Бугунги кунда глобаллашув ва иқтисодий интеграция, давлатлараро муносабатларда савдо ва тижорий ҳамкорликнинг ривожланиши, дунё бозорларига чиқиш имкониятининг яратилиши, давлатнинг иқтисодий жараёнларга таъсирини минималлаштириш ва монополияларнинг босқичма-босқич тугатилиши, бозор механизмлари асосида шаклланган талаб ва таклиф мувозанатига асосланган сиёсатга ўтилиши, янги тадбиркорлик турларининг вужудга келиши ушбу соҳадаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишда янгича ёндашувларни тақозо этмоқда.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга қилган мурожаатида тадбиркорлик билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиб, уларнинг сонини камайтириш ва Тадбиркорлик кодексини ишлаб чиқиш ҳақида кўрсатма берилди1.

Шунингдек, 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурида Тадбиркорлик кодексини ишлаб чиқиш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланди2.

Тадбиркорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг асосий вазифаларидан бири ҳам соҳадаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш ҳамда тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини қонун ҳужжатларини қабул қилиш орқали таъминлашдан иборатдир.

Бугунги кунда тадбиркорликни ҳуқуқий тартибга солишдаги қатор муаммоларнинг мавжудлиги ушбу кодексни ишлаб чиқиш заруратини туғдирмоқда.

ЧУНОНЧИ:

биринчидан, ҳозир тадбиркорликни тартибга солувчи қонун ҳужжатлари тарқоқ ҳолда ва ниҳоятда кўп. Хусусан, тадбиркорлик билан боғлиқ 5000 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд. Ҳужжатларнинг ҳаддан зиёд кўплиги улар ўртасида коллизияларни, шунингдек зарур ҳужжатни топиш ва қўллашда қийинчиликларни келтириб чиқариши табиий, бу эса тадбиркорлик субъектларининг асосли эътирозларига сабаб бўлади;

иккинчидан, соҳани ҳуқуқий тартибга солишда замонавий тенденциялардан келиб чиқиб бўшлиқларни бартараф этиш, янги ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тўлиқ тартибга солиш зарурати мавжуд.

Масалан, ўрта бизнес мезонлари, инновацион тадбиркорлик ва электрон тижоратнинг кириб келиши (стартап-корхоналар, инновацион кластерлар, технологик парклар ва б.).

Шуни айтиш мумкинки, илғор хорижий тажрибага мувофиқ тадбиркорлик (савдо, тижорат) соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни кодификациялаш АҚШ, Европа ва Осиёнинг кўплаб давлатларида самарали қўлланмоқда. Жумладан, АҚШнинг Ягона савдо кодекси (1952 йил), Франциянинг Тижорат кодекси (2000–2007 йиллар), Германиянинг Савдо қонунчилиги тўплами (1897 йил), Испаниянинг Савдо кодекси (1885 йил), Корея Республикасининг Тижорат қонуни (2012 йил), Украинанинг Хўжалик кодекси (2003 йил), Қозоғистоннинг Тадбиркорлик кодексини (2015 йил) мисол сифатида келтириш мумкин.

Япониянинг ҳуқуқ тизимида анъанавий ҳисобланган «олти қонун» (Roppo) мажмуаси мавжуд бўлиб, уларнинг асосийларидан бири Савдо кодекси ҳисобланади. Тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятида фақат мазкур кодексдан фойдаланади.

Ҳуқуқшунослар орасида тизимлаштирилган Тадбиркорлик кодексини ишлаб чиқиш ғоясини қўлловчилар билан бир қаторда унга қарши фикр билдирувчилар ҳам бор. Улар ўз қарашларини мазкур соҳадаги муносабатлар Фуқаролик кодекси ва бошқа қонун ҳужжатлар билан тартибга солингани билан асослайди3.

Шунингдек, мазкур қарашларнинг аксарияти мазмунан қонунчилик базасини қайта кўриб чиқишнинг кўлами кенг эканлиги, амалда шаклланган фанларда ўзгартиришларга олиб келишини назарда тутади.

Таъкидлаш лозим, тадбиркорлик ҳуқуқи комплекс ҳуқуқ соҳаси бўлиб, уни Фуқаролик кодекси билан тўлиқ тартибга солишнинг имкони йўқ. Шу боис Тадбиркорлик кодексининг қабул қилиниши тарқоқ ҳамда турли коллизиялар бўлган қонун ҳужжатларини ягона ҳужжатга бирлаштириш, тадбиркорлик соҳасидаги қонун ҳужжатларини барқарорлаштириш, давлатнинг соҳага аралашувини камайтириш, янги ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш, шунингдек, тадбиркорлик ҳуқуқи соҳасида ягона ёндашувни белгилашга хизмат қилади.

Юқоридагиларни инобатга олиб, Тадбиркорлик кодекси лойиҳасини ишлаб чиқишда қуйидаги асосий масалаларни хуқуқий тартибга солиш зарур:

  • тадбиркорлик субъектлари ва давлат ўртасидаги муносабатлар ҳамда давлат томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тартибга солишнинг, шу жумладан давлат назоратининг аниқ чегараларини белгилаш;
  • тадбиркорликнинг замонавий йўналишларини, жумладан, инновацион тадбиркорликнинг ҳуқуқий мақомини белгилаш ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш;
  • тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш шакллари ва усуллари, тадбиркорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг асосий йўналишлари ва турларини, тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган нормаларни белгилаш;
  • тадбиркорлик субъектлари фаолияти билан боғлиқ тартиб ва таомилларни соддалаштириш ва бу орқали бюрократик тўсиқларни бартараф этиш;
  • тадбиркорлик субъектлари учун рақобат муҳитини яхшилаш ва давлатнинг айрим функцияларини хусусий секторга ўтказиш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш.

Шу ўринда тадбиркорликка оид қонун ҳужжатларини кодификациялаш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган қуйидаги мураккабликларни ҳам таъкидлаш жоиз:

биринчидан, соҳадаги қонун ҳужжатларини тизимлаштиришда кодификациялашган қонун ҳужжатидаги қоидалар билан бир қаторда бошқа қонун ҳужжатларида ўхшаш нормаларнинг ўз кучида қолиши ҳуқуқий барқарорликка салбий таъсир этади ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини қийинлаштиради. Бунинг натижасида тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан ҳуқуқни қўлловчи органлар фаолиятида тушунмовчиликлар келиб чиқиши, бу эса мамлакатнинг иқтисодий ҳаётига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин;

иккинчидан, тўғридан-тўғри амал қилувчи қонун ҳужжати ҳисобланган кодексни ишлаб чиқиш жуда катта ташкилий-ҳуқуқий чораларни кўришни тақозо қилади.

Шу боис ушбу кодекс экспертлар, ҳуқуқшунослар ва ҳуқуқий йўналишлардаги олимлар ва амалиётчилар ҳамда ҳуқуқни қўлловчи органлар ва тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини ҳимоя қилувчи тузилмаларнинг фикрларини ўрганган ҳолда ишлаб чиқилиши керак.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Тадбиркорлик кодексини ишлаб чиқиш давлатнинг иқтисодий барқарорлигига, тадбиркорликнинг ривожланишига, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланишига, давлат органлари ва мансабдорлар тадбиркорларнинг фаолиятига асоссиз аралашувининг олдини олишга, тадбиркорларга товар (хизмат) бозорида тенг шароит яратилишига, асоссиз имтиёз беришнинг чекланишига, рақобатни кучайтиришга, мамлакатга чет эл инвестициясини жалб қилиш ва Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги кўрсаткичларини яхшилашга, шунингдек, аҳоли бандлиги ва даромадлари ошишига ижобий таъсир кўрсатади.

Алишер КАРИМОВ,
ТДЮУ магистранти

 

1 Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга мурожаати. /https://uza.uz/uz/posts/zbekiston-respublikasi-prezidenti-shavkatmirziyeevning-oliy-25-01-2020.

2 Қаранг: https://lex.uz/docs/5260791

3 Н.Кузнецова. Правовое регулирование предпринимательской деятельности в постсоветский период: сб. науч. ст./ под общ. ред. Харьков. Право, 2018. 89-с.