Ёшлар манфаати устувор

Мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан ҳар бир йилнинг номланиши замирида инсон манфаатларини таъминлаш, жамиятда ўзаро тотувлик ва барқарорликни янада мустаҳкамлаш, халқ фаровонлигини ошириш, юксак маънавиятли баркамол авлодни вояга етказиш, юртимиз равнақига эришишдек улкан мақсадлар мужассам. Жорий йилнинг давлатимиз раҳбари томонидан «Баркамол авлод йили»деб эълон қилиниши бу борадаги хайрли ишларнинг давоми бўлди.

Дарҳақиқат, юртимизнинг келажакда жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаши фарзандларимиз салоҳиятига, уларнинг маънавий ва жисмоний камолотига боғлиқ. Юртбошимизнинг «Соғлом авлод деганда, шахсан мен, энг аввало, соғлом наслни, нафақат жисмонан бақувват, шу билан бирга руҳи, фикри соғлом, иймон-эътиқоди бутун, билимли, маънавияти юксак, мард ва жасур, ватанпарвар авлодни тушунаман. Буюк давлатни фақат соғлом миллат, соғлом авлодгина қура олади», деган доно фикр­лари замирида ўсиб келаётган баркамол авлодга буюк ишонч мужассамлигини сезиш мумкин. Шу боис   ёшларга ғамхўрлик кўрсатиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, гиёҳвандлик, ахлоқсизлик, четдан кириб келаётган ҳар хил зарарли таъсирлардан, «оммавий маданият»ниқоби остидаги таҳдид ва хатарлардан асраш масалалари давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан саналади. Юртимизда ёшларнинг таълим-тарбия олиши, истеъдод ва қобилиятларини намоён этиши, бир сўз билан айтганда, ҳар томонлама баркамол инсон бўлиб шаклланиши учун барча шароитлар яратилган. Ёшларга кўрсатилаётган тиббий хизматни яхшилаш, кўп болали оилалар фарзандлари, ногиронлар ва ота-онасиз қолган болаларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, болалар спортини ривожлантириш, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги ишлар доимий эътибордаги масалалардандир.

Қорақалпоғистон Республикасида ҳам ёш авлоднинг ҳаётда муносиб ўрин эгаллаши, соғлом турмуш кечириши, ҳуқуқбузарлик ва жиноят кўчасига кириб қолишининг олдини олиш мақсадида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Аҳолисининг қирқ фоиздан зиёдини вояга етмаганлар ташкил этадиган республикадаги мавжуд 6 та олий ўқув юрти, 6 та академик лицей ва 94 та касб-ҳунар коллежларида минглаб талабалар илм сирларини ўрганаётган бўлса, 754 та ўрта мактабда 268 минг нафардан зиёд ўқувчи таҳсил оляпти.

Қувонарлиси шундаки, мактаб таълимини ривожлантириш Давлат умуммиллий дастури асосида янги таълим муассасаларини барпо этиш, қайта таъмирлаш ишлари Қорақалпоғистонда жадал давом этмоқда. Мисол учун, ўтган ўқув йилида 8 та мактаб янгидан қурилиб, 74 таси капитал реконструкция қилинди. Шунингдек, 44 таси капитал, 39 таси жорий таъмирдан чиқарилди. Янги ўқув йилида 540 ўринли Нукус юридик коллежи қурилиб, ёшлар ихтиёрига топширилади.

Бироқ соҳада эришилаётган ютуқлар билан бир қаторда кўнгилни хира қиладиган ҳолатлар ҳам учраб турибди. Республика прокуратура органлари томонидан таълим тизимида қонунийликнинг аҳволи ўрганилганда, баъзи мутасаддилар томонидан суиис­теъмолчиликка йўл қўйилгани аниқланди. Текширишларда ўқувчиларга таълим-тарбия беришда давлат таълим стандартларига қатъий риоя қилиш, дарс­ликлар билан таъминлаш, ўқув жараёнининг сифати ва самарадорлигини оширишда моддий-техника базасидан унумли ва оқилона фойдаланиш ҳамда ўқитувчиларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Натижада, кўплаб қонунбузарликлар, жумладан, таълим соҳасига ажратилган бюджет маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари рўй бергани қайд этилди. Мисол учун, «Конисов Абай»хусусий корхонаси томонидан Нукус шаҳар халқ таълими бўлими биносида 27 миллион 340 минг сўмлик қурилиш ишлари амалга оширилиб, объект 2009 йил 31 декабрь куни буюртмачига топширилгани ҳақида ҳисобот берилган. Бироқ бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишини ўрганиш мақсадида назорат ўлчови ўтказилганда иш ҳажмининг деярли ярми бажарилмагани маълум бўлди. Текшириш чоғида расмий ҳужжатларга қалбаки маълумотлар киритилиб, 13 миллион 417 минг 880 сўм миқдоридаги давлат маблағи талон-торож қилингани аниқланди.

Афсуски, бундай ҳолатлар ягона эмас. Қўнғирот кимё саноат касб-ҳунар коллежи мансабдор шахслари эса бюджет маблағларини талон-торож қилишнинг бошқача йўлини ўйлаб топганлар. 2008 йилнинг 16 ноябридан бошлаб коллежга гўё омборчи сифатида ишга қабул қилинган Ж.Усеновнинг номидан табелларга қалбаки ёзувлар киритилиб, 2451677 сўм миқдоридаги маблағ ўзлаштириб юборилган. Беруний педагогика коллежининг бир гуруҳ мансабдорлари ҳам ҳужжатларни қалбакилаштириш йўли билан 74 миллион сўм миқдоридаги маблағни талон-торож қилганлар.

Амударё тумани халқ таълими бўлимига қарашли 18-умумтаълим мактабининг бир гуруҳ мансабдор шахслари ўзаро жиноий тил бириктириб, 2007-2009 йиллар давомида 1 млн. 211 минг 941 минг сўм миқдоридаги бюджет маблағларини ўзлаштириб юборишган.

Худди шундай ҳолат тумандаги 9 ва 34-ўрта мактабларда ҳам аниқланиб, мансабдор шахсларга нисбатан ЎзР ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилди ва етказилган зарар тергов даврида тўлиқ ундирилиб, иш мазмунан кўриш учун судга юборилди.

Ачинарлиси, жиддий қонунбузилиш ҳолатлари Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг ўзида ҳам аниқланди. Мисол учун, 2010 йил 1 январь ҳолатига вазирликнинг 175 млн. 140 минг сўмлик муддати ўтган дебитор қарздорлиги мавжуд бўлса-да, мутасаддилар ушбу қарздорликни камайтириш чораларини кўрмаганлар. Шу боисдан вазирлик бош ҳисобчисига нисбатан МЖТКнинг 175-моддаси 3-қисми билан иш қўзғатилди.

Вазир ўринбосари А.Наримбетов шикоят ва аризаларни ҳал қилишда етарли даражада иш олиб бормаган. Натижада айрим мурожаатларни кўриб чиқиш муддати 5-6 ойгача кечиктирилган. Шу каби қонунбузарликлар содир этгани учун унга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликка доир иш қўзғатилди.

Текширишда вазирлик томонидан бир қанча ноқонуний буйруқлар қабул қилингани аниқланиб, улар бекор қилинди ва қонунга мувофиқлаштириш учун иккита протест келтирилиб, прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилди. Ана шундай қонунбузилишларни бартараф қилиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик учун Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазири номига тақдимнома киритилди.

Шунингдек, прокуратура идоралари томонидан мактабгача таълим муассасаларида қонунларга риоя этилишининг аҳволи назорат тартибида ўрганиб чиқилди. Маълум бўлишича, муассасаларнинг аксарияти таъмирталаб бўлиб қолган. Шундан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир туманда намуна тарзида биттадан мактабгача таълим муассасасини таъмирлаш, қуриш ишлари бошлаб юборилди. Бюджет ва ҳомийлар маблағлари ҳисобидан Нукус шаҳрида 108 та тарбияланувчига мўлжалланган санатория типидаги барча қулайликларга эга 6-сонли «Булбулча»мактабгача таълим муассасаси, Беруний, Чимбой ва Мўйноқ туманларида 140 ўринли биттадан муассаса таъмирдан чиқарилиб, болажонлар ихтиёрига топширилди. Бу йил мактабгача таълим даргоҳларининг 4 таси капитал, 28 таси жорий таъмирланди. Бу ташаббус республикамизда кенг қулоч ёйиб, узоқ туманларнинг чекка қишлоқларини ҳам қамраб олмоқда.

Республика прокуратураси ташаббуси билан Хўжайли туманида жойлашган 1-сонли «Меҳрибонлик уйи»замон талаблари даражасида қайта таъмирланиб, 180 нафар тарбияланувчи муносиб шароитларда яшаш ва ўқиш имконига эга бўлди.

Маълумки, ёшларни иш билан таъминлаш ижтимоий ҳимоянинг муҳим шартларидан биридир. Айниқса, касб-ҳунар билим юртлари битирувчиларини эгаллаган соҳалари бўйича ишга жойлаштириш муҳим аҳамиятга эга. Шу боисдан, жорий йилнинг ўтган даврида 45 марта бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилиб, 764 нафар коллеж битирувчиси йўлланма билан ишга жойлаштирилди.

Мухтасар қилиб айтганда, жорий йилнинг ўтган олти ойи мобайнида вояга етмаганларга оид қонунлар ижроси юзасидан ўтказилган текширишлар натижаси бўйича 467 нафар шахс интизомий, 393 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди. Қўпол қонунбузилишлар юзасидан 39 та жиноят иши қўзғатилиб, 10215 минг сўмлик зарарнинг ихтиёрий равишда ундирилишига эришилди. Вояга етмаганларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан судларга 7 та даъво аризаси киритилди, 103 нафар вояга етмаган шахснинг ҳуқуқлари қайта тикланди ва бошқа прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилди.

Юқоридаги ва бошқа чора-тадбирлар натижасида вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг, айниқса, диний-экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолишнинг олди олинди. Бундай натижаларга эришишда ёшларнинг ҳуқуқий маданияти ҳамда саводхонлик даражасини оширишга жиддий эътибор қаратилаётгани муҳим омил бўлаётир.

Энг асосийси, давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрлик ва эътиборни қорақалпоғистонлик ёшлар ҳам чин дилдан ҳис қилмоқдалар. Бундай эътибордан баҳра олиб, ўқиш ва спортда салмоқли ютуқларга эришаётган ўғил-қизларимиз ҳам маънан, ҳам жисмонан етук инсонлар бўлиб камол топиши ва келажакда мамлакатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишига асло шубҳа йўқ. Ёшларнинг эркинлигини, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш эса Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси органларининг доимий вазифаларидан бири бўлиб қолаверади.
 

 
Ерпулат ҚАИПБЕРГЕНОВ,

Қорақалпоғистон Республикаси

прокурорининг ўринбосари