Фаолият такомилининг айрим масалалари

Инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш, унинг қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлашда нотариал органлар ва нотариуслар алоҳида мавқени эгаллайди. Зеро, нотариуслар турли битим ва шартномаларни тузиш ва тасдиқлаш билан фуқаролар ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиб, муҳим профилактик вазифани бажарадилар.

Мамлакатимизда нотариат институтининг мустақиллик йилларидаги фаолияти Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 26 декабрда қабул қилинган «Нотариат тўғрисида»ги Қонуни билан тартибга солинади. Мазкур қонун нотариал фаолиятдаги муҳим ўзгаришни амалга оширди. Яъни, нотариуслик лавозими учун ўрнатилган малака талаблари такомиллаштирилиши муносабати билан бу лавозимга фақат олий юридик маълумот эгасини тайинлаш тартиби ўрнатилди. Истиқлол йилларда нотариал фаолиятнинг ҳуқуқий базасини такомиллаштириш борасида ҳукуматимиз томонидан бир қанча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди ва амалдагиларига замон талабларидан келиб чиқиб тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Бу борада 2006 йил 8 ноя­брда Адлия вазирлигининг 29-ҳайъат қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси нотариал идораларида стажировка ўташ тартиби тўғрисида»ги ва «Ўзбекистон Республикаси фуқароларига нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия бериш тартиби тўғрисида»ги қоидалар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар юқоридаги фикримизнинг тасдиғидир.

Шундай бўлса-да, олиб борилаётган тадқиқот ва таҳлилларга асосланган ҳолда амалдаги «Нотариат тўғрисида»ги Қонун қуйидаги йўналишларда такомиллаштирилиши лозим, деб ҳисоблаймиз.

Биринчидан, амалдаги қонуннинг 2-моддасида нотариуслик лавозими учун муайян малака талаблари белгиланган бўлса-да, унда энг муҳим талаб — ёш масаласи белгилаб берилмаган эди. Бундан ташқари, қонуннинг мазкур моддасида қайси тоифадаги шахсларнинг нотариуслик лавозимига тайинланиши мумкин эмаслигини белгилаб берувчи талаб ҳам акс этмаган. Ҳолбуки, кўплаб ривожланган мамлакатларда нотариуслик лавозими учун ўта қатъий талаблар белгиланган. Хусусан, Австрия, Дания, Венгрия ва Германияда нотариусликка талабгор шахсдан олий юридик маълумот, 5 йилдан 7 йилгача стажировка, малака имтиҳонларини топшириш, шунингдек, нотариуслик касбига хос хусусиятларга эга бўлиш, жиноий жавобгарликка тортилмаганлик, ҳатто маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳам содир этмаганлик, шунингдек, соғлом бўлиш талаб этилади.

Нотариус жамиятда келиштирувчилик вазифасини амалга оширишга давлат томонидан ваколат берилган мансабдор шахсдир. Унинг фаолияти эса юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган. Айрим хорижлик олимлар нотариуснинг нуфузини ҳуқуқий ҳаётда дастлабки судья даражасида эътироф этган. Назаримизда, давлатнинг шундай юксак мақомга эга бўлган мансабдор шахслари учун қонунларимизда мукаммал талабларни белгиламаслик мазкур соҳага нисбатан бир тарафлама қарашни келтириб чиқаради. Шуни инобатга олган ҳолда, амалдаги «Нотариат тўғрисида»ги Қонуннинг 2-моддасини қуйидаги таҳрирда ифодалаш таклиф этилади: «Ўзбекистон Республикасида нотариус лавозимига йигирма беш ёшга тўлган, олий юридик маълумотга эга, юридик ихтисослик бўйича камида уч йиллик меҳнат стажига эга бўлган ҳамда нотариал идорада камида бир йиллик муддатли стажировкани ўтаган, малака имтиҳонини топширган Ўзбекистон Республикаси фуқароси тайинланади».

Нотариуслик касби учун ёш цензининг қуйи чегарасини белгилаш мазкур соҳанинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тизимидаги мавқеини янада мустаҳкамлайди. Аммо шу ўринда бир ҳолатга эътибор қаратиш лозим: нотариуслик касби ўарбий Европа ҳамда Шарқий Осиёнинг аксарият давлатларида хусусийликка асосланади. Дания ва Венгрия­да нотариуслик лавозими учун ёш цензи 64, Японияда эса 70 ёш деб белгиланган. Демак, аксарият хорижий давлатларда нотариуслик лавозимига юксак ҳуқуқий савияга, етарли ҳаётий тажрибага эга бўлган ҳамда узоқ йиллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тизимида фаолият юритган ҳалол ва пок инсонлар тайинланади. Шунга мувофиқ, амалдаги қонунчилигимизда ҳам ушбу ҳолатларга алоҳида эътибор қаратиш лозим, деб ўйлаймиз. Бундан ташқари, Қонуннинг мазкур моддаси 2-қисмида нотариуснинг олий маълумотли стажёри ва ёрдамчиси бўлиши мумкинлиги белгиланган. Аммо, «нотариус стажёри»ва «нотариус ёрдамчиси»тушунчаларига қонуннинг ўзида етарлича изоҳ берилмаган. Бизнингча, амалдаги қонунчилик техникаси талабларидан келиб чиққан ҳолда, ушбу тушунчаларни қонуннинг дастлабки кириш қисмида акс эттириш лозим.

Иккинчидан, «Нотариат тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддаси нотариал ҳаракатларнинг махфийлигини белгилайди. Бунга кўра, нотариал идорада амалга оширилган ҳар қандай нотариал ҳаракат натижасида олинган маълумотлар сир сақланиши керак. Бундай маълумотлар ҳатто нотариус билан меҳнат шартномаси бекор бўлган тақдирда ҳам ошкор қилиниши мумкин эмас. Аммо мазкур моддада амалга оширилган нотариал ҳаракатларни сир сақлаш тамойилида қу­йидаги 3 ҳолатда истисно мавжудлиги назарда тутилади:

— амалга оширилган нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотлар суд, прокуратура ва тергов органларига уларнинг талабига биноан берилади;

— фуқаролар мулкига ўтаётган мол-мулкнинг қиммати ҳақидаги маълумотлар қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда солиқ органига тақдим этилади;

— жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотномалар қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда махсус ваколатли давлат органига тақдим этилади.

Ушбу ҳолатда қонунчилигимиздаги бир мавҳумликка эътибор қаратсак. Агар нотариусга нисбатан бирон-бир ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, у айбли деб топилса ва ҳукм қилинса, бундай ҳолларда нотариусга маълум бўлган ва тарафлар учун сир сақланиши лозим бўлган маълумотлар табиий равишда ошкор бўлади. Чунки Жиноят-процессуал кодексининг 18-моддаси 9-қисмида суд ҳукмлари, ажрим ва қарорларининг барча ҳолларда ошкора эълон қилиниши белгиланган. Бизнингча, айнан ушбу ҳолатда суд нотариусларни сир сақлаш мажбуриятидан озод қилиши керак. Чунки Жиноят кодексининг 8-моддаси 2-қисмида «ҳеч ким айнан битта жиноят учун икки марта жавобгарликка тортилиши мумкин эмас», деган қоида мустаҳкамланган . Бунда нотариус ўзи содир қилган қилмиши учун жавобгарликка тортилиши билан бир вақтнинг ўзида, ушбу нотариал ҳаракат асосидаги сирлар ошкор бўлгани учун қўшимча жавобгарликка ҳам тортилиши эҳтимолдан холи эмас. Шундан келиб чиқиб, Қонуннинг 6-моддасини қуйидаги 5-банд билан тўлдириш таклиф этилади: «агар нотариусга нисбатан нотариал ҳаракатни амалга ошириш билан боғлиқ жиноят иши қўзғатилган бўлса, суд уни ўз ҳукми билан сир сақлаш мажбуриятидан озод қилиши мумкин».

Учинчидан, «Нотариат тўғрисида»ги Қонуннинг 17-моддасида нотариусларнинг ҳуқуқлари белгиланган. Мазкур модданинг биринчи бандида нотариус ўзига мурожаат қилган барча шахслар учун ушбу қонунда назарда тутилган нотариал ҳаракатларни амалга оширишга ҳақли, дейилади. Бизнингча, нотариал ҳаракатларни амалга ошириш нотариуснинг қонуний ваколатидир. Агар Қонуннинг 31-моддаси биринчи бандига эътибор берсак, унда нотариал ҳаракатларнинг тегишли ҳужжатлар тўпланган ва давлат божи тўланган куни амалга оширилиши қатъий белгиланган. Бундан ташқари, ушбу модданинг 2-банди иккинчи қисмида нотариуснинг нотариал ҳаракатларни амалга оширишга доир масалалар юзасидан тушунтиришлар бериш ҳам унинг ҳуқуқи сирасига киритилганки, бу қонуннинг 18-моддаси 1-бандида келтирилган нотариуснинг мажбуриятлари билан аралашиб кетган. Бинобарин, мурожаат қилган шахсларга уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириб бериш нотариуснинг асосий мажбурияти ҳисобланади. Айнан шу орқали нотариус шахс, жамият ва давлат манфаатлари ҳимоя­сини таъминлайди. Бизнингча, шу ўринда, қонуннинг мазкур моддаларидаги айрим таҳририй камчиликларга ҳам барҳам бериш лозим. Шунингдек, амалиётда келиб чиқаётган муаммоларга алоҳида эътибор қаратиб, нотариуслар ҳуқуқларини кенгайтиришнинг аниқ механизмларини қонун нормаларига жорий қилиш керак. Чунки бугунги кунда нотариал фаолият амалиётида бошқа давлат органлари, жамоат ташкилотлари, идора ва муассасалардан иш юзасидан зарур бўлган маълумотларни олиш борасида кўплаб қийинчиликлар юзага келмоқда.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, қонуннинг 17-моддаси биринчи бандини янада такомиллаштириш, нотариусларнинг қуйидаги ҳуқуқларини таъминлаш ва буни қонун даражасида кафолатлаш ҳамда уни қуйидаги таҳрирда ифодалаш таклиф этилади:

— давлат органлари, идора ва муассасалардан ҳамда жамоат ташкилотларидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотлар ва ҳужжатларни олиш;

— иш юритувида бўлган ҳужжатлар юзасидан тегишли экс­пертизалар тайинлаш ва уларнинг хулосаларини олиш».

Қонун нормаларида нотариуслар ҳуқуқларининг шу тариқа кенгайтирилиши истиқболда нотариал фаолиятнинг сифатли амалга оширилишини таъминлайди.

Тўртинчидан, «Нотариат тўғрисида»ги Қонуннинг 18-моддасида нотариуслар мажбуриятлари белгиланган бўлиб, назаримизда, бу борада асосий эътибор нотариусга мурожаат қилувчи жисмоний ва юридик шахслар манфаатларининг устунлигига қаратилиши лозим. Ҳозирги кун амалиётида кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, хорижий мамлакатлар нотариуслари томонидан тасдиқланган ҳужжатларни легализация қилиш масалаларида фуқароларнинг баъзи қийинчиликларга дуч келаётганини кузатиш мумкин. Шу ва шунга ўхшаш ҳолатларни инобатга олган ҳолда Қонуннинг 18-моддасини қуйидаги 7-банд билан тўлдириш таклиф этилади:

— кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ва ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш;

— хорижий давлатлардан юборилган ҳужжатларни легализациядан ўтказишда ўзига мурожаат қилган шахслар номидан тегишли давлат органларидан маълумотларни олиш».

Ушбу талабларнинг нотариуслар мажбурияти сифатида қонун нормаларидан ўрин олиши, биринчидан, ортиқча сансалорликнинг олдини олишга хизмат қилса, иккинчидан, давлат органлари ўртасидаги ўзаро мувофиқлашган фаолиятнинг янада мустаҳкамланишини таъминлайди.

Ҳуқуқшунос кадрларнинг малакасини ошириш билан боғлиқ масалаларни тартибга солишга қаратилган норматив ҳужжатларда, асосан, юридик хизматлар ходимлари ҳамда адвокатларнинг малакасини ошириш муддатлари аниқ белгиланган. Шу ва бошқа ҳолатларни инобатга олган ҳолда, амалдаги «Нотариат тўғрисида»ги Қонуннинг 18-моддасига нотариусларнинг малака ошириши ва унинг аниқ муддатларини нотариуслар мажбурияти сифатида киритиш лозим, деб ҳисоблаймиз.

Бешинчидан, амалдаги «Нотариат тўғрисида»ги Қонуннинг 19-моддасида нотариусларнинг жавобгарлиги белгилаган бўлса-да, назаримизда, унинг аниқ механизмлари ишлаб чиқилмаган. Нотариал фаолият, аввало, ҳуқуқ бузилишининг олдини олишга, шунингдек, ҳуқуқ ҳимоясини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий хизмат кўрсатиш фаолиятидир. Бундан ташқари, нотариал фаолият, асосан, жисмоний ва юридик шахслар ўртасидаги мулкий муносабатларга юридик куч беради. Бунда нотариуснинг биргина эътиборсизлиги оқибатида шахс, жамият манфаатларига жиддий зарар етказилиши мумкин. Шунингдек, нотариус халқаро муносабатларда нотариал фаолиятни амалга ошириш жараёнида мамлакат манфаатларига зарар етказадиган бўлса, уни нафақат нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқларидан маҳрум қилиш, балки тегишли асослар мавжуд бўлган ҳолларда жиноий жавобгарликка ҳам тортиш лозим бўлади. Шунга асосан, «Нотариат тўғрисида»ги Қонуннинг 19-моддасига қуйидаги бандни қўшимча тарзда киритишни таклиф этамиз: «агар нотариус Ўзбекистон манфаатларига зид келувчи нотариал ҳаракатларни амалга оширган бўлса ва бу ҳолат тегишли далиллар билан исботини топса, у белгиланган тартибда жиноий жавобгарликка тортилади».

Хулоса қилиб айтганда, амалдаги қонунчиликда нотариуслар жавобгарлиги билан боғлиқ нормаларнинг аниқ механизмларини белгилаш нотариат фаолияти мавқеини янада мустаҳкамлаш билан бир қаторда, нотариусларнинг масъулиятини оширишга ҳам хизмат қилади.
 

Неъмат ХАТТАБОВ,

Республика юристлар малакасини

ошириш маркази ўқитувчиси