Ёшлар — юрт таянчи

Мамлакатимизда фарзандларимизни ҳеч кимдан кам бўлмаган инсонлар этиб тарбиялаш, уларнинг маънавиятини юксалтириш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, таълим-тарбия бериш, саломатлигини мустаҳкамлаш олиб борилаётган ислоҳотларнинг пировард мақсадини ташкил этади. Баркамол авлод йилида бу борада янада самарали ишлар амалга оширилиши шубҳасиз.

Ўзбекистон Конституциясининг 17 йиллигига бағишланган тантанали маросимда мамлакатимиз раҳбари фарзандларимизнинг соғ­лом ва баркамол бўлиб вояга етиши, замонавий билимларни эгаллаши учун давлат ва жамият томонидан муносиб шароит яратиш хусусида қўйидаги фикрларни билдирган эди: «Халқаро ҳамжамият ва тараққий топган мамлакатлар қаторига кўтарилиш учун ҳаракат қилаётган жамият, биринчи навбатда, бугун униб-ўсиб келаётган фарзандларнинг ҳар томонлама баркамол авлод бўлиб ҳаётга кириб боришини ўзи учун энг улуғ, керак бўлса, энг муқаддас мақсад деб билади».

Дарҳақиқат, юртимизда мустақил фикрлайдиган, замонавий янгилик ва технологияларни ўзлаштиришга қодир, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида камол топаётган ёшларни тарбиялашнинг мукаммал тизими яратилди. Ҳаётга изчил жорий этилаётган «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Таълим тўғрисида»ги қонунлар, Кадрлар тайёрлаш миллий дас­тури ёш авлоднинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларни юксак маънавиятли, теран тафаккурли инсонлар этиб вояга етказиш, қизиқиши ва лаё­қатига монанд касб-ҳунар эгаллашига яқиндан кўмаклашиш, ижодий-интеллектуал салоҳиятини юзага чиқариш имконини бермоқда. Айни пайтда ота-она меҳридан бебаҳра, ижтимоий, тиббий кўмакка муҳтож, мураккаб шароитда қолган болаларга алоҳида меҳр ва ғам­хўрлик кўрсатиш, уларнинг таълим-тарбия олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун зарур барча шароит ва имкониятларни яратиш давлатимизнинг доимий диққат марказида турибди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан «Баркамол авлод йили»деб эълон қилинган 2010 йилда бу йўналишдаги эзгу ишлар кўлами янада ортди. Ёшлар камолоти ва истиқболи йўлида узоқни кўзлаб амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар халқаро миқёсда ҳам тан олинмоқда.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати миллий қонун ҳужжатлари ва халқаро ҳуқуқ­нинг умумэътироф этилган талабларига асосланади. Ўзбекистон бевосита ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган 30 дан ортиқ халқаро ҳуқуқий ҳужжатларнинг иштирокчиси ҳисобланади.

Мустақиллик йилларида мамлакатимиз БМТнинг ёш авлоднинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга оид муҳим ҳужжатларини ратификация қилди. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, Ир­қий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги халқа­ро конвенция, Хотин-қизларнинг сиёсий ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция ва бошқа ҳужжатлар шулар жумласидандир. Бундан таш­қари, Ўзбекистон Юнеско ва Халқ­аро Меҳнат Ташкилоти томонидан қабул қилинган асосий конвенцияларнинг иштирокчиси ҳисобланиб, 2008 йил 4 апрелда «Ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш тўғрисидаги конвенцияни (Женева, 1973 йил 26 июнь) ратификация қилиш ҳақида»ги, 2008 йил 8 апрелда «Болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисидаги конвен­цияни (Женева, 1999 йил 17 июнь) ратификация қилиш ҳақида»ги қонунлар қабул қилинди. Бу қонун ҳужжатлари мамлакатимизда бола ҳуқуқлари кафолати билан боғлиқ миллий қонунчилигимизнинг янада такомиллашуви учун хизмат қилди. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2008 йил 7 августда «Айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган умумтаълим муассасалари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги Қарор қабул қилинди. Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 22 майдаги «Ота-онасининг қаровисиз қолган ва тўлиқ давлат таъминотида бўлган болалар учун болалар шаҳарчалари тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида»ги, 2008 йил 17 октябрдаги «Меҳрибонлик уйи тўғрисида»ги Низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорлари, Президентимизнинг 2008 йил 8 июлдаги «Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009-2014 йилларга мўлжалланган Давлат дас­тури тўғрисида»ги қарори ҳам жамиятимиз ҳаётида муҳим аҳамият касб этди. Ушбу қонун ости ҳужжатларида барча ёшдаги болалар саломатлигини ҳимоялаш, махсус мактаб-интернатлар, меҳрибонлик уйларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, мазкур муассасаларда ишлаётган ходимларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди. Қолаверса, ёшларимизни жисмонан ва маънан баркамол авлод этиб тарбиялаш борасидаги ислоҳотлар жамиятнинг бошқа соҳалари билан чамбарчас боғланган ҳолда амалга оширилмоқда. Зеро, тиббиёт, таълим ва спорт соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг пировард мақсади ҳам ёш авлодни соғлом ва етук инсон қилиб тарбиялашдир.

Президентимиз Ислом Каримов­нинг 2009 йил 1 июлдаги «2009-2013 йилларда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида»ги Қарорини ҳаётга татбиқ этиш мақсадида оилавий ҳаёт остонасида турган ёшлар иштирокида «Ёш оила қурувчилар мактаби»ўқув-машғулотлари, оилавий ҳаёт сабоқларидан, оилада соғлом муҳитни шакллантириш, соғлом фарзандлар дунёга келтириб, уларни комил инсон қилиб тарбиялашга йўналтирилган ўқув-тарбия соатлари амалга оширилмоқда. Бунда, авваламбор, оиланинг муқаддаслиги ҳамда никоҳ масъулияти бўйича келажакда оила қурадиган йигит ва қизларнинг тафаккурини, онгини ўзгартиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қизларимиз онгида оналик, йигитларимизда эса оталик масъулиятини шакллантириш, ёш оилаларнинг ҳуқуқий саводхонлигини янада яхшилаш ва оилада боланинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган тарғибот тадбирлари мунтазам равишда ўтказилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Баркамол авлод йилида ҳуқуқий тарғибот тадбирларининг кўлами янада ошди. Хусусан, Тошкент шаҳар адлия бошқармаси томонидан жорий йилнинг 6 ойи мобайнида 1843 та тарғибот тадбирлари ўтказилди. Шунингдек, бош­қарма ва унинг қуйи тизими идоралари ходимлари томонидан жойларда 1351 та учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилган бўлса, ОАВ орқали 487 та чиқишлар амалга оширилган. Уларда Ўзбекистон Конституция­сини ўрганиш, инсон ҳуқуқлари, мустақиллик моҳияти, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини қарор топтириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, гиёҳвандлик, ахлоқсизлик, четдан кириб келаётган «оммавий маданият»кўринишларидан асраш каби масалалар кўзда тутилган.

Дарҳақиқат, юртимиздаги ўқув муассасаларида таълим олаётган ўқувчи-ёшлар ўртасида  «Сиз Конституцияни биласизми?», «Сиз қонунни биласизми?»кўрик-танловлари ҳам мунтазам ўтказилиб келинмоқда. Бундан кўзланган мақсад — ёшларни Конституция ва қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, ёшларнинг ўз ҳу­қуқларини тўла англаб етишларига кўмаклашиш, ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш ҳам­да иқтидорли ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлашдир. Бундан ташқари, Адлия вазирлиги ташаббуси билан мамлакатимиздаги лицей, коллеж ўқувчиларининг ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш, Ўзбекистон Конституцияси борасидаги билимларини мустаҳкамлаш, ёшларнинг эркин фикр­лаш қобилияти ва нутқ маданиятини ўстириш, шунингдек, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ҳамда энг зукко талабаларни аниқлаш ва рағбатлантириш мақсадида «Ҳуқуқ билимдонлари»қувноқлар ва зукколар республика беллашувлари ўтказилмоқда. Масалан, 2009 йилги «Ҳуқуқ билимдонлари»танловида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети қошидаги академик лицей ҳамда Ўзбекистон миллий университети қошидаги С. Раҳимов академик лицейи ўқувчилари ўртасида ташкил этилган «Ёш ҳуқуқшунослар»гуруҳи ғолиб чиқиб, Адлия вазирлигининг фахрий ёрлиғи ҳамда адлия бошқармасининг қимматбаҳо сов­ғалари билан тақдирланди.

Мухтасар қилиб айтганда, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, ҳимоя қилишга йўналтирилган ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш ва мустаҳкамлаш, уларни умуминсоний қадриятлар руҳида тар­бияланган етук шахслар этиб воя­га етказиш устувор вазифалардан бирига айланган. Бундай эзгу ишлар ёшларнинг Ватанга муҳаббати, садоқати ва қадриятларимизга ҳурматини янада оширади. Қолаверса, соғлом ва баркамол авлод ҳамда ёш оилалар мамлакатимизда нечоғли эътиборда эканидан далолат беради. 

 

Аброр БЕРДИЕВ,

Тошкент шаҳар адлия

бош­қармаси масъул ходими