин девони калон ўғли домулла Мирза Бадиъ девон садр мадрасаси учун ҳижрий 1231 йил муҳаррам ойида (1815 йил декабрь) вақф қилган мулклари рўйхати келтирилади.

Ушбу ўқув даргоҳи вақф мулкига Мирза Шаҳобиддин девони калон ўғли Абдуваҳҳоб қози аскарнинг (ҳарбий судья) уч нафар ўғлидан ёши каттаси мутавалли бўлиши тайинланган.

Бу мадраса 3-олий тоифага мансуб эди ва унда дарс берган мударриснинг йиллик маоши 32 тилладан7 юқори бўлган8.

«Мажмаъ ал-арқам» асари ХХ асрга қадар ва ундан кейин ҳам мутахассислар учун қимматли манбалардан бири бўлган. Қўлёзмалар хазинасининг асосий жамғармасида (фонд) унинг 2463-1 рақам билан белгиланган ягона нусхаси сақланади. Ҳижрий 1210 йили (1796) Бухорода ёзилган9, тили форсий, 42 варақ (1-б – 42-а), ўлчами 26х15 см, хати настаълиқ, муқова ўзиники эмас. Асар номи «Мажмаъ ал-арқам» экани 1-б ва 42-а саҳифаларда қайд этилган. Асарнинг ЎзМУ кутубхонасида 171914, Ленинград шарқшунослик институтида В 2147, Душанбедаги Фирдавсий номидаги халқ кутубхонасида 649-рақамларида белгиланиб сақланаётган нусхалари бор10.

Китоб кичик муқаддима ва беш бобдан тузилган. Муқаддимада асарнинг ёзилиши сабаблари, тузилиши ва мазмунига оид қисқача ахборот берилган.

Биринчи бобда давлат бошқарув тизимида хизмат қилиш тартиб-қоидалари тушунтирилади.

Иккинчи ва учинчи бобларда давлат хазинасидаги кирим-чиқим ишлари тартиби баён қилинади. Мамлакатда хўжалик ишларини юритишда давлат маъмурий бошқаруви ўрни
ва тармоқлари хусусида сўз боради.

Тўртинчи бобда математика фанига алоҳида эътибор қаратилади. Алгебра фанида бирлик, ўнлик, юзлик ва ундан катта сонлар хусусиятлари, уларни ҳисоб-китоб ишларида қўллаш, арифметикага оид турли амаллар, жадваллар; сонларни ифодалашда ишлатиладиган махсус ҳарфлар ва атамалар тўғрисида батафсил маълумот берилади. Асарда геометрияга доир амаллар талқини ҳам диққатга сазовордир. Бу маълумотларнинг барчаси мамлакатда хўжалик ишларини мукаммал юритиш ва бошқаришда қўллангани билан аҳамиятлидир.

Бешинчи боб астрономия ва сонлар, кенглик ва узунлик даражалари, бирор макон юзаси ўлчамини аниқлаш усулларига бағишланган.

Асар сўнгида давлат бошқарув тизимида амал ва унвонлар тоифалари баён қилинган. Аслида бу қисм матни ҳам мустақил боб даражасида тузилган. Ундан сўз юритилаётган мавзуга оид парча келтирамиз:

«Мовароуннаҳр ҳукмдорлари улуғлар тажрибаларига амал қилиб, лавозимларни тўрт тоифага ажратади. Тўрт хил ерга эгалик тури, халифалар ҳам тўрт нафар бўлган, табиат – ер, сув, шамол ва оловдан ташкил топган; инсон мижози – балғам, савдо, сафро, қон; йил фасллари – баҳор, ёз, куз ва қишдан иборат; томонлар – шамол ғарб, шимол, шарқ ва жанубдан эсади, уларга мос равишда – қор, ёмғир, дўл ёғади ва қиров тушади. Бундай мисоллар яна кўпдир.

Мовароуннаҳр ҳукмдорлари давлат бошқаруви лавозимларидан ташқари, шариат асосида олимларнинг тўрт олий тоифасини белгилади»11.

Муаллиф таъкидлаётган олимлар асосини ҳуқуқшунослар ташкил этарди. Унинг маълумотига кўра:

Биринчи тоифадаги лавозим: ҳукм чиқарувчилар – энг олий тоифа шайхулисломдир. Айрим мушкул масалалар ечимида қози ул-қуззот (бош судья) унга мурожаат қилади ва маслаҳатлашади. Давлат бошқаруви тизимида шайхулислом лавозими бош судьядан юқори туради. Бироқ фавқулодда бирор жиддий зарурат бўлмаса, шайхулислом суд ишлари жараёнига аралашмайди.

Бош судья (қози ул-қуззот) – унга барча одамлар ҳамда ҳарбий судья (қози аскар) мурожаат қилади ва маслаҳатлашади.

Судья – жамиятдаги халқ унга мурожаат қилади ва муаммоларини ҳал этади.

Ҳарбий судья – ҳарбийлар ҳамда халқнинг мурожаатларини тинглайди ва ҳал этади.

Бу мақолада фақат судья (қози) мавзуси доирасида гап бораётгани сабабли тизимнинг бошқа бўғинларига оид маълумотлар ва фикр-мулоҳазаларни кейинги мақолага қолдирамиз.

Турон ўлкасида исломнинг илк даврлари, сомоний, ғазнавий, қорахоний, салжуқий, гурхоний, чингизий, темурий ҳамда шайбонийлар замонида ёзилган манбаларда ҳам жамият бошқарувидаги ҳуқуқий тизимга оид маълумотлар талайгинадир.

Уларда айниқса қози, муфти, аълам, нақиб, муҳтасиб каби лавозимларда ишлаган шахслар номлари кўп учрайди. Аммо биз кўрган манбаларда уларнинг ижтимоий бошқарув тизимидаги ўрни Мирза Бадиъ девон ва Шарифжон махдум Садри Зиё асарларидаги каби аниқ ва мукаммал кўрсатилган эмас. Аштархонли ва манғитли ҳукмдорлар жамият бошқарув тизимига катта ўзгартиришлар киритмаган эди.

Улар ҳам давлатни олдингилар сингари ислом қонунлари асосида бошқарган. Бошқарувда анъанавийлик давом этган. Бу вазиятни ҳуқуқий тизимдаги хос атамалар орқали кузатиш ва тушуниш осонроқдир. Ҳукмрон сулолалар бошқарув тизимида баъзи фарқ ва ўзгаришлар бўлиши албатта табиийдир.

Шундай қилиб, энди давлат бошқаруви тизимининг муҳим бўғини судья (қози) мавзусига ўтамиз.

Қози – судья

Дастлаб бу сўзнинг луғавий маъносига диққатимизни қаратайлик. Ўзбек миллий қомусида «Араб тилидан туркийга ўтган, «ижро этувчи», «ҳукм чиқарувчи» маъноларини англатади» деб таъриф берилади12.

Араб тили сўзлигида у «қаза» ўзак сўзидан ясалгани ва туркийда «ҳукм чиқармоқ», «муҳокама этмоқ», «ажрим қилмоқ» каби маъноларни англатиши кўрсатилган. Унинг «ижро этмоқ», «бартараф қилмоқ», «суд қилмоқ», «ҳал этмоқ» сингари маъноларни ифодаловчи яна бир қанча шакллари бор13.

Машҳур «Мухтасар ал-виқоя» асари муаллифи Убайдуллоҳ Садр аш-шариа ал-Асғар14 бу сўзни: «Қаза – луғатда «ҳукм қилмоқ», шариатда «даъволашувчилар низоларини бартараф этмоқ» ва шариат бўйича ҳар қайсига тегишли ҳақини ажратиб беришдир», – деб тушунтиради15.

* * *

«Қози» – узоқ тарихимизда жамиятдаги низоли ижтимоий масалаларни ҳал қилиш жараёнида бошқарувчи вазифасида иштирок этган расмий шахс – бугунги жамиятимиздаги «судья»дир. Баъзи тадқиқотлар ва адабиётларда унга нисбатан «ҳакам» атамаси қўлланади. Якуний амалий ҳукмни у чиқарган. Ҳозирги оғзаки нутқда баъзан «ажримчи» сўзи ҳам ишлатилади.

Адолат курсиси талаблари

Одатда ҳуқуқ илмига тааллуқли асарларда қозига алоҳида бўлим ажратилади ва у кўпинча «Ҳукм китоби» (Китаб ал-ҳукм) деб аталади. Унда қози бўлиши мумкин бўлган шахс хусусиятлари, бу вазифани бажариш учун унга қўйиладиган талаблар алоҳида бандларда белгилаб кўрсатилади.

«Мухтасар ал-виқоя» асарида ҳукм ва унинг соҳиби (қози) фаолияти 64 бандда кўрсатилган. Улардан айримларини келтирамиз:

1. Қозиликка яроқли киши гувоҳлиги яроқли кишилар жумласидан бўлиши шартдир.

2. Қозилик ва гувоҳлик фосиқ кишилар тарафидан бўлса ҳам дуруст ҳисобланади.

3. Фосиқ қозининг ҳукмига бўйсунмоқ ва рози бўлмоқ лойиқ эмас.

4. Одил қози фисқ йўлига кирса, масалан, пора олса, зино қилса ё хамр ичса – ҳоким уни ишдан четлатади. Аммо бир ривоятга кўра, ундай қози ҳокимнинг четлатишидан ташқари ҳам, ўзи ишдан кетади.

5. Бир киши қозиликка пора билан эришса, қонун (шариат) бўйича у қози ҳисобланмайди. Ҳукм қилса, ҳукми ўтмайди. Бундай қози ҳукм қилса, иккинчи қози унинг ҳукмини бекор қилишга ҳаққи бор.

6. Кимнидир бошқасидан афзал ва илғорроқ билиб қози қилиш учун у ижтиҳод – қонунчилик (шариат) илми олими бўлмоғи шартдир.

7. Қозилик талаб қилинмайди.

8. Ўзининг адолатлилигига ишонган кишигина қозиликка дахл қила олур.

9. Қозиликка киришган одам аввалги қозидан девон, иш юргизилган дафтарларни
суриштириб, қабул қилиб олади. 

Қадимда адолат курсисига ўтириш ва қонунни юритиш учун судьяликка тайинланаётган шахс шу каби бир қанча аниқ талаблар мезонига мос келиши шарт эди. Иш мобайнида йиғилаётган маълумотлар бугунги ўқувчининг мазкур мавзуга оид тасаввурини изчил равишда оддий ва осон тиниқлаштириб бораверади. Қозилик лавозимининг ташкил этилиши тарихи ҳақда ҳам қисқача тўхталиб ўтишимизга тўғри келади.

Биринчи бош судья

Имом Аъзам номи билан машҳур бўлган Абу Ҳанифанинг шогирди ва муносиб давомчиси Ёқуб Абу Юсуф ибн Иброҳим ал-Ансорий ал-Куфий (ҳижрий 113 – милодий 735 йили туғилган) ислом ҳуқуқшунослиги тарихида илк бор жорий этилган «бош судья» (қози ул-қуззот) лавозимида фаолият юритган шахс эди. У ҳуқуқ илмини дастлаб Абу Лайло ва кейинчалик Абу Ҳанифадан ўрганади. Абу Юсуф кийим ювиш билан тирикчилик қилувчи камбағал оиладан эди.

Ровийлар ундан қуйидаги воқеани ривоят қилишган: «Фақирликда ҳадис ва фиқҳни ўрганишга тиришардим. Бир куни онам мени дарсдан олиб кетди ва: «Абу Ҳанифадай бўлишга уринма, унинг нони бор, сен нон топишинг керак», – деди. Онамга итоат қилдим. Абу Ҳанифа мени қидириб топиб, дарсга қайтишимни сўради. Дарсга қатнай бошладим. Борганимда, у: «Сени биздан нима узоқлаштирди?» – деб сўради. «Тирикчилик ва онамга итоат этиш», – дедим. Одамлар кетгач, менга бир ҳамён тутқазди ва «тирикчилигингга ишлатиб тур» деди. Юз дирҳам экан. У яна: «Тугаб қолса, айтгин», – деди. Кейинроқ яна юз дирҳам берди. Муҳтожликдан чиққунимизга қадар кўмаклашди».

Судья кийими

Ибн Халликон таъкидлашича, бош судья бўлгач, Абу Юсуф судьялар учун қора салла, одатий либос устидан кийиладиган кенг ва узун чакмондан иборат махсус кийим жорий қилади. Ҳозир Европа ва дунёнинг кўплаб мамлакатларида судьялар киядиган Gown, Hood, Сan каби касб либослари худди шу кийимнинг бироз ўзгартирилган шаклидир.

Имом Абу Юсуф заковатли, юксак истеъдодли ва халифа Ҳорун ар-Рашиднинг (халифалик даври 786 – 809 йиллар) ишончли кишиси эди. Ҳукмдор баъзи мунозарали ҳуқуқий масалаларда Абу Юсуф маслаҳатига амал қиларди. У ҳижрий 182 йили (798) суд ишини олиб бораётган пайти, айни иш жараёнида вафот этади.

Дарраланган биринчи судья

Аҳмад ибн Наср ал-Атакий, Муҳаммад ибн Азҳар ал-Балхий, Ҳимму ибн Нуҳ ал-Балхий ривоят қилишича, Абу Муаз Холид ибн Сулаймон йирик фақиҳ, Қуръон ва ҳадис ҳофизларидан бўлган. Самарқандга келганида Хуросон амири Али ибн Исо ибн Маҳон унга дарра урдирган, сўнг Фарғонага бадарға қилган. Абу Муаз Фарғонадан қайтаётиб, ҳижрий 190 йили (805 – 806) Самарқандда қисқа муддат тўхтайди. Ундан чиқиб Кеш йўли билан Балхга жўнайди ва Чағониён, Термиздан Вашжирдгача бўлган ҳудудлар қозиси Абдулазиз ибн Холид ибн Зиёд ибн Жарвалнинг ҳузурига боради. У Абу Муазга яхшиликлар қилади. Бу гап ал-Аъмашнинг (у худди шу вақтда Хуросон амири Али ибн Исо ибн Маҳоннинг бош қозиси эди) қулоғига етгач, одам юбориб, қози Абдулазизнинг бошига ҳам кулфатлар солади. Уни ҳам Фарғонага бадарға қилади.

Муаррих таъкидлашича, Аллоҳ таоло бу икки солиҳ бандаси орқали Шош ва Фарғона аҳлига мурувват кўрсатганди. Улар туфайли юз мингга яқин киши мусулмон бўлади.

Ҳимму ибн Нуҳ ал-Балхий нақл қилади: «Абу Муаз бизга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисини айтган эди.

Расулуллоҳ деди: «Залолатга қарши туришингизда Аллоҳ таоло сизга кўмакчидир. Ҳушёр бўлинг, ноҳақ кимсалар ҳақ кишилардан ғолиб чиқмасин!»16.

Исломда қатл этилган биринчи судья

Абу Мансур ас-Саолибий: «Исломда қатл этилган биринчи судья Абу Мусанна ал-Қозидир. У ал-Муътазнинг17 сотувчиси бўлган экан. Иши касодга учрагач, ал-Муқтадир18 Абу Мусаннани туттириб, шафқатсизлик билан қатл этади. Бунгача на умавийлар ва на аббосийлар давлатида Абул Мусаннада юз берганидек ҳодиса бўлгани маълум эмас», – деб хабар беради19.

Уч хислатли судья

Айтишларича, Абу Усмон Салм ибн Ҳафс: «Аллоҳ таоло менга уч фазилат ато этган. Биринчиси бир кишидан бир марта исмини сўрайман. Кейин уни эллик йил кўрмасам ҳам, учратсам, исмини эслай оламан.

Иккинчиси, қаршимда икки киши ўтириб бир масала хусусида гувоҳлик беради. Рост ё
ёлғон гапираётганини билиб тураман.

Учинчиси, ҳузуримга икки киши келади. Қараб, хайрли ё жанжалли масала бўйича келганини сезаман» дер экан20.

Абу Усмон Салм ибн Ҳафс ал-Физарий юртдошимиз Абу Муқотил ас-Самарқандийнинг ўғли эди. IX асрнинг биринчи чорагида узоқ йиллар Самарқандда судьялик қилиб, суд
ишларини адолат билан олиб борган. Эл орасида катта обрў-эътибор қозонган. Ҳижрий 211 йили (826 – 827) вафот этган. Сомоний ҳукмдор Аҳмад ибн Асад жанозасини ўқиган.

Судья ҳукми… ва сулҳ

Умавий халифаларнинг 8-вакили Умар ибн Абдулазиз Самарқанд волийси Сулаймон ибн Абу ас-Сиррийга: «Юртингда бинолар қуриб, мискин мусулмонларга жой бер. Ўзлари ва уловларига кунлик шароит, хасталарига икки кунлик қулайлик яратиб бер. Ночорларни манзилларига етказувчи заруратлар билан таъминла!» – деб мактуб ёзган экан.

Самарқандликлар мактубдан хабар топиб: «Қутайба бизга хиёнат қилди, зулм билан юртимизни эгаллади, уйларимиздан қувиб чиқарди. Аллоҳ адолатли ва инсофли раҳбар юборибди. Ижозат эт, Умар ибн Абдулазизнинг ҳузурига бориб, ҳолимизни билдирайлик», – деб Сулаймон ибн Абу ас-Сиррийга арз қилишади. Сулаймон рухсат беради. Бир гуруҳ самарқандликлар Умар ибн Абдулазизнинг олдига бориб, вазиятдан хабардор қилишади.

Умар ибн Абдулазиз вазиятни тафтиш қилиб: «Самарқанд аҳли зулмдан шикоят қилмоқда. Қутайба ҳужум қилиб, ерларидан айирибди. Мактубимни олгач, уларнинг ишини судьяга топшир. У муаммони кўриб чиқсин. Уларнинг фойдасига ҳукм чиқарса, арабларни ўз қароргоҳларига қайтариб, ҳудудни туб аҳолига бўшатиб бер», – дея нома жўнатди.

Сулаймон бу ишни судья Жумаиъ ибн Ҳазир ан-Ножийга топширди. Жумаиъ ўтган воқеаларга гувоҳ бўлган бир гуруҳ самарқандликлар ва Қутайба билан бирга жанг қилган аскарларни чақирди. Гувоҳлар бир овоздан Қутайбанинг аҳдномага вафо қилмаганини айтишди. Судья қатъий ва адолатли қарор чиқарди. Қутайба билан Самарқандга келган аскарлар ва мусулмонлар Самарқандни тарк этиб, араблар ерли аҳоли билан янги сулҳ тузиши ёки яна жанг қилишлари лозим эди.

Сўғдликлар: «Урушмоқчи эмасмиз. Улар билан аралашиб кетдик, омонликда бирга яшаймиз», – дея арабларнинг қолишига рози бўлди21.

Муаррихларнинг таъкидлашича, шу ҳодисадан кейин Сўғд ўлкасида мусулмон динига кирувчилар кескин ортади.

Сатрлар хизмати

Тарихий воқеалар, ахборотлар, шахслар, эллар, ўлкалар… Аждодлар тарихи бугундан ҳар лаҳзада узоқлашиб бораверади. Узун асрлар ўтмиш юзига тинимсиз турли воқеалардан қалин пардалар тортаверади. Баъзан улар бу пардалар ортида бутунлай кўринмай қолади. Шундай ҳолларда қавмнинг ўз ўтмиши ҳақидаги тасаввури аянчли ҳолатга тушиб қолади. Судья ва суд ишлари мавзуси кўлами бир ярим минг йилга чўзилган сон-саноқсиз ҳодисаларга ёйилиб ётибди. Юртимизда фаолият юритган баъзи судьялар (қозилар) қонунчилик соҳасида қимматли асарлар ёзиб қолдирган. Уларнинг ишлари акс этган минглаб ҳужжатлар ҳозиргача сақланиб қолган. Бу ишимизда судья – қози оламининг кичик лавҳаларигагина имконимиз етганча назар ташлашга уриндик. Ҳали шу бир ярим минг йилга чўзилган тарихий масофада судьялар олиб борган суд ишлари жараёнида расман иштирок этган адвокат ва прокурорлар тарихи ҳам навбат кутиб турибди. Қадимий сатрлар бизни уларга етказишда ҳар лаҳзада хизмат қилаверади, кўмаклашади. Бу йўлда бизни тасаввурни тиниқлаштирадиган, инсон муҳофазаси билан боғлиқ жуда қизиқарли манзараларга бой тарих кутаётир.

Абдусаттор ЖУМАНАЗАР,
Абу Райҳон Беруний номидаги
Шарқшунослик институти катта илмий ходими

 

1 Бу асар XVIII аср ўрталарида амир Дониёлбий давригача ёзиб борилган ва Муҳаммад Вафо Карманагий уни охирига етказиб тугаллайди.

2 Бу асарда амир Насруллахон даври ёритилган, унда қимматли тарихий маълумотлар берилган.

3 Абдураҳмон Тамкин Бухорий ушбу асарини XX аср биринчи чорагида ёзиб тугатган. Асар матни буткул ўзгача усулда тузилган.

4 Мирза Бадиъ девон. Мажмаъ ал-арқам. Факсимиле рукописи, введение, перевод, примечания и приложения А.Б. Вильдановой. – Москва: Наука, 1981. – С. 5б (факсимиле), 10 (введение).

5 ЎзР МА. И-323. 55-18. Биби халифа мадрасаси вақф ҳужжати.

6 Садр – Бухоро шаҳри ва унинг ташқарисида бир фарсах (7-8 км) масофадаги вақф мулклари бошқарувини назорат қилган, мутаваллилар унга ҳисобот бериб турган.

7 32 тилла – тахминан 640 кумуш тангага тенг эди. XIX асрнинг биринчи чорагида бу пулга 6-7 яхши буқа ё сигир сотиб олиш мумкин бўлган.

8 Бухоро мадрасалари 6 олий тоифага ажралар эди. Бу ўқув даргоҳларида ҳуқуқ илми кенгроқ ўргатилгани сабабли улар тўғрисида кейинги мақолалардан бирида кенгроқ тўхталамиз.

9 А.Б. Вильданова муаллиф ушбу асарни 1798 йили ёзиб бошлаган деб тахмин қилади (Мажмаъ ал-арқам. 11-б).

10 Мажмаъ ал-арқам. – 11- б.

11 Мажмаъ ал-арқам. – 92-б.

12 Ўзбекистон миллий энциклопедияси. – Тошкент: ЎзМЭ. XI жилд. 41-б.

13 Ан-Наим. – Тошкент: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 2003. 670, 671-б.

14 Бухорода яшаган йирик ҳуқуқшунос олим эди, 1346 йили июнь ойида вафот этган.

15 Убайдуллоҳ Садр аш-шариа. Мухтасар. – Тошкент: Чўлпон, 1994. 254-б.

16 Нажмуддин Умар ан-Насафий. Самарқандия. – Тошкент: Ўзбекистон миллий энциклопедияси давлат илмий нашриёти, 2001. 9-б.

17 Халифа ал-Муътаз аббосий халифаларнинг 14-вакили, 866 – 869 йиллар оралиғида ҳукмронлик қилган.

18 Халифа ал-Муқтадир аббосий халифаларнинг 15-вакили, 869 – 870 йиллари ҳокимият тепасида турган.

19 Абу Мансур ас-Саолибий. Ажойиб маълумотлар. – Тошкент: Абдулла Қодирий номидаги Халқ мероси нашриёти, 1995. 20-б.

20 Самарқандия. 31-б.

21 Ибн Жарир ат-Табарий. Тарих ат-Табарий. – Ар-Риёд: Байт ал-афкар ад-давлия, 2005. – 1273-1278, 1289-б.

- Advertisement -

Latest news

Тошкент шаҳрига кириб келувчи йўловчи транспортлар учун 6 та метро бекати атрофида автотураргоҳлар ташкил этилади

“Тошкент метрополитени фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5260-сон, 16.10.2021 й.) қабул қилинди Қарорга мувофиқ, “Тошкент метрополитени” УК “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ таркибидан Транспорт...
- Advertisement -

Йил охиригача барча кодексларга шарҳлар тайёрланади

“Адолат” Миллий ҳуқуқий ахборот маркази ҳамда Тошкент давлат юридик университети ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди. Ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад “юриспруденция” мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлаш,...

Хусусий мактаблар тадбиркорлик субъекти ҳисобланадими?

Халқ таълими вазирлигининг ўтган йил ноябрь ойидаги маълумотида юртимизда 140 та хусусий мактаб фаолият юритаётгани қайд этилган. Президентимизнинг 2019 йил 29 апрелдаги 5712-сонли фармони...

2021 йил июнь сони

“Huquq va burch” журнали Чоп этилган вақти: 2021 йил, июнь Саҳифалар сони: 64 саҳифа Чоп этилган мақолалар сони: 12 та Журнал баҳоси: 20 000 сўм МУНДАРИЖАНИ КЎРИШ ЮКЛАБ...

Related news

Тошкент шаҳрига кириб келувчи йўловчи транспортлар учун 6 та метро бекати атрофида автотураргоҳлар ташкил этилади

“Тошкент метрополитени фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5260-сон, 16.10.2021 й.) қабул қилинди Қарорга мувофиқ, “Тошкент метрополитени” УК “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ таркибидан Транспорт...

Йил охиригача барча кодексларга шарҳлар тайёрланади

“Адолат” Миллий ҳуқуқий ахборот маркази ҳамда Тошкент давлат юридик университети ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди. Ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад “юриспруденция” мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлаш,...

Хусусий мактаблар тадбиркорлик субъекти ҳисобланадими?

Халқ таълими вазирлигининг ўтган йил ноябрь ойидаги маълумотида юртимизда 140 та хусусий мактаб фаолият юритаётгани қайд этилган. Президентимизнинг 2019 йил 29 апрелдаги 5712-сонли фармони...

2021 йил июнь сони

“Huquq va burch” журнали Чоп этилган вақти: 2021 йил, июнь Саҳифалар сони: 64 саҳифа Чоп этилган мақолалар сони: 12 та Журнал баҳоси: 20 000 сўм МУНДАРИЖАНИ КЎРИШ ЮКЛАБ...
- Advertisement -