Ахлоққа қарши қилмишлар: бунинг учун маъмурий жавобгарлик белгиланиши лозим

Бугунги воқелик қонунчилигимизда ахлоққа қарши ҳуқуқбузарликлар учун белгиланган жавобгарлик нормаларини янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Зеро, замон ўзгариши билан жамият ахлоққа қарши ҳуқуқбузарликларнинг янги ва янги турлари билан тўқнаш келмоқда. Қонунчилигимизда жавобгарлик белгиланмаган бундай қилмишларга фоҳишанинг шаҳвоний хизматидан фойдаланиш ва фоҳишаликни тарғиб қилишни ҳам киритиш мумкин.
Бу каби ҳуқуқбузарликлар жамият тараққиёти, шахс соғлиғи, оила муқаддаслиги ва ёшлар тарбиясига катта хавф солишини ҳисобга олсак, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида ушбу ҳаракатлар учун жавобгарликни белгилаш муҳим аҳамиятга эга экани аён бўлади.
Ҳозирда фақат ахлоқсизлик дея баҳоланаётган фоҳишанинг шаҳвоний хизматидан фойдаланиш ҳам, фоҳишаликни тар­ғиб қилиш ҳам фоҳиша­лик билан шуғулланиш (МЖТКнинг 190-моддаси) каби катта ижтимоий хавф­га эга. Баъзи бир хорижий давлатлар, хусусан, Швеция, Дания ва Нигерияда фоҳишанинг шаҳвоний хизматидан фойдаланганлик учун жиноий (Маныч Е.Г. Проституция: криминологические и уголовно-правовые аспекты противодействия: Дисс… канд. юрид. наук. –М., 2006. –с. 130-154), Туркманистонда эса маъмурий жавобгарлик белгиланган (Кодекс Турк­менистана об административных право­нару­шениях).
Юқоридагилардан келиб чиқиб, қонунчилигимизда ҳам фоҳишанинг шаҳвоний хизматидан фойдаланганлик учун маъмурий жавобгарлик кўзда тутилса,­ бу турдаги ҳуқуқбузарлик билан шуғулланиш, тери-та­носил касалликлари­ни­­ тарқатиш, у билан боғлиқ бошқа ижтимоий хавфларнинг олди олинган бўлар эди.­
Қонунчилигимизда ёш авлодни ушбу иллатларнинг салбий таъсиридан ҳимоя қилиш билан боғлиқ нормалар мустаҳкамланган. Хусусан, «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида»ги қонуннинг 6-моддасида Ўзбекистон Республикасида ёшлар орасида одоб-ахлоқни бузишга, шу жумладан, зўравонликни, ҳаёсизликни ва шафқатсиз­ликни ташвиқот қилишга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракат ман этилиши, «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 4-моддасида болаларнинг жисмоний, интеллектуал, маънавий ва ахлоқий камол топишига кўмаклашиш бола ҳуқуқ­ларини ҳимоя қилиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири сифатида эътироф этилган. Ушбу нормалар, шунингдек, биз ўтказган ёзма сўров ҳам фоҳишанинг шаҳвоний хизматидан фойдаланганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланиши лозимлигини тасдиқламоқда.
Жумладан, сўровда иштирок этган мутахассисларнинг 64,2 фоизи бу таклифни маъқуллашди. Респондентларнинг бир қанчаси ушбу масала бўйича муҳим тавсиялар ҳам беришди.
Жумладан, тадқиқотчи И.Фозиловнинг фикрича, таклиф этилаётган нормада «фоҳиша» сўзини эмас, балки «ўн олти ёшга тўлган фоҳиша» сўзини қўллаш мақсадга мувофиқ. Чунки Жиноят кодексининг 128-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш)­да шахснинг ўн олти ёшга тўлмагани айбдорга аён бўлган ҳолда у билан жинсий алоқа қилиш ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш — икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки олти ойгача қамоқ ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланган. Бундан аён бўладики, ўн олти ёшга тўлмаган фоҳишанинг шаҳвоний хизматидан фойдаланишни Жиноят кодексининг 128-моддасида назарда тутилган жиноят ўз ичига қамраб олади.
М.Зиёдуллаев таклиф этилаётган нормада ушбу ҳуқуқбузарликни фош этишга фаол ёрдам берган шахснинг жавобгарликка тортилмаслигини назарда тутиш лозимлигини алоҳида таъкидлайди. Чунки шаҳвоний хизматни кўрсатган фоҳиша ҳам, шаҳвоний хизматдан фойдаланган мижоз ҳам бирдек жавобгарликка тортилар экан, ушбу ҳуқуқбузарликни фош этиш, ҳуқуқбузарларнинг айбини исботлаш анча мураккаблашади. Шунингдек, ушбу ҳолатлар мазкур ҳуқуқбузарликнинг латентлиги (яширинлиги)ни таъминлашга хизмат қилади.
Б.Саидовнинг таъкидлашича, ижтимоий ахлоққа етказадиган зарарини инобатга олиб, фоҳишанинг шаҳ­воний хизматидан фойдаланиш ва фоҳишалик билан­ шуғулланишнинг ижти­моий хавфлилик даражасини бир хил деб ҳисоблаш мумкин. Шунга кўра ушбу қилмишлар учун тайин­ланадиган жазо чора­ларини ҳам бирхиллаштириш мақсадга мувофиқ.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс­ни қуйидаги модда билан тўлдириш таклиф этилади:
«1901-модда. Фоҳишанинг шаҳвоний хизматидан фойдаланиш
Мижознинг ҳақ эвазига ўн олти ёшга тўлган фоҳиша билан жинсий алоқа қилиши ёки жинсий эҳтиё­жини ғайритабиий усулда қондириши — энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса — энг кам иш ҳақи­нинг йигирма бараваридан­ ўттиз бараваригача миқдорда жарима ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Ушбу моддада назарда тутилган ҳуқуқбузарлик ҳақида ўз ихтиёри билан арз қилган ва уни фош этишга фаол ёрдам берган шахс жавобгарликка тортилмайди».
Қатор қонунларимизда фоҳишалик билан шуғулланишни тарғиб қилишни тақиқловчи нормалар ўз ифодасини топган. Жумладан:
«Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 10-моддасига мувофиқ давлат болани фоҳишалик билан шуғулланишга жалб этилишидан ҳимоя қилади;
– «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуннинг 6-моддасига асосан оммавий ахборот восита­ларидан қонунга мувофиқ жиноий ва ўзга жавобгарликка сабаб бўладиган ­бошқа ҳаракатларни содир этиш мақсадида фойдаланилишига йўл қўйилмайди;
– «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 6-моддасига мувофиқ рекламада қонун ҳужжатларининг бузилишига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатларга даъват қилиш тақиқланади. Ушбу қонун нормаларининг талаблари ҳам фоҳишаликни тарғиб қилиш учун жавобгарлик белгилашни асослайди.
Бундан ташқари, Қозоғистон Республикаси Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексининг 446-моддаси (эротик (шаҳвоний) мазмунга эга бўлган маҳсулотни реклама қилиш)­да (Кодекс Республики Казахстан об административных правонарушениях), Молдова Республикаси Ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексининг 901-моддаси (вояга етмаганларга салбий таъсир кўрсатувчи оммавий фаолият) 2-қисмида (Кодекс Республики Молдова о правонарушениях), Россия Федерацияси Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексининг 6.21-моддасида (вояга етмаганлар ўртасида ноанъанавий шаҳвоний муносабатларни тар­ғиб қилиш) тегишли жавобгарлик белгиланган (Кодекс Российской Федерации об административных правонарушениях).
Шундан келиб чиқиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексни фоҳишаликни тарғиб қилиш учун жавобгарликни назарда тутувчи норма билан тўлдириш мақсадга мувофиқ. Сўровимизда иштирок этган мутахассисларнинг 79,3 фоизи ушбу таклифни маъқуллашди.
Тадқиқотларда мазкур масалада турлича фикрлар билдирилмоқда. Хусусан, Н.Исмоиловнинг таъкидлашича, таклиф этилаётган нормада фоҳишаликни ҳар қандай шаклда тарғиб қилиш тақиқланса, ушбу қилмишга қарши курашда самарали натижаларга эришиш мумкин.
О.Зокированинг фикрича, таклиф этилаётган нормада фоҳишаликни ҳар қандай воситалар ёрдамида тар­ғиб қилишни тақиқлаш, шунингдек, жазо чораси сифатида тарғибот воситаларининг мусодара қилинишини назарда тутиш мақсадга мувофиқ. Ушбу тавсиялар норманинг амалиётда самарали қўлланишига хизмат қилади.
Юқоридагиларга асосланиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексни қуйидаги мазмундаги 1902-модда билан тўлдириш таклиф этилади:
«1902-модда. Фоҳишаликни тарғиб қилиш
Ғаразли ёки бошқа паст ниятларда фоҳишаликни ҳар қандай шаклда ва ҳар қандай воситалар ёрдамида тарғиб қилиш — тар­ғибот воситаларини мусодара қилиб, энг кам иш ҳақининг эллик­ бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чо­раси қўлланилганидан ке­йин­ бир йил давомида так­рор содир этилган бўлса — тарғибот воситаларини мусодара қилиб, энг кам иш ҳақининг юз бара­варидан юз эллик барава­ригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади».
Ўйлаймизки, ушбу таклифлар маъмурий-ҳуқуқий таъқиб доирасидан четда қолган ахлоққа қарши қилмишлар учун маъмурий жавобгарлик муаммоларининг бартараф этилишига сабаб бўлар эди.
Шерзод ҒАНИЕВ,
ИИВ академияси
мустақил изланувчиси