Дастлабки тергов:

жабрланувчи иштирокининг айрим жиҳатлари 

Мамлакатимизда ўтказилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг асосий мақсадларидан бири одил судловни амалга оширишда инсон ҳуқуқи, эркинлиги ва қонуний манфаатлари ҳимоясини тўлиқ таъминлашдан иборат. Юртбошимиз таъкидлаганидек, «Бугун бизнинг ҳуқуқий доктринамиз мутлақо янгича, демократик тамойилларга асосланган. У, энг аввало, Ўзбекистон Конституцияси талабларига кўра инсон ҳуқуқлари устуворлигини таъминлайди. Инсон ҳимоянинг асосий субъекти бўлиб, унинг ҳаёти ва соғлиғига суиқасд қилиш оғир жиноят ҳисобланади». Шахс ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини таъминлаш устувор йўналиш деб белгиланган экан, у барча ҳуқуқ тармоқларида ўз ифодасини топиши лозим, жумладан, жиноят-процессуал қонунчилигида ҳам.

Суд-ҳуқуқ соҳасини либераллаштириш муносабати билан 1994 йилда қабул қилинган Жиноят-процессуал кодексига инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган бир қанча ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Таъкидлаш жоизки, уларнинг аксарияти жиноят процессининг иштирокчилари бўлган гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчига тааллуқлидир.

Жиноят-процессуал кодексининг вазифаларидан бири жиноят натижасида жабрланган шахснинг ҳуқуқларини тиклаш ва етказилган зарарнинг тўлиқ қопланишини таъминлашдан иборат. Шу сабабли, ЖПКга жабрланувчининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган бир қанча ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш зарур.

Дастлабки терговда жабрланувчининг фаол иштирокини таъминлаш жиноят ишини тергов қилишда муҳим аҳамият касб этади. Маълумки, дастлабки тергов жиноят процессининг мустақил босқичи ҳисобланиб, жиноят ишини қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилишдан то прокурор томонидан айблов хулосаси тасдиқланиб, судга мазмунан кўриб чиқиш учун юборилгунча бўлган даврни қамраб олади.

Жиноятларни тергов қилиш босқичида жабрланувчининг иштироки унинг жиноят иши бўйича иш юритувига таъсир этиши ва ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишида асосий воситалардан бири ҳисобланади. Жабрланувчи, айниқса жиноят шахс­га нисбатан содир этилганда, дастлабки тергов босқичининг асосий иштирокчиларидан бирига айланади. Шу сабабли жабрланувчига нисбатан муносабатни ўзгартириб, уни жиноят процессининг мустақил ва тенг ҳуқуқли иштирокичиси сифатида баҳолаш лозим. 

Шу билан бирга, ЖПК нормаларининг таҳлили шуни кўрсатадики, жабрланувчи дастлабки тергов босқичида ҳамиша ҳам фаол иштирок этиш имконига эга бўлавермайди. Жумладан, жиноят процессида шахсни жабр­ланувчи деб эътироф этиш вақтини аниқлаш назария ва амалиётда мунозарали масалалардан бири ҳисобланади. Чунки бундай вақт қонунда белгилаб қўйилмаган, фақатгина жиноят, шунингдек, ақли норасо шахс­нинг ижтимоий хавфли қилмиши шахсга маънавий, жисмоний ёки мулкий зарар етказган деб ҳисоблаш учун далиллар бўлган тақдирда, шахс жабр­ланувчи деб эътироф этилиши таъкидланган. Жабрланувчи деб эътироф этиш ҳақида суриштирувчи, терговчи, прокурор қарор, суд эса ажрим чиқаради (ЖПКнинг 54-моддаси).

Фикримизча, шахсни жабрланувчи деб эътироф этиш жиноят ишини қўзғатиш билан бирга амалга оширилиши лозим. Мантиқан келиб чиқадиган бўлсак, жиноят содир этилган деб топилгандан сўнг ундан зарар кўрган шахсни жабрланувчи деб эътироф этиш зарур бўлади. Бунга ўхшаш тартиб гумон қилинувчига нисбатан қўлланилади, шу сабабли уни жабрланувчига ҳам татбиқ этиш мақсадга мавофиқдир.    

Кўп ҳолатларда шахсни жабрланувчи мақоми билан таъминлаш муддати қонунда аниқ белгиланмагани боис, у дастлабки терговнинг охирги босқичларида жиноят процессининг иштирокчиси сифатида тан олинади. Шахс жиноят иши қўзғатилиб, унга етказилган зарар аниқлангандан сўнг анча вақт ўтиб жабрланувчи деб эътироф этилади. Айрим ҳолатларда бу дастлабки тергов тугалланишидан илгарироқ амалга оширилади. Масалан, жиноят ишлари бўйича Самар­қанд вилояти Пахтачи туман суди томонидан Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисми билан судланувчи С.Н.га нисбатан қўзғатилган жиноят ишини ўрганиш натижасида фуқаро А.К. жиноят иши қўзғатилгандан сўнг 28 кун ўтиб жабр­ланувчи деб эътироф этилгани аниқланган.

Бундай ҳолат жабрланувчи ҳуқуқларининг сезиларли даражада чекланишига олиб келиши мумкин. Чунки жабрланувчи жиноят иши бўйича дастлабки терговни олиб боришда қанча эртароқ иштирок этса, унда ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишга шунча кўпроқ имконият пайдо бўлади. 

Жиноят ишини қўзғатиш пайтида жиноят, ақли норасо шахснинг ижтимоий хавфли қилмиши шахс­га маънавий, жисмоний ёки мулкий зарар етказган деб ҳисоблаш учун етарли асослар бўлган тақдирда, терговчи уни жабрланувчи деб эътироф этиш тўғрисида дарҳол қарор чиқариши мақсадга мувофиқдир.

Шунингдек, ЖПКда жабрланувчининг шахсни айбланувчи тариқасида жалб қилиш тўғрисидаги қарор нусхасини олиш ҳуқуқини таъминловчи нормалар мавжуд эмас. Жабрланувчи ушбу ҳужжатга эга бўлса, иш бўйича расмий айбловни билиш ҳамда «...айбловга розилик билдириб, ўз нуқтаи назарини шакллантириш ва қўшимча маълумотларни текшириш бўйича илтимоснома киритиш имконига эга бўлади».

Қамоқ тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ва унинг муддатини узайтириш устидан суд назорати ўрнатилиши муносабати билан жабрланувчи ҳуқуқларини ҳимоя қилиш муҳим аҳамият касб этади. Ушбу масала жабрланувчи манфаатларига дахлдор бўлишига қарамасдан, унинг иштирокисиз ҳал этилади. Хусусан, ЖПКнинг 243-моддасига мувофиқ, қонунда назарда тутилган ҳолатлар мавжуд бўлганда ва дастлабки тергов давомида қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси танланганда прокурор, прокурорнинг розилиги билан терговчи қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида судга илтимоснома киритади. Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, бундай илтимоснома прокурор, агар ишда қатнашаётган бўлса, ҳимоячи, ушлаб турилган гумон қилинувчи ёки айбланувчи иштирокида кўриб чиқилади.

Лекин судья томонидан қабул қилинадиган қарор жабрланувчининг ҳаёти ва соғлиғи билан боғлиқ бўлиши мумкин бўлса-да, иштирокчи шахс­лар рўйхатида у ҳақда ҳеч нарса айтилмаган. Бизнингча, жабрланувчининг иштирокисиз бу каби масъулиятни прокурор ва судьяга юклаш етарли эмас.  

Шунингдек, ЖПКнинг 243-модда ўн биринчи қисмида белгиланишича, судьянинг ажрими ижро учун прокурорга, маълумот учун эса гумон қилинувчига, айбланувчига, ҳимоячига юборилади. Бундай ҳуқуқ билан жабрланувчини ҳам таъминлаш зарур, чунки бундай тартиб унинг ҳуқуқлари кафолатини кучайтиришга ва дастлабки тергов ҳаракатларида фаол иштирок этишига имкон яратади. 

ЖПКда жабрланувчининг дастлабки терговда жиноят ишини тўхтатиш тўғрисида қабул қилинган қарор ва иш материаллари билан танишиш ҳуқуқи белгиланмаган. Бунда жабрланувчи ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имконига эга бўлмайди. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, кўп ҳолатларда айбли ижтимоий хавфли қилмиш оқибатида жабр­ланган шахснинг мулки суғурталанган бўлиши мумкин ва суғурта тўловларини олиш учун тўхтатилган жиноят иши юзасидан маълумотнома тақдим этиш зарур бўлади.   

Дастлабки терговда жиноят иши тўхтатилган ҳолатларда терговчи ЖПКнинг 369-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ, бу ҳақда бошқа иштирокчилар каби жабр­ланувчини ҳам хабардор қилади. Яъни, тегишли қарор нусхасини олиш учун жабрланувчи дастлабки терговни олиб борувчи мансабдор шахсга илтимоснома билан мурожаат қилиши ва фақат шундан сўнггина уни олиши мумкин. 

Шу сабабли жабрланувчининг ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш мақсадида, терговчи бош­қа иштирокчилар каби жабрланувчини фақатгина хабардор қилиб қолмасдан, унга тегишли қарор нусхаларини юборишини мажбурий қилиб белгиловчи нормаларни ЖПКга киритишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.  

Бундан ташқари, суд мажлисида амнистия актини қўллаш ҳақидаги масала ҳал қилинаётганда ҳам жабрланувчининг иштироки ҳисобга олинмаган. Хусусан, ЖПКнинг 590-моддаси тўртинчи қисмида белгиланишича, суд мажлисида амнистия актини қўллаш ҳақидаги масала қайси шахсга нисбатан қўйилаётган бўлса, ўша шахс, гумон қилинувчи, айбланувчи, шунингдек, агар ишда қатнашаётган бўлса, уларнинг ҳимоячилари ва қонуний вакиллари иштирок этади. Кўриниб турибдики, ушбу моддада жабрланувчи ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.

Фақатгина Ўзбекистон Олий суди Пленумининг 1998 йил 11 сентябрдаги 21-сонли «Жиноий ҳаракатлар оқибатида етказилган моддий зарарни қоплаш масаласига доир суд амалиёти тўғрисида»ги қарорининг 6-бандида агар амнистия акти қўлланиши туфайли суд ажрими билан жиноий жавобгарликдан озод этилган шахсларга нисбатан фуқаровий даъво кўрмай қолдирилганда, манфаатдор шахсларга фуқаровий ишларни юритиш тартибида даъво билан судга мурожаат этиш ҳуқуқларини тушунтириш лозимлиги белгиланган.      

Фикримизча, амнистия актини қўллаш ҳақидаги масалани кўриб чиқишда жабрланувчи иштирок этиши лозим, чунки жиноят ишини тугатиш натижасида унинг мулкий ҳуқуқлари бузилган бўлиши ва уларни тиклаш бўйича фуқаролик судига мурожаат қилиш ва суд ажримидан норози бўлган тақдирда юқори турувчи суд инстанциясига шикоят қилиш ҳуқуқлари билан таништирилиши лозим.

Кейинги ҳолат шундан иборатки, ЖПКнинг 388-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ, прокурор ёки унинг ўринбосари айбланувчи ва ҳимоячига айблов хулосаси ва унга қилинган иловаларнинг тасдиқланган нусхаларини юборади, жабрланувчига эса айблов хулосасининг нусхаси фақатгина унинг илтимосномасига асосан берилиши мумкин. Жабрланувчи жиноят процесси ҳақида умумий тасаввурга эга бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Бизнингча, жабрланувчига ҳам айблов хулосасини иловалари билан тақдим этишни мажбурий қилиб белгилаш тўғрисида ЖПКга қўшимча киритилиши керак.

Хулоса қилиб айтганда, юқорида билдирган фикр ва таклифларимиз дастлабки тергов бос­қичида жабрланувчининг ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиради, деган фикрдамиз.

Самариддин АЧИЛОВ,

ТДЮИ тадқиқотчиси