Доимий ваколатхонанинг ҳуқуқий мақоми

Юридик адабиётларда доимий ваколатхона институти ташкилий-ҳуқуқий шакл сифатида вакиллик органи бўлиб, қайси ҳуқуқ соҳасида қўлланилишига қараб турлича талқин этилган. Доимий ваколатхона халқаро ҳуқуқда вакиллик шаклидаги орган (миссия) бўлиб, давлат томонидан ўзи аъзо бўлган бир ёки бир неча ҳукуматлараро ташкилотлар ҳузурида таъсис этилади. Фуқаролик ҳуқуқида доимий ваколатхона юридик шахснинг у турган ердан ташқарида жойлашган, юридик шахс манфаатларини ифодалайдиган ва уларни ҳимоя қиладиган алоҳида бўлинмаси деб эътироф этилган.

Федератив давлатларда олий давлат ҳокимияти органлари ўртасидаги муносабатлар «Доимий ваколатхоналар» шаклида йўлга қўйилган.

Биз фикр юритаётган Доимий ваколатхона Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгашининг топшириғига кўра, унинг номидан Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ва бошқа давлат органларига бошқарув, иқтисодий, ижтимоий ва маънавий масалаларда илтимоснома билан мурожаат қилиши ҳамда ушбу органлар ҳузурида Қорақалпоғистон ҳукумати номидан иш кўриши мумкин. Юқоридаги фикрларга таяниб, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгашининг Доимий ваколатхонаси ижро этувчи органлар тизимининг мустақил бир турини ташкил этади, деган хулосага келиш мумкин.

«Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгашининг Доимий ваколатхонаси — Ўзбекистон ҳукумати билан Қорақалпоғистон ҳукумати ўртасидаги иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, маънавий соҳаларда ўзаро муносабатларни таъминловчи, ижро этувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи, Ўзбекистонда Қорақалпоғистон ҳукумати манфаатларини ифода этувчи, Қорақалпоғистон ижро этувчи органлари тизимига кирувчи мустақил ташкилий-ҳуқуқий тузилмадир».

Қорақалпоғистон ҳукумати ва Ўзбекистон ҳокимият органлари ўртасидаги муносабатлар ҳар иккала республика конституциялари ва қонунларида ҳуқуқий жиҳатдан белгилаб берилган. Хусусан, Қорақалпоғис­тон Конституциясининг 88-моддасида ҳамда «Вазирлар Кенгаши тўғрисида»ги Қонуннинг 15-моддасида «Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси лавозими бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси таркибига киради», деган қоида мустаҳкамланган. Шунингдек, ушбу қоида Ўзбекистон Конститу­циясининг 98-моддаси, «Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги Қонуннинг 10-моддасида ҳам ўз ифодасини топган.

Қорақалпоғистон ҳукумати Раисининг ўз лавозими бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси таркибига киритилиши ҳар иккала ҳукумат муносабатларининг ўзига хос хусусиятини ифода этади. Буни Қорақалпоғистон олий қонун чиқарувчи ҳокимияти — Жўқорғи Кенгес билан Ўзбекистон парламенти ўртасидаги муносабатларда ҳам кўриш мумкин. Зотан, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Конституциявий Қонуннинг 15-моддасига асосан, Сенат Раисининг ўринбосарларидан бири Қорақалпо­ғистон Республикасининг вакили бўлади. 

Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ва Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ўртасидаги муносабатларнинг ташкилий механизмини Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида фаолият юритаётган Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгашининг Доимий ваколатхонаси ифода этади.

Мазкур ваколатхона «Ўзбе­кис­тон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги Қонуннинг 10-моддасига ва «Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши тўғрисида»ги Қонуннинг 9-моддасига ҳамда Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгашининг 2003 йил 14 апрелдаги 83/2-сонли қарори билан тасдиқланган низомга мувофиқ фаолият юритувчи, Вазирлар Кенгаши билан Вазирлар Маҳкамаси, шунингдек, Ўзбекистон вазирликлари, давлат қўмиталари, идоралари билан хўжалик ва ижтимоий-маданий қурилиш масалалари бўйича мунтазам алоқаларни амалга оширувчи Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгашининг органи ҳисобланади.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгашининг Доимий ваколатхонаси (кейинги ўринларда — Доимий ваколатхона)нинг бутун фаолиятига бевосита раҳбарликни Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши амалга оширади.

Доимий ваколатхонанинг асосий вазифаларига қуйидагилар киради:

— Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлари, давлат қўмиталари, идоралари ва бош­қа органларида Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши томонидан қўйилган масалаларни кўриб чиқиш ва ҳал этишда мунтазам ва тезкор иштирок этиш;

— Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлари, давлат қўмиталари, идоралари ва бош­қа органларини Қорақалпоғистон Республикасининг хўжалик, маданий ва молиявий масалалари тўғрисида хабардор қилиш;

— Ўзбекистон ҳукумат органларининг расмий талабига кўра, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгашига киритилган масалалар бўйича маълумотлар ва қўшимча материалларни тақдим этиш;

— Қорақалпоғистоннинг бош­қа республикалар билан иқтисодий, илмий ва маданий алоқаларини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш бўйича тадбирларни ўтказишда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси аппарати билан ишга оид алоқаларни амалга ошириш;

— кўргазмалар, кўрсатувлар, ижодий чиқишлар, маърузалар ташкил этиш ҳамда Қорақалпоғистоннинг саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва маданият соҳасида эришган ютуқларини оммалаштиришда иштирок этиш;

— ташкилотлар, матбуот органлари ва алоҳида фуқароларга ҳужжатлар ва хатларни қорақалпоқ тилидан ўзбек ва рус тилларига таржима қилишда ёрдам бериш;

— Қорақалпоғистондан Тошкент шаҳрига хизмат сафарига юборилган Қорақалпоғистоннинг масъул ходимларига хизмат топшириқларини бажаришда ҳамда хусусий шахслар — Қорақалпоғистон фуқаролари ёрдам сўраб мурожаат қилган тақдирда, уларга зарур ёрдамни бериш ва шу кабилар.

Доимий ваколатхона юқорида кўрсатилган функцияларни амалга оширишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

а) Ўзбекистон Республикасининг барча органлари билан ҳар бир алоҳида ҳолатда Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши томонидан берилган ваколатларни бевосита қўшиб олиб бориш;

б) Қорақалпоғистон вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ёки бошқа давлат органларида кўриб чиқилаётган масалалар бўйича зарур материалларни олиш;

в) Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгашининг топшириғига кўра, унинг номидан Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ва бошқа давлат органларига илтимоснома билан мурожаат қилиш;

г) Қорақалпоғистонга оид Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари лойиҳаси бўйича Қорақалпоғистоннинг тегишли ташкилотлари, зарурат бўлганда эса, Қорақалпоғистон раҳбарияти билан келишилган таклифлар, хулосалар бериш ва ҳоказо.

Доимий ваколатхонанинг расмий талабига кўра, Қорақалпоғистон вазирликлари, давлат қўмиталари ва идоралари унга Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа ҳукумат органларида кўриб чиқилаётган масалалар бўйича зарур маълумотларни, ҳисоб-китобларни, асослар ва хулосаларни тақдим этиши лозим.

Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгашининг 2003 йил 14 апрелдаги 83/2-сонли қарори билан тасдиқланган низомнинг 6-моддасига асосан Доимий ваколатхонага Вазирлар Кенгаши томонидан тайинланган Доимий вакил раҳбарлик қилади. Доимий вакилнинг Вазирлар Кенгаши тайинлайдиган ўринбосарлари бўлади.

Шу ўринда бундай мустақил тузилма раҳбарининг ҳуқуқий мақомига оид хорижий мамлакатлар тажрибасига қисқача тўхталиб ўтиш жоиз. Жумладан, Татаристоннинг Россия Федерациясидаги Доимий ваколатхонаси раҳбари бир вақтнинг ўзида Татаристон Бош вазирининг ўринбосари ҳисобланади. Доимий ваколатхона бошлиқлари ҳуқуқий мақомининг ҳукумат раиси ўринбосари лавозимига тенглаштирилгани ҳақидаги қоидаларни Россия Федера­циясининг Доғистон ва Бош­қирдистон Республикалари қонунчилигида ҳам учратиш мумкин.

Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгашининг 2003 йил 14 апрелдаги 83/2-сонли қарори билан тасдиқланган низомда унинг ўзи ваколатхона ходимлари хизмат мажбуриятларининг бажарилишига шахсан жавобгар эканлиги белгиланган. Доимий ваколатхона фаолияти Доимий вакил ишлаб чиққан ва Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши томонидан тасдиқланадиган режа асосида олиб борилади.

Доимий ваколатхонанинг таркибий тузилиши ва штати (ходимлар сони) Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши томонидан тасдиқланади.

Доимий ваколатхонани таъминлаш учун маблағ Қорақалпоғистон давлат бюджетида назарда тутилади.

Фикримизча, мазкур институтни замон талабларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириб бориш давр тақозосидир. Доимий ваколатхонанинг аниқ мақсади, вазифалари, ваколатлари, Қорақалпоғистон ижро этувчи органлари тизимидаги ўрни, ваколатхона раҳбарининг ҳуқуқий мақоми, ходимларни лавозимга тайинлаш ва озод қилиш каби тартиб-қоидалар бундан кейин ҳам ўрганиб борилса, амалга оширилаётган тадқиқот ва таклифларни эътиборга олган ҳолда такомиллаштирилиб борилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Сапарбай
АЛЛАМБЕРГЕНОВ,

Ўзбекистон Республикаси ИИВ академияси адъюнкти