Тадбиркорлик ҳуқуқининг муҳим кафолати

Яқинда бўлиб ўтган Олий хўжалик суди пленумида «Хўжалик судлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси умумий қисмини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги Қарор қабул қилинди. Қарор хўжалик судларида хўжалик юритувчи субъект­лар ва давлат солиқ хизмати органлари ўртасидаги низоларни Солиқ кодекси ҳамда бошқа қонун ҳужжатлари талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ҳал этиш, суд амалиётида кодекс нормаларини бир хилда ва тўғри қўллашга қаратилган. Статистик маълумотларга қараганда, республика хўжалик судлари томонидан 2009 йилда солиққа оид қонун ҳужжатлари билан боғлиқ 113 мингдан ортиқ (2008 йилда 97 мингдан ортиқ) ишлар кўрилиб, мазмунан ҳал этилган бўлса, жорий йилнинг ўтган уч ойи мобайнида мазкур соҳа билан боғлиқ 35 мингга яқин ишлар кўриб чиқилиб, ҳал этилган. Солиқ билан боғлиқ низолар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, ушбу турдаги ишларни кўриб чиқишда эътибор қаратилиши лозим бўлган бир қанча жиҳатлар бор. Олий хўжалик суди пленумининг қарорида бу ҳолатларга батафсил тўхтаб ўтилган.

Хусусан, Солиқ кодексининг 11-моддасига мувофиқ, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларидаги бартараф этиб бўлмайдиган барча қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар солиқ тўловчининг фойдасига талқин этилиши, ушбу қоида, биринчидан, қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар фақат солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида мавжуд бўлганда, иккинчидан, қонун ҳужжатларининг ўзаро нисбати «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасида белгиланган қоидалар асосида бартараф этиб бўлмаганида қўлланилиши ҳақида тушунтириш берилмоқда. Зеро, суд амалиёти таҳлили солиқ тўловчилар ва давлат солиқ хизмати органлари ўртасидаги низоларнинг келиб чиқишига аксарият ҳолларда амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартиш ёки қўшимчалар киритилиши натижасида янги солиқ турлари ва бошқа мажбурий тўловларнинг жорий этилиши ёки ставкаларнинг оширилиши ёхуд аввал берилган солиқ им­тиёзларининг кейинчалик бекор қилиниши сабаб бўлаётганини кўрсатмоқда.

Ҳозирги пайтда хўжалик судлари томонидан ҳал этилаётган солиқ тўловчилар ва давлат солиқ хизмати органлари ўртасидаги аксарият низолар солиқлар ва бош­қа мажбурий тўловларни нотўғри ҳисоблаш, солиқларни яшириш, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бузиш каби масалалардан келиб чиқмоқда.

Шу сабабли низоларни ҳал этишда солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг вақт бўйича амал қилишини аниқлашда низо солиқ тўловчиларнинг солиқ мажбуриятлари ёки уларнинг солиққа оид ҳуқуқбузарликлари учун жавобгарлик чораларини қўллаш билан боғлиқлигига эътибор қаратилган.

Солиқ тўловчиларнинг солиқ мажбуриятлари билан боғлиқ низоларни ҳал этишда солиқ солиш солиқ мажбуриятлари юзага келган пайтда амалда бўлган қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилишини, яъни солиқ тўловчиларга нисбатан солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар улар фаолият юритган давр учун ўша вақтда амалда бўлган қонун ҳужжатлари қўлланилишини ҳамда ставкалар бўйича ҳисобланишини эътиборга олиш лозим.

Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарликни бекор қиладиган ёки енгиллаштирадиган солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари эса, аксинча, орқага қайтиш кучига эга. Шу сабабли, хўжалик судлари солиқ тўловчиларга ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш билан боғлиқ ишларни кўришда ҳуқуқ­бузарлик содир этилган вақтда амалда бўлган қонун ҳужжатлари ва ишни кўриш пайтида амалда бўлган қонун ҳужжатларини ўзаро солиштириш йўли билан аниқлаб, жавобгарликни бекор қиладиган ёки енгиллаштирадиган солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллашлари лозим бўлади.

Қарорнинг 5.3-бандида хўжалик судларининг эътибори энг кам иш ҳақи миқдорига қараб белгиланадиган молиявий санкцияни қўллашда ҳуқуқбузарлик содир этилган кунда амалда бўлган энг кам иш ҳақи миқдоридан келиб чиқиб, давом этаётган ҳуқуқбузарлик учун ушбу ҳуқуқбузарлик аниқланган кунда амалда бўлган энг кам иш ҳақи миқдоридан келиб чиқиб молиявий санкция ҳисобланишига қаратилаётгани бежиз эмас. Суд амалиётининг таҳлили айнан мана шу масалада кўпроқ хатога йўл қўйилганини кўрсатмоқда.

Яна бир муҳим масала. Охирги икки йил мобайнида давлат солиқ хизмати органлари солиқ қарзлари ундирувини солиқ тўловчиларнинг мол-мулкларига қаратиш бўйича суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризалар билан соддалаштирилган тартибда хўжалик судига мурожаат қилиш ўрнига, кўпроқ даъво аризалари бериб келмоқда. Ваҳоланки, Хўжалик процессуал кодексининг 103-моддаси 1-бандига мувофиқ, давлат солиқ хизмати органи ундирувни солиқ тўловчининг мол-мулкига қаратиш бўйича суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза билан ҳам хўжалик судига мурожаат қилиши мумкин. Суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза ХПКнинг 14-бобида белгиланган қоидалар асосида кўриб чиқилади. Энг муҳими, суд буйруғи иш судда муҳокама қилинмасдан, қарздор ва ундирувчи судга чақирилмасдан ҳамда уларнинг тушунтиришлари эшитилмасдан 10 кунлик муддатда берилади. Суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза учун давлат божи эса судга даъво билан умумий тартибда мурожаат қилганда низолашилаётган сумма асосида ҳисоблаб чиқилган ставканинг 50 фоизи миқдорида қарздордан ундирилади.

Албатта, суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризага Солиқ кодексининг 65-моддаси иккинчи қисмида кўрсатилган ҳужжатлар илова қилиниши шарт, акс ҳолда, ХПКнинг 107-моддаси биринчи қисми 3-бандига мувофиқ, аризани қабул қилиш рад этилади. Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризага давлат солиқ хизмати органи ва солиқ тўловчи ўртасида тузилган солиштириш далолатномасининг илова қилинмагани аризани қаноатлантиришни рад этиш учун асос бўлмайди. Агар ХПКнинг 111-моддаси биринчи қисмига мувофиқ суд буйруғи бекор қилинган бўлса, давлат солиқ хизмати органининг талаби даъво аризаси билан хўжалик судига мурожаат қилинганидан кейин умумий тартибда кўриб чиқилиши мумкин.

Суд амалиёти шуни кўрсатмоқдаки, давлат солиқ хизмати органлари томонидан ундирувни солиқ тўловчининг мол-мулкига қаратиш тўғрисидаги даъво аризаларини хўжалик судларига тақдим этишда Солиқ кодексининг 65-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган барча ҳужжатлар ҳар доим ҳам илова қилинмаяпти. Бу эса, ўз навбатида, қарздорлардан солиқ қарзларини давлат бюджетига ундириш тўғрисидаги ишларнинг ўз вақтида кўрилишига тўсқинлик қилмоқда. Шунинг учун қарорнинг 17-бандида хўжалик судлари ундирувни солиқ тўловчининг мол-мулкига қаратиш тўғрисидаги даъво аризасини иш юритиш учун қабул қилишда унга солиқ қарзи борлиги тўғрисида солиқ тўловчининг мавжуд шахсий карточкаларидан кўчирма, солиқ тўловчининг банк ҳисобварақларида пул маблағлари йўқлиги тўғрисидаги банк маълумотномаси, солиқ текшируви натижалари бўйича (бундай текширув ўтказилган тақдирда) солиқ қарзи тўғрисидаги маълумотнома, солиқ тўловчининг охирги ҳисобот даврига доир бухгалтерия балансининг кўчирма нусхаси (молиявий ҳисоботни тақдим этиш муддати ҳали келмаган, янги ташкил этилган юридик шахслар бундан мустасно) илова қилинганини текширишлари шартлиги кўрсатиб ўтилмоқда. Даъво аризаларига давлат солиқ хизмати органлари томонидан қайд этилган ҳужжатларнинг илова қилиниши ундирувни солиқ тўловчининг мол-мулкига қаратиш тўғрисидаги даъво аризаларининг қисқа муддатларда кўриб чиқилиши ҳамда солиқ қарз­ларининг ўз вақтида ундирилишида муҳим омил бўлади, деган фикрдамиз.

Масалан, Қарши шаҳридаги «Техника таъминлаш ва бутлаш»унитар шўъба корхонасининг 9,2 млрд. сўмлик қарзи давлат бюджети ва бюджетдан ташқари мақсадли жамғармаларга солиқлар ҳамда мажбурий тўловлар ўз вақтида амалга оширилмагани сабабли юзага келган. Қарши шаҳар давлат солиқ инспекцияси ўз ваколати доирасида қарзни ундириш чораларини кўрган. Аммо қарздорнинг ҳисоб рақамида пул маблағлари бўлмагани боис қарз тўланмаган. Шундан сўнг давлат солиқ хизмати органи ундирувни қарздорнинг мол-мулкига қаратишни сўраб хўжалик судига даъво аризаси берган. Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган. Кассация инстанцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Ёки бошқа мисол. Тошкент шаҳар Миробод туман давлат солиқ инспекцияси хўжалик судига мурожаат қилганидан кейин «Нодирабегим бизнес»хусусий корхонаси 13,9 минг сўм солиқ қарзини ортиғи билан (19,7 минг сўм) тўлаган бўлса-да, суд мажлисида давлат солиқ хизмати органининг вакили бўлиб қатнашган Ш.Низамов солиқ қарзи тўланганини судга маълум қилмасдан, 13,9 минг сўмни иккинчи марта ундиришни сўрагани туфайли биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган. Натижада, тадбиркорлик субъектининг ҳуқуқ­лари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилган. Кассация инстанцияси судининг қарори билан ушбу ҳал қилув қарори бекор қилиниб, даъво рад этилган. Шунингдек, хусусий ажрим чиқарилиб, Давлат солиқ қўмитасига юборилган.

Ундирувни солиқ тўловчининг мол-мулкига қаратиш ҳақидаги ишларни кўришда давлат солиқ хизмати органлари низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этганлигига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Ушбу масалада ҳали ҳам баъзи бир камчиликларга чек қўйилгани йўқ. Бу тартибга риоя этилмаган ҳолда берилган даъво аризаси ХПКнинг 118-моддаси биринчи қисми 6-бандига мувофиқ қайтарилади, даъво аризаси иш юритишга қабул қилинганидан кейин бундай ҳолат аниқланган бўлса, ХПКнинг 88-моддаси 5-бандига мувофиқ даъво кўрилмасдан қолдирилади.

Солиқ кодексининг 61-моддаси биринчи қисмига мувофиқ солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабнома солиқ тўловчи томонидан олинган кундан эътиборан беш кун ичида солиқ қарзи узилмаган тақдирда, давлат солиқ хизмати органлари уни ушбу кодекснинг 63-моддасида белгиланган тартибда солиқ тўловчининг банк ҳисобварақларидан сўзсиз ундириш чораларини қўллайди.

Маълумки, солиқ қарзини солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварақларидан сўзсиз ундириш, ундирувни солиқ тўловчига унинг дебиторлари ўтказиши лозим бўлган суммаларга ёхуд солиқ тўловчининг мол-мулкига қаратиш солиқ қарзини мажбурий ундириш чораларидир. Давлат солиқ хизмати органининг солиқ қарзини солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварақларидан сўзсиз ундириш чораларини кўрмасдан, ундирувни солиқ тўловчининг мол-мулкига қаратиш ҳақидаги даъво аризаси ХПКнинг 118-моддаси биринчи қисми 8-бандига мувофиқ қайтарилади, даъво аризаси иш юритишга қабул қилинганидан ке­йин бундай ҳолат аниқланган бўлса, ХПКнинг 88-моддаси 4-бандига мувофиқ даъво кўрилмасдан қолдирилади, албатта, солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварақлари бўлмаган ҳоллар бундан мустаснодир. Назаримизда, давлат солиқ хизмати органи хўжалик судига даъво аризаси берилгунга қадар ундирувни солиқ тўловчига унинг дебиторлари ўтказиши лозим бўл­ган суммаларга қаратмаган бўлса, бу ҳолат даъвони мазмунан кўришга тўсқинлик қилмайди.

Солиқ тўловчиларнинг Солиқ кодексида назарда тутилган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чораларини қўллаш билан боғлиқ ишлар жумласига солиқ тўловчиларнинг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш, солиқ тўловчиларга молиявий санкцияларни қўллаш ҳақидаги талаблар киради.

Таҳлиллар солиққа оид ҳуқуқ­бузарликлар учун жавобгарлик чораларини қўллаш билан боғлиқ ишларни кўришда Солиқ кодексининг 114 ва 119-моддаларида белгиланган молиявий санкциялар кўпроқ қўлланилаётганини, шу билан бирга, ушбу қонун нормалари турлича талқин қилинаётганини кўрсатди. Шу сабабли ушбу қонун нормаларини амалиётда тўғри қўллаш борасида ҳам тушунтиришлар берилаяпти.

Солиқ кодексининг 114-моддаси учинчи қисмида товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган тушумни яшириш (камайтириб кўрсатиш) деганда нималар эътироф этилиши аниқ кўрсатилган. Лекин Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Бюджет билан ҳисоб-китоблар учун хўжалик юритувчи субъектларнинг масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги (1996 йил 9 август) Фармонининг 3-банди бешинчи хатбошисига мувофиқ барча чакана савдо корхоналари, шунингдек, аҳолига хизмат кўрсатувчи корхоналарнинг тушган нақд пул маблағларини ҳар куни банк муассасаларига топширмаслиги ҳам тушумни яшириш деб баҳоланади. Шу сабабли товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган нақд пул маблағларини банкка топширмаслик учун Солиқ кодексининг 114-моддаси биринчи қисмига мувофиқ яширилган (камайтириб кўрсатилган) тушум суммасига тенг миқдорда жарима солиниши, ушбу рўйхатнинг тугал ҳисобланиши ва кенгайтирилган тарзда талқин қилинишига йўл қўйилмаслиги низоларни ҳал этишда ҳисобга олиниши керак.

Ўзбекистон Республикасининг «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуни 10-моддаси биринчи қисмига асосан бухгалтерия ҳисоби регистрлари икки ёқлама ёзув қоидаларига мувофиқ юритиладиган журналлар, қайдномалар, дафтарлар, тасдиқланган бланкалар (шакллар)дир. Шундай экан, текширишда товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган сумма корхона бухгалтерия ҳисоботлари, яъни регистрларда тўлиқ акс эттирилган, бироқ давлат солиқ хизмати органига топширилган солиқ ҳисоботида кам кўрсатилган ҳолларда солиқ ҳисоботида кам кўрсатилган тушум суммаси тушумни яшириш деб баҳоланмайди. Бунда ўтказилган текшириш натижалари ва корхона ҳисоботи ўртасидаги тушум фарқидан белгиланган тартибда қўшимча солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ҳамда уларга нисбатан пеня ҳисобланиши мумкин.

Кирим қилинмаган товарлар қиймати юзасидан давлат солиқ хизмати органи ва солиқ тўловчи ўртасида низо вужудга келган ҳолда, у манфаатдор тарафларнинг илтимосномаси бўйича хўжалик суди томонидан тайинланган мутахассис (эксперт)нинг хулосаси асосида белгиланади. Бунда мутахассис (эксперт) сифатида баҳолаш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган ҳам жисмоний, ҳам юридик шахс қатнашиши мумкин.

Фискал хотирали назорат-касса машиналарини ва (ёки) тўловларни пластик карточкалар асосида қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминалларини ишлатиш мажбурий бўлгани ҳолда, уларни ишлатмасдан ёки ўрнатмасдан савдони амалга оширганлик ва хизматлар кўрсатганлик, шунинг­дек, сотиб олувчига квитанциялар ёзиб бериш, талонлар, чеклар ёки уларга тенглаштирилган бошқа ҳужжатларни бериш мажбурий бўлгани ҳолда, бундай ҳужжатларни бермасдан товарларни реализация қилганлик ва хизматлар кўрсатганлик учун Солиқ кодексининг 119-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган миқдорда жарима солинади. Техник талабларга жавоб бермайдиган назорат-касса машиналаридан фойдаланганлик ёки фискал хотирасининг хизмат кўрсатиш дастури бузилган назорат-касса машиналаридан фойдаланганлик, шунингдек, пластик карточкалар асосида тўловларни қабул қилишни рад этганлик учун ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган миқдорда жарима солинади.

Ушбу тоифадаги низоларни ҳал этишда хўжалик судлари фискал хотирали назорат-касса машиналарининг ва бир марталик ёзиб бериладиган квитанцияларнинг давлат солиқ хизмати органидан рўйхатдан ўтказилганига эътибор қаратишлари лозим. Тегишли тартибда рўйхатдан ўтказилмаган назорат-касса машиналари ёки квитанциялардан фойдаланганлик солиқ тўловчига Солиқ кодексининг 119-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган молиявий санк­ция қўллаш учун асос бўлади.

Солиқ тўловчининг бир неча савдо шохобчалари мавжуд бўлиб, бир солиқ текшируви жараёнида уларнинг барчасида Солиқ кодексининг 119-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик содир этилганда, солиқ тўловчига бир марта молиявий санкция қўлланилиши инобатга олиниши лозим, санкция қўлланилганидан кейин бир йил ичида такрор содир этилган ҳуқуқбузарлик бундан мустаснодир.

Мисол учун, Бухоро шаҳридаги «Mashkurabonu»масъулияти чекланган жамиятида солиқ қонунчилигига риоя қилиниши юзасидан ўтказилган текширишда 164,4 минг сўмлик улгуржи савдо фаолияти ҳамда 166,0 минг сўмлик транспорт хизмати фаолияти лицензиясиз амалга оширилгани ҳамда учта йўналиш бўйича йўловчиларга чипта берилмагани аниқланган.

Бухоро шаҳар давлат солиқ инс­пекцияси хўжалик судига мурожаат қилиб, «Mashkurabonu»масъулияти чекланган жамиятига Солиқ кодексининг 117-моддасига асосан 330,4 минг сўм, 119-моддасининг биринчи қисмига асосан 3 та ҳолат бўйича 1 676 700 сўмдан 2 794 500 сўмгача миқдорда молиявий жарима қўллашни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан Солиқ кодексининг 117-моддасига асосан 330,4 минг сўм, 119-моддасининг биринчи қисмига асосан 3 та ҳолат бўйича 1 676 700 сўм молиявий жарима қўлланилган. Кассация инстанцияси судининг қарори билан учта йўналишда содир этилган айнан битта ҳуқуқбузарлик учун қўлланилган молиявий жарима миқдори 1 676 700 сўмдан 558 900 сўмга ўзгартирилган.

Солиқ кодексининг 119-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар жарима қўлланилганидан кейин бир йил ичида такрор содир этилганда, ушбу модданинг иккинчи қисмида белгиланган миқдорда, ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар жарима қўлланилганидан кейин бир йил ичида такрор содир этилганда эса, ушбу модданинг тўртинчи қисмида белгиланган миқдорда жарима солинади.

Маълумки, Солиқ кодексининг 69-моддаси биринчи қисмига мувофиқ давлат солиқ хизмати органлари, божхона органлари ҳамда зиммасига солиқлар ва бош­қа мажбурий тўловларни ундириш вазифаси юклатилган бош­қа давлат органлари ҳамда ташкилотлари бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига тушумлар ҳисобини юритиши керак. Шу муносабат билан солиқ тўловчилар томонидан ортиқча тўланган ёки асоссиз ундирилган пул маблағларини (солиқлар, мажбурий тўловлар, жарималар, пенялар) давлат солиқ хизмати органларидан ундириш тўғрисида даъволар берилганда хўжалик судлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва (ёки) унинг ҳудудий органларини, бюджетдан ташқари Пенсия жам­ғармаси ва (ёки) унинг ҳудудий органларини, Республика йўл жам­ғармасини, бюджетдан ташқари Мактаб таълими жамғармасини Хўжалик процессуал кодексининг 42-моддасига мувофиқ низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган жавобгар томонидаги учинчи шахслар сифатида ишда иштирок этишга жалб қилишлари, улардан юзага келган масалалар бўйича ёзма хулосалар (фикрномалар) талаб қилиб олиниши низонинг тўғри ҳал этилишига ва одил судловнинг амалга ошишига ёрдам беради.

Ундирилган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар давлат солиқ хизмати органларига эмас, балки давлат бюджетига ва давлат мақсадли жамғармаларига тушиши сабабли солиқ тўловчиларнинг ушбу солиқлар ва тўловларни ундириш тўғрисидаги даъволари қаноатлантирилганда жарималар, пенялар ва фоизлар ундирилмаслиги инобатга олиниши лозим.

Башарти, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги (2005 йил 14 июнь) Фармонининг 3-бандига мувофиқ давлат солиқ хизмати органларининг ноқонуний қарорлари ёки мансабдор шахсларининг қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан пул маблағлари (солиқлар, мажбурий тўловлар, жарималар, пенялар) асоссиз ундирилиши натижасида солиқ тўловчига зарар етказилгани исботланса, ушбу пул маблағлари уни асоссиз ундирган давлат солиқ хизмати органларининг бюджетдан таш­қари жам­ғарма маблағлари ҳисобидан қопланади.

Ундирувни солиқ тўловчининг мол-мулкига қаратиш, солиқ тўловчига молиявий санкция қўллаш, унинг банклардаги ҳисобварақлари бўйича опера­цияларни тўхтатиб туриш, давлат солиқ хизмати органининг қарорини ҳақиқий эмас деб топиш, инкассо топшириқномасини ижро этилиши мумкин эмас деб топиш ҳақидаги ишларни кўришда ХПКнинг 55-моддаси биринчи қисмига мос ҳолда исботлаш мажбурияти айнан давлат солиқ хизмати органи зиммасига юкланади. Шундай экан, давлат солиқ хизмати органи томонидан хўжалик судига тақдим қилинган далиллар ишдаги барча далиллар билан бирга баҳоланиши лозим. Давлат солиқ хизмати органи ўз талабларини ёки қарорининг қабул қилинишига асос бўлган ҳолатларни ҳужжатлар асосида исботлаб бера олмаса, унинг талаблари қаноатлантирмасдан қолдирилади.

Масалан, Зомин туман давлат солиқ инспекцияси «Анум агро»савдо ишлаб чиқариш МЧЖда ўтказилган текшириш натижаларига асосланиб, МЧЖга 4,0 млн. сўм миқдорида молиявий санкция қўллашни сўраб хўжалик судига ариза берган. Биринчи инс­танция суди иш учун аҳамиятли ҳолатларни тўлиқ аниқлаб, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаб, даъвони рад этган. Шунингдек, хусусий ажрим чиқарилиб, Жиззах вилоят давлат солиқ бошқармасига юборилган.

Ишдаги барча далиллар текшириш қоида ва тартибни бузган ҳолда ўтказилганидан далолат беради. Жумладан, текшириш учун асос бўлган ҳужжатлар (текширишларни мувофиқлаштириш режасидан кўчирма, текшириш буйруғи ва режаси) белгиланган тартибда тилхат асосида тадбиркорлик субъектига топширилмаган. Текшириш натижаси юзасидан тузилган далолатнома ҳам берилмаган. Натижада, «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасига мувофиқ, хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилишнинг асосий принциплари бузилган. Булар назорат қилувчи органлар фаолиятида қонунийлик, холислик ва ошкоралик, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятига аралашмаслик принципларидир.

Хусусий ажримни муҳокама қилиш натижалари бўйича текширишда йўл қўйилган хатолар, шу жумладан, «Анум агро»савдо ишлаб чиқариш МЧЖнинг молиявий хўжалик фаолиятига ноқонуний аралашганликлари учун Зомин туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Ж.Жингилбоев, ходимлари Х.Алиқулов ва М.Дусбековга ўртача ойлик иш ҳақининг 30 фоизини ушлаб қолиш интизомий жазо чораси қўлланган. Апелляция ва кассация инстанцияси судларининг қарорлари билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Қарорда давлат солиқ хизмати органлари ва солиқ тўловчилар ўртасидаги ишларни кўришни такомиллаштиришга қаратилган бир қатор бошқа муҳим тушунтиришлар ҳам ўрин олган. Мазкур Пленум қарорининг қабул қилиниши суд қарорларининг қонунийлигини, хўжалик юритувчи субъектлар, тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларининг ҳимоя қилинишини таъминлашда, мамлакатимиз иқтисодиётининг янада ривожланишини рағбатлантиришда муҳим аҳамиятга эга.
 

Иброҳим АЛИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Олий хўжалик судининг ҳайъат раис