Аҳоли саломатлиги — давлат ҳимоясида

Мамлакатимизда ёшлар, оналар ва болалар саломатлигига алоҳида эътибор қаратилиб, 2000 йил — «Соғлом авлод йили», 2001 йил — «Она ва бола йили», 2004 йил — «Меҳр ва мурувват йили», 2005 йил — «Сиҳат-саломатлик йили», 2006 йил — «Ҳомийлар ва шифокорлар йили», 2008 йил эса «Ёшлар йили»деб эълон қилинди. Ва ниҳоят, жорий йилнинг «Баркамол авлод йили»деб эълон қилингани замирида ҳам фуқаролар соғлиғини сақлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш каби мақсадлар мужассам.

Давлатимизда аҳоли соғлиғини сақлаш, келажак авлод саломатлигининг ажралмас қисми ҳисобланган ҳаёт учун ўта муҳим аҳамиятли моддалар, яъни микронутриентлар етишмаслигининг олдини олиш масаласига жуда катта эътибор қаратилмоқда. Жумладан, она ва бола саломатлигини асрашга доир дастурлар ижроси доирасида амалга оширилган чоралардан бири бўлган унни бойитилган ҳолда изчил истеъмол қилиш натижасида мамлакатимизда анемия касаллигининг даражаси ҳозирга келиб 3-5 фоизга қисқарганлиги аниқланган. Шу каби таҳлиллар натижаларидан келиб чиқиб, оналар ва болалар орасида темир моддаси етишмаслигининг олдини олиш мақсадида Ўзбекис­тон Республикаси Президентининг 2005 йил 11 август­даги «Унни бойитиш Миллий дастури»лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори қабул қилинди.

Бундан ташқари, Президентимизнинг 2009 йил 1 июлдаги «2009-2013 йилларда аҳолининг репродуктив саломатлигини мус­таҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида»ги Қарорида аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, соғ­лом бола туғилиши ва уни тарбиялаш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш билан боғлиқ қатор вазифалар белгиланган эди.

Ушбу вазифалар ва юқорида таъкидланган ҳолатлардан келиб чиқиб, 2010 йил 7 майда Олий Мажлис Сенати томонидан «Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси тўғрисида»ги Қонун маъқулланиб, жорий йилнинг 7 июнида матбуотда эълон қилинди ва кучга киритилди. Ушбу Қонун мамлакат аҳолиси ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикасини рўёбга чиқаришга, озиқ-овқат маҳсулотлари бойитилишини таъминлашга, шунингдек, микронутриент етишмаслиги профилактикаси бўйича ўтказиладиган тадбирларни мувофиқлаштириш ва назорат қилиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишга қаратилган. Қонун тўрт боб ва 18 моддадан иборат.

Қонуннинг «Асосий тушунчалар»деб номланган 3-моддасида «микронутриентлар», «микронутриент етишмаслиги», «бойитилган озиқ-овқат маҳсулоти», «микронутриентлар самплементацияси»ва бошқа асосий тушунчаларнинг мазмуни ёритиб берилган. Хусусан, қонун нормаларига кўра, микронутриентлар — инсон организмининг нормал ўсиши ва ривожланиши учун зарур бўлган, ўрнини бошқа нарса боса олмайдиган озиқ-овқат моддалари (витаминлар ва минерал моддалар) эканлиги; микронутриент етишмаслиги — инсон организмининг озиқ-овқат билан тушадиган микронутриентлар етарли эмаслиги сабабли касалликларнинг ривожланишига олиб келадиган ҳолати; бо­йитилган озиқ-овқат маҳсулоти — ишлаб чиқарилиши жараёнида микронутриентлар билан бойитилган (фортификация қилинган) озиқ-овқат маҳсулоти; микронутри­ентлар саплементацияси — аҳолининг муайян гуруҳлари ўртасида микронутриентларнинг дори воситалари тарзида профилактик дозаларда қўлланилиши эканлиги белгиланган.

Бундан ташқари, ушбу соҳадаги ишларнинг давлат томонидан тартибга солиниши, назорати ҳамда махсус ваколатли давлат органларининг фаолияти масалалари алоҳида моддаларда ўз аксини топган. Қонуннинг аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикасига доир чора-тадбирларга бағишланган бобида аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикасининг турлари, бойитилган озиқ-ов­қат маҳсулотини ва унни бойитиш учун мўлжалланган витамин-минерал аралашмаларни ишлаб чиқариш, сертификатлаштириш, шунингдек уларни ўраш, тамғалаш, ташиш, сақлаш, реализация қилиш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш масалалари белгилаб қўйилган.

Қонуннинг 4-моддасида шу соҳада давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилган бўлиб, улар қуйидагилардан иборат:

биринчидан, аҳолини бойитилган озиқ-овқат маҳсулоти билан таъминлашга қаратилган ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш;

иккинчидан, бойитилган озиқ-овқат маҳсулотининг ва озиқ-овқат маҳсулотини бойитиш учун мўлжалланган витамин-минерал аралашмаларнинг сифати ҳамда хавфсизлиги устидан давлат назоратини таъминлаш;

учинчидан, бойитилган озиқ-овқат маҳсулоти ишлаб чиқарилишини ривожлантириш;

тўртинчидан, озиқ-овқат маҳсулотини бойитиш учун мўлжалланган витамин-минерал аралашмалар ишлаб чиқарилишини қўллаб-қувватлаш;

бешинчидан, микронутриентлар саплементацияси;

олтинчидан, аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикасига қаратилган дастурлар амалга оширилишини мониторинг қилиш ва баҳолаш;

еттинчидан, микронутриент етишмаслигини аниқловчи замонавий технологияларни ва унинг профилактикаси усулларини ривожлантиришда илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш;

саккизинчидан, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.

Шунингдек, ушбу қонунга кўра, аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси бойитилган озиқ-овқат маҳсулоти истеъмол қилиш, микронутриентлар саплементацияси, аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси бўйича санитария-гигиена ва тушунтириш ишлари тариқасида амалга оширилади.

Қонунда фортификацияланган, яъни бойитилган озиқ-ов­қат маҳсулотларини фақатгина юридик шахслар ишлаб чиқариши мумкинлиги белгиланган. Бу эса, ўз навбатида, ушбу маҳсулотларнинг тегишли тартибда сертификатланиши, лицензияга эга бўлиши, маҳсулотлар сифатида ижобий намоён бўлишини билдиради.

Бундан ташқари, қонуннинг 14-моддасида аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикасига қаратилган нотижорат тусдаги реклама ижтимоий реклама ахбороти эканлиги ва уни тайёрловчилар ҳамда тар­қатувчилар қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлардан фойдаланишлари мумкинлиги белгиланган. Бу эса микронутриентлар билан бойитилган маҳсулотларни ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашни англатади. Чунки реклама муайян маблағ талаб қилувчи, жуда самарали тушунтириш, тарғибот ҳамда ўз маҳсулотини халққа таништириш воситаларидан биридир. Шу билан бирга, бундай рекламанинг ижтимоий, яъни бепул эканлиги белгиланган. Бу эса давлатнинг ушбу соҳадаги фаолиятга нақадар эътиборли эканлигини кўрсади.

Таъкидлаш керакки, ушбу қонун нормалари халқаро умум­эътироф этилган қоидаларга мос келади. Хусусан, Жаҳон соғ­лиқни сақлаш ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган Эмизикли болалар ҳамда кичик ёшдаги болаларни эмизиш ва овқатлантириш бўйича услубий қўлланмада болаларнинг озиқ-овқатида, қолаверса, уларни эмизаётган оналарнинг ҳам озиқ-овқатида бошқа минерал ва витамин моддалар билан биргаликда микронутриент гуруҳига киритилган моддалар ҳам мавжуд бўлиши шартлиги белгиланган. Жумладан, унда болалар учун белгиланган озиқ-овқат маҳсулотларида ёғ моддасининг кам ҳам, кўп ҳам бўлмаслиги лозимлиги таъкидланиб, бу ҳолат микронутриентлар камлиги билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги кўрсатилган.

Ҳозирги кунда хорижий мамлакатлар қонунчилигида ҳам микронутриентлар етишмаслигига қарши чоралар амалга оширилаётганини кузатиш мумкин. Жумладан, унни бойитиш билан боғлиқ дастурлар Россия Федерацияси, Молдова, Қозоғистон, Озарбайжон, Арманистон каби давлатларда мавжуд бўлса, Туркия, Болгария ва Руминияда ҳам шундай дастурлар ишлаб чиқилмоқда. Бундан ташқари, шунга ўхшаш қонунлар 50 дан зиёд мамлакатда мавжудлиги ҳам дунё­да бойитилган озиқ-овқат маҳсулотларига эътибор катта эканидан далолат беради.

Хулоса қилиб айтганда, «Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси тўғрисида»ги Қонун нафақат ижтимоий-иқтисодий эҳтиёждан келиб чиқиб қабул қилинган, балки умум­эътироф этилган халқаро ҳужжатлар талаблари, илғор хорижий тажриба асосида амалиётга татбиқ этилган муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Шу билан бирга, у давлатимизда микронутриент етишмаслиги билан боғлиқ касалликларнинг олди олиниши учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Алишер ҲАЗРАТҚУЛОВ,

Амалдаги қонун ҳужжатлари

мониторинги институти етакчи илмий ходим