Бозор иқтисодиёти ва суғурта фаолияти

Иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш шароитида хўжалик юритувчи субъект­ларнинг барқарор фаолият кўрсатиши кўп жиҳатдан суғурта инфратузилмасининг қай даражада тараққий этганига боғлиқ. Президентимиз таъкидлаганидек: «Шу нарса аниқки, бугунги кунда хўжалик юритувчи субъектлар, айниқса, кичик ва хусусий бизнес вакиллари, қишлоқ-товар ишлаб чиқарувчилари такомиллашган суғурта тизимисиз самарали ишлаш, инвестиция фаолияти билан шуғулланиш, кредит олиш имконига эга эмас».

Дарҳақиқат, суғурта хизмати бозор иқтисодиёти шароитида жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳар қандай иқтисодий фао­лиятини ишончли ҳимоялайдиган асосий воситадир.

Республикамизда хусусий бизнес учун зарур барча шароитларни яратиш иқтисодий ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Албатта, бизнеснинг муваффақияти бозор иқтисодиёти институтлари, хусусан, юксак профессионал даражадаги суғуртанинг замонавий шаклларини ва хизматини кенг ривожлантиришга ҳам бевосита боғлиқ.

Бугунги кунда хўжалик юритувчи субъектлар ўз мол-мулкларидан самарали фойдаланиш билан чекланиб қолмай, фав­қулодда ва тасодифий ҳодисалар натижасида етказилиши мумкин бўлган зарарлар ўрнини тиклаш, уларнинг олдини олиш чораларини кўришга ҳам интилмоқда. Натижада, суғурта хизматига бўлган эҳтиёж тобора ортиб боряпти.

Республикамизда жисмоний ва юридик шахсларнинг суғурта хизматлари соҳасида яратилган имкониятлардан кенг фойдаланишини таъминлаш, уларга сифатли суғурта бозорини яратиш мақсадида қатор вазифалар белгилаб берилди. Жумладан, 2008 йилда «Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги ҳамда «Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинди.

«Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги»ги Қонун фуқароларимизнинг суғурта маданиятини юксалтириш ҳамда уларнинг суғуртани ихтиёрий равишда амалга оширишини таъминлашга хизмат қилмоқда. Қолаверса, мазкур қонун транспорт воситаларидан фойдаланиш жараёнида бошқа шахсларнинг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига зарар етказилганда жабрланганлар ҳуқуқларининг ҳимоясини ва уларга етказилган зарарнинг қопланишини кафолат­лайди.

Суғурта шартномасининг бу тури учинчи шахс фойдасини кўзлаб тузиладиган шартномалар турига кириши билан ҳам алоҳида аҳамиятга эга.

Юқоридаги қонунларнинг қабул қилиниши фуқароларга кутилмаган ҳодисалар оқибатида етказилган зарарни тезда қоплаш имконини беради. Айниқса, «Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги Қонунга биноан, турли мулкчиликка асосланган тадбиркорлик субъектларида ходимларга етказилган зарар ўрнини қоплашга маблағ бўлмаганда, унинг ўрнини қоплаш мажбурияти суғурта идоралари зиммасига юкланади.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, суғурта мазмун-моҳия­тига кўра, бозор иқтисодиётининг ажралмас таркибий қисми бўлиб, аҳолига етказилган кутилмаган зарарларни қоплайди.  

Республикамизда суғурта қонунчилиги такомиллашиб, суғурта хизмати кўрсатишнинг турлари кундан-кунга ортиб бораётганига қарамай, фуқароларнинг бу хизматга бўлган талаби қониқарли даражада эмас. Мазкур муаммолар, аввало, аҳолининг суғурта хизмати тўғрисидаги ҳуқуқий билимларининг етарли эмаслиги билан боғлиқ. Аҳолининг бу хизмат турига қизиқишини ошириш учун эса, тарғибот ишларини йўлга қўйиш, фуқароларга суғурта хизматининг моҳиятини тушунтириш, бу борада ривожланган мамлакатлар тажрибасига асосланган ҳолда, фуқароларнинг манфаатдорлигини ошириш йўлларини излаш ва бунинг учун суғурта компаниялари раҳбарларининг ташкилотчилигини кучайтириш, соҳадаги муаммоларни таҳлил қилиш лозим.

Бу хизмат турига эҳтиёж сезилмаётганининг яна бир сабаби суғурта идораларининг суғурталовчилар ишончини қозона олмаётганидадир. Чунки баъзан суғурта ҳодисаси рўй бериб, суғурта товони олиш ҳуқуқига эга бўлган суғурталанувчига зарарни тўламаслик мақсадида турли баҳоналар ўйлаб топилиб, ишни судгача олиб бориш ҳолатлари учрайди. Булар, албатта, аҳолининг суғурта идораларига ишончини сусайтиради. Ана шу жиҳатдан ҳам, суғурта шартномаси тарафларининг мажбурияти ва жавобгарлигини такомиллаштириш долзарб вазифа ҳисобланади.

Суғурта хизмати фаолиятини ривожлантириш кўп жиҳатдан унинг ҳуқуқий асосларига боғлиқ бўлиб, ҳозирги кунда жуда тарқоқ ва такомиллашмаган ҳолда қўлланиб келинмоқда. Кўп ҳолларда, уларни турлича қўллаш оқибатида, суғурталанувчиларнинг манфаатига зиён етказилмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, республикамизда суғурта хизмати кўрсатиш соҳасида жаҳоннинг илғор тажрибасини жорий этиш, самарали суғурта бозорини юзага келтириш, суғурталанувчиларнинг ва суғурталовчиларнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини ҳамда жавобгарликларини қонун нормаларида қатъий белгилаб қўйиш лозим.

Мамлакатимизда суғурта бозорини шакллантириш ҳамда кенгайтириш йўлида амалга оширилиши лозим бўлган долзарб вазифалар қаторида, аввало, ушбу хизмат шаклларини кескин кучайтириш ва биз учун ноанъанавий бўлган (тиббий суғурта, ишсизлик суғуртаси, пенсия суғуртаси ва ҳоказо) суғурта хизматларини кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратишимиз зарур. Мазкур бозорга суғурталанувчиларни (мижозларни) кенгроқ жалб этиш, суғурта хизмати ҳар қандай молиявий инқирозларни бартараф этишда фойдали эканига қатъий ишонтириш суғурта хизмати кўрсатиш аҳамиятини оширишнинг асосий йўлларидан саналади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Суғурта хизматлари бозорини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2007 йил 10 апрелдаги қарори билан «2007-2010 йилларда Ўзбекистон Республикаси суғурта бозорини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш дастури» қабул қилинди. Ушбу дастурда белгиланган вазифаларнинг асосий мақсади ҳам мамлакатимизда хизмат кўрсатаётган суғурта ташкилотлари иқтисодиётнинг муҳим сектори сифатида мулкдорлар манфаатларини фавқулодда ҳодисалардан ҳимоялашга хизмат қилишини таъминлашдан иборатдир. Бунинг учун суғурта муносабатларини фуқаролик ҳуқуқий усуллардан ва воситалардан фойдаланган ҳолда илмий тадқиқ қилиш, ўз илмий ечимини кутаётган муаммолар устида атрофлича илмий тад­қиқотлар ўтказиш муҳим аҳамият касб этади.

Бизнингча, мамлакатимизда суғурта бозорини янада такомиллаштиришнинг қуйидаги омилларига ҳам эътибор қаратиш лозим:

— суғурта хизмати кўрсатиш фаолиятининг мамлакат ҳаётида ва ҳар бир фуқаро турмушида муҳим роль ўйнашини ҳисобга олиб, умумтаълим мактабларида суғурта тўғрисида, унинг иқтисодий аҳамияти, ҳуқуқий асослари ҳақида умумий билим бериб бориш, махсус ўқув юртларида эса, суғуртага оид қисқа ўқув курс­ларини жорий этиш зарур;

— суғурта бозорининг ривожланиши кўп жиҳатдан суғурталовчи компанияларнинг жадал фаолиятига боғлиқ ва уларнинг кўпайиши суғурта бозорида рақобатни кучайтиришга, айни пайтда, суғурта хизмати кўрсатиш турларининг кўпайишига, сифат жиҳатидан яхшиланишига хизмат қилади. Шу сабабли, суғурта билан шуғулланиш учун ҳуқуқий имкониятларни кенгайтириш, суғурта ташкилотларини таъсис этиш тартибини соддалаштириш лозим;

— суғурта фаолияти ва суғурта бозорини ривожлантиришда суғурта ташкилотларининг ташаббускорлигини ва фаоллигини ошириш зарур. Жумладан, суғурта ташкилотларининг ўз мижозлари олдидаги мажбуриятларини сифатли бажаришини таъминлаш мақсадида суғурта тарафлари мажбуриятларни бажармаганда ёки лозим даражада бажармаганда улар учун жавобгарликни белгиловчи алоҳида меъёрий ҳужжатни жорий қилиш муҳим аҳамиятга эга. Суғурта тарафлари жавобгарликларини аниқлаштириш суғурта ташкилотларининг ўз мажбуриятларини сифатли бажариши юзасидан фаоллигини оширишга ва суғурта қонунчилиги ижросини таъминлашга хизмат қилади. Буюк Британияда эркин суғурта тизими барпо этилган. Бу ерда ҳаттоки суғурта компанияларини назорат қиладиган махсус орган ҳам йўқ. Назорат саноат департаменти томонидан амалга оширилади. Суғурта бадалларини белгилаш ва суғурта қилиш қоидалари эркинлигига қарамасдан, бу ерда кўрсатилаётган хизмат сифати бошқа мамлакатлардагидан анча юқори, нархлар эса паст даражада;

— мустақиллик йилларида суғуртанинг монополия сифатидаги шаклига барҳам берилган бўлса-да, бевосита мижоз билан шартнома тузадиган суғурта идораларига суғурта товонини тўлаш ваколати берилмагани уларнинг ўз фаолиятини ташаббускорлик ва тадбиркорлик асосида олиб боришига халал беради. Шу сабабли, суғурта хизматини бўлимлар орқали амалга оширишда жойларда уларнинг мустақиллигини таъминлашга жиддий эътибор қаратиш зарур. Ҳар бир суғурта ҳодисаси бўйича суғурта товонини тўлашни мустақил белгилаш ҳуқуқини суғурта бўлимларига бериш, уларга ташаббускорлик кўрсатиш учун кенг имкониятлар яратиш, иқтисодий, ҳуқуқий, ташкилий мустақиллигини таъминлаш сари дадил қадамлар қўйишимиз керак;

— мажбурий суғурталаш ҳамда шартнома воситасидаги ихтиёрий суғурталашнинг ўзаро нисбати тезроқ қайта кўриб чиқилиши, зарур ҳолларда ва имкон бўлганда, мажбурий суғурталашдан воз кечган ҳолда, ихтиёрий суғурта фаолияти учун кенг имкониятлар яратилиши керак. Суғурта бозори ривожланган Швецияда фақат транспорт ҳайдовчиларининг учинчи шахс олдидаги жавобгарлиги мажбурий суғурталанади, бош­қа турдаги суғурта эса фақат ихтиёрий амалга оширилади.

Маълумотларга қараганда, ривожланган мамлакатларда суғурта идораларининг асосий мижозлари мамлакат фуқаролари ҳисобланади. Жаҳон тажрибасига кўра, махсус суғурта ташкилотларининг фаолиятида ҳаётни суғурта қилиш салмоқли ўрин эгаллайди. Бунда фуқаролар бевосита иккинчи томон сифатида иштирок этади. ўарб суғурта бозорида ҳаёт суғуртасининг бадаллари йиғиндиси алоҳида ўринга эга. Мазкур хизмат тури ривожланган давлатларда ҳар бир меҳнатга лаёқатли фуқаронинг ҳаётига кириб борган.

Республикамизда эса, кўпроқ ишсизлик ва бошқа сабаблар туфайли ёки шартнома асосида ўқиётган талабаларнинг шарт­нома суммасини тўлашга имконияти бўлмай қолганида ёхуд даволаниш ва бошқа харажатларни тўлаш каби молиявий муҳтожликларда суғурта хизматларига талаб яққол намоён бўлади. Мазкур манфаатларни суғурталаш кенг йўлга қўйилгандагина аҳолининг бу хизмат турига ишончи ва мурожаати сезиларли даражада ортиши мумкин.

Бу эса, бозор иқтисодиёти шароитида жисмоний ва юридик шахсларнинг молиявий муҳтожликка учраш тасодифларини ўрганишни тақозо қилади. Қандай ҳодисалар ва шароитларда фуқаролар моддий муҳтожликка учраши ҳамда бу ҳолатлар нималардан иборат эканлигини аниқлаш, ўрганиш ва аҳолини ана шундай ҳолатлардан суғурталаш, суғурталаш соҳасидаги айрим чеклашлардан воз кечиш йўлларини излаб топиш зарур. Масалан, аксарият шахсий суғурта қоидаларида ва шартномаларида бахтсиз ҳодисалардан суғурта қилдирувчиларнинг ёши қатъий белгиланган. Жумладан, «Бахтсиз ҳодисалардан оилавий эҳтиёт шарт суғурта қилиш» қоидаларида Ўзбекистон Республикасининг 16 ёшдан 70 ёшгача муомала лаёқатига эга бўлган фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар билан бу турдаги шарт­нома тузилиши белгиланган. Суғурта компаниялари томонидан 16 ёшгача ва 70 дан юқори ёшда суғурта хавфи юқори бўлганлиги сабабли бу ёшда шахснинг ҳаёти ва соғлиғи суғурталанмайди. Ривожланган хорижий мамлакатларда шахснинг туғилганидан бошлаб ҳаёти ва соғлиғини суғурталаш йўлга қўйилганлигини эътиборга олиб, бу турдаги манфаатларни ёшдан қатъи назар суғурта бадалларини суғурта хавфига нисбатан белгилаган ҳолда жорий этиш лозим.

Албатта, суғуртага оид қонун ҳужжатларимизда ҳам аҳолининг талаб-эҳтиёжларини инобатга олиб, фуқароларнинг манфаатларини суғурталаш чораларини белгилаш уларнинг шу соҳага қизиқишларини орттиради.

Хулоса қилиб айтганда, суғурта бозор иқтисодиётининг ажралмас таркибий қисми бўлиб, замонга мос равишда такомиллашиб бораверади.

Матлуба АМИНЖОНОВА,

юридик фанлар номзоди