Консуллик ҳимояси: миллий қонунчилик ва халқаро амалиёт

Чет давлатлардаги Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун консуллик ҳуқуқини, хорижий ҳуқуқий тизимларни ўрганиш, бу соҳадаги янгиликлардан хабардор бўлиб туриш ва уларни илмий таҳлил қилиш керак. Зеро, чет давлатларда бўлиб турган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш миллий қонунчилик чегарасидан ташқаридаги масаладир.
Шу нуқтаи назардан қараганда, бу соҳага дахл­дор халқаро амалиётни ўр­га­ниш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади.
Давлат ҳуқуқининг интернационаллашуви ва халқаро ҳуқуқнинг доместикациялашуви жараёни дунё мамлакатларида жадаллик билан кечмоқда. Мазкур йўналишда тез ривожланган ва диққатга сазовор ишларни амалга оширган ҳудуд Европадир.
Европа Иттифоқи (ЕИ) ҳуқуқи унга аъзо давлатлар ҳуқуқ тизимларининг бир қисми саналади. Иқтисодий-ижтимоий соҳага оид қонун ҳужжатларининг 80 фоизи ЕИ органлари томонидан қабул қилинади ва улар ЕИга аъзо барча давлатлар учун мажбурийдир.
Европа ҳуқуқи ўзига хос ҳуқуқий тартиб ўрнатади. Бироқ у халқаро ҳуқуқдан алоҳида эмас, унинг доирасида амал қилади. Мазкур ҳолат, масалан, Европа суди қарорларида ҳам ўз аксини топган.
ЕИ фуқароларига нисба­тан амалга оширилаётган консуллик ҳимояси жараёнлари таҳлилидан келиб чиқиб, 2009 йил 18 апрелда Европа Федералистлари иттифоқи «Европа фуқаролиги ва консуллик ҳимояси тўғрисида»ги резолюцияни қабул қилган. Унда ЕИ ҳудудида­ фуқаролик Маастрих шарт­номаси қоидалари асосида­ олиб борилиши белгиланган бўлиб, мазкур ҳужжат Европада ягона фуқароликнинг ўрнатилишини ҳам тартибга солади.
ЕИ шахснинг миллатидан қатъи назар, агар у Европа фуқароси бўлса, унга консуллик ҳимоясини кўрсатади, муаммоларини ҳал этиш учун қулайликлар яратади ва амалдаги барча қонун нормаларини айнан мана шу принципга йўналтиради.
Европа давлатларининг алоҳида қонунчилигида ҳам шундай меъёрларни кузатиш мумкин. Жумладан, Польша Республикаси Конс­титуциясида Польша фуқароси чет давлатларда бўлган пайтларда у Польша  томонидан ҳимояланиш ҳуқуқига эга экани кафолатланган бўлса, Венгрия Конституциясига ҳам худди­ шундай норма киритилган.
Шу ўринда Германия ҳуқуқ тизимида Федерал суднинг инсон ҳуқуқлари нормаларини қўллашдаги ролини алоҳида таъкидлаш жоиз. Германия Олий федерал суди 1966 йил 10 январдаги қарори билан Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Европа конвенцияси қоидаларини тўғридан-тўғри қўллаш мумкинлигини тасдиқлаган.
Халқаро ҳуқуқ нормаларини қўллаш учун ҳеч қандай норматив асос бўлмаган ҳолатларда Германия ташқи ишлар ва адлия вазирликлари ишлаб чиққан махсус қоидалар қўлланади.
Юридик луғатларга мурожаат қиладиган бўл­сак, қиёсий ҳуқуқшунослик­ юридик фанлар тармоғи бўлиб, у турли давлатларнинг ҳуқуқий тизи­мини ўрганади ва бу жараён даво­мида бир ном билан аталувчи давлат ва ҳуқуқ инс­титутларини, уларнинг асосий тамойили ва катего­рияларини қиёслайди.
Қиёсий ҳуқуқшуносликнинг гносеологик ва амалий мақсадлари бор.
Гносеологик мақсад ҳуқуқий ҳолатлар ва инс­титутлар ривожланишининг умумий қонуниятларини аниқлашга қаратилган. Зеро, фақат қиёслаш орқали ҳуқуқдаги умумийлик ва ўзига хосликни, тасодиф ва қонунийликни аниқлаш мумкин. Бошқача айтганда,­ чет давлатларнинг ҳуқуқ тизи­мини билиш ўз миллий­ ҳуқуқ тизимимизни чуқурроқ анг­лаш, унинг афзаллик­ ва камчиликларини кўра олиш имконини беради.
Айтилганидек, қиёсий ҳу­қуқшунослик амалий мақсадни ҳам кўзлайди. У қуйи­дагиларни ўз ичига олади:
— зарур ҳолларда, масалан, фуқаролик ҳуқу­қида, савдо ёки гуманитар ҳуқуқда турли давлатлар қонунчилигини бир-бирига яқинлаштириш ва унификациялаш;
— чет давлатлар ҳуқу­қий амалиётини ўрганиш билан миллий қонунчиликни янада такомиллаштириш.
Ўзининг чет давлатлардаги фуқаролари ҳуқуқларини консуллик идоралари орқали ҳимоя қилиш давлатнинг мутлақ ҳуқуқи ҳисобланади. Давлатлар турли хил муносабатларга ўз ташқи алоқа органлари орқали киришадилар. Давлатлар ташқи сиёсатини ўз миллий манфаатларидан келиб чиқиб юритади. Буларнинг барчаси халқаро-ҳуқуқий жараёнларнинг мураккаб таркибини вужудга келтиради ва халқаро ҳуқуқнинг турли тармоқлари воситасида тартибга солинади.
Қонунийлик ва мустаҳкам ҳуқуқий тартиб жамият ҳаётидаги энг муҳим мезонлар сирасига киради. Шу боис ҳар қандай давлатда ҳуқуқ тизимини, қонунчиликни такомиллаштириш барқарор тараққиётнинг муҳим шарти сифатида давлатнинг бирламчи вазифаси этиб белгиланади.
Ўз навбатида, консуллик тизими ҳам замон талабларидан келиб чиқиб, такомиллаштириб борилиши лозим бўлган тизимдир. Юқоридагилар асосида шуни айтиш мумкинки, консуллик ҳимояси давлат тараққиётининг ҳеч бир даврида, ҳеч бир бос­қичида ўз долзарблигини йўқотмайди.
Ўзбекистон фуқароси қаерда бўлмасин, ўз фуқаролигини сақлаб қолиш ҳуқуқига эга. Ўзбекистон фуқаролари чет элда вақтинча ёки доимий яшаётганидан қатъи назар, ўз фуқаролик-ҳуқуқий мақомини сақлаб қолади ҳамда Ўзбекистон ҳимоясида бўлади. Ушбу қоида 1966 йил 19 декабрда қабул қилинган Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги хал­қаро пактдаги принципларга тўла мос келади. Жумладан, унда «ушбу пактда иштирок этувчи ҳар бир давлат ўз ҳудудидаги ва ўз юрисдикциясида бўлган шахсларнинг мазкур пактда­ эътироф этилган ҳуқуқларини ҳеч бир айирмачиликсиз, жумладан, ирқи, терисининг ранги, жинси, тили, дини, сиёсий ёки бошқа эътиқодидан, миллий­ ёки ижтимоий келиб чиқиши, мулкий аҳволи, туғилиши ёки ўзга ҳолатидан қатъи назар, ҳурмат қилиш ва таъминлаш мажбуриятини олади», — деб кўрсатилган.
Шу ўринда чет давлатлардаги фуқароларимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда консулларнинг вазифалари ҳақида ҳам тўхталиб ўтсак. Консуллар:
— консуллик округи ҳудудидаги фуқароларга қабул қилувчи мамлакат қонунлари ва урф-одатлари ҳақида маълумотлар беради;
— ўз фуқароларига паспортлар ва йўл чипталари, шунингдек, консул вакил бўлиб турган давлатга боришни хоҳловчиларга визалар беради;
— ўз округи ҳудудидаги фуқароларнинг ҳисобини юритади;
— нотариал ҳаракатларни амалга оширади ва фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этади;
— қабул қилувчи давлат ҳукумати чиқарадиган ҳужжатлардаги имзоларнинг ҳақиқийлигини ҳамда ана шу ҳужжатларнинг шу давлат қонун-қоидаларига мувофиқлигини аниқлаш ва тасдиқлаш билан шуғулланади;
— вояга етмаганлар ва муомалага тўлиқ лаёқатли бўлмаган бошқа фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилади;
— қабул қилувчи давлат судлари ва бошқа муассасаларида ўз давлати фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида кўрсатма олиш мақсадида фуқароларнинг ўзлари бунга эришолмаган ҳолларда вакиллик қилади ёки вакилликни таъминлайди;
— ўз давлати тергов ёки суд органлари топшириқларини бажаради.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистоннинг консуллик муассасалари чет элларда Ўзбекистоннинг, Ўзбекистон фуқаролари ва юридик шахсларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилади; консуллик жойлашган давлатлар билан Ўзбекистоннинг дўстона муносабатлари ривожланишига ҳамда улар билан савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий ва бошқа алоқаларнинг кенгайишига кўмаклашади; ўз фаолиятида Ўзбекистон ҳамда консуллик жойлашган давлат иштирокчи бўлган икки томонлама ва кўп томонлама шартномаларга, халқаро тамойилларга, Ўзбекистоннинг консуллик уставига, Ўзбекистоннинг қонун ҳужжатларига амал қилади.
Юқоридагилар асосида қуйидаги хулосаларга келиш мумкин:
— норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг изчиллиги консуллар учун чет давлатлардаги фуқароларимиз ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим ҳуқуқий асос яратади. Демак, бу борадаги амалиёт норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни янада такомиллаштириш зарурлигини кўрсатмоқда;
— чет давлатлар қонунчилигини ўрганиш назарий жиҳатдан ҳуқуқий ҳолатлар ва институтлар ривожланишининг умумий қонуниятларини аниқлаш имконини беради. Қиёсий таҳлил орқали ҳуқуқдаги умумийлик ва ўзига хосликни, тасодиф ва қонунийликни аниқлаш мумкин;
— ўз ҳуқуқ тизимимизни янада теранроқ англаш, унинг афзаллик ва камчиликларини кўра олишимиз учун ҳам чет давлатлар ҳуқуқини мунтазам билиб боришимиз керак;
— консуллик ҳимоясини амалга оширишда қиёсий таҳлил зарур ҳолларда турли давлатлар қонунчилигини бир-бирига яқинлаштириш ва унификациялаш учун зарур шарт-шароит яратади.
Севара ҒАФУРОВА,
ЖИДУ мустақил изланувчиси