Ҳаёт оила билан файзли

Оила улуғ ва муқаддас даргоҳ. У — саодат ошёни, гўзал орзу-умидлар остонаси, бахт ва муҳаббат қўрғони. Ҳаётдаги барча эзгу қадриятлар, гўзал анъаналар оила сабаб авлоддан-авлодга ўтиб келмоқда.
Мамлакатимизда ҳар бир йилга алоҳида ном бериш, шу асосда махсус давлат дастури ишлаб чиқиш эзгу анъанага айланди. Йилларнинг номланишида, давлат дастурларида, энг аввало, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш, уларни янада ривожлантириш масаласи устувор аҳамиятга эга эканини­ англаш қийин эмас. Прези­дентимизнинг ташаббуси ва таклифи билан истиқлол йилларида ўтган 20 та йилга ном берилди. Уларнинг акса­рия­ти оила, аёллар, она­лар,­ болалар ҳамда уларнинг соғ­лиғи ва камолотини таъминлаш, ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилишга қаратилган.
Мустабид тузум даврида­ қабул қилинган Конституцияларда жамиятнинг бар­ча­ бўғинлари, жумладан, оила, унинг жамият ривожидаги ўрни ва аҳамия­ти ҳақида лом-мим дейилмаган эди. 1992 йили қабул қилинган мустақил Ўзбе­кис­тон Конс­титуциясининг XIV боби «Оила» деб ном­ланди. Қолаверса, унинг қатор моддала­рида акс этган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари тўғрисидаги нормалар ҳам оилавий-ҳуқуқий муносабатлар­билан бевосита боғлиқдир.
1998 йилга «Оила йи­ли», 2012 йилга «Мустаҳкам оила йили» деб ном берилиб, бу бўйича қабул қилинган давлат дастурлари асосида оилалар мустаҳкамлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, 1998 йили Оила кодекси кучга кирди.
Сўнгги йилларда оналар ва болалар соғлиғини­ сақлаш бўйича олиб бори­лаётган кенг кўламли комплекс чора-тадбирлар самараси ўлароқ, оналар ўлими 3,2, болалар ўлими 3,4, нуқсонли болалар ту­ғи­лиши эса деяр­ли 1,3 ба­ро­бар камайди. Сайёрамизнинг кўплаб ҳудудларида болалар турли касаллик, очлик­ ва қаровсизлик нати­жасида бевақт оламдан кўз юмаёт­ган бир пайтда, ЮНИСЕФ­ халқаро ташкилоти томонидан Ўзбекистоннинг оналик ва болаликни муҳофа­за қилиш модели минта­қа мамлакатлари учун наму­на сифатида эътироф этил­ган. Энг аввало, бу эътироф замирида мамлака­ти­мизда ҳукм сураётган тинч­лик-хотиржамлик ётибди.­
Яна бир эътиборга молик масала. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти талабларига кўра оналар ва болаларга зарур даражада даволаш хизматларини кўрсатиш учун ҳар ўн минг аҳолига 23 нафар тиббиёт ходими тўғри келиши керак экан. Эътиборли жиҳати шундаки, мамлакатимизда бу кўрсаткич ҳатто энг чекка қишлоқ ва овулларда ҳам халқаро стандартлар талабларига жавоб беради.
Соғлом оиланинг вужудга келишида, соғлом боланинг туғилишида ФҲДЁ органларининг ҳам ўзига хос ўрни бор, албатта. Чун­ки фаолиятимиз бевосита оилалар ҳаёти билан боғлиқ. Оила қуриш бўсағасидаги йигит-қизларни янги ҳаётга тайёрлаш, турмуш мустаҳкамлигини таъминлаш мақсадида улар учун фойдали қўлланма ва тавсияларни ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қарата­миз­. Масалан, уларни Оила ко­дексининг нормалари билан таништирамиз. Никоҳдан ўтиш ҳақида ариза бер­ган ёшларимиз ал­батта «Ёш оила қурувчилар­ мактаби»да сабоқ олишади­. Унда йигит-қизларнинг ҳу­қуқий онги ва ҳу­қуқий мадания­тини­ юксалтиришга жиддий эътибор берилмоқда. Бундан ташқари, дарс­ларда никоҳ шартномасининг тузилиши, тиббий кў­рикдан ўтишнинг аҳамия­ти­ ҳам тушунтирилади. Умуман олганда, машғулотлар тизимли­ равишда ташкил қилиниб, уларга амалиётчи шифокорлар, психологлар, ҳуқуқшунослар, отахону онахонлар таклиф этилмоқда.
Эрта ҳамда қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш масаласи ҳам доимий диққат-эътиборимизда турибди.­ Бу борада тарғибот-ташвиқотнинг ўрни бе­қиёс. Шу боис Ангрен шаҳридаги маҳаллаларда, таълим муассасаларида ота-оналар, ўқувчилар иштирокида тадбирлар ўтказилаяпти. Мазкур йўналишдаги тадбирларни ташкил этишимизда шаҳар ҳокимлиги, тиббиёт бирлашмаси, хотин-қизлар қўмитаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди­ шаҳар бўлими ва бош­қа манфаатдор ташкилот­лар яқиндан кўмак беришмоқда. Масалан, шу йилнинг ўтган даври мобайнида 30 га яқин учрашув ва давра суҳбати ўтказилди.
Ушбу тадбирлар давомида никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормаларининг мазмун-моҳияти тушунтирилаяпти, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий таъсири, қизларни барвақт турмушга беришнинг зара­ри, эрта туғуруқнинг  жис­монан ва руҳан етилмаган ёш қизлар организмида жиддий асоратлар қолдириши ҳаётий мисоллар орқали тушунтирилмоқда.
«Соғлом она ва бола йили» давлат дастури ҳамда Адлия вазирлигининг тармоқ дастурида мазкур йўналишдаги ишларни янада жонлантириш масаласига катта эътибор берилган. Шуларни ҳисобга олиб, айниқса, никоҳга кирувчи шахсларга тиббий кўрикдан­ ўтишнинг зарур эканини тушунтираяпмиз, ушбу соҳада тўпланган тажрибаларимизни янада бойитиш, тарғиботнинг турли интерфаол усулларидан кенг фойдаланишга алоҳида эътибор бераяпмиз. Энг муҳими, ушбу тадбирларимиз оилада соғлом турмуш тарзини юритиш, аҳолининг тиббий ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Мақсадимиз шу орқали ҳар бир маҳалла, ҳар бир оилага кириб боришдир.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, оилалар мустаҳкам бўлса, жамият кучли бўлади. Кучли жамият қудратли давлат деганидир. Бунинг учун нафақат биз, балки юртимизнинг ҳар бир фуқароси­ масъулдир.
Умида ЭРГАШЕВА,
Ангрен шаҳар 2-сон
ФҲДЁ бўлими мудираси