0,00 UZS

No products in the cart.

13.3 C
London
Shanba, Oktabr 23, 2021

Қаҳрамон феномени ва ватанпарварлик

- Advertisement -
- Advertisement -

Қонун устуворлиги ўзидан ўзи қарор топмайди, у ижтимоий адолатли тузум барпо этиш ниятида яшайдиган халқпарвар ва ватанпарвар кишиларнинг саъй-ҳаракатлари маҳсулидир. Қонун устувор бўлиб, унинг амалда бўй кўрсатиши эса шу жамиятдаги қаҳрамон феноменининг тўла-тўкис юзага чиқишига ҳам боғлиқ.

Шотланд файласуфи Т. Карлейль ёзганидек, инсоният тарихи йирик шахслар, қаҳрамонлар, ватанпарварлар тарихидир. Шундай фуқаролари бор халқ келажагига, тараққиётига тик қарайди1. Ҳа, шундай фуқаролари, ватанпарварлари бор халқ, миллат ўзида яратишга куч, қувват ва далиллик борлигига ишонади. Шунинг учун ҳам қаҳрамонлар халқ, миллат тарихида кўп тилга олинади, у авлодларга ибрат, намуна қилиб кўрсатилади.

Қаҳрамонликнинг ижтимоий-фалсафий хусусиятлари тўғрисида кўплаб асарлар ёзилган. «Тарих фанининг отаси» Геродотдан тортиб Фукидид, Плутарх, Курций Руф, Ибн Халдун, Наршахий, ас-Самарқандий, Арнольд Тойнби, Альберт Манфред, Николай Карамзин, Лев Гумилёвгача қаҳрамонлик феномени билан боғлиқ даврларни, мавзуларни алоҳида ўрганишган.

Халқ оғзаки ижоди асосан қаҳрамонлик мавзусини ўз ичига олади. Гилгамиш, Одиссей, Алпомиш, Гўрўғли, Кунтуғмиш, Тоҳир ва Зуҳра, Фарҳод ва Ширин, ҳатто Афанди ҳамда
Алдаркўса каби образлар ҳам ана шу мавзу негизида яратилган. Қаҳрамонларини, олижаноб фазилатларга эга ватанпарварларини, элпарварларини куйлаш ҳар бир халқнинг, миллатнинг қадриятидир. Биз қаҳрамонларини англаб халқ, миллат ҳаётини англаймиз2.

Қаҳрамонлик – ахлоқий воқелик. У инсон қалби, руҳи, маънавияти, идеали билан боғлиқ феномен. У оддий ҳодиса эмас, у халқ, миллат олижаноб фазилатларининг шахс маънавий ҳаёти ва хатти-ҳаракатларида йиғма ифодаси, жамланишидир.

ҚАҲРАМОНЛИКНИ АЛОҲИДА ВОҚЕЛИК, ФЕНОМЕН СИФАТИДА ЎРГАНГАНДА:

* шахс ва жамият идеали;

* ижтимоий тараққиёт талаблари;

* ижтимоий-тарбиявий мақсад;

* миллий ва умуминсоний қадриятлар таъсири
каби омилларга алоҳида эътибор берилади.

Шахс ва жамият идеали стратегик мақсадлар билан бирга тарихий-маданий меросдан олинган тасаввурлардан иборат. Бундай идеал жамият тараққиёти ва тарихий-маданий
тажриба уйғунлашуви асосида шаклланади. Махсус тадқиқотлар кўрсатадики, кишилар
идеални кўпинча ўтмишдан, тарихий-маданий тажрибадан излашга мойилдирлар. Фалсафа фанлари доктори, профессор С. Аъзамходжаеванинг ёзишича, идеал субъектив воқелик, орзу, тилак ва бахтли келажакка оид тасаввурлар ифодаси сифатида ўтмишдаги воқеликни келажакка проекция қилиш кучига эга3. Проекция эса мавжуд тажрибани келажакка татбиқ этиш, ўтказишдир.

Идеалда ҳам, қаҳрамонликда ҳам шахс ни олижаноб мақсадлар билан яшашга даъват бор. Бу даъват эл, юрт, ватан, тараққиёт манфаатлари билан яшашни назарда тутади. Қаҳрамонлик, у эргашадиган идеал шахсий манфаатларни ижтимоий манфаатлар билан уйғунлаштиришни, зарур бўлганида шахсий ниятдан воз кечишни тақозо этади. Қаҳрамонликда мудом ватанга оид нимадир бор бўлади, ватанпарварлик ва элпарварлик туйғусисиз қаҳрамонлик йўқ. Қудуққа тушиб кетган мушукни ёки қўзичоқни қутқариш учун ўзини қудуққа ташлаган кишини биз қаҳрамон атамаймиз, аммо ушбу ҳаракат инсон, гўдак ҳаётини қутқаришга қаратилса, уни биз қаҳрамонлик атаймиз. Демак, қаҳрамонлик инсон, эл, ватан учун фидойиликдир.

Ватанпарварлик фақат чегарада туриб душман йўлини тўсиш эмас, у ватан равнақи учун сунъий тўсиқларни бартараф этиш, давлат рамзларини тараннум этиш, ватан табиатини куйлаш, мақсадларига хизмат қилиш, меҳнати билан ватан шарафига шараф қўшишдир. Тинч, аммо фидокорона меҳнат, хокисорлик билан ватанпарварликка оид қадриятларни эъзозлаш, эгоистик майллардан кечиб, халқ, миллат фаровонлигига хизмат қилишдир. Бу ерда идеал халқ, миллат фаровон яшашини таъминлашда намоён бўлади. Демак, идеал объективлашиши, яъни реал хатти-ҳаракатларда намоён бўлиши даркор4.

Ижтимоий тараққиёт талабларига мувофиқ келган қаҳрамонлик ижобий хусусиятга эга. Тўғри, бу ўринда қаҳрамонликка субъектив, тайёр тасаввурлар нуқтаи назаридан ёндашиш ҳам мавжуд. Бундай ёндашув кенг қаҳрамонлик феноменини тор қарашлар, схема доирасида баҳолашни келтириб чиқаради. Масалан, Собир Раҳимов ва ўн тўрт етим болани тарбиялаган Шомаҳмудовлар ҳайкалларини Тошкентдаги майдонлардан олишга оид қарор автократик бошқарув ҳукм сурган даврдаги қаҳрамонлик ҳақидаги умуминсоний тасаввурларни тор, мафкуравий схемага солиш эди. Ҳозир улар ўз ўрнига қайтарилди. Жамият ҳаётида, кишилар онгида қаҳрамонлик феномени сифатида шаклланган қадриятга салбий муносабат кишиларда ижтимоий тараққиёт ҳақида нотўғри, нообъектив фикрларни келтириб чиқаради.

Ижтимоий тараққиётнинг ўз қонунлари бор5. Бу қонунлар инсон хатти-ҳаракатларининг мезони ҳисобланади. Уларга эгоистик мақсадлардан воз кечиш, ўз ҳаёти ва амалларини ижтимоий тартибларга, қонунларга қарши қўймаслик, этномаданий омиллардан келиб чиқиш, ижтимоий фойдали меҳнатда қатнашиш кабилар киради. Шундай экан, қаҳрамонлик ана шу қонунларга мувофиқ келганида ватанпарварлик туйғусига айланади.

Ижтимоий-тарбиявий мақсадни тараққиёт қонунлари шакллантиради. У ўзидан ўзи, механик тарзда, давлат, жамият ва тараққиёт талабларидан ташқарида шаклланмайди. Ижтимоий ҳаётдаги мавжуд қадриятлар, қонунлар айниқса, уларнинг миллий ва умуминсоний қадриятлар уйғунлиги тарзидаги моделлари тарбияга алоҳида мақсад қўяди. Бу мақсад стратегик ва тактик хусусиятга эга. Стратегик хусусиятли мақсадга инсондаги умуминсоний қадриятларга содиқлик туйғусини шакллантиришга қаратилган таълим, тарбия, тарғибот ишлари киради. Улар инсонда гуманизм, ҳаётсеварлик, олижаноб фазилатларни шакллантириш билан боғлиқ. Ҳаётсеварлик, «ҳаётни асраш» инсонни тарбиялашнинг азалий вазифаси сифатида келади6. Ижтимоий тарбиявий мақсад қаҳрамонлик феноменини ана шу азалий вазифага йўналтиради. Тактик хусусиятли тарбия бугун, яқин йилларда жамият олдида турган вазифаларни амалга оширишга хизмат қилади.

Масалан, ҳозир Ўзбекистон 2030 йилларга бориб жаҳондаги илғор, ривожланган 50 давлат қаторига кириши учун инновацион ривожланишга интилмоқда. Бугун ижтимоий
тарбия олдига инновацион тафаккурли шахсларни тарбиялашни вазифа қилиб қўймоқда. Бироқ бу вазифа давр ўтиши билан бошқа вазифага алмашади. Бу ижтимоий ҳаёт, тараққиёт қонуни, талабидир.

Стратегик хусусиятли ижтимоий тарбия ҳам, тактик хусусиятли ижтимоий тарбия ҳам қаҳрамонлик феноменидаги олижаноблик, альтруизм, ватанпарварлик ва элпарварликни рад этмайди, аммо унга, ўз хусусияти ва талабларидан келиб чиқиб, аниқ вазифа қўяди. Шу вазифани самарали, аъло бажарган кишини, шахсни «қаҳрамон», «замонамиз қаҳрамони» атайди.

Қаҳрамонликда фидойилик, альтуризм, ҳатто ўзидан кечиш мавжуд. Шунинг учун у оддий фаолият ёки меҳнатдан фарқ қилади. Агар «Ўзбекистон қаҳрамони» шарафли унвонига эга кишилар ҳаётини ўргансак, уларда ўз касбига чуқур муҳаббат борлигини кўрамиз. Бу муҳаббат эл-юрт, ватан равнақига қаратилгани учун альтуристик хусусият касб этади. Яъни Ўзбекистон қаҳрамонлари бутун фаолиятини ватани манфаатларига бахш этган фидойилардир.

Қаҳрамонлик, албатта, расмий эътироф этилиши шарт бўлган феномен эмас. Масалан, коронавирус пайтида эл-юрт соғлиғи учун ўз соғлиғини, ҳаётини хавф остига қўйиб жонбозлик кўрсатган тиббиёт ходимлари ҳақиқий қаҳрамонлардир. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам расмий эътироф этилган қаҳрамонлар эмас. Демак, ҳаётда расмий эътироф этилмаган, тан олинмаган қаҳрамонлар ҳам бор. Энг муҳими уларнинг фаолияти, хатти-ҳаракатлари фидойиликка, альтуризмга, эл-юрт, ватан манфаатларига қурилганидадир. Қаҳрамонлик фазилатларига эга бўлмай ватанпарвар бўлиш қийин; ватанпарвар мудом қаҳрамон ёки қаҳрамонлик фазилатларига эга шахсдир.

Ҳаётда қаҳрамон, ватанпарвар бўлиш учун мудом имкон бор. Инсон қалбида, руҳида ижтимоий адолатга, ватанга, миллатга меҳр бор экан, у қаҳрамонона яшашга асос топа олади. Бугун Ўзбекистонда амалга оширилаётган янгиланишлар ҳам ҳар биримизни қаҳрамонлик кўрсатиб яшашга ундайди, бу ижтимоий-тарихий имкон бизни чин ватанпарварга айлантираётгани билан эътиборлидир. Ватан – муқаддас, ватанпарварлик эса янада муқаддасдир.

Виктор АЛИМАСОВ,
фалсафа фанлари доктори, профессор

 

1 Карлейл Т., Герои почитание героев и героическое в истироии. — Москва: Эксмо, 2008.

2 Замилова Р. Герои и героическое: этикофилософский анализ. 2.с. 12-14 — Тошкент: Noshir, 2013.

3 Аъзамходжаева С. Ижтимоий идеал ва маънавий ҳаёт. 11-12 бет. — Тошкент: Фалсафа ва ҳуқуқ институти нашр., 2007.

4 Аъзамходжаева С. Ижтимоий идеал ва маънавий ҳаёт. 222-б. — Тошкент: Фалсафа ва ҳуқуқ институти нашр., 2007.

5 Ҳайдаров Х. Ислоҳотлар қонунияти. — Тошкент: Ўзбекистон, 2011.

6 Швейцар А. Культура и этика. с.10-12 — Москва: Прогресс, 1973.

- Advertisement -

Latest news

Тошкент шаҳрига кириб келувчи йўловчи транспортлар учун 6 та метро бекати атрофида автотураргоҳлар ташкил этилади

“Тошкент метрополитени фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5260-сон, 16.10.2021 й.) қабул қилинди Қарорга мувофиқ, “Тошкент метрополитени” УК “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ таркибидан Транспорт...
- Advertisement -

Йил охиригача барча кодексларга шарҳлар тайёрланади

“Адолат” Миллий ҳуқуқий ахборот маркази ҳамда Тошкент давлат юридик университети ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди. Ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад “юриспруденция” мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлаш,...

Хусусий мактаблар тадбиркорлик субъекти ҳисобланадими?

Халқ таълими вазирлигининг ўтган йил ноябрь ойидаги маълумотида юртимизда 140 та хусусий мактаб фаолият юритаётгани қайд этилган. Президентимизнинг 2019 йил 29 апрелдаги 5712-сонли фармони...

2021 йил июнь сони

“Huquq va burch” журнали Чоп этилган вақти: 2021 йил, июнь Саҳифалар сони: 64 саҳифа Чоп этилган мақолалар сони: 12 та Журнал баҳоси: 20 000 сўм МУНДАРИЖАНИ КЎРИШ ЮКЛАБ...

Related news

Тошкент шаҳрига кириб келувчи йўловчи транспортлар учун 6 та метро бекати атрофида автотураргоҳлар ташкил этилади

“Тошкент метрополитени фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5260-сон, 16.10.2021 й.) қабул қилинди Қарорга мувофиқ, “Тошкент метрополитени” УК “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ таркибидан Транспорт...

Йил охиригача барча кодексларга шарҳлар тайёрланади

“Адолат” Миллий ҳуқуқий ахборот маркази ҳамда Тошкент давлат юридик университети ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди. Ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад “юриспруденция” мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлаш,...

Хусусий мактаблар тадбиркорлик субъекти ҳисобланадими?

Халқ таълими вазирлигининг ўтган йил ноябрь ойидаги маълумотида юртимизда 140 та хусусий мактаб фаолият юритаётгани қайд этилган. Президентимизнинг 2019 йил 29 апрелдаги 5712-сонли фармони...

2021 йил июнь сони

“Huquq va burch” журнали Чоп этилган вақти: 2021 йил, июнь Саҳифалар сони: 64 саҳифа Чоп этилган мақолалар сони: 12 та Журнал баҳоси: 20 000 сўм МУНДАРИЖАНИ КЎРИШ ЮКЛАБ...
- Advertisement -