0,00 UZS

No products in the cart.

13.8 C
London
Shanba, Oktabr 31, 2020

Қишлоқ хўжалигида ер муносабатлари: иқтисодий фаровонликни рағбатлантиришнинг ҳуқуқий механизмларини яратиш зарурияти

- Advertisement -
- Advertisement -

Дунёдаги иқтисодий ривожланган давлатларнинг тарихига эътибор қаратилса, соф капиталистик ёки социализм элементи билан аралаш тизим бўлишидан қатъий назар, иқтисодий фаровонлик ерга оид муносабатларни тубдан қайта кўриб чиқишдан бошланганлиги кўринади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасига кўра ер умуммиллий бойликдир, ундан оқилона фойдаланиш зарур ва у давлат муҳофазасидадир. Мазкур конституциявий нормага мувофиқ ернинг ҳуқуқий ҳолати Ер кодексининг 16-моддасида белгиланган бўлиб, унга кўра ер давлат мулки — умуммиллий бойликдир. Шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ерга нисбатан хусусий мулк ҳуқуқи бўлиши мумкинлиги тақиқланмаган. Шу сабабли Ер кодексининг ушбу моддасида қонун ҳужжатлари орқали бошқача ҳолатларни белгилаш имконияти кўрсатиб ўтилган ҳамда ерга нисбатан хусусий мулкчиликни қарор топтирувчи баъзи мустасно ҳолатлар ўрнатилган.

Умуман олганда, ернинг ҳуқуқий ҳолати, ер участкасидан фойдаланиш ва унга эгалик қилишга оид ҳуқуқий муносабатлар Ер кодексида назарда тутилган ҳамда фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан фарқ равишда кўпроқ маъмурий-ҳуқуқий характер касб этади.

Маълумки, классик Фуқаролик кодексларида ер участкаси фуқаролик ҳуқуқининг марказий объекти бўлиб, кўчмас мулкнинг асосий предмети ҳисобланади. Кўчмас мулк бўйича барча ашёвий ҳуқуқлар ер участкаси билан чамбарчас боғлиқ.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексини қабул қилишда хорижий давлатларнинг фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи тажрибаси ва амалиёти ўрганилган ва фойдаланилган. Аммо ўша пайтда ер участкасини хусусийлаштириш масаласида сиёсий якуний қарор қабул қилинмаганлиги сабабли кўчмас мулкка ва ер участкасига тегишли кўпгина масалалар бозор иқтисодиёти ва фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларининг ғарбча моделини жорий этиш нуқтаи-назаридан қайта кўрилмасдан қолган.

Ўзбекистоннинг ҳуқуқий маконида кўчмас мулк сифатида биринчи галда бино, иморат тушунилади ҳамда ушбу иморат турган жойдаги ер участкасига бўлган чекланган ҳуқуқлар мазкур иморатга бириктирилган. Давлат ер участкасининг асосий мулкдори эканлигига асосий урғу берилади ҳамда давлат номидан ҳаракат қилаётган мансабдор шахс ер участкасини бўшатишни талаб қилишга ҳақли, яъни бошқача қилиб айтганда, ер участкасини давлат ва жамият эҳтиёжи учун олиб қўйиши ёки ер участкасининг ижара шартномасини бекор қилиши мумкин.

Ушбу тадқиқот доирасида қишлоқ хўжалигини юритиш учун мўлжалланган ер участкасига тегишли бўлган масалалар кўриб чиқилади.

Ер кодекси қишлоқ хўжалиги фаолиятини юритиш мақсадида қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ер участкасига эга бўлишнинг 3 хил усулини белгилаган: 1) муайян муддатга шартнома асосида асосида ижарага бериш – фермер хўжаликлари учун; 2) номуайян муддатга доимий фойдаланишга бериш – юридик шахслар учун; 3) деҳқон хўжалиги юритиш учун номуайян муддатга мерос қилиб қолдириш ҳуқуқи билан асосида умрбод эгалик қилиш – жисмоний шахслар учун.

Мустақилликнинг дастлабки йилларида Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида собиқ колхоз ва совхозларнинг меросхўрлари бўлган қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкатлар) асосий ўринни эгаллаган эди. Фермер хўжаликлари қишлоқ хўжалигида аҳамиятсиз улушга эга бўлган ва ширкатлар рад этилиб, уларнинг ўрнига фермер хўжаликлари ташкил этилгандан сўнг уларнинг улуши аста-секин ўсиб борди.

2000 йилларнинг бошларида қишлоқ хўжалигига тегишли ер ресурсларидан фойдаланиш соҳасида ҳамда умуман қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳасидаги асосий устувор ислоҳотлар ердан фойдаланишнинг ижара шаклига ўтиш ҳамда фермер хўжаликларини тузиш орқали ширкат хўжаликларини босқичма-босқич тарқатиб юборишни назарда тутган.

Ушбу ислоҳот Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 24 мартдаги ПФ-3226-сонли “Қишлоқ хўжалигида ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг энг муҳим йўналишлари тўғрисида” ги Фармони қабул қилиниши билан бошланди. Мазкур Фармон ва унинг асосида ўн йиллар давомида ишлаб чиқилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қишлоқ хўжалигидаги давлат сиёсати йўналишини белгилаб берди ҳамда ҳозирги қишлоқ хўжалиги соҳасининг ижобий ва салбий томонларини юқоридаги Фармоннинг амалга оширилиши натижаси сифатида кўриш мумкин. Ушбу Фармоннинг кириш қисмида унинг мақсадлари кўрсатилган: 1) қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришини бошқаришнинг бозор тамойилларига мос келадиган ташкилий тузилмасини тадбиқ этиш; 2) қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларининг мустақиллигини кенгайтириш; 3) уларнинг ишончли ҳуқуқий муҳофазасини таъминлаш.

Бугун айтиш мумкинки, гарчи мамлакат қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг айрим йўналишлари бўйича ажойиб натижаларга эришган бўлишига қарамасдан, ушбу ислоҳотнинг мақсадлари тўлиқ амалга ошмади.

Фармонда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларнинг қуйидаги 3 йўналиши белгиланган эди:

1) доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ер участкаларини бериш амалиётини амалда бекор қилган ҳолда ердан фойдаланишнинг ижара шаклига ўтиш;

2) тайёрлов, қайта ишлаш ва хизмат кўрсатиш корхоналари билан муносабатларда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг манфаатларини ҳимоялаш учун шароитлар яратиш;

3) ширкат, фермер ва деҳқон хўжаликларини қишлоқ хўжалигини юритиш шакллари сифатида сақлаб қолган ҳолда, келажакда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи асосий субъект фермер хўжаликлари бўлишини белгилаш.

Бугунги кунда маълумки, юқоридаги ислоҳотларнинг йўналишлари қишлоқ хўжалиги соҳасини мамлакат иқтисодиёти ўсишининг драйверига айлантириш ўрнига, аксинча, қишлоқ хўжалигида бозор ва мулкий муносабатларни ривожлантириш, ҳамда қишлоқ ҳужалиги ишлаб чиқарувчиларнинг мустақиллигини оширишга эътибор қаратган бошқа пост-социалистик давлатлар билан таққослаганда, мамлакат қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг орқада қолмоқда.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаги, юқоридаги ислоҳот оқибатида фермер хўжаликлари фаолиятида қишлоқ хўжалигининг самарали ривожланишига салбий таъсир кўрсатадиган 4 омил мавжуд.

1. Фермер хўжаликлари ўз фаолиятини юридик жиҳатдан мустақил амалга оширади, аммо амалда унинг мустақиллиги ер участкасини ижарага бериш шартномаси ва давлат эҳтиёжлари учун маҳсулот етказиб бериш шартномаси билан чекланган.

“Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасига мувофиқ равишда фермер хўжалиги ўз уставида ва ер участкасини ижарага олиш шартномасида назарда тутилган ихтисослашувга мувофиқ фаолияти йўналишларини, ишлаб чиқариш тузилмаси ва ҳажмларини мустақил равишда белгилайди. Фермер хўжалиги қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг ҳар қандай тури билан, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа фаолият турлари билан шуғулланишга ҳақли.

Аммо фермер ер ижара шартномасида назарда тутилган қишлоқ хўжалик экинларини экиб, ижарага олинган ер участкасидан фақат шу белгиланган мақсадда фойдаланиши мумкин. Ушбу талабларни бажармаслик қонун ҳужжатлари ва шартномага кўра ер ижараси шартномасини бекор қилишга олиб келади.

Шундай қилиб, фермернинг мустақиллигиер ижараси шартномаси билан чекланган ва фермернинг амалдаги иқтисодий фаровонлиги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотишни ташкил этишнинг маъмурий буйруқбозлик усулларига бевосита боғлиқдир. Бундай шароитда фермер экин турини мустақил равишда танлаш ҳуқуқидан амалда фақатгина қисқа муддатда яъни ғалла йиғиб олинганидан кейин бўшаган ер участкасига такрор экин экишда фойдаланиши мумкин. Ушбу ҳолатни сув ресурслари етишмаслиги сабабли барча ҳудудларда амалга ошириб бўлмайди.

2. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари узоқ муддатли ижарага фақат фермер хўжаликлари ёки фуқароларга фермер хўжалиги шаклида юридик шахс ташкил этиш шарти билан берилади. Шу орқали, қишлоқ хўжалигини юритиш учун ер участкасини узоқ муддатли ижарага ололмайдиган юридик шахсларнинг бошқа турлари (хусусан, МЧЖ, ОАЖ, ОДО, оилавий корхона ва бошқалар) учун сунъий равишда чеклов ўрнатилган. Бундан ташқари, фермер хўжаликларини хўжалик жамиятларига ўзгартириш мумкин эмас. Бу эса ривожланиш учун янги инвестицияларни жалб этишга нисбатан чекловни келтириб чиқаради.

3. Фермер хўжалигини юритиш учун берилган ер участкаси иқтисодий айланма объекти бўла олмайди. Қонунчиликда фақатгина ижара ҳуқуқини гаровга қўйиш имконияти белгилаб қўйилган бўлиб, шунда ҳам қонунчиликда ундирувни ижара ҳуқуқига қаратишнинг кейинги тартиб-тамойиллари кўрсатилмаган. Одатда, ўз мажбуриятларини бажариш учун маблағ етарли бўлмаганда, ундирув фермернинг шахсий мулкига қаратилади.

Агарда фермер хўжалигининг бошлиғи фермер хўжалигини тугатишга қарор қилса, у ер участкасини давлатга қайтариши лозим ва маҳаллий давлат ҳокимияти органи ер участкасини бериш бўйича қайта танловни эълон қилади.

Ушбу ҳолатда, фермер хўжалигини мулкий мажмуа сифатида бегоналаштириб бўлмайди, бу эса фермернинг ўз бизнесини сотиб, фаолият билан шуғулланишни тўхтатиш имкониятини чеклайди. Фермер ижарага олинган ер участкасини қайтариш орқалигина фермерлик фаолиятидан кетиши мумкин, ижарага олинган ер участкаси маъмурий механизмлар орқали собиқ фермерга ҳеч қандай компенсация тўламасдан яна бошқа фермер ёки бошқа шахсга берилади. Буларнинг барчаси ер участкасини яхшилаш бўйича инвестиция киритишни фермер учун самарасиз ҳолга айлантиради.

Қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлари даврида Ҳукумат қарорлари орқали фермер хўжаликларининг ер участкалари 7 марта мақбуллаштирилган. Мақбуллаштириш ер участкасини тўлиқ ёки қисман қайтариб олиш ҳамда уларни фермер бўлиш ниятидаги янги шахсларга қайта топшириш орқали амалга оширилган. Ер участкаларининг ўлчамларини мақбуллаштириш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида ер участкасини олиб қўйиш бўйича фермерга компенсация тўлаш белгиланмаган. Бу эса фермерлик фаолиятининг ривожланиши учун салбий таъсир кўрсатган.

4. Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини юритиш учун ер участкасини олишнинг яна бир усули – бу ер участкасини доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида олиш ҳисобланади.

Ер кодексида ушбу усулни маҳаллий ҳокимият органлари ўз истагига кўра фойдаланиши мумкин бўлган кенг ваколатлар белгиланган бўлиб, фақат юзаки тартибга солган. Хусусан, фермер хўжалигини юритиш учун ер участкасини ижарага бериш танлов асосида амалга оширилиб, танлов ўтказиш тартиби қонун ҳужжатлари билан тўлиқ тартибга солинган бўлса, доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ер участкасини бериш очиқ ва ошкора танлов ўтказилмасдан, манфаатдор шахснинг сўрови асосида амалга оширилади.

Шундай қилиб, доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида берилган ер участкаларида турли хўжалик жамиятлари ва бошқа тадбиркорлик субъектлари қишлоқ хўжалик ишлаб чиқариши билан шуғулланади ва бунда ер ресурсларини тақсимлашнинг шаффоф механизмлари мавжуд эмас.

Хулоса қилиш мумкинки, қишлоқ хўжалиги ва фермерлик фаолиятини ривожлантиришда фермер хўжаликларининг амалдаги мустақиллигини ва ер участкасига нисбатан ҳуқуқларнинг эркин айланмасини жорий этиш бўйича ҳуқуқий механизмларни ўрнатиш катта аҳамиятга эга.

Юқоридагиларни таҳлил қилган ҳолда, ислоҳотларнинг ҳозирги босқичида ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, соҳага инвестицияларни жалб қилиш ва ер ҳолатини яхшилашга қаратилган қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ер участкаларидан фойдаланиш ва уларга эгалик қилишнинг янги ҳуқуқий механизмларини жорий этиш таклиф қилинади.

Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришни рағбатлантириш учун 3 та янги механизмни жорий қилиш масалаларини кўриб чиқиш таклиф этилади.

1. Ерга эгалик қилиш ва ундан фойдаланишнинг барча турлари учун танлов асосидаги ва ошкора механизмларни белгилаган ҳолда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига беришнинг ҳуқуқий механизмларини оптималлаштириш. Юридик ва жисмоний шахслар учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларга нисбатан ашёвий ҳуқуқнинг бир хил шаклини белгилаш зарур бўлади. Бунда ерга бўлган ашёвий ҳуқуқлар юридик ва жисмоний шахслар учун бир хил бўлиши ҳамда ер участкаларини бирлаштириш ва бўлиш имкониятларини, яъни ер участкалари улчамларини мақбуллаштиришнинг механизмларини ортиқча бюрократик тўсиқларсиз қонун даражасида белгилаш мақсадга мувофиқ.

Шу билан бирга, ҳар бир ҳолатда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларида объектларни қуриш ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришидан бошқа фаолият турлари билан шуғулланиш чекланиши лозим.

Шунингдек, уй-жой қуриш имкониятини назарда тутган мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини тақдим этиш учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари ажратилишини тақиқлаш зарур бўлади.

2. Электрон аукционни жорий этиш орқали қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерларни фермер хўжалигини юритиш учун ижарага бериш тартибини соддалаштириш. Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерлар нафақат фермер хўжаликларига, балки юридик шахсларнинг бошқа шаклларига, хусусан, МЧЖ ёки АЖга қишлоқ хўжалиги фаолиятини юритиш учун ижарага берилиши мумкинлигини белгилаш лозим бўлади.

3. Ер участкаларини ижарага бериш шартномасида ишлаб чиқариладиган маҳсулот турларига нисбатан чекловлар ўрнатиш амалиётини бекор қилиб, фермер хўжаликларига ва бошқа қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига кенг мустақиллик тақдим этиш зарур.

4. Ер кодексида қуйидагилар назарда тутилиши лозим:

давлат органларининг розилигисиз фермер хўжалигини фаолиятини ер участкасини узоқ муддатга ижарага олиш ҳуқуқи билан биргаликда сотиш ёки бошқача тарзда бегоналаштириш орқали тугатиш;

қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерларни давлат органларининг аралашувисиз ва қўшимча тартибларсиз иккиламчи ижара асосида бериш.

Умуман олганда, бизнинг фикримизча, юқоридаги таклифларнинг амалга оширилиши мамлакат иқтисодий фаровонлигининг драйвери бўлиши мақсад қилинган қишлоқ хўжалиги соҳасида бозор ва мулкий муносабатларнинг ривожланишига ёрдам беради.

Нодир Жўраев,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги  Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институтининг директор ўринбосари

- Advertisement -

Latest news

- Advertisement -

Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ф а р м о н и Сўнгги йилларда мамлакатимизда қулай инвестициявий муҳитни яратиш, хусусий мулк эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш...

Судлар фаолиятини рақамлаштириш нима афзалликларга эга?

Мамлакатимизда судлар фаолиятини янада ривожлантириш, бу борада судлар фаолиятини рақамлаштириш юзасидан кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ўтган давр мобайнида судларга масофадан туриб мурожаат қилиш,...

Related news

Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ф а р м о н и Сўнгги йилларда мамлакатимизда қулай инвестициявий муҳитни яратиш, хусусий мулк эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш...

Судлар фаолиятини рақамлаштириш нима афзалликларга эга?

Мамлакатимизда судлар фаолиятини янада ривожлантириш, бу борада судлар фаолиятини рақамлаштириш юзасидан кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ўтган давр мобайнида судларга масофадан туриб мурожаат қилиш,...
- Advertisement -