Тадбиркорлар учун яна бир қулайлик

Республикамизда кейинги йилларда тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш, уларнинг тўлақонли фаолият юритиши учун зарур шароит яратишга қаратилган қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Хусусан, тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш тизими бир неча маротаба қайта кўриб чиқилиб, ушбу жараён бир қадар соддалаштирилди.

Бу борада Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 20 августдаги «Тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш учун рўйхатдан ўтказиш тартиботлари тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги ҳамда Президентимизнинг 2006 йил 24 майдаги «Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйишнинг хабардор қилиш тартибини жорий этиш тўғрисида»ги қарорлари қабул қилинди. Ушбу қонун ҳужжатларининг кучга кириши натижасида тадбиркорлик фаолияти субъектларини расмийлаштириш ва давлат рўйхатидан ўтказишда розилик берувчи ташкилотлар сони кескин қисқартирилди. Барча келишиб олиш тартиблари тадбиркорлик субъектларини амалдаги қонун ҳужжатларига риоя қилган ҳолда рўйхатдан ўтказадиган фақат битта ташкилот доирасида амалга оширилиши таъминланди ҳамда ушбу вазифани бажариш учун туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузурида Тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекцияси ташкил этилди.

Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш мақсадида муҳандислик коммуникацияларига (газ, энергия, сув ҳамда канализация, иссиқлик билан таъминлаш, телефон алоқаси тармоқлари) уланиш, турар-жойларни нотурар-жой тоифасига ўтказиш, объектларни қуриш ва реконс­т­рукция қилишга техник шартларни белгиланган тартибда расмийлаштириш инспекциянинг асосий вазифаси этиб белгиланди. Бу ўз ўрнида тадбиркорларни асоссиз сарсон бўлишдан, бюрократик тўсиқлардан ҳимоя қилиш имкония­тини яратди.

Давлатимиз раҳбарининг юқорида номи тилга олинган қарори тадбиркорлик субъектларига бўлган эътиборнинг яна бир тимсоли десак муболаға бўлмайди. Қарорда 2006 йилнинг 1 сентябридан бошлаб тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олишнинг хабардор қилиш тартиби ўрнатилиши, шунингдек, уларни давлат рўйхатига олиш бир вақтнинг ўзида солиқ ва статистика органларида ҳисобга қўйган ҳолда амалга оширилиши қатъий белгилаб қўйилди. Рўйхатга олиш ёки рўйхатга олишни рад этиш муддати 3 иш кунидан 3 соатгача камайтирилди. Энг муҳими, тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиб, уларга давлат рўйхатига олинганлик тўғрисида гувоҳномани беришгача бўлган муддат 5-7 кундан 2 иш кунигача қисқартирилди.

Тадбиркорлик субъектининг почта манзилини тасдиқловчи ҳужжат, шунингдек, хорижий сармоя улуши мавжуд бўлган корхоналарнинг хорижий муассисига банк тавсия хатини тақдим қилиши бекор қилинди. Шунингдек, таъсис ҳужжатларининг қонунийлиги бўйича масъулият рўйхатга олувчи орган зиммасидан тадбиркорлик субъект­ларининг муассислари зиммасига юкланди. Статистик кодлар, муҳр ва штамп тайёрлашга рухсатнома бериш ваколати ҳам ушбу органга берилди.

Президентимизнинг 2007 йил 27 апрелда «Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори қабул қилиниши билан тадбиркорлик субъектларини ихтиё­рий тугатиш бўйича янги соддалаштирилган тартиб жорий қилинди ва ихтиёрий тугатилаётган тадбиркорлик субъектларига бир қатор афзалликлар яратилди. Ушбу қарорга мувофиқ, тадбиркорлик субъекти — юридик шахсни рўйхатдан ўтказган орган ихтиёрий тугатиш тўғрисида қабул қилинган қарор ҳақида хабардор қилинган кундан бошлаб унинг молия-хўжалик фаолияти тўхтатилади. Шунга кўра, барча турдаги солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича пеняларни ҳисоблаш тўхтатилади ҳамда таъсисчилар (қатнашчилар)нинг ихтиёрий тугатилаётган тадбиркорлик субъектининг мажбуриятларини бажаришга йўналтирилаётган маблағларидан солиқ олинмайди. Шунингдек, ихтиёрий тугатилаётган корхона таъсисчилари томонидан тугатувчи (тугатиш комиссияси ёки муайян жисмоний шахс) тайинланиши ҳамда унинг тугатиш ишларини амалга ошириш, корхона номидан ишончномасиз вакиллик қилиш, корхонанинг мансабдор шахслари ва ходимлари бажариши мажбурий бўлган буйруқлар чиқариш каби ваколатлари аниқ кўрсатиб ўтилди.

Фарғона вилоят адлия бошқармаси томонидан ҳам тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олишда қонун ҳужжатларига қатъий риоя этилмоқда. Жумладан, бошқарманинг юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўлими томонидан 2010 йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида 1 та юридик шахслар бирлашмаси, 2 та хорижий ва 8 та хорижий инвестиция иштирокидаги корхона белгиланган тартибда давлат рўйхатига олиниб, уларга юридик шахс ҳуқуқини тасдиқловчи тегишли гувоҳномалар берилди. Шунингдек, 9 та юридик шахс­лар бирлашмаси, 1 та хорижий ва 8 та хорижий инвестиция иштирокидаги корхона ҳамда 3 та бозор ўз таъсис ҳужжатларига ўзгартириш киритганлиги муносабати билан қайта рўйхатдан ўтказилди.

Бундан ташқари, бошқарма томонидан Ўзбекистон Президентининг 1996 йил 30 ноябрдаги «Хорижий сармоялар иштирокидаги корхоналарга бериладиган қўшимча рағбатлантириш омиллари ва имтиёзлар тўғрисида»ги Фармони, Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 3 июлдаги «Молия хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш тартиби тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан доимий ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, молия хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва устав фондини қонунчиликда белгиланган муддатда шакллантирмаган корхоналарга 14 огоҳнома ҳамда корхоналарни тугатиш бўйича вилоят махсус комиссиясига 11 та корхона фаолияти бўйича сўровнома ҳамда 5 та корхонани тугатиш бўйича вилоят хўжалик судига даъво аризалари киритилиб, ҳисобот даврида 2 та юридик шахслар бирлашмаси, 1 та хорижий ва 3 та хорижий инвестиция иштирокидаги корхона тугатилганлиги муносабати билан белгиланган тартибда давлат реестридан чиқарилди.

Ҳозир Фарғона вилоят адлия бошқармаси томонидан 81 та хорижий ва хорижий инвестиция иштирокидаги корхона, 251 та юридик шахс­лар бирлашмаси, 2 та ломбард ҳамда 69 та бозор фаолияти бўйича давлат реестри юритилмоқда.

 
Равшан ҚИРҒИЗОВ,

Фарғона вилоят адлия бошқармаси

бошлиғининг биринчи ўринбосар