Жамоатчилик назорати:

ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш — долзарб масала 

Ҳуқуқий давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш жараёнида ижро ҳокимияти фаолияти юзасидан жамоатчилик назорати механизмини такомиллаштириш долзарб масала ҳисобланади.

Ижро ҳокимияти фаолияти устидан жамоатчилик назорати ижтимоий субъектларнинг ижро ҳокимияти фаолияти қонунийлигини, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини баҳолаш ва текширишга қаратилган фаолиятдир.

Бугунги кунда адолатли фуқаролик жамиятини фаол ва ривожланган нодавлат нотижорат ташкилотларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Ўзбекистонда айни пайтда 5 мингдан ортиқ ана шундай ташкилот фаолият юритмоқда. Нодавлат ташкилотлар жамиятда манфаатлар уйғунлигини қарор топтириш ва мустаҳкамлашга, давлат тузилмалари фаолиятини маълум маънода тўлдиришга хизмат қилади. Шунга мос ҳолда 2006 йилда мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотлар миллий ассоциацияси тузилган бўлса, 2007 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузурида нодавлат нотижорат ташкилотларга кўмаклашувчи Фонд ташкил қилинди.

Жамоатчилик назоратининг самарали институт сифатида амал қилишига таъсир кўрсатадиган омиллар сирасига жамиятнинг сиёсий тизими, фуқаролик жамияти ва демократиянинг ривожлангани, фуқаролик жамияти институтларининг чинакам мақомга эгалиги, инсон ҳуқуқларининг таъминлангани, иқтисодий тизим характери, аҳолининг сиёсий фаоллиги ва ҳуқуқий маданияти, муҳими, тегишли ҳуқуқий асос ва унинг самарали механизмининг мавжудлиги кабиларни киритиш мумкин. Ушбу омиллар ичида тегишли ҳуқуқий асосларнинг мавжудлиги алоҳида аҳамиятга эга. Чунки ҳуқуқий асос жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг юридик кафолатидир.

Хўш, жамоатчилик назоратининг ҳуқуқий асослари нималардан иборат? Улар қандай мазмун-моҳиятга эга? Қуйида шу ҳақда атрофлича тўхталсак.

Бизнингча, жамоатчилик назоратига оид ҳуқуқий асосни мазмунан уч гуруҳга ажратиш ва:

— биринчи гуруҳга жамоатчилик назоратининг умумий асосларини белгилаб берувчи конс­титуциявий асосларни;

— иккинчи гуруҳга жамоатчилик назоратини амалга оширувчи институтларнинг фаолиятига оид қонун ҳужжатларини;

— учинчи гуруҳга эса, қонун ҳужжатларида мустаҳкамланган, жамоатчилик назоратига бевосита оид нормаларни киритиш мумкин.

Жамоатчилик назоратининг конституциявий асослари ҳақида гап кетар экан, дастлаб Асосий қонунимизнинг 1-моддасида мустаҳкамланган «Ўзбекистон — суверен демократик республика»деган қоидага эътиборни қаратиш жоиз. Демократик тузум давлат ҳокимиятини бошқаришда кенг жамоатчиликнинг иштирокини талаб этади. Демократик тузумда давлат ўз фаолиятини инсон ва унинг ҳуқуқларига риоя этишни таъминлашга қаратади. Демак, ҳуқуқий давлат сари бораётган ҳар қандай тузумда давлат ва фуқаро ўртасида ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларга асосланган юридик алоқадорлик мавжуд бўлади. Бунда фуқаро ўз ҳуқуқ­ларини амалга ошириш билан бирга мажбуриятларини ҳам бажариши лозим. Айни пайтда давлат ҳам ўз фуқароларига нисбатан нафақат ҳуқуқ, балки мажбуриятларга эга. Конституциямизнинг 2-моддасида мустаҳкамланганидек: «Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар».

Ривожланган давлатларда бўлгани каби, мамлакатимиз Конституциясининг 15-моддаси 2-бандида Ўзбекистонда давлат ва унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўрадилар, деган қоида белгилаб қўйилган. Давлат органларининг, жумладан, ижро ҳокимиятининг қонунга мувофиқ ишлаши устидан давлат ва жамоатчилик назорати олиб борилади.

Фуқаролик жамияти институтлари сифатида жамоат бирлашмалари фаолиятига давлат ва унинг органлари аралашишга ҳақли эмас. Шу маънода, Конс­титуциямизнинг 58-моддаси давлат ва жамоат бирлашмалари ўртасидаги ўзаро муносабатнинг бош конституциявий асоси ҳисобланади. Ушбу моддада келтирилганидек, давлат жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлайди, уларга ижтимоий ҳаётда иштирок этиш учун тенг ҳуқуқий имкониятлар яратиб беради.

Кўриниб турибдики, гарчи Конституцияда жамоатчилик назорати ҳақида бевосита нормалар мавжуд бўлмаса-да, мазмунида ушбу институтга дахлдор муҳим қоидалар, ғоялар мустаҳкамланган моддалар етарли даражада аксини топган.

Жамоатчилик назоратининг ҳуқуқий асосларини белгиловчи қонун ҳужжатларининг иккинчи гуруҳи — жамоатчилик назоратининг субъектлари ҳисобланган жамоат бирлашмалари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда бошқа ижтимоий тузилмалар тўғрисидаги қонун ҳужжатларидир.

Таъкидлаш лозимки, жамоатчилик назоратининг ҳуқуқий асослари ривожланишида 2008 йил 1 январдан кучга кирган «Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги Конституциявий қонун ва «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига (89-модда, 93-модданинг 15-банди, 102-модданинг 2-қисмига) тузатишлар киритиш тўғрисида»ги Қонуннинг аҳамияти жуда салмоқли.

Президентимиз Конституциямизнинг 14 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишда мазкур қонун ҳужжатларининг жамиятимизда демократик жараёнларни янада чуқурлаштиришдаги аҳамиятига юқори баҳо бериб: «Бугунги кунда энг муҳим масалалардан бири — бу бошқарув ва ижро ҳокимияти устидан жамоатчилик назоратининг самарали тизимини ўрнатишдан иборат. Мазкур қонун сиёсий партия­лар ва жамоатчилигимизнинг марказий ҳукуматдан тортиб маҳаллий ҳокимият идораларигача — бутун ижро тизими устидан назорат ўрнатишга ҳуқуқий замин яратиши билан эътиборга сазовордир. Лўнда қилиб айтганда, бу қонуннинг қабул қилиниши билан марказда ва жойларда мансаб вазифасида ўтирганларнинг, керак бўлса ҳокимият идораларининг кенг жамоатчилик олдида ҳисоб беришининг амалий тартиби ўрнатилади», — деб таъкидлаганди.

Жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ҳуқуқий асосларини ўзида маълум даражада ифодалаган қонунлар ичида «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонун алоҳида ўрин тутади. Чунки мазкур қонунда жамоатчилик назоратини олиб боришнинг механизми ҳам кўрсатилган, дейиш мумкин. Бундан ташқари, «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Қонуннинг 10-моддасига биноан, шаҳарча, қишлоқ, овул фуқаролар йиғини ва шаҳардаги маҳалла фуқаролар йиғинлари қонунлар ва бошқа қонун ҳужжатларининг, шунингдек, ўз қарорларининг ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириши мустаҳкамлаб қўйилган.

Жамоатчилик назорати институтининг ҳуқуқий асослари учинчи гуруҳига турли мазмун ва юридик кучга эга бўлган қонун ва қонуности ҳужжатлари киради. Таъкидлаш зарурки, учинчи гуруҳ манбаларда тегишли субъектнинг ёки тегишли масала бўйича жамоатчилик назоратини олиб бориш тартиби кўпинча кўрсатилмаган. Бошқача айтганда, жамоатчилик назоратига оид нормалар ушбу қонун ҳужжатларида «сочилган»ҳолда мавжуд.

Юқоридагилардан хулоса қилиб, Ўзбекистонда жамоатчилик назоратининг ҳуқуқий асосларини шакллантиришда хорижий тажрибадан фойдаланган ҳолда «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман. Зеро, бундай қонун жамоатчилик назоратини жамият ҳаётига кенг татбиқ қилиш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилар эди.

 
Хуршида
МУХАМЕДХОДЖАЕВА,
ТДЮИ аспиранти