Фермерлик ҳаракати — фаровонлик омили

Бугун қайси бир фермер ёки деҳқон билан суҳбатлашманг, қишлоқ хўжалигида эришилаётган ютуқлар замирида, аввало, соҳада янгича иқтисодий ва ижтимоий муносабатлар жорий этилгани, қонунчилик базаси мустаҳкамлангани, қонунлар ижроси изчил таъминланиб келинаётганини таъкидлайди. Энг асосийси, халқимизнинг ризқ-рўзи манбаи бўлган ер ўзининг ҳақиқий эгасига топширилди, ҳар бир фермернинг онгу шуурида мулкдорлик ҳисси пайдо бўлди, унда ерга, меҳнатга муносабат тубдан ўзгарди. Шу маънода айтадиган бўлсак, аграр соҳада иқтисодий ислоҳотларни, қишлоқда янги мулкий муносабатларни шакллантириш ва мустаҳкамлашда мулкдорлар, тадбиркорлар, ишбилармонлар ва фермерлар манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидандир.

Танти ва ҳалол деҳқонлар юрти сифатида эътироф этиладиган Берунийда ҳам қишлоқ хўжалиги туман иқтисодиётининг етакчи тармоғи ҳисобланади. Соҳада мулк шакли ўзгариб, экин майдонлари тўлиқ фермерлар ихтиёрига берилгани қўлга киритилаётган ютуқларнинг асосий гарови бўлмоқда. Улкан хирмонлар яратиб, юрт фаровонлигига муносиб ҳисса қўшаётган туман фермерлари фақат деҳқончилик билан шуғулланиб қолмасдан, етиштирган маҳсулотни қайта ишлашни йўлга қўйиш, шу билан қишлоққа саноатни олиб кириш борасида ҳам иш олиб боряптилар. Мухтасар қилиб айтганда, қишлоқ инфратузилмасини яхшилашга фермерлар ҳам муносиб улуш қўш­моқда.

Туман прокуратураси томонидан қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришга оид қонунлар, Ўзбекис­тон Республикаси Президенти фармон ҳамда қарорлари, ҳукумат қарорларида баён этилган талаб ва қоидаларни белгиланган муддатларда, тўлиқ ижро этиш юзасидан доимий прокурорлик назорати ўрнатилгани ўз самарасини бермоқда. Назорат тадбирлари, фермер хўжаликлари ўртасида қонунчилик меъёрлари ва талабларини тушунтириш ҳамда тарғибот ишларининг тўғри йўлга қўйилгани сабабли шартнома мажбуриятларини бажармаган фермерлар сони кескин камайди. Бир сўз билан айтганда, прокуратура ходимлари юрт равнақи ва фаровонлиги йўлида ҳалол меҳнат қилаётган фермерларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ишончли ҳамкорга айланди.

Бугунги кунда туманимизда 350 та фермер хўжалиги фаолият кўрсатяпти. Уларнинг фидокорона меҳнати туфайли жорий йилда ҳам улкан кумуш тола хирмони уюлди ва шартномавий режа асосида давлатга 156 тоннадан зиёд қимматбаҳо хомашё етказиб берилди.

Қишлоқ хўжалиги ихтиёридаги ер майдонларининг шўрлангани, ер ости сувларига яқин жойлашгани ҳамда тупроқнинг механик таркиби хилма-хиллигига қарамасдан, берунийлик ғаллакорлар агротехника тадбирларини ўз вақтида ва сифатли ўтказиб, шарт­номавий режани уддалашга муваффақ бўлдилар. Айни кунларда пахта етиштиришга ихтисослашган 264 та фермер хўжалиги далаларида иш қизғин.

Туман прокуратураси фермерларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, соҳага доир қонунчилик ижросини таъминлаш юзасидан қатор тадбирлар амалга ошириб келмоқда. Жумладан, Ўзбекис­тон Республикаси Президентининг «Қишлоқ хўжалигида ислоҳотларни амалга оширишга қаратилган қонунлар ижросини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонининг ижроси ўрганиб чиқилди. Тайёрлов, таъминот ва хизмат кўрсатувчи корхоналар иши доимий назоратга олиниб, уларнинг фаолиятини қонун доирасида ташкил этиш чоралари кўрилмоқда. Жорий йилнинг ўтган олти ойи мобайнида ушбу йўналишда 17 та текшириш ўтказилиб, натижасига кўра 1160 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилди. Етказилган 4438 минг сўмлик зарар ихтиёрий равишда ундирилди. Судларга 51560 минг сўмлик даъво аризалари киритилди.

Маълумки, тегишли қонунларимизда ҳар кимнинг муносиб иш шароитларида ишлаши ва меҳнатига яраша адолатли ҳақ олиши лозимлиги белгилаб қўйилган. Вазирлар Маҳкамасининг «Иш ҳақи ўз вақтида тўланишига доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори мазкур талабларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Қолаверса, ишчи-хизматчиларга ойлик маошларнинг ўз вақтида тўлаб борилиши иш унумдорлигига эришиш ва самарадорликни оширишнинг асосий шарти ҳисобланади. Тумандаги «Янгиобод-Найман»машина-трактор паркида юқоридаги қарор ижроси юзасидан ўтказилган текширишда бунинг аксига гувоҳ бўлдик. Ушбу корхонанинг мансабдорлари қўпол қонунбузилишлар содир этиб, 19 миллион 940 минг сўмлик дебитор қарзни ундириш чораларини кўрмаганлар. Оқибатда жамият ишчи-хизматчиларининг 11 миллион 369 минг сўмлик иш ҳақлари тўланмасдан келинган. Шу боисдан жамиятнинг мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.

Ер — умумий бойлигимиз. Уни асраб-авайлаш муқаддас бурчимиздир. Афсуски, буни ҳамма ҳам тушуниб етгани йўқ. Туман прокуратураси томонидан ердан фойдаланиш тартибини белгиловчи қонунлар ижроси юзасидан мониторинг ўтказилиб, бир қатор қонунбузарликлар аниқланди. Мисол учун, «Шоббоз овул»фуқаролар йиғинида яшовчи К.Тангирбегенов 0,04 гектар тутзорни, Абай овулида яшовчи К.Файзуллаев 0,05 гектар буғдой майдонини ўзбошимчалик билан бузиб юборган. Албатта, улар бу қилмишлари учун қонун олдида жавоб бердилар.

Келгусида бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик учун ерлардан мақсадли фойдаланиш, суғориладиган экин майдонларининг муомаладан чиқарилишига йўл қўймаслик, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш бўйича қабул қилинган шартнома мажбуриятларига риоя этилиши устидан прокурорлик назорати ўрнатилди.

Албатта, қилинган меҳнат ҳеч қачон бесамар кетмаган. Туманимизда ўз тадбиркорлиги билан эл назарига тушиб, одамлар корига яраётган фермерлар кўп. Барча турдаги қишлоқ хўжалик техникаларига эга бўлган, юқори ҳосил олиш ҳадисини олган ҳамюртларимизга ҳар қанча ҳавас қилсак арзийди. Энг муҳими, улар ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ечишда ҳам фаол иштирок этмоқдалар. Бир сўз билан айтганда, фермерлар ислоҳотлар фаолига айланган. Уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шудгорлашдан тортиб экинни агротехника тадбирлари асосида парваришлаш, минерал ўғит, ёқилғи маҳсулотлари ва техника билан таъминлаш ҳамда ҳосилни нест-нобуд қилмасдан йиғиштириб олишгача бўлган жараёнда амалий ёрдам кўрсатиш биз — прокуратура органлари ходимларининг ҳам бурчидир.

Азамат ЮЛДАШЕВ,

Беруний тумани прокурори