Дунё ҳамжамияти, жумладан, Бирлашган миллатлар ташкилотида давлатлар қийноқнинг олдини олиш борасидаги мажбуриятларини бажариши, шахсни таҳқирловчи ва инсоний қадр-қимматни камситувчи муомаладан ҳимоя қилишни самарали ташкил этиши зарурлиги мунтазам муҳокама қилиб келинади. 1984 йил 10 декабрда БМТ қабул қилган Қийноқларга солишга ва муомалада бўлиш ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни таҳқирловчи турларига қарши конвенцияга бугунга қадар қўшилган 166 давлатнинг ҳар тўрт йилда БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитасига ҳисобот бериши қийноққа қарши курашишнинг нафақат халқаро ҳамжамият, балки алоҳида давлат учун ҳам нақадар долзарб эканини кўрсатади.

Мамлакатимизда ҳам инсоннинг энг муҳим шахсий ҳуқуқларидан бўлган руҳий ва жисмоний дахлсизлигига оид конституциявий нормалар ижросини таъминлаш, қийноққа солганлик учун жавобгарликни кучайтириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

БМТ доирасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ, давлатлар мажбуриятларининг юридик характерини изоҳловчи қатор ҳужжат ва қарорлар қабул қилинган. Масалан, 1948 йил 10 декабрда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг қабул қилиниши қийноқ ёки шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни хўрловчи муомала ва жазо турлари қўлланилишини тақиқлади1.

Шунингдек, БМТнинг Халқаро ҳуқуқ комиссияси 1949 йил 1-сессиясида қабул қилган «Давлатларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари декларацияси»нинг 6-моддасида «Ҳар қайси давлат ўз юрисдикциясида бўлган барча инсонларга ирқи, жинси, тили ва динидан қатъи назар инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларига ҳурмат билан қарашлари шарт»2 экани белгиланган.

1949 йил 12 августда қабул қилинган «Касал ва ярадорларнинг ҳаракатдаги армияда иштирокини яхшилаш тўғрисида»ги Женева конвенцияси 3-моддасида қуролли можаро вақтида ярадор ва касалларга жисмоний таъсир ва ҳаётига тажовуз қилиш, турли усулда ҳаётдан маҳрум қилиш, майиб қилиш, шафқатсиз муомала, қийноқ ва қийнаш тақиқланган. Шунингдек, 1949 йил 12 августдаги «Денгиз қуролли кучлари таркибида кема ҳалокатига учраган ярадор ва касалларнинг иштирокини яхшилаш тўғрисида»ги, «Ҳарбий асирлар билан муомала қилиш ҳақида»ги ҳамда «Уруш даври тинч аҳолини ҳимояси ҳақида»ги Женева конвенцияларининг қатор моддалари билан қийноқни қўллаш тақиқланган.

Яна бир муҳим ҳужжат «Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенцияси» 1950 йил 4 ноябрда Римда қабул қилинган бўлиб, 1953 йил 3 сентябрдан кучга кирган. Ушбу конвенциянинг 3-моддасида ҳеч ким қийноққа, инсонийликка зид ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ва жазо чораларига дучор этилиши мумкин эмаслиги, давлатлар ушбу норманинг амалда ишлаши учун барча саъй-ҳаракатларни амалга ошириши кераклиги белгиланган. «Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида»ги халқаро пактнинг 7-моддасида эса «ҳеч ким қийноқларга ёки шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматини камситувчи муомалага ёки жазога дучор этилмаслиги керак. Жумладан, ҳеч бир шахс устидан ўзининг эркин розилигисиз тиббий ёки илмий тажриба ўтказилиши мумкин эмас»лиги мустаҳкамланган.

Халқаро ҳужжатлардан яна бири БМТнинг 1974 йил 14 декабрда қабул қилинган «Аёллар ва болаларни фавқулодда ҳолат ва қуролли можаролар даврида ҳимоя қилиш тўғрисида»ги декларациясининг 4-бандида қуролли ҳаракатлар, ҳарбий можароларда иштирок этадиган давлат аёллар ва болаларни қийноқ, шафқатсиз муомала, зўрликдан ҳимоя қилиш юзасидан зарур чораларни кўриши ҳақидаги қоида мустаҳкамланган3.

Кейинчалик тиббиёт этикаси тамойиллари БМТ Бош ассамблеясининг 37/194-резолюциясига асосан 1982 йилда қабул қилинади. Ушбу ҳужжатда қамоқда сақланаётган ҳамда ушланган шахсларни қийноқ, шафқатсиз, инсонийликка зид, қадр-қимматни камситувчи муомала ва жазо турларидан ҳимоя қилиш юзасидан қоидалар мустаҳкамланган. Жаҳон тиббиёт ассоциациясининг Токио декларациясида врачларга ҳар қандай шаклдаги қийноқ, шафқатсиз, инсонийликка зид, қадр-қимматни камситувчи муомала ва жазо турларини қўллашда фаол ёки пассив қатнашиш тақиқланади4.

2006 йил 23 майда Гондурас ва Боливия «Қийноқларга солишга ва муомалада бўлиш ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни таҳқирловчи турларига қарши конвенцияга факультатив протокол»­ ни ратификация қилди. Натижада иштирокчи-мамлакатлар сони 20 тага етди ва бу конвенция 2006 йил 22 июнда кучга киришига замин яратди. БМТнинг Қийноқларнинг олдини олиш бўйича кичик қўмитаси фаолиятини назарда тутувчи Қийноқларга қарши конвенцияга факультатив протокол уни имзолаган давлатларнинг барчасига тегишли миллий механизмларни яратиш мажбуриятини юклайди5.

Бундан ташқари, «Бола ҳуқуқлари тўғрисида»ги конвенциянинг (1989 йил) 37-моддасида «ҳеч бир бола қийноқ, шафқатсиз, инсон қадрқимматини камситувчи муомала ва шафқатсиз жазо турларига дучор этилиши мумкин эмас»­ лиги мустаҳкамланган. Шунингдек, конвенцияда 18 ёшга тўлмасдан содир этган жинояти учун шахсга ўлим ёки умрбод озодликдан маҳрум этиш жазолари тайинланиши мумкин эмаслиги белгиланган.

Юқоридаги халқаро ҳужжатлар қийноққа солишнинг олдини олишда ҳамкорликда изчил чора-тадбирлар кўришни, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсизлигини таъминлашнинг шартларидан бири сифатида ҳар бир давлат жиноят қонунчилигида қийноққа солишга қарши жазо чораларини белгилаши лозимлигини шарт қилиб қўйди. Натижада ушбу ижтимоий хавфли қилмиш тушунчасини кенгроқ таърифлаш, қийноққа солиш билан боғлиқ ижтимоий хавфли қилмишларнинг сабаблари, олдини олиш чораларини ишлаб чиқиш зарурати юзага келди. Шу сабабли қийноққа солиш тушунчасига оид ҳуқуқий таърифлар кўплаб халқаро ҳужжатларда ўз аксини топди.

Жумладан, қийноққа солиш тушунчасига ҳуқуқий таъриф БМТ даражасида илк бор 1975 йил 9 декабрда қабул қилинган «Ҳамма шахсларни қийноқлардан, бошқа қаттиқ, шафқатсиз ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ва жазо турларидан муҳофаза қилиш тўғрисида»ги декларацияда берилган. Унда қийноққа солиш тушунчасининг мазмуни хусусидаги турли хил қарашлар ривожлантирилган. Декларациянинг 1-моддасида «расмий шахс томонидан ёки унинг кўрсатмасига биноан инсонга ундан ёки учинчи шахсдан ахборот ёки иқрорлик кўрсатувлари олиш, у содир этган ёки содир этганликда гумон қилинаётган ҳаракатлар учун уни жазолаш ёинки уни ёки бошқа шахсларни қўрқитиш мақсадида била туриб кучли оғриқ ёхуд жисмоний ёки ақлий азоб-уқубатлар етказишга қаратилган ҳар қандай ҳаракат» деб таърифланган. Мазкур таъриф қийноққа солиш тушунчасини ҳуқуқий нуқтаи назардан аниқлаштирди.

Бундан ташқари, юқоридаги айтиб ўтганимиз, «Қийноқларга солишга ва муомалада бўлиш ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни таҳқирловчи турларига қарши конвенция»нинг 1-моддасида қийноқ тушунчаси янада аниқлаштирилди ҳамда ушбу конвенцияни имзолаган давлатлар учун ўз қонунчилигида қийноққа солиш тушунчаси ва қийноққа солганлик учун жиноий жавобгарлик чораларини ўрнатиш мажбуриятини юклади. Ушбу конвенцияда қийноққа қуйидагича таъриф берилди: «Бирон-бир шахсга қасддан етказиладиган кучли жисмоний ёки руҳий оғриқ ёхуд азоб, ундан ёки учинчи шахслардан маълумот ёки иқрорликни қўлга киритиш учун, у ёки учинчи шахс содир этган ёки содир этишда гумон қилинаётган қилмиш учун жазолаш, шунингдек, уни ёки учинчи шахсларни қўрқитиш ёки мажбурлаш ёинки дискриминацияга асосланган ҳар қандай сабабларга кўра содир этилган ҳар қандай ҳаракатлар бўлиб, бунда ушбу ҳаракатлар давлат мансабдор шахслари ёки расмий равишда намоён бўлувчи бошқа шахслар ёки уларнинг ундови билан ёхуд уларни хабардор этган ҳолда ёинки уларнинг розилиги
билан содир этилади»6. Конвенциянинг ўзига хослиги ундаги қийноққа солиш тушунчасига берилган таъриф конвенцияни имзолаган давлат учун мажбурий ҳисобланишида.

Юридик фанлар бўйича фалсафа доктори, доцент Хуршид Каримов фикрича, мазкур конвенция 1-моддасида келтирилган жиноят субъектига оид таржима муваффақиятли чиқмаган. Жумладан, конвенциянинг 1-моддасида «a public official or other person acting in an official capacity» жумласи рус тилидаги матнда «государственным должностным лицом или иным лицом, выступающим в официальном качестве» деб таржима қилинган бўлса, ўзбек тилидаги матнда давлат мансабдор шахслар ёки «расмий равишда намоён бўлувчи бошқа шахслар» деб таржима қилинган. Натижада расмий равишда намоён бўлувчи бошқа шахсларнинг тушунчаси ва аниқ доираси келтирилмаган бўлиб, мазкур жумлани жиноят қонунчилигига имплментация қилишда қатор муаммолар мавжуд.

Конвенциянинг асл матнидаги «a public official or other person acting in an official capacity» жумласи давлат мансабдор шахси ёки шундай ваколатга эга бўлган ёки шундай вазифани бажарувчи бошқа шахслар деган мазмунда таржима қилиниши мақсадга мувофиқ. Бу эса, ўз навбатида, қийноққа солиш жинояти субъекти доирасини аниқлаштиришда муҳим аҳамият касб этади. Яъни қийноққа солиш жинояти субъекти мансабдор шахс томонидан ёки мансабдор шахс ваколатларига эга бўлган ёхуд мансабдор шахс вазифаси юкланган бошқа шахслар бўлишини англатади7.

Бундан ташқари, 2002 йил 18 декабрда қабул қилинган БМТ Бош ассамблеясининг 57/199-резолюцияси билан «Қийноқларга солишга ва муомалада бўлиш ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни таҳқирловчи турларига қарши конвенцияга факультатив протокол» мақсадлари учун «озодликдан маҳрум қилиш» қамоқда сақланиш ёки турмага қамашни ёхуд шахснинг ўз ихтиёри бўйича ташлаб кетиш ҳуқуқига эга бўлмаган давлатнинг биносида ёки хусусий бинода суд, маъмурий ва бошқа органнинг буйруғи билан қамоқда сақлашни англатади» деб белгиланганидан келиб чиқилса, қийноққа солиш субъектлари Қийноққа қарши конвенциянинг 1-моддасида келтирилган шахслар доирасидан кенгроқ бўлиши мумкинлигини кўрамиз.

Яъни қийноққа солиш жинояти субъекти нафақат мансабдор ёки мансабдор шахс ваколатини бажарувчи шахс ёки уларнинг ундови билан ёхуд уларни хабардор этган ҳолда ёинки уларнинг розилиги билан содир этилишини, балки унинг доираси кенглигини кўрсатади. Масалан, хорижий мамлакатлардаги хусусий қамоқхоналарда қамоқхона хизматчиси томонидан қийноққа солиниш ҳолати юз берса, хусусий қамоқхона хизматчиси қийноққа қарши конвенциянинг 1-моддасидаги «давлат мансабдор шахслари ёки расмий равишда намоён бўлувчи бошқа шахслар» жумласидаги субъектлар доираси такомиллаштирилиши зарурлигини кўрсатади8.

Биз ҳам Хуршид Каримовнинг фикрларига қўшилган ҳолда қийноққа солиш жиноятининг мансабдорлик жиноятлари ўртасидаги аниқ фарқ бу жабрланувчининг муайян маънода ўз эркинлиги ва ҳуқуқларини амалга оширишда чеклангани, жиноят субъекти томонидан кўпроқ муайян ҳуқуқбузарликни содир этгани учун иқрорлик кўрсатуви олиш ёки ўзбошимчалик билан жазолаш кабиларда намоён бўлишини айтишимиз мумкин.

Қийноққа солиш жинояти субъекти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органнинг ёки бошқа давлат органининг ходими томонидан ёхуд унинг далолатчилигида ёки хабардорлигида ёхуд индамай берган розилиги билан бошқа шахслар томонидан содир этилишини инобатга олсак, жиноий жавобгарлик билан боғлиқ нормаларни кучайтириш ва қийноққа солиш жиноятини содир этган шахсларга жиноий жазо ёки жавобгарликдан озод этишга оид рағбатлантирувчи нормаларни қўллашни тақиқлашга доир ўзгартириш киритиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.

Бундай тақиқларнинг белгиланиши қийноқ қўллаган шахсга нисбатан жавобгарликнинг
муқаррарлигини таъминлашга ҳамда қийноққа солиш билан боғлиқ ҳаракатларни содир этилишига йўл қўймасликка хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга қилган мурожаатида адолат давлатчиликнинг мустаҳкам пойдевори экани, адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда эса суд ҳокимияти ҳал қилувчи ўринни эгаллаши билдирилиб, қийноққа қарши курашиш соҳасида қатор йўналишлар белгилаб берилди. Жумладан, омбудсман томонидан ҳар чоракда жамоатчилик вакиллари билан биргаликда тергов изолятори ва жазони ўташ муассасаларига «мониторинг ташрифлари» тизими йўлга қўйилди.

Дилшод ҚАЮМОВ,
Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги
Судьялар олий мактаби тингловчиси

 

1 Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясига шарҳлар. – Тошкент, «Адолат» 1999 йил. 4-бет.

2 Международная защита прав и свобод человека. Сборник документов. М., 1990. 409-410-бетлар.

3 Международные соглашения и рекомендации ООН в области защиты прав человека и борьбы с преступностью: сборник международных документов. М., 1989. 112-бет.

4 www.un.org.ru

5 www.terralegis.org/terra/ind_act.html

6 www.un.org.ru/dokuments/decl_conv/conventions/torture.shtml

7 Х.А.Каримов. «Қийноққа солишга қарши курашга оид халқаро нормаларни имплементация қилиш масалалари». Бош прокуратура академияси ахборотномаси 2020 №4 (44) 37-б.

8 Х.А.Каримов. «Қийноққа солишга қарши курашга оид халқаро нормаларни имплементация қилиш масалалари». Бош прокуратура академияси ахборотномаси 2020 №4 (44) 37-б.