Ҳуқуқий давлатнинг муҳим асоси

Юксак ҳуқуқий маданият — демократик жамият пойдевори ҳамда ҳуқуқий тизим етуклигининг ифодаси сифатида жамиятдаги турли ҳаётий жараёнларга фаол таъсир кўрсатувчи, фуқароларнинг, барча ижтимоий гуруҳларнинг жипслашувига кўмаклашувчи, жамиятнинг яхлитлигини мустаҳкамловчи омилдир.

Ҳуқуқий маданият шахс ҳуқуқий маданияти ва жамият ҳуқуқий маданиятига бўлинади. Муайян даражадаги ҳуқуқий билимларсиз ҳуқуқий маданиятнинг шаклланиши мумкин эмас. Бироқ ҳуқуқни шунчаки билиш билан уни касбий билишни фарқлаш лозим. Баъзан ҳатто юристлар ҳам бутун ҳуқуқий материални тўла-тўкис билмайдилар. Боз устига, фуқаро амалда ҳуқуқнинг барча нормаларини билиш заруратига эҳтиёж сезмайди. Қонунга мувофиқ ҳаракат қилиш ёки иш кўриш учун аксар ҳолларда ахлоқ талабларини, Конституция ва бошқа қонунларда белгиланган асосий ҳуқуқ ҳамда бурчларни билиш кифоя. Масалан, ўғирликни талончилик ёки босқинчиликдан фарқ­лаш имконини берадиган тавсифловчи белгиларни ҳамма билиши шарт эмас. Ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки бошқа одамнинг шахсига тажовуз қилиш мумкин эмаслигини эса ҳар ким яхши англаши зарур.

Шундай қилиб, шахс ҳуқуқий маданиятининг муҳим хусусиятлари сирасига: юксак ҳуқуқий онг; мамлакатнинг амалдаги қонунларини билиш (қонунларни билмаслик шахсни уларни бузганлик учун жавобгарликдан озод этмайди); қонунларга риоя қилиш, уларни бажариш ёки улардан фойдаланиш (юридик қоидаларни билишнинг ўзи кутилган самарани бермайди); ўз ҳуқуқ ва бурчлари, эркинликлари, жавобгарлиги, жамиятдаги мақоми, бош­қа одамлар, фуқаролар билан ўзаро муносабат меъёрларини тўғри анг­лаш; ҳуқуқий фаоллик, яъни субъектнинг ҳуқуқбузарликларни тўхтатиш борасидаги изчил ихтиёрий фаолияти; ҳуқуқий нигилизмга барҳам бериш кабилар киради.

Шахснинг ҳуқуқий маданияти моҳиятини қуйидагича ифодалаш мумкин: билиш — ҳурмат қилиш — риоя этиш. Бунда қонунлар талаби назарда тутилади.

Ҳуқуқий маданият жамият маданиятининг бош­қа соҳалари: сиёсий, ахлоқий, диний, эстетик маданият билан ўзаро таъсирга киришади. Бунда ҳуқуқий маданиятнинг ўзига хос мазмунида мазкур жамиятдаги ҳукмрон маданиятга ҳам, унинг айрим соҳаларига ҳам хос бўлган жиҳатлар, хусусиятлар, албатта, намоён бўлади. В.Лазаревнинг фикрича, «ҳуқуқий маданиятнинг барча элементлари ўртасида ўзаро мувофиқликни мумкин қадар тўлиқ таъминлаш жамиятда қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мус­таҳкамлашнинг асосий йўналишидир».

Қонунга нисбатан ҳурматни тарбиялаш, қабул қилинаётган қонунлар сифатини таъминлаш, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, суднинг ҳокимият ва мансабдор шахслардан амалда мустақиллигига эришиш йўли билан жамиятда ҳуқуқий нигилизмга барҳам бериш лозим. Зотан, ижтимоий барқарорлик, шу билан бирга, юрт тинчлиги, ватан равнақи, халқ эркинлиги ва фаровонлигига эришиш, инсон ҳуқуқларининг моддий кафолатларини кенгайтириш, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик каби жиҳатлар фуқароларимизнинг соғлом маънавий-ахлоқий тарбиясида муҳим аҳамият касб этади. Айни пайтда, бу жиҳатлар ҳуқуқий онгни шакллантириш асослари ҳисобланади.

Ҳуқуқий онгни тарбиялаш фуқароларнинг маънавияти, демократик онг асослари билан уйғун алоқада, жамият, инсон маданиятини юксалтириш жараёни билан чамбарчас боғлиқдир. Табиий­ки, ҳуқуқий онгни тарбиялаш ахлоқий қадриятлар, меъёрларни оила ва мактабда, маънавий мулоқот жараёнида ўзлаштиришдан бошланади. Ҳаётни кузатиш, нормал воқеалар, ҳуқуқ нормалари билан боғлиқ маиший ва ижтимоий можаролар ҳақида мулоҳаза юритиш жараёнида ҳуқуқий тасаввурлар, қарашлар шаклланади, ёшларнинг ҳис-туйғулари ривожланади. Айниқса, «Ёшларга ҳуқуқий тарбия бериш шахснинг тўғри ўсиб-улғайишини таъминлайди, уни ҳуқуқий бурч ва вазифаларни билиб олишга, қонунларга ҳурмат билан қарашга ўргатади». Ҳуқуқий тарбияда бадиий адабиёт, оммавий ахборот воситалари муҳим аҳамият касб этади.

Демак, «Ҳуқуқий тарбия — ҳуқуқий тажриба алмашиш бўйича давлат, жамоат ташкилотлари, алоҳида фуқароларнинг бир мақсадга йўналтирилган фаолияти: ҳуқуқий нормаларга риоя қилиш, уларни бажариш ва бу нормалардан фойдаланишни таъминловчи муайян ижобий тасаввурлар, қарашлар, қадриятларни тушуниш, йўл-йўриқларни шакл­лантириш мақсадида одам онги ва хулқ-атворига доимий таъсир ўтказиб боришдир».

Ҳуқуқий тарбия фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқаришида, ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришида зарур бўлган ҳуқуқий билим ва кўникмаларнинг муайян ҳажмини ўзлаштиришига қаратилган тарбиявий-маърифий чора-тадбирлар мажмуини амалга ошириш жараёнидир. Шу боис, ҳуқуқий тарбия ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ва ҳуқуқий онгни мустаҳкамлаш, ҳаёт фаолиятининг ҳуқуқий соҳасида шахснинг ўзига хос фазилатлари мажмуи­ни шакллантириш борасидаги изчил ҳаракатлар сифатида қуйидаги уч асосий вазифани бажариши лозим. Биринчиси, ҳуқуқий билимлар тизимини шакллантириш. Бу масала ҳуқуқий маданиятнинг муҳим таркибий қисми — фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини, давлат ва жамият олдидаги бурч­ларини, позитив ҳуқуққа доир умумий маълумотларни билиши лозимлиги билан боғлиқ. Ҳуқуқий тарбиянинг иккинчи вазифаси фуқарода ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда давлат ва унинг органларидан ёрдам олишда, қонун ва суд олдида бошқа фуқаролар билан тенг бўлишига ҳуқуқий ишончни шакллантириш кабиларда намоён бўлади. Учинчи вазифа қонуний ижтимоий фаол хулқ-атвор мотивлари ва одатларини шакллантириш билан боғлиқ бўлиб, у стратегик хусусиятга эга. Яъни фуқароларда тегишли ҳаракатлар ва қилмишлар танланишини кўп жиҳатдан белгиловчи ҳуқуқий эҳтиёжлар, қизиқишлар, мўлжаллар, қадриятларга муносабатни шакллантиришдан иборат бўлади.

Ҳозирги вақтда ҳуқуқий тарбиянинг қуйидаги принциплари мавжуд:

— аҳолининг турли гуруҳлари томонидан ҳуқуқий нормаларни идрок этишнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиш;

— тарбияланувчилар ҳуқуқий нормаларнинг ижтимоий аҳамияти ва ахлоқий қимматини англаб етишларига ҳамда қонун билан белгиланувчи муҳим ҳуқуқ ва бурчларни ўзлаштиришларига эришишга ҳаракат қилиш;

— ҳуқуқий тарбия самарадорлиги ахлоқий нормалар талабларига қай даражада мос келиши билан боғлиқлигини ҳисобга олиш;

— фуқаролар сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини ҳар томонлама ривожлантириш, уларда қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни бузишнинг ҳар қандай кўринишларига нисбатан муросасизликни тарбиялаш.

Мамлакатимиз тараққиётининг янги бос­қичида ёшлар билан ишлашни янада фаоллаштириш муҳим аҳамиятга эга. Айни пайтда, ёш авлод ҳозирги шароитга катта авлод вакилларига қараганда яхшироқ мослашмоқда ва иқтисодий тизимга дадилроқ қадамлар билан кириб келмоқда. Айниқса, ёшларда ватанпарварлик кайфияти кучли бўлиб, улар Ўзбекистоннинг буюк келажагига ишонадилар.

Албатта, бу фикрлар мазкур соҳада барча муаммолар ўз ечимини топганини англатмайди. Аксинча, уларни ечиш жараёни ҳозир ўзининг авж палласига кирмоқда. 2008 йил мамлакатимизда «Ёшлар йили», 2010 йил «Баркамол авлод йили» деб эълон қилингани бунинг ёрқин далилидир. Шу муносабат билан ёш авлод манфаатларини таъминлашни кучайтиришга қаратилган ҳуқуқий базани янада мустаҳкамлаш, амалдаги қонун ҳужжатларини бугунги кун талаблари нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш долзарб вазифадир.

Хуллас, «ҳуқуқий онгни тарбиялаш фақат ҳуқуқ ҳақидаги билимларни кенгайтириш, жамиятимизнинг ижтимоий қадрияти сифатида унга нисбатан ижобий муносабатни шакллантиришдангина иборат бўлмай, ҳуқуқий кўникмаларни, одатларни тарбиялаш ҳам ғоят муҳимдир. Боз устига, бу ҳатто ҳуқуқий онгни шакллантиришдан ҳам анча қийин ишдир». Чунки ҳаётда кўп ҳолларда ҳуқуқбузарлар билан қонунларга риоя этувчи фуқароларнинг қонунларни билиш даражаси деярли бир хиллиги кўзга ташланади. Бироқ ҳуқуққа муносабат билан ҳуқуқий хулқ-атвор кўникмаларини ўзлаштириш бир-биридан фарқ қилади. Биринчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг олтинчи сессиясида Президент Ислом Каримов алоҳида таъкидлаганидек: «Аҳолининг ҳуқуқий тарбиясини тубдан яхшилаш, унинг ҳуқуқий маданият даражасини ошириш, ҳуқуқий ахборотнинг кенг майдонини яратиб бериш — ҳуқуқий давлатнинг қарор топишида муҳим йўналишдир». 

Нурмат САБУРОВ,

юридик фанлар номзоди