Қонун ҳужжатларини такомиллаштириш — давр талаби

Биз юртимизда сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда бу борада қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳақидаги нашрлар циклини давом эттирмоқдамиз.

Ўтган йилнинг декабрь ойида чоп этилган аввалги мақолада сайловлар, ижро иши юритиш, жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига киритилган тузатишлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг кодексларидаги ярашув жиноий-ҳуқуқий институтини кенгайтириш, фуқаролик процессида вакиллик институтини такомиллаштириш, сифатсиз ва қалбаки дорилар ҳамда тиббий буюмлар билан муомала қилиниши учун жавобгарликни кучайтириш билан боғлиқ ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида гапириб ўтилган эди.

Шу билан бирга, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятининг норматив базасини янада такомиллаштириш, қонун ҳужжатларидаги қарама-қаршиликларни бартараф этиш кераклигини кўрсатмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ислом Каримов Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузасида қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий базадаги камчилик ва нуқсонларга имкон қадар тезроқ барҳам бериш, ҳуқуқни қўллаш амалиётида ғоят жиддий ўзгаришларни жорий этиш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органларининг фаолиятида фақат ва фақат қонунга риоя этилишини таъминлаш биз барпо этаётган ҳуқуқий давлатни шакллантиришда нақадар муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб ўтгани бежиз эмас.

Давлат раҳбарининг бу талабларидан келиб чиқиб, мазкур йўналишдаги ишлар доимий асосда олиб борилмоқда.

Жумладан, фақатгина 2009 йил ва 2010 йилнинг ўтган даври мобайнида Бош прокуратура томонидан мамлакат парламентига Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, шунингдек, жамият ҳаётининг бошқа соҳаларини тартибга солишга қаратилган 11 та қонун лойиҳаси киритилган. Уларнинг бир қисми аввалги мақолаларимизда ёритилган эди, шу боис қонунчиликка киритилган кейинги ўзгартишларга оид қонун лойиҳаларига назар ташласак.

Хусусан, жорий йилнинг 18 май куни маъқулланган «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча киритиш тўғрисида»ги Қонун жиноят қонунини янада либераллаштириш ва жиноий жазоларни дифференциялашга қаратилган. Мазкур Қонун лойиҳаси енгиллаштирувчи ҳолатлар мавжудлигида жиноят учун жазо та­йинлашнинг ҳуқуқий механизмларини ўрганиш натижалари бўйича ишлаб чиқилган эди.

Жумладан, Жиноят кодексининг 55-моддасида назарда тутилган жазони енгиллаштирувчи барча ҳолатлардан фақатгина айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилиш, чин кўнгилдан пушаймон бўлиш, жиноятни очиш учун фаол ёрдам бериш ва етказилган зарарни бартараф этиш (55-модда биринчи қисмининг «а»ва «б»бандлари) каби ҳолатлар айбдорнинг жиноят содир этилгандан сўнг фаол ижобий ҳаракатлари сифатида ажралиб туради.

Юқоридаги тўртта ҳолат айбдорнинг амалда пушаймон бўлганлигини билдириб, унинг ўз қилмишининг ғайриқонунийлигини англаганлигидан ва у учун жазо олишга тайёр эканлигидан далолат беради.

Шу билан бирга, қонунда қайд этилган енгиллаштирувчи ҳолатлар мавжудлигида жазонинг аниқ чегараси ва енгилроқ жазо тайинланишининг ҳуқуқий кафолатлари белгиланмаганлиги сабабли, айбдор шахслар пушаймонликни фаол ҳаракат орқали намоён этишдан ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эмас эди. Бу ҳолат эса жиноятларнинг тез фош этилиши, бошқа иштирокчиларнинг қидируви ва ушланиши, кечиктириб бўлмайдиган бошқа тергов ҳаракатларининг тезкорлик билан олиб борилишига ёрдам бермас эди.

Шу сабабдан қабул қилинган Қонун билан Жиноят кодексига янги 571-модда киритилиб, унда юқорида кўрсатилган ҳолларда ва оғирлаштирувчи ҳолатлар йўқлигида жазо муддати ёки миқдори Жиноят кодекси Махсус қисмининг тегишли моддасида назарда тутилган энг кўп жазонинг учдан икки қисмидан ошмайдиган жазо тайинланиши лозимлиги белгилаб қўйилди.

Бунда киритилган норма ижтимоий хавфи юқори бўлган, оғирлаштирувчи ҳолатлардаги қасд­дан одам ўлдириш (Жиноят кодекси 97-моддасининг иккинчи қисми) ва терроризм (155-моддасининг учинчи қисми) билан боғлиқ жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Қонунчиликдаги яна бир бўшлиқ касб юзасидан ўз вазифаларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги оқибатида бошқа шахс­ларга ОИВ касаллигини юқтириш учун жиноий жавобгарлик масалалари билан боғлиқ бўлган.

Жиноят кодексида бундай қилмиш учун жавобгарликни белгиловчи махсус меъёр мавжуд эмаслиги боис ОИВ касаллигининг тарқалишига қарши курашиш борасида ҳуқуқни қўллаш ва тергов-суд амалиётида бу тоифадаги жиноятларни ҳуқуқий жиҳатдан тўғри малакалашда муаммолар юзага келар эди.

Жумладан, Жиноят кодексининг 116-моддасида касб юзасидан ўз вазифаларини бажармаслик ёки лозим даражада бажармаслик учун жавобгарликни назарда тутиб, бундай жавобгарлик фақатгина баданга ўртача оғир шикаст, оғир шикаст, одамнинг ўлими каби оқибатлар келиб чиққан ҳолдагина юзага келади. Бунда ОИВ инфекциясини юқтириш ҳолатининг ўзини, оқибатда ўлим юз бермаган бўлса, жавобгарлик учун асос бўлувчи оқибатлар сирасига киритиш мумкин эмас.

Шу сабабли, 2010 йил 24 май куни Қонун қабул қилиниб, Жиноят кодексининг 113-моддаси шахс­нинг касб юзасидан ўз вазифаларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги оқибатида бошқа шахсга ОИВ касаллиги/ОИТСни юқтириши учун олти ойгача қамоқ ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жавобгарликни назарда тутувчи бешинчи қисм билан тўлдирилди.

Мазкур норма ОИВ касаллигининг тарқалишига қарши курашиш борасида амалга оширилаётган чораларнинг самарадорлигини ва тиббиёт ходимларининг ушбу касалликнинг олдини олиш қоидаларига қатъий риоя этиши учун масъулиятини оширишга қаратилган.

Жиноят кодекси 113-моддасининг янги таҳририда «ОИТС касаллиги»термини ўрнига «ОИВ касаллиги/ОИТС»терминидан фойдаланилганлиги сабабли худди шу Қонун билан Жиноят кодексининг 661-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 57-59-моддаларида ҳам шу каби ўзгартишлар амалга оширилиб, «Одамнинг иммунитет тан­қислиги вируси билан касалланишининг (ОИВ касаллигининг) олдини олиш тўғрисида»ги Қонунга тузатишлар киритилди.

Мамлакатимизда болаларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимини мустаҳкамлаш, ота-оналарнинг ўсиб келаётган авлод учун масъулиятини ошириш борасида кўрилаётган чоралар алоҳида эътиборга сазовор.

Амалга оширилаётган чоралар натижасида республикада вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликнинг камайиш тенденцияси кузатилмоқда. 2000 йилга нисбатан ўтган йилда болалар жиноятчилиги 19,8 фоизга, жиноят содир этишда иштирок этган вояга етмаганлар сони 12,2 фоизга камайди.

Айни вақтда вояга етмаганлар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этиш ҳоллари кўпайди.

Вояга етмаганларнинг ҳуқуқбузарликлар содир этишига имкон бераётган шарт-шароитларнинг таҳлили шуни кўрсатдики, кўп ҳолларда, бунга уларнинг тунги вақтда турли кўнгилочар масканларда назоратсиз юришлари ва аксарият ҳолларда бу ерда спиртли ичимликлар истеъмол қилишлари омил бўлмоқда.

Вояга етмаганларнинг бўш вақтларини бу тариқа ўтказишларига кўнгилочар масканларнинг раҳбарлари ва бошқа масъул ходимларнинг тунги вақтда мазкур муассасаларда вояга етмаганнинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахснинг кузатувисиз ҳозир бўлишига йўл қўйганлиги учун жавобгарлиги белгиланмаганлиги асосий сабаблардан бири бўлмоқда.

Шуни инобатга олиб, жорий йилнинг 17 май куни «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун қабул қилинди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ресторанлар, кафелар, барлар, клублар, дискотекалар, кинотеатрлар, компьютер заллари, Интернет тармоғидан фойдаланиш хизматларини кўрсатиш учун жиҳозланган хоналар ёки бошқа кўнгил очиш (дам олиш) жойларида вояга етмаган шахснинг тунги вақтда ота-онасидан бири ёки унинг ўрнини босувчи шахснинг кузатувисиз бўлишига йўл қўйганлик учун мазкур жойларнинг раҳбарлари ёхуд бошқа масъул шахсларнинг жавобгарлигини назарда тутувчи янги 1882-модда билан тўлдирилди.

Мазкур ҳуқуқбузарлик субъекти сифатида кўнгил очиш (дам олиш) жойларининг раҳбарларидан ташқари, бундай жойларда тегишли фармойиш, меҳнат шартномаси, вазифалар тақсимоти билан ёхуд эгаллаб турган хизмат мавқеи туфайли кўнгил очиш (дам олиш) жойларида аҳолига ҳизмат кўрсатиш қоидаларига ёки мижозларнинг кириб-чиқиш тартибига риоя қилинишини таъминлаш учун жавобгарлик юкланган бошқа масъул шахсларни ҳисоблаш керак.

Ушбу ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун суд айбдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима маъмурий жазо чорасини белгилаши мумкин.

Шуни назарда тутиш лозимки, киритилган нормани тўғри қўллаш учун «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 3-моддасидаги ота-онанинг ўрнини босувчи шахслар деганда қонунда белгиланган тартибда болага нисбатан ота-оналик ҳуқуқини амалга оширувчи ва ота-оналик мажбуриятларини бажарувчи, лекин боланинг ота-онаси бўлмаган шахслар (фарзанд­ликка олувчилар, васийлар ва ҳомийлар) тушунилиши кераклиги ҳақидаги қоидалардан келиб чиқиш зарур.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1882-моддасида кўрсатилган бошқа кўнгил очиш (дам олиш) жойларига кафетерийлар, ошхоналар, чойхоналар, буфетлар каби умумий овқатланиш жойлари, шунингдек, театрлар, концерт заллари, ўйинхоналар, бильярдхоналар ва бош­қа шу каби жойларни киритиш лозим.

Ушбу моддада қўлланиладиган тунги вақтни аниқлаш учун Меҳнат кодексининг 122-моддасига мурожаат қиламиз, унга кўра соат 22-00 дан то соат 6-00 гача бўлган вақт тунги деб ҳисобланади.

Бундан ташқари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига болаларнинг ҳимоясига оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимидаги органлар ва муассасаларнинг масъулиятини ошириш, болаларнинг девиант (яъни жамиятда эътироф этилган ҳуқуқий ва ахлоқий нормаларга зид бўлган) хулқ-атворини эрта аниқлаш ва бартараф этиш борасидаги тадбирлар самарадорлигини кескин яхшилашга қаратилган «Вояга етмаганларнинг назоратсизлиги ва ҳуқуқбузарликларининг олдини олиш тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси киритилган.

Таъкидлаш жоизки, вояга етмаганларнинг назоратсизлиги ва ҳуқуқбузарликларининг олдини олиш масалалари ҳукуматнинг алоҳида қарорлари, алоқадор вазирликлар ва идораларнинг идоравий ҳужжатлари билан тартибга солинган, бу эса, ўз навбатида, мазкур муаммоларни ҳал қилишга мутасадди бўлган идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва иш самарадорлигини оширишга етарли имкон бермаяпти.

Ишлаб чиқилган лойиҳада эса вояга етмаганларнинг назоратсизлиги ва ҳуқуқбузарликларини профилактика қилиш тизимидаги идоралар ва муассасалар, улар фаолиятининг асосий йўналишлари, вазифалари ҳамда ваколатлари пухта ва комплекс тарзда белгиланган. Унда ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган вояга етмаганлар ва оилалар билан профилактика ишини олиб бориш тартиби, вояга етмаганларни ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари ва вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларига жойлаштириш асослари ва бошқа масалалар мустаҳкамланган.

Сизларга маълумки, болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида республикамиз томонидан 2008 йилда Ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш тўғрисидаги Конвенция ҳамда Болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисидаги Конвенциялар ратификация қилинган.

Халқаро Меҳнат Ташкилотининг мазкур конвенцияларини миллий қонунчиликка сингдириш, боланинг ҳаёти, соғлиғининг муҳофаза қилиниши ва ота-оналар ва бошқа шахсларнинг суи­истеъмолликларидан ҳимоя қилинишга бўлган ҳуқуқларининг рўёбга чиқарилишини таъминлаш учун 2009 йилнинг декабрь ойида қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган.

Хусусан, 2009 йил 21 декабрь кунги «Вояга етмаган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонунга мувофиқ, Кодекснинг 49-моддаси вояга етмаганларнинг меҳнати ва уни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун мансабдор шахсга оғирроқ жазо қўллашни назарда тутувчи янги норма билан тўлдирилди.

Бундан ташқари, вояга етмаган шахс меҳнатидан унинг соғлиғи, хавфсизлиги ёки ахлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган ишларда фойдаланишда айбдор шахслар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги киритилган 491-модда бўйича жавобгарликка тортиладилар.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддасига киритилган ўзгартишлар асосида вояга етмаган шахсни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш учун жазо чоралари кучайтирилди.

Агар меҳнатга бирон бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлса, вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган худди шундай ҳуқуқбузарлик учун энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солинади.

2009 йил 24 декабрдаги Қонун билан Меҳнат кодекси ва «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунга ўзгартишлар киритилиб, шахсни ишга қабул қилиш мумкин бўлган энг кичик ёш чегараси кўтарилди.

Эндиликда ишга қабул қилишга фақатгина ўн олти ёшдан йўл қўйилади.

Айни пайтда, агар умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларининг ўқувчилари ўн беш ёшга тўлган бўлса, ўқишдан бўш вақтида ота-онасидан бирининг ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслардан бирининг ёзма розилиги билан соғлиғига ҳамда маънавий ва ахлоқий камол топишига зиён етказмайдиган, таълим олиш жараёнини бузмайдиган енгил ишни бажариши учун ишга қабул қилиниши мумкин.

Мазкур Қонун қабул қилингунга қадар ўқувчиларни ишга қабул қилишга ўн тўрт ёшга тўлгандан кейин йўл қўйилар эди.

Эътиборингизга ҳавола қилмоқчи бўлган яна бир ҳужжат фуқароларнинг соғлиғини сақлаш, бу соҳада инсон ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш масалаларига тааллуқлидир.

Жумладан, прокуратура органлари томонидан фуқароларнинг соғлиғини сақлаш тўғрисидаги қонунчилик ижроси аҳволи текширилди.

Текшириш давомида хусусий тиббий амалиёт билан шуғулланувчи жисмоний шахслар томонидан тиббий хизматлар кўрсатиш тартибига оид қонун ҳужжатларининг жиддий бузилиши ҳолатлари аниқланди.

Ўрганиш кўрсатдики, хусусий тиббиёт амалиёти билан шуғулланишга лицензияга эга бўлган 1187 нафар жисмоний шахсдан ҳақи­қатан 581 нафаригина ўз фаолиятини амалга ошириб келган.

Бунда хусусий равишда ишловчи шифокорларнинг аксарияти даволаш жараёни стандартлари, санитария ва гигиена қоидалари, асбобларни стерилизация қилиш ва ишлатилган тиббий буюмларни утилизация қилиш бўйича талабларга риоя этмаган ҳолда тиббиёт хизматларини кўрсатиб келган.

Санитария қоидалари ва нормаларига кўра, хусусий тиббий амалиёт билан шуғулланувчи 542 нафар шифокор (581 нафаридан) фаолият тури бўйича махсус ўргатилган тиббиёт ходимлари билан тўлдирилган стерилизация қилиш бўлинмаларига эга бўлиши лозим эди, бу эса фақатгина юридик шахс шароитида ташкил этилиши мумкин.

Ушбу ҳолатларни инобатга олиб, фуқароларнинг соғлиғини сақлашга доир ҳуқуқларининг кафолатланишини таъминлаш мақсадида 2010 йил 19 май куни «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10 ва 11-моддаларига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги Қонун қабул қилинди. Киритилган тузатишларга кўра, жисмоний шахслар хусусий тиббиёт фаолияти билан шуғулланилишига йўл қўйилмайди.

Ҳозирги вақтда мамлакат парламентида яна бир ҳужжат — «Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси кўриб чиқилмоқда.

Мазкур лойиҳанинг ишлаб чиқилишидан олдин прокуратура органлари томонидан маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятида текшириш ўтказилиб, унда қабристонларни сақлаш ва ободонлаштириш ишига хўжасизларча ва масъулиятсизлик билан қараш, фуқаролар томонидан келгусида қабрлар солиш учун ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаш, қабристонларни ташкил қилиш мақсадида маданий-мемориал ком­плексларининг фондларидан ерларни ноқонуний ажратиш ҳолатлари аниқланган, қабристонларни ободонлаштиришга ажратилган бюджет маблағларининг талон-торож қилиниши ва мақсадсиз ишлатилиши ҳоллари фош этилган.

Мазкур соҳада бундай аҳволнинг юзага келишининг сабабларидан бири — ҳозирги замон талабларига жавоб берадиган, дафн этиш ва дафн иши масалаларини тартибга солувчи қонунчилик актининг мавжуд эмаслигидир.

Кўп конфессионал жамиятимиз ҳаётининг бу муҳим соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш мақсадида «Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Лойиҳада асосий тушунчаларнинг таърифини белгилаш, марҳумнинг муносиб равишда дафн этилиши кафолатларини мустаҳкамлаш, дафн этиш жойлари ва дафн ишини ташкил қилиш борасидаги муносабатларни, шунингдек, бошқа ҳуқуқий жиҳатларни тартибга солиш кўзда тутилган.

Хусусан, унда вафот этганидан кейин жасадига ҳурматни ўрнига қўйган ҳолда муносабатда бўлиш юзасидан шахснинг ҳаётлик чоғида хоҳиш билдириши ва бошқа ҳуқуқлари белгиланган, дафн этиш жойларини, қабртошларни, панжаралар ва бошқа ашёларни таҳқирлаш ёки вайрон қилиш, шунингдек, жасадни таҳқир этишга тақиқ ўрнатилган.

Қонун лойиҳасининг алоҳида қоидалари билан дафн этиш жойларини ташкил этиш, бу жойлар учун санитария-гигиена ва экологик нормаларига мувофиқ ер майдонини танлаш ҳамда ажратиш масалалари тартибга солинган, уларни сақлаш ва ободонлаштириш бўйича талаблар белгиланган.

«Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси чет давлатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш масалаларида халқаро ҳамкорликни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишни такомиллаштиришга қаратилган.

Ҳозирги вақтда жиноят-процессуал қонунида чет давлатлар муассасалари билан ўзаро муносабатда бўлиш, айбланувчиларни ушлаб бериш ва жиноий таъқиб қилишга оид фақатгина айрим умумий нормалар мавжуд.

Ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ҳақидаги сўровларни юборишда миллий органлар ваколатларининг аниқ белгиланиши, чет давлат ҳудудида олинган далилларнинг юридик кучи, Ўзбекистон Республикасида ушланган жиноятчиларни бериш тўғрисидаги сўровларни бажариш тартиби, ҳамкорликни амалга оширишда ўзаро келишув тамойили каби махсус масалалар бўйича нормаларнинг мавжуд эмаслиги эса ягона тергов-суд амалиётининг шаклланишига тўсқинлик қилмоқда.

Шу билан бирга, халқаро ҳуқуқ тамойиллари ва нормалари, қоида тариқасида, умумий характерга эга бўлиб, халқаро ҳамкорлик борасида муҳим аҳамиятга молик бўлган миллий жиноят-процессуал қонун ҳужжатларининг қоидаларини бутунлай алмаштира олмайди.

Шу муносабат билан, халқаро ҳамкорликни амалга ошириш ва жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш учун амалиётчи-ходимларга зарур бўлган ҳуқуқий базани такомиллаштириш мақсадида Бош прокуратура томонидан тегишли Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Жиноят-процессуал кодексини янги боб билан тўлдириш таклиф этилмоқда.

Янги бобда чет давлатга процессуал ҳаракатларни бажариш, унинг ҳудудида бўлган шахсни ушлаб бериш, жиноий таъқибни амалга ошириш учун жиноят иши материалларини юбориш тўғрисида сўровлар юбориш, шунингдек, чет давлатлар муассасаларининг бундай сўровларини Ўзбекистон Республикасида бажариш тартиби каби масалаларни ва бошқа қоидаларни батафсил тартибга солиш назарда тутилади.

Тез кунларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг муҳокамасига Ўзбекистон Республикасининг давлат рамзлари ҳақидаги қонунчиликни такомиллаштиришга йўналтирилган қонун лойиҳасининг киритилиши кутилмоқда.

Асосий қонунимизнинг 5-моддасида акс эттирилган Ўзбекистон Республикасининг давлат рамзлари — байроқ, герб, мадҳия ҳам давлат суверенитети, миллатнинг бирлиги, унинг ўтмиши ва келажагининг рамзи, ҳам миллий ифтихордир.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти биноси, дипломатик ва консуллик муассасалари олдида Ўзбекистон Республикаси давлат байроғининг ҳилпираб туриши ёки давлатлар раҳбарларининг расмий ташрифлари давомида, шунингдек, спортчиларимизнинг халқаро майдондаги ғалабалари шарафига ёхуд бошқа тантаналарда давлат мадҳиясининг янграши ҳар бир кишида миллий ғурур ҳиссини уйғотади.

Шу боис барчамиз давлатнинг бу тимсолларини ёдда тутишимиз, сақлашимиз ва ҳурматсизлик кўринишларидан муҳофаза қилишимиз шарт.

Шуларни инобатга олиб, «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида», «Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида»ва «Ўзбекистон Республикасининг Давлат мад­ҳияси тўғрисида»ги қонунларга давлат рамзларининг тижорат мақсадида ишлатилишига чек қўйишга, шунингдек, давлат рамзлари ҳақидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун жавобгарликни мустаҳкамлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Шунингдек, лойиҳада байроқнинг кўтарилиши, герб тасвирининг ўрнатиб қўйилиши ҳамда мадҳиянинг ижро этилиши ҳолатларига аниқлик киритилмоқда.

Бундан ташқари, одам бир-бирини кўрганда ўзаро ҳурмат-эҳтиромини изҳор қилиши, қўлини кўксига қўйиб, ҳол-аҳвол сўрашиши авлод-аждодларимиздан ўтиб келаётган ўзбекларга хос одат, анъана ҳисобланади. Шуни инобатга олиб, «Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида»ги Қонуннинг давлат мадҳияси оммавий тадбирда ижро этилаётганда ўнг қўлни кўксига қўйиш ҳақидаги қоида билан тўлдирилишида бу азалий одатларимиз унга сингдирилишининг бир кўринишидир.

Фуқароларнинг ватанпарварлик ҳис-туйғуларидан ўз манфаати учун фойдаланишнинг олдини олиш мақсадида давлат рамзлари (байроқ ва герб) тасвирларидан товарларни (ишларни, хизматларни) ўтказиш учун тижорат мақсадларида фойдаланиш, шунингдек, уларнинг элементларини нодавлат ташкилотларнинг ҳужжатлари реквизитлари ёки реклама материалларига қўшишга тақиқ солинмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексини давлат рамзлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарликни белгиловчи 2031-модда билан тўлдириш таклиф қилинмоқда.

Шунингдек, йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни такомиллаштиришга йўналтирилган, инсонларнинг хавфсизлигини сезиларли даражада пасайтирадиган ва кўпинча жиддий йўл-транспорт ҳодисаларига олиб келадиган қўпол қоидабузарликлар содир этадиган транспорт воситалари ҳайдовчилари ва йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчиларига нисбатан маъмурий жавобгарликни кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилмоқда.

Суд-экспертлик фаолиятининг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштиришга қаратилган кейинги ҳужжат жорий йилнинг 1 июнь куни қабул қилинган «Суд экспертизаси тўғрисида»ги Қонундир.

Бундан аввал Ўзбекистон қонунчилигида суд экспертизаси соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи ва бундай фаолиятнинг асосларини белгиловчи ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд бўлмаган. Фақатгина суд экспертизасини тайинлаш ва ўтказиш масалалари процессуал қонунларда акс эттирилган.

Қабул қилинган Қонунда амалий жиҳатдан долзарб бўлган суд-экспертлик фаолиятининг тушунчаси, унинг принциплари билан боғлиқ масалалар ёритилган, бундай фаолиятнинг барча томонлари тартибга солинган.

Жумладан, унда «суд экспертизаси», «суд-экспертлик фаолияти», «суд эксперти»тушунчаларига илк бор таъриф берилган, суд-экспертлик фаолиятининг тамойиллари, хусусан, қонунийлик, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилиши, суд экспертининг мустақиллиги, холислик, ҳар томонламалик ва тўлиқлик мустаҳкамланган. Шунингдек, суд экспертининг ҳуқуқий мақоми белгиланиб, суд экспертизасининг турлари (қўшимча, қайта, комплекс, комиссиявий) тартибга солинган.

Тўхталиб ўтмоқчи бўлган яна бир қонун ички ишлар органлари ходимларининг ижтимоий ҳи­моясини таъминлашга тегишлидир.

Жиноятчиликка қарши курашиш билан шуғулланувчи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг иши алоҳида хусусиятга эга бўлиб, кўпинча ходимларнинг ҳаётини хавф-хатарга солиш билан боғлиқдир.

Шу боис давлат томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини ҳимоя қилиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ҳаёти ва соғлиғини суғурталашга қаратилган алоҳида чоралар кўрилмоқда.

Жумладан, пенсия ва солиқ қонун ҳужжатлари нормалари билан хизмат бурчларини бажаришда вафот этган ички ишлар органлари ҳарбий хизматчиларининг оилалари учун даромад солиғи солишдан қисман ва мулк солиғидан тўлиқ озод қилиш билан боғлиқ имтиёзлар, шунингдек, пенсияларга устама ҳақлар белгиланган эди.

Бироқ кўрсатилган имтиёзлар ички ишлар органлари ходимларининг барча тоифаларига эмас, балки фақатгина ҳарбий хизматчиларига доир бўлган. Айни пайтда, мустақиллик даври мобайнида хизмат вазифаларини бажаришда вафот этган ички ишлар органлари, шу жумладан, ҳарбий хизматчилар бўлмаган ходимларининг сони оз эмас.

Бир хил шароитлардаги хизматни ўташда, шу жумладан, жанговар вазифаларни бажаришда вафот этган ички ишлар органлари ходимларининг оилалари учун имтиёзлар беришда бундай чегараланиш ижтимоий адолат тамойилига бироз мувофиқ эмас эди.

Шу муносабат билан 2010 йил 20 май куни қабул қилинган қонун билан Ўзбекистон Республикаси «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунининг 28-моддаси ҳамда Солиқ кодексининг 180 ва 275-моддаларига ўзгартишлар киритилди.

Ушбу моддаларнинг янги таҳририга мувофиқ, ички ишлар органларининг ҳарбий хизматчилари учун белгиланган пенсия ва солиқ имтиёзлари эндиликда хизмат вазифаларини бажаришда вафот этган ички ишлар органлари ходимларининг оила аъзоларига ҳам татбиқ этилади.

Ўзбекистонда изчил ривожланаётган солиқ-бюджет сиёсати 2009 йил 30 декабрь куни «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонуннинг қабул қилинишини белгилаб қўйиб, унинг 130 тага яқин моддалари ўзгартирилди. Бунда кодекснинг 6 та моддаси 2010 йилги солиқ-бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари билан боғлиқ бўлса, қолганлари кодекснинг бевосита амал қилишини таъминлаш, унинг алоҳида нормаларидаги ноаниқликларни ва фарқ қиладиган қоидаларни бартараф этиш заруриятидан келиб чиққандир.

Масалан, Солиқ кодексининг 62-моддасига киритилган тузатишлар солиқлар бўйича қарзни ундириш тартибини такомиллаштиришга йўналтирилган. Жумладан, солиқ қарзини мажбурий ундириш чоралари жисмоний шахсларга нисбатан фақат суд тартибида қўлланилиши ҳақидаги қоидадан якка тартибдаги тадбиркорлар чиқариб ташланди. Бундан буён якка тартибдаги тадбиркорларга илгари фақат юридик шахсларга нисбатан қўлланилган чоралар татбиқ этилади, яъни инкассо топшириқномаларини тақдим этиш ва ундирувни солиқ тўловчига унинг дебиторлари ўтказиши лозим бўлган суммаларга қаратишдир.

Солиқ мажбуриятларини бажаришдан бош тортаётган солиқ тўловчи — юридик шахсларга нисбатан солиқ қарзини ундириш чораларининг ўз вақтида қўлланилишини таъминлаш учун Солиқ кодексининг 96-моддасига қўшимча киритилди. Хусусан, давлат солиқ хизмати органларига қу­йидаги ҳолларда солиқ тўловчининг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларини тўхтатиб туриш ваколати берилди: солиқ ва (ёки) молиявий ҳисобот уни тақдим этишнинг белгиланган муддати тугаганидан кейин ўн беш кун ичида солиқ тўловчи — юридик шахс томонидан тақдим этилмаганда, шунингдек, солиқ тўловчи — юридик шахс кўрсатилган манзилда бўлмаганда.

Шундай қилиб, биз қонунчиликдаги суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш билан боғлиқ сўнгги ўзгартишларга қисқа шарҳ беришга ҳаракат қилдик.

Сўзсиз, бу ўзгартишларнинг барчаси қонунчиликни, ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштиришга ва шу билан фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлат манфаатларини таъминлашга йўналтирилгандир.

Давлатимиз раҳбари Ислом Абдуғаниевич Каримов таъкидлаганидек, «агарки, биз иқтисодий ва социал соҳани ислоҳ этиш жараёнларини ижтимоий-сиёсий ва суд-ҳуқуқ тизимини мунтазам янгилаб бориш жараёнлари билан ўзаро аниқ ва чуқур, узвий боғлиқ ҳолда амалга оширишни таъминламас эканмиз, мамлакатимизни модернизация қилиш борасида белгилаб олган юксак марраларимизга эриша олмаймиз». 

 
Рашитжон ҚОДИРОВ,

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори