Ижтимоий адолатнинг бош мезони

Кейинги йилларда матбуотда фуқаролик жамиятининг муҳим шартларидан бири бўлмиш жамоатчилик назорати ҳақида, унинг жамиятимизда ижтимоий адолат муҳитини ўрнатишдаги аҳамияти хусусида атрофлича фикр-мулоҳаза билдирилмоқда. Албатта, бу чиқишларда бош­қарув ва ижро ҳокимияти устидан жамоатчилик назоратининг у ёки бу жиҳати очиб берилаётганини эътироф этган ҳолда, ҳали бу соҳада аниқ тўхтамга олиб келувчи узил-кесил фикр айтилмаяпти.

Жумладан, Тошкент давлат юридик институти аспиранти Хуршида Мухамедходжаеванинг «Жамоатчилик назорати: ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш —долзарб масала»мақоласида ҳам ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини шакллантиришда жамоатчилик назоратининг ҳуқуқий институционал асосларини такомиллаштириш масалалари хусусида сўз боради.

Мақолада жамоатчилик назоратининг ҳуқуқий асослари, амалга ошириш механизми ҳақида фикр юритилиб, имкон қадар илмий хулосалар чиқарилган. Муаллиф мамлакатимизда ташкил этилган ва фаолият юритаётган жамоатчилик назорати субъектларининг ваколатларини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилаётгани, бу борада нодавлат нотижорат ташкилотлар, жамоат бирлашмалари, сиёсий партиялар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаоллиги кундан-кунга ортиб бораётганини уқтиради. Бунинг асосий омилларидан бири сифатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузурида ташкил этилган нодавлат нотижорат ташкилотларининг Фонди ва Парламент комиссиясининг фаолиятини кўрсатаркан, муаллиф бугунги кунда жамоатчилик назоратининг янада самарали фаолият юритиши учун тегишли ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш, «Жамоатчилик назорати тўғрисида»қонунни қабул қилиш лозимлигини таъкидлайди.

Ҳақиқатан ҳам, ҳозирги шароитда дунёдаги аксарият давлатлар фуқаролик жамиятини барпо этишга интилаётир, ушбу ҳолат уларнинг сиёсий дастурларида, конституцияларида мус­таҳкам­ланган мақсадга айланган. Ўзбекистон Республикаси ҳам истиқлолнинг дастлабки кунлариданоқ ўз олдига адолатли фуқаролик жамияти ва демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш вазифасини ст­ратегик мақсад қилиб белгилаб олган.

Жамоатчилик назорати жамиятда ижтимоий адолат, шахс, жамият ва давлат алоқаларида муроса, тенглик, масъулият ва жавобгарлик барқарор бўлиши учун хизмат қиладиган омилдир. Шунингдек, бундай назорат инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари нафақат давлат томонидан кафолатланиши, балки давлат органлари фаолиятида уларнинг устувор бўлишини таъминлайди. Ниҳоят, жамоатчилик назоратининг мавжудлиги сиёсий ҳокимият том маънода халқ қўлида бўлишининг кўрсаткичи ҳисобланади. Унинг асл моҳияти ҳам айнан шундан иборат.

Фуқаролик жамиятида кишиларнинг фаоллиги, ижтимоий ҳодисаларга бефарқ бўлмаслиги, давлат органларида ишлаётган ҳар бир раҳбар ходимнинг ўз фаолиятининг жамоатчилик назорати остида эканини чуқур ҳис этиши жамият ривожида муҳим аҳамиятга эга. Демак, ҳаққоний ва реал жамоатчилик назорати ҳозирги давр­да Ўзбекистонда вужудга келаётган адолатли фуқаролик жамиятининг ҳақиқатда мавжудлигини билдирувчи, унинг ажралмас белгиси сифатида эътироф этилмоқда. Шу билан бирга, жамоатчилик назоратининг кучайиши фуқаролик жамиятининг кучайишига, кучли давлатнинг вужудга келишига замин яратади.

Жамоатчилик назорати нафақат давлат ҳокимияти ва бош­қарув органлари фаолиятини, балки бутун давлат тизими ҳамда нодавлат секторини ҳам қамраб олади. Демак, жамоатчилик назорати давлат назоратини амалга оширадиган органлар устидан ҳам юритилади.

Бугунги олиб борилаётган тадқиқотларга кўра жамоатчилик назорати қуйидаги турларга бўлиниши аниқланган:

1. Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президент фармон ва қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарорларининг жойларда ижро этилиши устидан жамоатчилик назорати.

2. Давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолияти устидан жамоатчилик назорати.

3. Давлат ижро органлари ва жамоатчилик тизими ўртасида ахборот алмашинуви соҳасидаги жамоатчилик назорати.

4. Давлат ижро органлари фаолияти устидан парламент назорати. 

5. Давлат бюджетининг ижроси бўйича парламент назорати.

6. Давлат органлари фаолияти устидан фуқаролик жамияти инс­титутлари (сиёсий партиялар, жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари) ва фуқаролар томонидан амалга ошириладиган жамоатчилик назорати.

7. Инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш (омбудсман) борасида олиб борилаётган жамоатчилик назорати.

8. Оммавий ахборот воситалари томонидан олиб бориладиган жамоатчилик назорати.

Муаллиф Х.Мухаммедходжаева Ўзбекистонда жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари ҳақида сўз юритиб, асосан бошқарув ва ижро ҳокимияти устидан жамоатчилик назорати фаолиятига тўхталган. Ҳолбуки, мазкур институтга оид ҳуқуқий асослар Ўзбекистон Конституциясининг 2-моддасида, Фуқаролик ва Меҳнат кодексларида ҳамда «Жамоат бирлашмалари тўғрисида»ги, «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги, «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги, «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги, «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги, «Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги қирқдан ошиқ қонунларнинг 70 дан зиёд моддасида, 10 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ўз ифодасини топган.

Бугунги кунда «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Қонуннинг 18 та моддасида, «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 10 та моддасида, «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 8 та моддасида, «Ўзбекистон Республикаси жамоат бирлашмалари тўғрисида»ги Қонуннинг 7 та моддасида, «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги Қонуннинг 6 та моддасида жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг муҳим ҳуқуқий асослари белгилаб қўйилган. Бу қонуний асослар, менимча, жамоатчилик назорати мавзусида тадқиқот олиб бораётган бўлажак ҳуқуқшунос олимнинг назаридан четда қолиши мумкин эмасди.

Шу ўринда жамоатчилик назоратига оид нормалар айрим кодекс ва қонунларда тўла-тўкис ўз ифодасини топмаганини ҳам айтиб ўтиш жоиз. Масалан, «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Давлат санитария назорати тўғрисида»ги, «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги, «Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида»ги қонунларда табиатни муҳофаза қилиш мақсадида жамоат ташкилотларига бирлашиш, атроф-муҳитнинг аҳволи, касалликлар, эпидемия ва радиация, соғлиққа таъсир этувчи бошқа омиллар ҳақида ахборот олиш ҳуқуқи кафолатланган, жамоатчилик назоратини амалга оширишга ҳақли эканлиги кўрсатилган, аммо унинг механизми кўрсатилмаган.

«Товар бозорларида монопо­листик фаолиятни чеклаш ва рақобат тўғрисида»ги Қонуннинг 24-моддасига кўра, монополияга қарши кураш қонун ҳужжатларига риоя қилиш, рақобатни ривожлантиришга кўмаклашиш ва истеъмолчиларнинг манфаатларини монополистик фаолиятдан ҳимоя қилишни кўзда тутувчи қоидалар, «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 23-моддасига кўра, ҳавони муҳофаза қилиш устидан жамоатчилик назоратини қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириш белгиланган, аммо буларни қай тартибда амалга ошириш кўрсатилмаган. Шу билан бирга, жамоатчилик назоратининг натижаларини ғараз мақсадларда ишлатадиган айрим шахс ёки гуруҳларга нисбатан чоралар белгиланмаган.

Жамоатчилик назоратининг натижалари назорат қилинадиган соҳада вазиятнинг яхшиланишига ёрдам беради. Бунда ҳуқуқни қўллаш билан бир қаторда, содир этиладиган қонунбузарликлар камаяди, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга имкон яратилади. Бунинг самарадорлигини ошириш учун жамоатчилик назоратини амалга оширишга доир қонунларни такомиллаштириш, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириш талаб этилади.

Президентимиз Ўзбекистонда демократик ўзгаришларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамияти асосларини шакллантиришда давлат назорати функцияларига нисбатан жамоатчилик назорати афзал эканини ҳар бир чиқишида таъкидлаб келмоқда. Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг жорий йил бошида бўлиб ўтган қўшма мажлисидаги маърузасида Юртбошимиз маҳалла қўмиталари ва қишлоқ фуқаролар йиғинларининг роли ҳамда ваколатларини кенгайтириш, давлат ва жамоат ташкилотларининг ижтимоий ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳақида тўхталиб: «Бош­қарув идоралари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишда маҳалланинг вазифаларини кенгайтириб бориш, давлат ижтимоий дастурларининг ҳаётга татбиқ этилиши бўйича жойларда амалга оширилаётган ишлардан жамоатчиликни кенг хабардор қилиш мақсадида давлат органларининг фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш идоралари билан мустаҳкам ҳамкорлигини таъминлаш бундан буён ҳам доимий эътиборимиз марказида бўлиши керак», — дея таъкидлаганди.

Маърузада фуқаролик жамияти субъектлари, олимлар ва амалиётчилар олдига қўйилган бу вазифа жамоатчилик назоратининг ҳуқуқий базасини янада мустаҳкамлашни, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоялашга қаратилган самарали қонун қабул қилишни тақозо этмоқда. Бугун ҳаётнинг ўзи фуқаролик жамияти институтларининг олдига бундай қонун кераклигини қатъий қилиб қўймоқда. Мазкур қонун бошқа қонунларга киритилган жамоатчилик назорати тўғрисидаги нормаларни амалиётга жорий этиш учун асос бўлиб, уларнинг ижро механизмини яратишга хизмат қилади.

Дарҳақиқат, Ўзбекистонда жамоатчилик назоратини том маънода юксалтириш учун ҳуқуқий асослар ҳам, уни амалга оширадиган субъектлар тизими ҳам, назоратга тортиладиган фаолият (объектлар)нинг белгилангани ҳам ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятининг тамойили бўлган қонун устуворлигини таъминлаш кафолатини амалда рўёбга чиқаради. Чунки қонун устуворлиги жамоатчилик назорати мукаммал қарор топган жамиятдагина ижтимоий адолатнинг асосий мезони бўлиши мумкин. Фуқаронинг жамоатчилик назорати жараёнларида фаол иштирок этиши — унинг давлат ва жамият ишларида иштирок этишини таъминловчи кафолатдир.
 

Жума ЧОРШАНБИЕВ,

Фуқаролик жамиятини ўрганиш институти

лойиҳа раҳбар