Мустақил тараққиётнинг ёрқин йўллари

Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш ва адолатли фуқаролик жамиятини шакллантириш борасида Президентимизнинг ташаббуси, ғоялари ва узоқни кўзловчи оқилона сиёсати натижасида беқиёс ютуқларга эришилди. Бугунги кунда Ўзбекистон дунёдаги тараққий этган давлатлар қаторидан ўзига хос ва ўзига мос ўрин эгаллади, жаҳон сиёсий майдонида йирик сиёсатдонлар билан эркин мулоқот, баҳс-мунозараларда қатъий нуқтаи назарини баён этиб, хорижликларнинг эътиборини тортмоқда.

Хусусан, дунёда иқтисодий танглик, яъни жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози ҳукм сураётган бир пайтда давлатимиз раҳбари томонидан ишлаб чиқилган, моҳиятан жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг мамлакатимизга салбий таъсирини камайтиришга хизмат қилаётган Инқирозга қарши чораларнинг 2009-2012 йилларга мўлжалланган дастури муваффақиятли амалга оширилаётгани натижасида ўтган йили ҳамда жорий йилнинг биринчи ярмида юртимиз иқтисодиётида барқарор ўсиш кузатилди.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, дунёдаги иқтисодий жиҳатдан кучли давлатларнинг сиёсатчилари томонидан, масалан, катта йигирмалик саммитида инқироздан эсон-омон қутулиш йўллари изланаётган бир пайтда шу йилнинг 12-13 апрель кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган, дунёнинг 46 давлатидан 400 нафардан ортиқ давлат ва жамоат арбоблари, ишбилармон ҳамда экспертлар, шунингдек, БМТ ва унинг таркибига кирувчи тузилмалар, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, ЕврАзЭС каби йирик халқаро ташкилотлар ҳамда молия институтлари вакиллари иштирок этган «Инқирозга қарши чоралар дастурларининг самарадорлиги ва инқироздан кейинги ривожланишнинг устувор йўналишлари (Ўзбекистон мисолида)»мавзуидаги халқаро илмий-амалий конференцияда ривожланишнинг «Ўзбек модели»асосида барқарор иқтисодий ривожланиш билан боғлиқ Ўзбекистон тажрибаси жаҳон миқёсида эътироф этилганига яна бир марта гувоҳ бўлдик.

Шунингдек, Ўзбекистонда барқарор иқтисодий ўсиш, жадал ривожланиш жараёни давом этаётгани халқаро миқёсда эътироф этилганини шу йилнинг май ойида ватанимиз пойтахтида ўз ишини муваффақиятли якунлаган халқаро анжуман — Осиё тараққиёт банки бошқарувчилар Кенгашининг 43-йиллик мажлисида билдирилган фикрлар ҳам яна бир марта тасдиқлади. Зеро, Осиё тараққиёт банки президенти Харухико Куроданинг фикрига кўра, Ўзбекистон Осиё тараққиёт банкининг минтақадаги етакчи ҳамкори ҳисобланади. Бу борадаги алоқалар янада мустаҳкамланиб бораяпти. Яъни келажакда энергетика, йўлсозлик, сув хўжалиги ва кичик бизнес сингари соҳалар учун инвестициялар киритилиши мўлжалланаётгани бунинг яққол далилидир.

Эътиборли жиҳати шундаки, анжуман иштирокчилари Ўзбекистон иқтисодиётининг ҳозирги ривожланиш даражаси глобал инқироз шароитида асосий иқтисодий кўрсаткичлар ва иқтисодий ўсиш суръатларининг барқарорлиги билан кўплаб давлатларга ўрнак бўлади, деган якдил хулосага келишди.

Ўзбекистоннинг халқаро ташкилотлардаги фаол иштирокини 2010 йилнинг 10-11 июнь кунлари ШҲТнинг Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган саммити ва унда қабул қилинган қатор муҳим ҳужжатлар ҳам тасдиқлайди. Саммит иштирокчилари Ўзбекистон Республикасининг ШҲТга раислик давридаги фаолиятига юксак баҳо бериш баробарида Ўзбекистон ШҲТнинг халқаро алоқаларини ривожлантириш, ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, ШҲТ хартиясидаги мақсадлар, вазифалар ва тамойилларга мувофиқликни сақлаган ҳолда хавф­сизлик ва барқарорликни таъминлаш билан боғлиқ ташаббусларни ишлаб чиқиш ва уларни ҳаётга татбиқ этиш орқали ташкилот фаолиятининг самарадорлигини оширишга катта ҳисса қўшганини алоҳида таъкидлашди.

Шу йилнинг июнь ойида Қирғизистоннинг Ўш ва Жалолобод ҳудудларида рўй берган хунрезликлар натижасида юз минглаб қочоқларни Андижон вилоятида жойлаштириш, уларга ҳукуматимиз ва юртимиз аҳолиси томонидан меҳр-мурувват, инсонпарварлик ва бағрикенглик кўрсатилгани тўғрисидаги халқаро ташкилотлар юборган миннатдорчилик мактублари ва хорижлик экс­пертларнинг ОАВ орқали билдирилган фикрлари ҳам Ўзбекистонда умуминсоний ва миллий қадриятларни юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаётганининг яққол далилидир.

Энг асосийси, Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида ўз салоҳиятига эга эканлигини намоён этмоқда. Шу ўринда, хўш, жаҳондаги глобаллашув жараёнига Ўзбекистоннинг қисқа муддатда уйғунлашувининг асосий сабаблари нималардан иборат деган табиий савол туғилади. Фикримизча, бу ҳол йигирма биринчи асрга — ўта мураккаб ва таҳликали даврга хос долзарб муаммоларни ҳал этишда жамият ва давлатни демократлаштириш, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий соҳаларни либераллаштириш борасида тадрижий тарзда амалга оширилган изчил ислоҳотлар, айниқса, юртимизда янгича мазмун-моҳиятга эга бўлган очиқ фуқаролик жамияти институтларини яратиш, бу институтларнинг давлатни бошқариш механизмлари устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишга эришиши учун барча ҳуқуқий асослар яратилгани билан изоҳланади.

Айтиш керакки, авваламбор, халқимиз миллий мустақиллигини осонлик билан қўлга киритгани йўқ. Бунинг учун кўплаб тўсиқларни енгиб ўтишга, ҳатто қурбонлар беришга тўғри келди. Ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари бошида собиқ Итти­фоқнинг тоталитар, якка ҳокимликка асосланган тузуми ич-ичидан нураб, иқтисодий жиҳатдан таназзулга юз тутган эди.

Иккинчидан, узоқ вақт давом этган якка ҳукмронлик халқнинг тафаккурига ўзининг салбий таъсирини кўрсатмай қолмади. Бунинг оқибатида маънавиятда бўшлиқ пайдо бўлган эди. Мустақилликка эришганимиздан сўнг ўтиш даврига хос қийинчиликларни енгиш, «шок терапияси»сиз тадрижийлик асосида босқичма-босқич ривожланиш борасида аниқ мақсадга йўналтирилган ислоҳотлар амалга оширилгани боис жамият ва давлатни уйғун тараққий эттиришнинг ҳуқуқий асослари яратилди.

Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилиниши юртимизда демократик ҳуқуқий давлат барпо этишнинг мустаҳкам заминини яратди. Шундан сўнг Конституциямиз асосида қабул қилинган юзлаб қонунлар ва қонуности ҳужжатлари ислоҳотлар жараёнини йилдан йилга тезлаштирди ва 2000 йилга келиб, изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар самара бера бошлади.

Айтиш керакки, истиқлолимизнинг биринчи ўн йиллик даврида янги ҳаёт, янги жамият барпо этиш борасида асрларга тенг тарихий йўлни босиб ўтиб, юртимизда ўзимизга мос ва ўзимизга хос мустақил ривожланиш, яъни тараққиётнинг «Ўзбек модели»ни яратиб, жаҳон ҳамжамиятида муносиб обрў-эътибор қозондик.

Шундан сўнг юртимизда фаол демократик янгиланишлар ва мамлакатни модернизация қилиш даври билан боғлиқ жараёнлар бошланди. Мамлакатимиз тараққиёти билан боғлиқ иккинчи бос­қичда иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, сиёсий ҳаётни, қонунчилик, суд-ҳуқуқ тизимини ва ижтимоий-гуманитар соҳаларни изчил ислоҳ этишни янада чуқурлаштириш, умуман олганда, жамиятни янада демократлаштириш ва либераллаштиришга алоҳида эътибор берилди.

Аниқроқ айтадиган бўлсак, кейинги ўн йиллик мамлакатимизда том маънода фаол демократик янгиланиш ва мамлакатни модернизация қилиш даври бўлди. Чунки бу даврда Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор ривожланиш йўлига қатъий қадам қўйди. Давлат қурилиши, суд-ҳуқуқ тизими, ижтимоий-гуманитар соҳаларда, умуман олганда, барча тармоқларни изчил ислоҳ этиш янада чуқурлаштирилди, жамиятда демократияни мустаҳкам қарор топтиришда либераллаштиришга, яъни эркинлаштириш сиёсатини амалга оширишга эришдик.

Бир сўз билан айтганда, юртимизда яшаётган кўп миллатли аҳолининг тинч-хотиржам ва фаровон ҳаёт кечиришига эришиш эзгу ният тариқасида ички ва ташқи сиёсатнинг асосий мезонига айланди.

Бир мисол. Давлат қурилишида ҳокимият тармоқларининг мустақил фаолият юритиши, улар ўртасида ўзаро мувозанат ва мутаносибликни таъминлаш мақсадида 2005 йилдан бошлаб қонун чиқарувчи орган икки палатали тизимда фаолият кўрсата бошлагани қонун ижодкорлиги жараёнида муҳим воқеа бўлди.

Айниқса, Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси кўппартиявийликка таянган ҳолда профессионал асосда фаолият кўрсата бошлагани тез орада сиёсий партияларнинг ижтимоий ҳаётдаги нуфузини оширишга, жамият ҳаётида муҳим масалаларнинг ечимини топиш учун электорат манфаатини ҳимоя қилишни, жаҳонда ижобий саналган усул ва услублардан янада самарали фойдаланишга киришилгани натижасида «Давлат бош­қарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги Конституциявий қонун қабул қилинди.

Президентимизнинг бевосита ташаббуси билан қабул қилинган ушбу қонун, бир томондан, ҳукумат ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг масъулиятини янада оширган бўлса, иккинчи томондан, сиёсий партияларнинг давлат ҳокимият органларини шакллантириш ҳамда уларнинг самарали ишлашига таъсир этиш механизмини кучайтирди.

Ўтган беш йил давомида Сенат ва унинг таркибий тузилмалари мамлакатда амалга оширилган жамиятни демократик янгилаш ва модернизация қилиш борасида ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ислоҳотларни янада кенгайтириш юзасидан муҳим аҳамиятга эга бўлган 250 та қонунни маъ­қуллаш орқали муҳим ҳисса қўшди. Айниқса, Сенат қўмиталари томонидан қонунларни дастлабки тарзда ўрганишда уларнинг сифати ва асослантирилганига алоҳида эътибор қаратиб, умумдавлат ва минтақавий манфаатлар ўртасида мувозанат, мутаносиблик ва уйғунликни таъминлаш чорасини кўришга алоҳида эътибор берди.

Қисқаси, охирги беш йилликда жамият ва давлат бошқарувининг ўзаро уйғунлиги таъминланди, айниқса, фуқаролик институтлари томонидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун қулай шароит вужудга келди.

Ўзбекистонда барпо этилаётган замонавий хусусиятга эга миллий давлатчилигимизнинг янада тараққий этишида ҳокимиятнинг мустақил тармоғи ҳисобланган суд ҳокимияти алоҳида ўринга эга.

Шунинг учун ҳам истиқлолнинг ўтган даврида суд-ҳуқуқ тизимини янада либераллаштиришда нафақат жиноят ишларини кўришга ихтисослаштирилган судлар, шу билан бирга, умумий юрисдикция тизимидаги фуқаролик ишлари бўйича судлар ҳамда мустақиллик йилларида ташкил этилган, суд ҳокимиятида ўзига хос нуфузга эга хўжалик судлари фаолиятини такомиллаштиришга ҳам жиддий эътибор бериб келинмоқда.

Қисқа фурсатда адвокатура институти ва Омбудсман фаолияти билан боғлиқ қонунларга давр талабига мос тузатишлар киритилди. Шунингдек, мамлакатимизда ўлим жазосининг бекор қилингани ёки қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқининг судларга ўтказилиши билан боғлиқ тарихий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилингани дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаган жамиятни барпо этиш борасида муҳим қадам қўйилганининг яққол тасдиғидир.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, сайлов қонунчилиги либерал меъёрлар билан такомиллаштирилгани кутилган самарани берди. Чунки ўтган йилнинг декабрь ойида демократик тарз­да очиқ-ошкора ўтган сайловлар натижасида қонун чиқарувчи — Олий Мажлиснинг қуйи палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг шакл­лантирилгани ҳам буни яққол тасдиқлайди. Айниқса, ушбу сайловда электоратнинг фаол иштироки дунёнинг манаман деган давлатларини ҳам лол қолдириб, жамиятимизни демократлаштириш йўлида қатъий қадамлар ташланаётганига хорижлик кузатувчилар амин бўлди.

Ушбу сайлов жараёнида сиёсий партия­ларнинг ҳар томонлама фаоллиги ҳам яққол кўзга ташланди. Бу уларнинг ўтган давр мобайнида етарлича тажриба тўплагани, ижтимоий-сиёсий жиҳатдан тобора мукаммалликка эришаётганидан далолат беради. Айнан шу омил парламент палаталари фаолиятининг янада такомиллашувига муҳим замин яратди, десак хато бўлмайди.

Сайлов йўли билан шаклланган ҳудудий вакиллик органи ҳисобланган парламентнинг юқори палатаси янгидан иш бошлаганига ярим йилдан ошиқ вақт бўлди. Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис палаталарининг қўшма ялпи мажлисидаги «Мамлакатимизни модернизация қилиш ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш — устувор мақсадимиздир»деган маърузасида белгиланган асосий вазифаларни бажариш юзасидан Сенатнинг шу йил 7 майда бўлиб ўтган иккинчи ялпи мажлисида қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ҳаракат дастури»парламент юқори палатасининг либерал ислоҳотларни давом эттираётганидан дарак беради. Чунки ушбу ҳужжатда назарда тутилган ҳар бир тадбир мамлакат тараққиёти ва халқ фаровонлигини юксалтиришга бевосита дахлдор бўлган мамлакатни модернизация қилиш ва демократлаштириш, «кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари»тамойилини ривожлантириш каби стратегик мақсадларни амалга оширишга хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, истиқлол йилларида Ўзбекистонда барпо этилаётган миллий давлатчилигимиз фақат ва фақат демократияга асосланади. Зеро, юртимизда Конституция ва қонунларнинг устунлиги сўзсиз тан олингани, халқнинг давлат ҳокимияти манбаи экани, ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожланаётгани, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг дахлсизлиги, эркин ва ҳаққоний сайловлар ёрдамида давлат ҳокимияти органларининг шаклланаётгани, суд ҳокимиятининг мустақиллиги ва бошқа қатор демократик тамойиллар жамиятимизда ўз ўрнини қатъий эгаллагани учун юртимизда барқарорлик, тинчлик ва миллий тотувлик таъминланганини яна бир карра таъкидлашга тўла ҳақлимиз.


Мавжуда РАЖАБОВА,

Олий Мажлис Сенати раиси ўринбосари