Халқаро мусобақада 2-ўринни қўлга киритган разведкачиларимиз тантанали кутиб олинди (+ фото)

Жорий йилнинг 28 август – 2 сентябрь кунлари Қозоғистоннинг «Спасск» ўқув полигонида разведкачилар ўртасида «Олтин укки – 2019» халқаро мусобақаси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон, Беларусь, Россия, Ҳиндистоннинг биттадан ҳамда Қозоғистоннинг 5 та жамоаси иштирок этди.

Юртдошларимиз мазкур халқаро мусобақада илк бор иштирок этишига қарамай, совриндорлар қаторидан ўрин эгаллашди. Ғалаба мезбон давлат вакилларига насиб этган бўлса, россиялик разведкачилар ўзбекистонликлардан кейинги поғонадан жой олишди. Ҳарбий хизматчилар мусобақа давомида 12 та шарт бўйича беллашиб, махфий жойларни жиҳозлаш, мураккаб ҳудудларда разведка ва қидирув ишларини олиб бориш, шартли душманнинг кутилмаган ҳужумларини қайтариш, сув тўсиқлардан ўтиш, ҳарбий топография, ўт очиш, муҳандислик каби мураккаб ўқув-жанговар машқларни бажарди. Ҳар бир гуруҳ 100 километрдан ортиқ масофани босиб ўтди.

Ғолибларни тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоасига Қозоғистон ҳарбий разведкасининг рамзи бўлган кумуш укки совға қилинди.

– Мусобақага пухта тайёргарлик кўрдик, – дейди жамоа сардори капитан Ҳусниддин Элмуродов. – Тунги шароитда 30 километрлик масофани ориентирлар ёрдамида босиб ўтиш шартини биринчи бўлиб бажарибгина қолмай, 4 соату 26 дақиқалик кўрсаткич билан мусобақа рекордини ўрнатдик.

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида нуфузли мусобақа совриндорлари тантанали равишда кутиб олинди. Кенг жамоатчилик иштирок этган тадбир тантаналари пойтахтимиздаги ҳарбий қисмлардан бирида давом этди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти