Болаликнинг беғубор булоғи

Болалик! Сени қайси рангда тасвирлаш мумкин? Ахир рангинг шундай беғуборки, бўёқларда ҳам ғубор бордек туюлади, назаримда. Болалик! Сени қайси оҳанг билан ифодалаш мумкин? Ахир сенда ҳам завқ, ҳам шавқ, ҳам биздан узоқлашган хотиралар мужассам. Ҳар сафар БОЛАЛИК сўзини тилга олар эканмиз, қалбимиз бир энтикади, қандайдир илиқ, ниҳоятда ёқимли ва мўъжизавий олам ёдга тушади.
Болалар учун жонимизни фидо қилишга тайёрмиз. Энг яхши нарсаларни ва, албатта, энг аъло адабиётни уларга тақдим этамиз. Ахир энг биринчи ўқиладиган шеър ё кичик ҳикоя фарзандимизни адабиёт номли мўъжизавий оламга олиб киради. Бу ғаройиб олам эса уларнинг «баркамол инсон» деган энг баланд чўққи сари етаклайди.
Болалар адабиёти! У ҳақиқатан ҳам сеҳрли адабиёт. Болалар учун эса ёзувчилар — ҳақиқий сеҳргарлар. Чунки улар катта бўла туриб, болаларга айланадилар, қўлидаги сеҳрли таёқ оддий ёғочга айланмагунча болаларни ҳайратга соладилар. Кичкинагина қалб нимани хоҳлашини, қандай гапиришини, нега хафа бўлганини-ю, нимадан хурсанд бўлганини билишади улар. Болаларни ташвишга, ҳаяжонга соладиган нарсаю-воқеалар катталарникидан фарқли. Улар яхши ва ёмонни биладилар, нисбийлик уларга ёт.
Улар Анвар Обиджон шеърларидагидек оймомони беркитган булутга қараб биз кўрган оддий ой ва булутларни эмас, оймомони ўғирлаб кетган қароқчилар кема­сини кўришади. Бундан афсус чекишади ва оймомо кемадан ғилдираб тушган кез чексиз шодланишади. Улар ҳамма нарсани тасвир ва расмларда кузатишни исташади. Орзуни, хаёлни, шодликни ҳатто Фахриддин­ Ҳайит шеъридаги аввал товуқнинг, сўнг совуқнинг рас­мини чизиб беришни сўраган қизалоғига шоир совуқдан жунжиккан товуқ расмини чизиб берганини ёзади.
Улар Ҳошимжонинг борлигига, сеҳрли қалпоқчасининг кучига ҳайратланиб, бу китобни қайта-қайта ўқишдан асло зерикмайдилар.
Болалар шоир ва ёзувчиларининг яна бир сири: улар халқдан, яъни болалар ҳаётидан лавҳаларни олар эканлар, қайси ёшдаги болага қандай гапиришни биладилар. Улар ҳам худди болалар шифокори каби ўз ўқувчисига зарур маънавий дармонни тақдим этишда уларнинг ёшига қараб мурожаат қилишади. Яъни бу асарлар кичик ёшдаги болалар учун нима яхшию, нима ёмон тарзида бўлса, кейинроқ уларни мулоҳаза юритишга ўргатишади. Улар ҳаттоки ўхшатишлар орқали ҳам фикрлашга, боланинг тасаввурини бойитишга ҳаракат қилишади. Худди Дилшод Ражабнинг қиш ташбеҳларида бўлгани каби ҳар бир ҳолат болаларга ниҳоятда таниш бўлган воқеа-ҳодисаларга ўхшатилади. Қор кийган арчалар – оқ қалпоққа, ялтироқ шох-шаббалар – жез тароққа, муз қотган ариқлар – зар белбоққа, сумалаклар – қандиллар, муз чироққа, қарғалар – қора доғга ё оқ қоғоздаги рангсиёҳга, изғирин эса уртўқмоққа. Фақат шоир кўз ўнгимизда қиш манзарасини ташбеҳлар орқали чизиб, болалар билан қофия ўйинини ўйнамоқда.
Ҳа, айнан шу ўйин – болалар ижодкорлари ва айниқса, шоирларининг яна бир сири. Улар болаларни ўйнатиб тарбиялайдилар. Улар болаларга ахлоқий меъёрлар ҳақида насиҳат қилмайдилар. Болажонлар ҳаётидан ибратли лавҳаларни келтирадилар, холос. У ёғи ўқувчига ҳавола.
Болаларнинг яхши кўрган асарлари худди севимли ўйинчоқлари каби қадрли бўлади. Чунки болаликдаги ҳар бир фазилат – у қандай бўлмасин, садоқат ва самимийлик билан уйғунлашади. Болалар яхшиликни, эзгуликни, қувончни ниҳоятда ёқтирадилар. Баъзан катталар муккасидан кетиб излаган ғуборларни улар сезмайдилар. Балки шунинг учун хам улар ҳаётни энг гўзал рангларда кўришади. Агар бир варақ оқ қоғозга битта нуқтали доғ қўйсангиз, катталар айнан доғни, болажонлар эса оппоқ қоғозни кўрадилар. Кўпинча болалардан ибрат олиш керакмикан, деб ўйланиб қоласан. Улардан олган ибратни яна ўзларига қайтариш орқали биз шоиру-ёзувчилар болалар адабиётини яратамиз.
Аммо болалик ўзи нима? Саволга шеър билан жавоб бергим келди:
Болалик нимадир? Беғубор осмонми,
Ёки тоғ бағридаги зилол булоқ?
Бола бўлиш асли, қийинми осонми?
Бунга жавоб бериш мушкулроқ.
Орзулар варраги самога учганда
Ортидан термулган бир нигоҳ,
Дўстликнинг шодлиги дилга кўчганда
Садоқатдан олган илк сабоқ.
Осмон остида, замин устида
Яшнаб турсин боғу далалар,
Осмон остида, замин устида
Яйраб ўссин барча болалар.
Ҳа, болалар яйраб, соғ омон бўлишсин. Зеро, уларнинг соғлиғи — юрт бойлиги, оналар қувончи. Улар бор экан, болалар адабиётининг энг сара асарлари яратилаверади. Болалар адабиёти бор экан, болаларимиз тарбиясининг шифобахш булоғи тугамайди.
Кавсар Турдиева,
журналист