Экологик экспертиза:

молиялаштиришни ҳуқуқий тартибга солиш 

Экологик ҳуқуқий механизмнинг таркибий қисми ҳисобланган экологик экспертиза атроф муҳитнинг барқарорлигини сақлаш, табиий бойликлардан оқилона фойдаланиш ва аҳолининг экологик хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Экологик экспертиза режалаштирилаётган ёки амалга оширилаётган хўжалик ва бошқа хил фаолиятнинг экологик талабларга мувофиқлигини белгилаш мақсадида ўтказилади. 

Экологик экспертизани амалга ошириш учун республикамизда зарур ҳуқуқий шарт-шароит яратилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонунининг 24, 25- ва 27-моддаларида экологик экспертизанинг ҳуқуқий асослари белгилаб берилган. Ўзбекистон Республикасининг «Экологик экс­пертиза тўғрисида»ги Қонуни тўлалигича экологик экспертиза масалаларига бағишланган бўлса, Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 31 декабрдаги 491-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикасида давлат экологик экс­пертизаси тўғрисида Низом» давлат экологик экспертизасини ҳуқуқий тартибга солишга қаратилган.

Экологик экспертиза атроф табиий муҳит, аҳолининг ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли, зарарли ишлаб чиқариш ва хўжалик объектлари таъсирларининг олдини олиш, бартараф этиш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга оширишда намоён бўлади. Экологик экспертизада ҳар бир объектга холис, кенг қамровли, адолатли, қонуний, мустақил хулоса бериш зарур бўлиб, кўзланган мақсад ва вазифаларига эришиш учун маълумотлар тўплаш, умумлаштириш, таҳлил қилиш, баҳолаш ва хулоса бериш каби усуллардан фойдаланилади.

Экологик экспертиза давомида экспертизадан ўтаётган муайян объектга тегишли бўлган барча ахборот, маълумотларни йиғиш ва тўплаш, объект ҳақида тўпланган иқтисодий, технологик, экологик, гидрологик, кимёвий ва бошқа маълумотларни ўз йўналишлари бўйича маълум тизимга келтириш, умумлашган маълумотлар банкини ўз йўналиши ва хусусиятлари бўйича алоҳида ўрганиш, таснифлаш, экспертиза ўтказилаётган объект йўналишлари, бўлимлари, ташкил этувчи қисмлари бўйича хавфлилик ва зарарлилик даражасини аниқлаш, экспертиза ўтказилаётган объектнинг экологик жиҳатдан зарарли  ёки зарарсиз, хавфли ёки хавфсиз, экологик қоида-талабларга мос ёки зид эканлиги ҳақида якуний, адолатли, объектив хулосага келиш каби тадбирлар амалга оширилади.

Бундай мураккаб тадбирларни ўз ичига олган экологик экспертизани амалга ошириш маълум молиявий харажатларни талаб этади. «Экологик экспертиза тўғрисида»ги Қонуннинг 10-моддасида давлат экологик экспертизасини ва экологик аудитни молиялаш буюртмачининг маблағлари ҳисобидан, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, жамоат экологик экспертизасини молиялаш нодавлат нотижорат ташкилотларининг ёки фуқароларнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган.

«Ўзбекистон Республикасида давлат экологик экспертизаси тўғрисида Низом»да давлат экологик экспертизасини молиялаш тартиби кўзда тутилган. Низомнинг 22-бандига мувофиқ, давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг давлат экологик экспертизаси органлари фаолияти давлат экологик экспертизасини ўтказиш билан боғлиқ харажатларга ҳақ тўлашдан тушган маблағлар, шунингдек, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шартнома бўйича бажарилган бош­қа ишлар учун тўланган ҳақ ҳисобига амалга оширилади.

Қонунчилик экологик экспертиза учун ҳақ тўлаш миқдорини экологик экспертиза объектлари тоифаси мувофиқлигидан келиб чиқиб белгилайди. Экспертиза объектларининг атроф муҳитга таъсир кўрсатиш даражасига кўра тўрт тоифага ажратилиши «Ўзбекистон Республикасида давлат экологик экспертизаси тўғрисида Низом»да мустаҳкамланган бўлиб, уларга қуйидагилар киради:

I тоифа — ўта хавфли;

II тоифа — ўрта даражада хавфли;

III тоифа — паст даражада хавфли;

IV тоифа — маҳаллий (локал) таъсир кўрсатувчи.

Низомга мувофиқ, экологик экспертиза объект­лари экспертизаси учун ҳақ тўлаш миқдори қу­йидагича:

I тоифага тегишли корхоналар ва объектлар учун энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баравари;

II тоифага тегишли корхоналар ва объектлар учун энг кам ойлик иш ҳақининг 30 баравари;

III тоифага тегишли корхоналар ва объектлар учун энг кам ойлик иш ҳақининг 15 баравари;

IV тоифага тегишли корхоналар ва объектлар учун энг кам ойлик иш ҳақининг 1 баравари миқдорида белгиланади.

Табиий ресурслардан фойдаланиш билан боғлиқ хўжалик ва бошқа хил фаолиятни тартибга солувчи норматив-техник ва йўриқнома-услубий ҳужжатлар лойиҳаларини давлат экологик экспертизасидан ўтказиш бажарилгани учун тегишли тоифа объекти давлат экологик экспертизасидан ўтказилгани учун тўланган ҳақнинг 30 фоизи миқдорида белгиланади.

Қонунчилик давлат экологик экспертизаси учун битта буюртмачи томонидан тақдим этилган ҳужжат комплекс ҳисобланса ва ҳар хил тоифадаги бир нечта объектлардан иборат бўлса, давлат экологик экспертизасидан ўтказганлик учун тўлов уларнинг биридан ундириб олинишини кўзда тутади. Давлат экологик экспертизасидан ўтказилиши керак бўлган объектларнинг барча турлари қурилиши учун ер участкалари ажратиш материаллари атроф муҳитга таъсир тўғрисидаги ариза лойиҳаси таркибида кўриб чиқилади ва бунинг учун алоҳида ҳақ ундирилмайди.

Ишлаб чиқариш кучларини, иқтисодиёт тармоқларини жойлаштириш ва ривожлантириш концепциялари, схемалари лойиҳалари, 50 мингдан ортиқ киши истиқомат қилиши лойиҳалаштирилаётган объектлар учун шаҳарсозлик ҳужжатлари, кейинчалик уларга алоҳида муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар, фавқулодда экологик вазият ва экологик офат зоналари мақомини бериш мақсадида ҳудудларни комплекс ўрганиш материаллари давлат экологик экспертизасидан ўтказилгани учун ҳақ энг кам ойлик иш ҳақининг 30 баравари миқдорида белгиланади. Техника, технологиялар, материаллар, моддалар, маҳсулотларнинг янги турларини яратишга доир ҳужжатлар лойиҳаларининг давлат экологик экспертизасидан ўтказилгани учун ҳақ энг кам ойлик иш ҳақининг 30 баравари миқдорида белгиланади. 50 минг киши ва ундан кам аҳоли истиқомат қилиши лойиҳалаштирилаётган объектлар учун шаҳарсозлик ҳужжатларини давлат экологик экспертизасидан ўтказганлик учун ҳақ энг кам ойлик иш ҳақининг 25 баравари миқдорида белгиланади.

Ижтимоий соҳани, шунингдек, давлат томонидан муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудларни бошқариш режаларини ривожлантириш давлат дастурлари, концепциялари ва схемалари лойиҳалари давлат экологик экспертизасидан ўтказилгани учун ҳақ тўланмайди.

Юқорида таъкидланганидек, қонунчилик талабига мувофиқ, экологик экспертизани молиялаш буюртмачининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Бу тартиб кўплаб мамлакатларнинг амалиётида қўлланилиб келинмоқда. Бироқ, адабиётларда бу ҳақда турли қарашлар мавжуд. Хусусан, давлат экологик экспертизаси экспертларининг юқори даражадаги мустақиллигини таъминлаш учун, экологик экспертизани ўтказишни молиялаштиришни давлат бюджети маблағлари ҳисобига таъминлаш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бироқ давлат экологик экспертизасини буюртмачи ҳисобига молиялаш — буюртмачини экологик экспертиза материалларини ижобий хулоса олиш мақсадида, қайта экспертизага йўл қўймайдиган даражада сифатли тайёрлашни рағбатлантиради, деган ўринли фикрлар мавжуд.

Республикамиз экологик экспертизасига оид қонунчилигининг экологик экспертизани молиялаштиришга доир нормаларини янада такомиллаштириш экологик экпертиза самарадорлигининг ошишига хизмат қилиши шубҳасиз. Шу маънода биз жорий қонунчилигимиздаги бир неча ҳолатга эътиборимизни қаратдик:

1. Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 24 майдаги 246-сон қарори билан тасдиқланган «Табиатни муҳофаза қилиш жамғармалари тўғрисида Низом»нинг 9-банди учинчи хат бошисида Табиатни муҳофаза қилиш республика жамғармаси маблағлари «хўжалик фаолияти натижасида атроф табиий муҳитга етказилган зарарли таъсирни баҳолашга оид ишларни олиб боришга» ҳам сарфланиши кўрсатилган бўлса-да, экологик экс­пертиза атроф муҳитга таъсирни баҳолаш бўйича ҳам ўтказилишига қарамай, Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 31 декабрдаги 491-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикасида давлат экологик экспертизаси тўғрисида Низом»да экспертизани молиялаш манбаси сифатида жамғарма кўрсатилмаган.

2. «Ўзбекистон Республикасида давлат экологик экспертизаси тўғрисида Низом» такрорий экологик экспертиза ўтказилганда молиялаштириш қай тартибда амалга оширилади деган саволга жавоб бермайди.

3. «Ўзбекистон Республикасида давлат экологик экспертизаси тўғрисида Низом» буюртмачилар томонидан кўрсатилган маблағлар экспертизанинг қайси босқичида, қай тартибда тўланишини белгиламайди.

4. Қонунчилик жамоат экологик экспертизаси ва экологик аудитни молиялаштириш субъекларини кўрсатса-да, молиялаштириш миқдорини ва тартибини ўрнатмайди.

Бизнингча, бу ҳолатларнинг бартараф этилиши экологик экспертизани такомиллаштиришга хизмат қилади.

Аслиддин НУРИДУЛЛАЕВ,

ТДЮИ аспиранти