Юрист-лингвистик таҳлил —

қонун ижодкорлигининг муҳим омили
 

Ҳуқуқий меъёрларни бугунги кун талабларидан келиб чиқиб, илмий асослантирилган ҳолда яратиш, шакллантириш қонуншунослар, олимлар, қонун ижросини амалга оширувчи ва ҳуқуқни қўлловчи органлар учун долзарб масаладир. Зотан, ҳуқуқни ҳаётга татбиқ этишнинг дастлабки босқичи ҳуқуқ мазмунини анг­лаш билан боғлиқдир.

Ҳуқуқни англаш қонун нормасида ифодаланган қоидалар мазмунини тушуниш орқали ҳуқуқий фаолиятни йўлга қуйишга тайёргарлик кўришни ўз ичига оладиган психик жараёндир. Ҳуқуқ мазмунини тушуниш ҳар бир ҳуқуқий муносабат иштирокчисидан ҳуқуқ нормасини ташкил этувчи барча элементлар тўғрисида мантиқан ва мазмунан тўғри мулоҳаза юритишни талаб этади. Ҳуқуқни тал­қин этиш эса, матн мазмунини очиб берувчи муҳим ёрдамчи восита бўлиб, ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Ҳуқуқни тушунишда, аввало, ҳуқуқий нормаларнинг содда, аниқ, равон, тушунарли, адабий тилнинг грамматик-лексик ва бош­қа қоидаларига мос бўлиши, мантиқ қоидаларига мувофиқ тузилиши талаб этилади.

Шу боис, истиқлол йилларида она тилимиз имкониятларидан унумли фойдаланиб, қонунчилик тилини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Буни қабул қилинаётган қонунларнинг сифати ортиб бораётгани ва уларнинг мазмунан халқчил, тушунарли, равон тилда ифодаланаётгани ҳам тасдиқлайди. Қонун тилининг сифатини қонун мазмунини ифодалашда тил қоидаларига нечоғлик риоя қилингани белгилаб беради. Дар­ҳақиқат, «ҳуқуқий ислоҳот ва у билан боғлиқ равишда қонун ҳужжатлари миқдорининг ортиб бориши тил ва қонуннинг ўзаро таъсири, узвий боғлиқлиги омилларини ўрганишни тақозо этмоқда. Юриспруденция тилининг ҳаёт билан, амалий эҳтиёжлар билан боғлиқ бўлган назарий андозасини ишлаб чиқиш зарурати туғилмоқда». Ҳар қандай қонун норматив-ҳуқуқий ҳужжат бўлиши билан бирга, адабий тилнинг таркибий қисми ҳисобланадиган юридик тил маҳсулидир. Шу сабабли, қонунлар сифатини таъминлашда қонун ло­йиҳаларининг юридик таҳлили билан бир қаторда, уларнинг юридик-лингвистик экспертизаси назарий асосларини кенгайтириш, ушбу соҳада илмий таклифлар ишлаб чиқиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Қонун ижодкорлигида ўтказиладиган юридик-лингвистик таҳлил қонунларнинг юридик-лингвистик меъёрларга қанчалик мослигини текширишга қаратилган фаолиятдир. Ҳуқуқшунос олим Б.Абдуллаевнинг фикрича, «қонун лойиҳасининг юрислингвистик экс­пертизаси қонун матнларининг функционал-стилистик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда тақдим этилган матннинг ҳозирги замон адабий тили нормаларига мувофиқлигини баҳолашдан иборатдир». Қонун лойиҳаларини юридик-лингвистик таҳлил этиш орқали қонун матни тузилиши ва унинг мазмунидаги айрим сти­листик, лексик, мантиқий ҳамда грамматик хатолар бартараф этилади. Ҳуқуқшунос олим Д.Керимовнинг таъкидлашича, «Ижтимоий амалиётнинг бошқа соҳаларидан кўра, қонун ижодкорлигида матннинг нотўғри ифодаланиши, ноаниқ ёки ноўрин сўз жуда оғир, баъзан фожиали оқибатларга олиб келади. Қонун мантиғининг бузилиши, унинг ноаниқ ифодаланиши, терминларнинг ноўрин ишлатилиши кўпдан-кўп муаммоларни, қўшимчалар киритиш, шарҳ­лаш ва тушунтириш талабини келтириб чиқаради, бунга ортиқча вақт, куч ва энергия сарфланади, бюрократик оворагарчиликларга замин яратилади, оқибатда қонун матнининг нотўғри тал­қин қилинишига ва нотўғри қўлланишига олиб келади. Қонунлар матни қанчалик мукаммал бўлса, унинг қўлланилиши шунчалик осон бўлади». Демак, қонун ижодкорлигида юридик-лингвистик таҳлил ўтказиш механизмини такомиллаштириш қонунлар мукаммаллигига эришишнинг муҳим воситаларидан ҳисобланади.

Фикримизча, қонун лойиҳаларини юридик-лингвистик таҳлилдан ўтказишни қуйидаги асосларга кўра таснифлаш мумкин:

— қонун ижодкорлиги босқичларида, яъни қонунчилик ташаббуси ва қонун лойиҳаси муҳокамаси босқичларида ўтказилишига кўра;

— қонун ижодкорлиги фаолияти билан шуғулланувчи субъектига кўра;

— юридик-лингвистик таҳлил ўтказилаётган қонун лойиҳасининг ҳажми қамраб олинганлигига кўра.

Қонун ижодкорлиги босқичларига кўра, юридик-лингвистик таҳлил ўтказишни қуйидаги турларга ажратиш мумкин:

— қонун лойиҳасини қонунчилик ташаббусини амалга ошириш бос­қичида масъул орган томонидан таҳлил қилиш. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Олий суди каби қонун ташаббуси ҳуқуқига эга органлар ташаббусига кўра;

— қонун лойиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокамаси босқичида бевосита манфаатдор тузилманинг илтимосига ёки палаталарнинг масъул қўмиталари ташаббусига кўра таҳлил қилиш;

— Олий Мажлис Сенати томонидан қонун лойиҳаси кўриб чиқилаётганда унинг ташаббусига кўра таҳлил қилиш.

Қонун лойиҳасининг ҳажми қамраб олинганлигига кўра, юридик-лингвистик таҳлил ўтказиш турлари сифатида қуйидагиларни кўрсатиш мумкин:

— қонун лойиҳасининг тўлиқ матнини юридик-лингвистик таҳлилдан ўтказиш;

— қонун лойиҳасининг маълум қисми, моддаси ёки тушунчасига нисбатан юридик-лингвистик таҳлил ўтказиш.

Қонун лойиҳаларини юридик-лингвистик таҳлилдан ўтказишнинг шакли муайян билим ва кўникмага эга мутахассисларнинг оғзаки ёки ёзма тарзда қонун матнининг лингвистик меъёрларга мувофиқлигини аниқлашга қаратилган мақсадли фаолиятида намоён бўлади. Ушбу фаолият юридик-лингвис­тик экспертиза шаклида амалга оширилиши мақсадга мувофиқдир. Чунки юридик-лингвис­тик экспертиза муайян мақсадга йўналтирилган тизимли, тартибли ҳаракатларни ўз ичига олиб, муайян қарор кўринишида тегишли хулоса чиқарилишига асос бўлади. Юридик-лингвистик экспертиза серқирра ва мураккаб жараён бўлиб, қонун лойиҳаларини таҳлил этишда экспертдан ҳуқуқнинг барча соҳалари ва тилшуносликка оид барча назарий билимларга эга бўлишни талаб этади. Шу сабабли, ушбу вазифани ҳуқуқшунос ва тилшунос мутахассислар томонидан биргаликда амалга ошириш мақсадга мувофиқдир.

Ҳуқуқшунос А.Раҳмоновнинг фикрига кўра, «қонун ло­йиҳа­ларини экспертиза қилиш масаласи принципиал ёндашувни талаб этади ва улар қуйидагилардан иборат:

— мустақиллик — фақат Конс­титуция ва бошқа амалдаги қонунларгагина бўйсуниб иш юритиш;

— компетентлик принципи;

— холислик — фақат қонунларда назарда тутилган талаб доирасида фикр бериш, ҳеч кимнинг манфаатига ён босмаслик;

— илмий асосланганлик — ўрганилаётган нормаларга нисбатан илмий жиҳатдан ёндашув;

— комплекс ёндашув;

— объективлик ва масъулиятлилик».

Юридик-лингвистик экспертиза юқорида санаб ўтилган юридик-лингвистик таҳлилнинг қайси бир турига тааллуқли бўлишидан қатъи назар: қонун лойиҳаларининг юридик-лингвистик таҳлили, асосан, ҳуқуқий нормалар лойиҳалари матни адабий тил қоидаларига нечоғли мувофиқлигини баҳолашга, қонун лойиҳаларининг матни шакл ва мазмун жиҳатидан норматив-ҳуқуқий ҳужжат тили талабларига тўғри келишини таъминлашга қаратилиши, экс­пертлар ҳам юридик, ҳам лингвистик билимларга эга бўлиши, эксперт­лар фаолиятида холислик таъминланиши лозим.

Қонун лойиҳаларини юридик-лингвистик таҳлилдан ўтказиш вазифаси топширилган эксперт ёки экспертлар гуруҳи олдига қу­йидаги саволларни қўйиш мумкин:

— қонун лойиҳасидаги сўз ва иборалар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, конституциявий қонунлари принциплари ва талабларига мос келадими;

— қонун лойиҳасидаги сўз ва иборалар Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги, «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги, «Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекис­тон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида»ги, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашининг қарори билан тасдиқланган «Қонун лойиҳаларини юридик-техник жиҳатдан расмийлаштириш бўйича услубий тавсиялар» талабларига мувофиқми;

— қонун лойиҳасидаги сўз ва иборалар ўзбек адабий тили қоидалари асосида тўғри тузилганми? Қонун лойиҳаси лўнда, аниқ, оддий ва равон, тушунарли тарзда ифодаланганми;

— кўп маънони англатадиган сўз ва иборалар ишлатилганми? Кўп маънони англатадиган сўз ва иборалар қонун мазмунини тушунишда турли англашилмовчиликларни келтириб чиқармайдими;

— қонун лойиҳасидаги тушунча ва атамалар турлича изоҳлаш имкониятини истисно этадиган, уларнинг қонун ҳужжатларида қабул қилинган маъносига мувофиқ ягона шаклда қўлланилганми;

— эскирган сўзлар ва иборалар ишлатилмаганми? Мажозий таққослашлар, сифатлашлар, кинояларга йўл қўйилмаганми? Сўзлар ва иборалар мантиқий ўринли фойдаланилганми;

— чет тиллардан ўзлаштирилган сўз ва иборалар мавжудми? Уларни давлат тилида ифодалаш ўринлими;

— қонун лойиҳасидаги термин ва тушунчаларни янада аниқлаштириш талаб этиладими? Ортиқча ишлатилган сўз ва иборалар мавжудми;

— қонун лойиҳасидаги термин ва тушунчалар аҳоли томонидан фойдаланиладиган, истеъмолдаги термин ва тушунчаларми? Услубий холисликка риоя қилинганми? Услубий хатоликка йўл қўйилмаганми;

— қонун лойиҳаси мазмунини тушунишда қийинчилик туғдирадиган ҳаволалар ишлатилганми?

Эксперт ёки экспертлар гуруҳи олдига қуйиладиган саволлар, буюртмачининг хоҳишига кўра, бошқача тарзда ҳам берилиши мумкин. Шунингдек, буюртмачи юридик-лингвистик экспертиза ўтказилиши лозим деб топган қонун лойиҳаси мазмуни ва ҳажмидан, бошқа ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, эксперт олдига ўзини қизиқтирган бошқа саволларни ҳам қўйиши мумкин. «Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида»ги Қонуннинг 23-моддасига мувофиқ, қонун лойиҳасининг муҳокамаси жараёнида билдирилган ёки экспертларнинг хулосаларида баён этилган таклифлар ва мулоҳазалар тавсия хусусиятига эгадир5.

Хушвақт ҲАЙИТОВ,

ТДЮИ тадқиқотчиси