Янги ҳисоблагичлар 4-5 йилда яна алмаштириладими? (+видео)

Ўзбекистондаги электрэнергияси истеъмолчиларига ўрнатиладиган янги «ақлли» ҳисоблагичлар яқин 25 йил мобайнида алмаштирилмайди. Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев Kun.uz мухбири саволига жавоб берар экан, янги ҳисоблагичлар замонавий тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқарилаётганини таъкидлади. 

–  4-5 йил аввал, ҳозиргидек, янги ҳисоблагичлар ўрнатиш зарурати ҳақида таклифлар илгари сурилди. Айрим жойларда амалга оширилди ҳам. Саволим шундан иборатки, яна 4-5 йилдан сўнг, янги технология ёки ҳисоблагичлардаги қандайдир замонавий ечим важ қилиниб, дастур ўзгармаслигига қанчалик кафолат бера оласиз? Одамлар қанча вақт хотиржам яшашлари мумкин?

«Ҳисоблагичларга бўлган техник талабларни италиялик ҳамкорлар билан ишлаб чиқдик. Уларга қўйилган талаб бўйича хизмат муддати 25 йил. Ҳар 10 йилда қиёсловдан ўтказилиши шарт. Яъни 10 йил тўлмасдан, ҳисоблагични стандарт текширувидан ўтказиш керак, деган гап бўлиши мумкин эмас. У 10 йил “қилт” этмасдан ишлаб бериши лозим», – деди вазир ўринбосари.  

Шерзод Хўжаевнинг айтишича, мутасадди идоралар яна 3-4 йилдан кейин янги технология чиққанидан сўнг, ҳисоблагичлар алмаштириладими, деган савол пайдо бўлмаслиги учун кўп ишларни амалга оширган. 

«3-4-5 йилдан кейин янги технология чиқди, ҳисоблагичларни яна алмаштирайлик, демаслигимиз учун нималар қилишимиз керак, деб кўп ўйландик. Ва ақлимиз етган ҳамма функцияни қўшдик. Мисол учун, бу ҳисоблагич электр энергиясини қабул қилишга ҳам, узатишга ҳам ишлайди. Ҳозир, балки, 1 млн хонадондан бир оила менинг электр энергиямни харид қил, дейиши мумкиндир. Аммо, 5 йилдан кейин унинг сони қанча бўлиши билмаймиз. 

Ёки бўлмаса, аниқлик синфи хусусида ҳам шу гап. Ўша вақтда ±2 қилайлик, бу ҳеч қандай рол ўйнамайди, дейилди. Биз бу рақамни ±1 қилиш талабини қўйдик. Бизнинг мақсадимиз, ушбу ҳисоблагичлар 25 йил ишлаб берсин ва бу вақт мобайнида бизда шубҳа пайдо бўлмасин. 

Биз, аттанг, шу жойини нотўғри қилибмиз, мана бу талабни қўшсак бўларкан, шу функцияга эҳтиёж бор, аммо буни қўшолмаяпмиз, деган фикр туғилмаслиги учун дунёдаги мавжуд тенденциялар ва технологияларни киритдик.

Нафақат бизда, балки дунёнинг энг йирик инжиниринг компанияларида ҳам талаб ўзгаришига доир шубҳа йўқ (яъни, келгуси 25 йилда электр ҳисоблагичларга доир талаб ўзгармайди)», – деди Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев. 

 

Манба: kun.uz