Одам савдосига қарши курашиш Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт

Одам савдоси уюшган трансмиллий жиноят бўлиб, ҳудуду чегарани ҳам, давлату миллатни ҳам танламайди. Шу боис унга қарши фақат бир давлат ёки минтақа мамлакатлари кураш олиб боргани билан мақсадга эришиб бўлмайди. Бу иллатга барҳам беришда давлатлараро ҳамкорлик, кенг миқёсдаги чора-тадбирларни амалга ошириш талаб этилади. Шунга кўра кейинги йилларда ушбу масала нуфузли халқаро ташкилотлар фаолиятининг етакчи йўналишларидан бирига айланди.
Пойтахтимизда ўтказилган «Одам савдосига қарши курашиш: Ўзбекис­тон тажрибаси ва халқаро амалиёт»­ мавзусидаги халқаро конференция­да асримиз муаммосининг айни шу жиҳати кенг муҳокама қилинди. Одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссияси, Бош прокуратура, Инсон ҳуқуқлари миллий маркази томонидан Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ)нинг Марказий Осиё бўйича ҳудудий координатори ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда Австрия, Албания, Корея,­ Исроил ва бош­қа давлатлардан келган экспертлар, юртимизда фаолият­ юритаётган халқаро ташкилотлар  ва дипломатик корпус вакиллари, прокуратура ҳамда ички ишлар органлари, вазирлик, идора, фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат ноти­жорат ташкилотларнинг масъул ходимлари қатнашишди.
Тадбир давомида йиғилганларга Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашишга қаратилган давлат сиёсати, унга қарши курашишга масъул­ идоралар, улар томонидан амалга оширилаётган ишлар, соҳага оид норматив-ҳуқуқий база ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, чет эллик экспертларнинг Австрия, Албания, Корея, Исроил давлатларида­ бу борадаги тизим, ХМТнинг мазкур глобал муаммога қарши курашишдаги ўрнига бағишланган маърузалари тингланди.
 
Баҳодир ЗИЛЯЕВ, Бош прокуратура ҳузуридаги СВОЖЖДЛҚК департаменти бошлиғи вазифасини бажарувчи:
— Одам савдоси — кундан-кунга­ кучайиб бораётган, бутун инсоният­га­ хавф солаётган, қулликнинг янги шаклларини юзага келтираётган глобал­ муаммо. Дунёнинг айрим ҳудудларидаги мураккаб геосиёсий вазият, шунингдек, халқаро терроризм таҳдиди ушбу муаммонинг янада кескинлашишига, ноқону­ний миграция оқимининг кучайишига­ сабаб бўлмоқда.
Афсуски, аскарият ҳолларда аёллар ва болалар, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами одам савдосининг қурбонига айланаяпти.­ Айрим давлатлар иқтисодий тараққиётида катта тафовутнинг мавжудлиги, шу билан бирга, одамларни меҳнатга мажбурлаш ва арзон­ ишчи кучини жалб этиш орқа­ли харажатларни камайтириш ҳамда фойда­ни кўпайтиришга интилиш, гендер тенгсизлик муаммоси­ кабилар ушбу жиноятнинг авж олишига сабаб бўлмоқда.
Жиноий фаолиятнинг мазкур тури кўп ҳолларда трансмиллий характер, глобал миқёсга эга. Глобал муаммога глобал миқёсда кураш олиб бориш керак. Бунинг учун эса давлатлар бу борадаги фаолиятини мувофиқлаштириши, ўзаро тажриба­ алмашиши муҳим аҳамият­га эга. Ушбу тадбир ҳам худди шу мақсадга қаратилган.
Жорий йилда ХМТ ташкил этилганига 65 йил тўлди. 1951 йили асос солинган ушбу халқаро ҳукуматлараро ташкилот жаҳонда катта нуфузга эга, у ҳам давлат, ҳам нодавлат ташкилотлар билан узвий ҳамкорлик қилиб келади. Ўзбекистон ХМТнинг аъзоси эмас, бироқ бу амалий муносабатларимизга ҳеч қандай тўсиқ бўлаётгани йўқ. Кейин­ги­ йилларда ташкилотнинг қатор дастур ва лойиҳаларида фаол ишти­рок этаяпмиз. Ушбу конферен­ция ҳам ҳамкорлигимиз маҳсулидир.
Тадбирдан кўзланган мақсад нима? Мақсадимиз, аввало, юртимизда меҳмон бўлиб турган халқаро­ экспертларни Ўзбекистоннинг одам савдосига қарши курашиш соҳасида­ги­­ ўзига хос тажрибаси билан таништириш, қолаверса, бошқа давлатларнинг бу борадаги ишлари билан танишишдан иборат.
 
Деян КЕСЕРОВИЧ, ХМТнинг Марказий Осиё бўйича ҳудудий координатори, миссия раҳбари:
— Юқорида таъкидланганидек, бундан 65 йил муқаддам ташкил этилган ХМТ миграция масалалари­ билан шуғулланувчи дунёдаги энг етакчи ҳукуматлараро муассаса ҳи­собланади. Биз ҳукумат, ҳукуматлараро ва давлатга қарашли бўл­маган ташкилотлар билан узвий ҳамкорликда фаолият юритамиз. Айни пайтда ташкилотимизга 163 та давлат аъзо бўлган, дунё­нинг юздан зиёд мамлакатида идораларимиз бор.
Бугун миграция дунёдаги энг жиддий муаммолардан бирига айланди. Буни Европа Иттифоқи ва сайёрамизнинг бошқа бурчакларидаги аҳвол, юз бераётган воқеалар ҳам тасдиқлаб турибди.
Миграция жараёнларини бошқариш ва инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш ХМТнинг асосий вазифаси ҳисобланади. Улар ижросини таъминлаш учун ташкилотимиз миграция соҳасидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантириш чораларини кўради, ҳукуматлар ва мигрантларга тавсия ва маслаҳатлар беради.
ХМТ халқаро ҳамкорлари билан биргаликда қатор мамлакатларнинг ҳукуматлари ва фуқаролик жамияти институтлари фаолиятига кўмаклашиш доирасида қуйидаги дастурларни амалга ошириб келмоқда:
— гуманитар мақсадлардаги миграция (низо ҳамда можаролардан жабрланган, улардан азият чеккан одамларга, қочоқлар ва репатриант­ларга ёрдам кўрсатиш);
— тараққиёт мақсадидаги миграция (мигрантларнинг мамлакатни ривожлантиришдаги аҳамияти, маҳаллий аҳолининг манфаатлари ва эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда малакали ишчилар оқимини таъминлаш);
— техник ҳамкорлик дастурлари (миграция соҳасидаги ҳукумат, ҳукуматлараро ва нодавлат ташкилотларга консультатив хизматлар кўрсатиш, ўзгарувчан халқаро вазиятдан келиб чиқиб, миграция муаммоларини ҳал этишга қаратилган зарур чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, шунингдек, миграцияни тартибга солиш билан шуғулланувчи хизматларнинг ходимларини ўқитиш ва уларни техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш орқали давлатларнинг бу борадаги салоҳиятини мустаҳкамлаш);
— ахборотларни таҳлил қилиш ва тадқиқотлар ўтказиш (миграция муаммоларига бағишланган ҳудудлар­аро, халқаро семинар ва конференциялар ўтказиш, миграция жараёнининг сабаб ва оқибатларини, мигрантларнинг аҳволи ва эҳтиёжларини тадқиқ этиш, ахборот кампанияларини ишлаб чиқиш ва ўтказиш).
Миграция одам савдоси билан узвий боғлиқ жараёндир. Шу боис ХМТ мазкур жиноятнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бора­сида аъзо мамлакатлар билан доимий ҳамкорликни йўлга қўйган. Ташкилотимизнинг бу борадаги фао­лияти қуйидаги тўрт омилга асосланади: огоҳлантириш, таъқиб қилиш, ёрдам бериш, ҳамкорлик қилиш. Одам савдоси жуда мураккаб, кўп ҳолларда трансчегаравий характерга эга жиноят бўлгани учун ҳам унга қарши курашишда халқаро ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратамиз. Шунга ўхшаш халқаро анжуманлар ўзаро тажриба алмашиш билан бир қаторда одам савдосига қарши курашиш бўйича халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, шу соҳа билан боғлиқ тузилмалар ўртасида мулоқот муҳитини шакллантириш учун ажойиб имкониятдир.
Ўзбекистон — одам савдосига қарши курашиш борасида бой тажрибага эга мамлакат. Шунинг учун  у нафақат Марказий Осиё минтақаси,­ балки дунёда ҳам олдинги ўринларда­ туради. Хусусан, республикада­ соҳа­га оид мустаҳкам ҳуқуқий ва институционал асос яратилган. Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича­Республика реабилитация маркази жаҳоннинг камдан-кам давлатларида­ учрайдиган муассасадир.
ХМТ Ўзбекистоннинг вазирлик ва идоралари билан турли йўналиш­лар бўйича ҳамкорликдан мамнун. Биз одам савдоси қурбони бўлган Ўзбекистон фуқароларига биргаликда ёрдам кўрсатишга, бундан ташқари, ушбу жиноятдан азият чекканларга юртларига қайтиш ва тўғридан-тўғри реабилитацион (тиббий, психологик, ҳуқуқий) ёрдам кўрсатишга ҳамиша тайёрмиз.
 
Акмал САИДОВ, Инсон ҳуқуқлари миллий маркази директори:
— Ўзбекистон Республикасининг одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги сиёсати қуйидаги йўналишларга асосланади:
— одам савдосига қарши курашишга доир қонунчилик асосларининг яратилгани. Мазкур йўналишнинг икки муҳим жиҳати бор. Биринчиси, мамлакатимизда тизимни тартибга солувчи, бу жиноят билан шуғулланганларни жавобгарликка тортувчи миллий қонунчиликни шакллантириш бўлса, иккинчиси, халқаро конвенцияларни ратификациялаш ҳамда мазкур жиноятга қарши курашишда хал­қаро ҳуқуқ иштирокчилари билан ўзаро ҳамкорлик (икки-уч томонлама келишув ва шартномалар) қилишдан иборат;
— юқорида таъкидланганидек, одам савдосига қарши курашиш борасида институционал асосларнинг мавжудлиги. У, ўз навбатида, ­қуйидаги омилларга таянади:
— одам савдосига қарши курашиш учун жавобгар давлат органларининг яхлит тизими яратилгани. Ушбу тизим «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги қонунда ўз ифодасини топган бўлиб, унга кўра Ўзбекистон Соғ­лиқни сақлаш, Ички ишлар ва Ташқи ишлар вазирликлари, Миллий хавф­сизлик хизмати, Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари одам савдосига­ қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари ҳисобланади;
— одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссиясининг ташкил этилгани;
— фаолияти тўлиғича давлат томонидан молиялаштириладиган Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича Республика реабилитация марказининг фаолияти йўлга қўйилгани;
— нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан кенг ҳамкорлик қилинаётгани;
— одам савдосига қарши курашиш бўйича ахборот-маърифий ва тарғибот-ташвиқот фаолияти кишиларни ушбу жиноят ва унинг оқибатларидан воқиф этиш, жамиятда одам савдосига муносабатни шакллантиришга қаратилган. Бу борада аҳоли ўртасида ўтказилаётган сўровларнинг аҳамияти катта эканини алоҳида таъкидлаб ўтиш керак. Шу жиҳатдан «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан мунтазам ўтказилаётган одам савдоси жинояти жамиятга қанчалик хавф туғдираётганини аниқлашга қаратилган сўровлар айни муддао бўлмоқда. Бундан ташқари, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида турли буклет, рисола, китоб, тарқатма материаллар, баннерлар тайёрлаб, жамоатчиликка тарқатаяпмиз;
— одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги ишлар бўйича олинган натижаларни мониторинг қилиш. Қонунларнинг қабул қилиниши масаланинг эллик фоизига ечим бўлиши мумкин. Қолган эллик фоизи уларнинг ижросига боғлиқ. Бу эса норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини мониторинг қилишнинг нечоғли катта аҳамиятга эга эканини кўрсатади. Хўш, мониторингни ким қилади? Албатта, бу иш давлат органлари томонидан ўз ваколатларидан четга чиқмаган ҳолда амалга оширилади.
Ушбу конференциядан биз нималарни кутаяпмиз? Халқаро ҳамкорлар билан биргаликда қандай ишларни амалга оширишни мақсад қилганмиз? Шулар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсам.
Биз ХМТнинг Марказий Осиё бўйича ҳудудий координатори билан қатор йўналишлар бўйича ҳамкорликни йўлга қўймоқчимиз. Биринчидан, айни пайтда Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича 2017—2018-йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқаяпмиз. Бу ҳужжатда аниқ вазифалар белгиланган бўлиб, асосий урғу соҳадаги муаммоларни амалий чоралар орқали ҳал этишга қаратилган. Масалан, одам савдосига қарши кураш соҳасига оид терминлар маълумотномаси (глоссарий)ни чоп этиш, бундан ташқари, хорижий мамлакатларга бораётган фуқароларга тўғри йўлни кўрсатувчи компасга ўхшаган йўлкўрсаткич ишлаб чиқиш режалаштирилган. Йўл­кўрсаткич ҳам рисола, ҳам мобиль илова кўришинида бўлади, у орқали фуқаролар ўзлари бораётган давлатларнинг мигрантларга оид қонунчилиги, ёд билишлари шарт бўлган тартиб-қоидалар, ишга жойлашиш йўл-йўриқлари каби энг муҳим маълумотларга эга бўлишади.
Кези келганда, ўзбекистонлик мутахассисларнинг ХМТнинг ўқув марказларида ўқишларини ташкил этиш таклифини илгари сурмоқчиман. Бу, бир тарафдан, ўзаро тажриба алмашиш имконини берса, бошқа тарафдан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар хизматчилари ва фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари малакасини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Яна бир гап. Ўзбекистон Бош прокуратураси ЕХҲТ билан ҳамкорликда коррупцияга қарши курашиш, мазкур жиноятнинг турли кўринишлари ва оқибатларига оид ижтимоий роликлар тайёрлади. Улар марказий телерадиоканаллар орқали эфирга узатилмоқда. Бу аҳолимиз томонидан ҳам илиқ кутиб олинди. ХМТ билан ҳам худди шундай ижтимоий роликлар тайёрлашни ният қилганмиз.
 
Жонатан МАРТЕНС, ХМТнинг Осиё ва Тинч океани мамлакатларида одам савдосига қарши курашиш бўйича ҳудудий дастури катта мутахассиси:
— Одам савдоси оқибатида жисмоний шахслар товарга айланадилар. Яъни одамлар сотиб олиниши ёки сотиб юборилиши, ҳадя қилиниши мумкин. Жабрланувчилар асосан ўз юртидан бошқа давлатларга транзит қилиш ва чегаралардан ўтказиш орқали пулланади. Одам савдоси жиноятлари мажбурий меҳнат, шаҳвоний хизматларга мажбурлаш, инсон аъзоларини трансплантация қилиш, чақалоқларни сотиш, инсонларни тиланчиликка мажбурлаш, мажбурий никоҳ ва репродуктив вазифалар эксплуа­та­цияси (сунъий оналик, мажбурий бола туғиш) каби кўринишларда намоён бўлади.
ХМТнинг маълумотларига кўра ҳозир 21 миллиондан 35 миллион нафаргача киши қулликнинг замона­вий шаклларидан азият чекмоқда. Мазкур «бизнес» билан шуғулланувчиларнинг йиллик даромади 32 миллиард АҚШ долларига тенг. Одам савдоси жабрдийдаларининг 44 фоизи мигрантлар бўлиб, ўртача ҳисобда ҳар йили 45 минг киши мазкур жиноят қурбони бўлади. ХМТ ташкил этилгандан буён 11 миллиондан ортиқ одам, 2015 йилнинг ўзида 6941 нафар фуқаро ташкилотнинг саъй-ҳаракати билан мазкур чоҳдан қутқарилди, уларга керакли ёрдам кўрсатилди.
ХМТ одам савдосининг кўлами ва сабабларини ҳам тадқиқ этади. Тадқиқотлар натижалари ҳамкор дав­латларга юборилади. Сўнг бутун дунёдаги ҳамкор ташкилотлар билан­ биргаликда қўшма дастурлар, лойи­ҳалар, режалар ишлаб ­чиқилади ва амалиётга татбиқ ­этилади. Халқаро ва техник ҳамкорлик, билим ва малакани юксалтириш, информацион-маърифий ­фаолият, мигрантлар (шу жумладан, меҳнат муҳожирлари) ўртасида тар­қалаётган турли жиноий ҳаракатлардан огоҳлантириш, одам савдоси жабрдийдаларини янада муваффақиятлироқ реабилитация ва реинтеграция қилиш учун шароит ва имкони­ятларни кенгайтириш шулар ­жумласидан.
 
Гулноза РАҲИМОВА, Бош прокуратуранинг матбуот хизмати бошлиғи:
— Мамлакатимизда одам савдосига қарши курашиш масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда. Мазкур трансмиллий жиноятнинг жамиятимизга нечоғли катта хавф туғдиришини инобатга олиб, унинг олдини олиш, мазкур жиноят билан шуғулланувчиларга қарши курашиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Хўш, бу чора-тадбирлар нималардан иборат?
Юқорида айтиб ўтилганидек, одам савдосига қарши самарали курашиш нафақат мазкур фаолият­ни халқаро ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш, балки миллий қонунчилик­ тизимини такомиллаштиришга ҳам боғлиқ. Шунинг учун халқаро ҳужжатлар нормаларини миллий қонунчилигимизга имплементация қилиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди ва мамлакатимиз­да одам савдосига қарши курашиш­ бўйича ҳуқуқий асослар яратилди. 2008 йил 17 апрелда «Одам савдо­сига қарши курашиш тўғрисида»ги­ қонуннинг қабул қилиниши мамла­катимизда бу офатга қарши курашиш, ундан жабрланганларни ҳи­моя қилишда муҳим босқич бўлди. Бу қонун одам савдосига қарши курашишни тартибга солди, «одам савдоси» тушунчасини халқаро стандартларга мувофиқлаштирди ва ушбу фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари ва уларнинг ваколатларини белгилаб берди.
Президентимизнинг 2008 йил 8 июлдаги «Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан юқоридаги қонун нормалари амалиётга татбиқ этилди. Жум­ладан, одам савдосига қарши курашиш, бундай жиноят қурбонларини ижтимоий ҳимоялаш тадбирлари комплекс характерга эга экани инобатга олиниб, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодав­лат нотижорат ташкилотларнинг бу борадаги фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида ушбу қарор асосида Одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссияси ташкил этилди. Комиссия таркиби давлат ва нодавлат ташкилотлари вакилларидан иборат бўлиб, унга Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори раислик қилади.
Кейинчалик қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда жойларда ҳам одам савдосига қарши курашиш бўйича жами 209 та ҳудудий идора­лараро комиссиянинг фаолияти тў­лиқ йўлга қўйилди.
2008 йил 16 сентябрдаги қонун билан Жиноят кодексидаги одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар учун жазо чоралари кучайтирилди. Президентимизнинг 2008 йил 5 ноябрдаги «Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича Республика реабилитация марказини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига асосан реабилитация маркази ташкил қилинди, унинг асосий вазифа ва йўналишлари белгиланди, марказнинг тузилиши ҳамда унинг низоми тасдиқланди. Шундай қилиб, 2009 йил 18 ноябрда Тошкент шаҳрида 30 ўринга эга бўлган Республика реабилитация маркази фойдаланишга топширилди. Бугун марказ малакали мутахассислар билан таъминланган бўлиб, одам савдоси жабрдийдаларининг яшаши, тиббий, психологик, юридик ва бошқа ёрдамлар олиши учун барча шароитлар яратилган.
Ички ишлар вазирлиги одам савдоси билан боғлиқ жиноятларни очиш бўйича тезкор-қидирув фаолиятини ташкил этиш ҳамда амалга ошириш, суриштирув ва дастлабки тергов ўтказилишини таъминловчи асосий орган ҳисобланади. Шу муносабат билан вазирлик тизимида одам савдосига қарши курашиш бўйича махсус таркибий тузилма ташкил этилди.
Айтиш жоизки, комиссия томони­дан одам савдосига қарши курашиш­ фаолиятини олиб борувчи давлат идоралари ҳамда ҳудудий идоралараро комиссияларнинг бу борадаги фаолиятини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Республика идоралараро комиссияси томонидан­ ҳудудий идоралараро комиссиялар фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Одам савдосидан жабрланган фуқароларни, улар белгиланган тартибда жабрланувчи деб эътироф­ этилган дастлабки вақтдан соғломлаштириш, уларга тиббий, психоло­гик, ижтимоий, юридик ва бошқа хил ёрдам кўрсатиш, уларни ижти­моий реаблитация қилишга кўмаклашиш, бандлигини таъминлаш юза­сидан давлат органлари ва жамоат­чилик ташкилотларининг ҳамкорли­гини янада кучайтиришга қаратилган қўшма кўрсатма ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилган. Шунингдек, одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссияси аъзолари, улар фаолият кўрсатаётган идораларнинг одам савдосига қарши курашиш ва унинг олдини олиш борасидаги фаолиятини акс эттирувчи ҳисобот шакли ишлаб чиқилди ҳамда уни ҳар чорак якуни билан Республика идоралараро комиссиясига тақдим этиб бориш тартиби жорий этилди.
Ҳозир комиссия томонидан одам савдосининг олдини олиш, аниқлаш­, оқибатларини минималлаштириш, ундан жабрланганларга ёрдам кўрсатишга қаратилган қатор ташкилий ва профилактик тадбирлар ўтказилмоқда. Қолаверса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг одам савдосига қарши курашиш масалаларида маҳаллий ҳокимият органлари, тиббиёт ва таълим муас­сасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва жамоатчилик билан ҳамкорлиги таъминланмоқда.
Одам савдосига қарши курашишда аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида­ ушбу иллатнинг хавфи ва оқибатлари ҳақида тушунтириш ишларини­ олиб бориш, фуқароларни вазиятдан огоҳ этиш муҳим аҳамиятга эга. Шу боис комиссия тарғибот-ташвиқот тадбирларини ўтказишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бундан ташқари, ҳар икки йилда миллий тадбирлар режаси тасдиқланиб, одам савдосига қарши курашиш борасидаги чора-тадбирларни такомиллаштириш бўйича аниқ вазифалар белгиланмоқда.
 
Бермет МОЛДОБАЕВА, ХМТнинг Марказий Осиёда одам савдосига қарши курашиш бўйича ҳудудий дастури координатори:
— ХМТнинг Марказий Осиёда одам савдосига қарши курашиш бўйича ҳудудий дастуридан кўзланган асосий мақсад минтақада миграция жараёнини тартибга солиш, ҳукуматлар ва халқаро ҳамкорлар билан биргаликда бу борада учрайдиган муаммоларни аниқлаш, уларни бартараф этиш йўл-йўриқларини ҳамда миграция жараёнини барқарорлаштиришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, давлатларнинг одам савдосига қарши курашиш ва унинг жабрдийдаларига ёрдам кўрсатиш учун масъул тузилмалари фаолиятига яқиндан кўмаклашиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдан иборат.
Марказий Осиё одам савдоси жинояти режалаштириладиган ва унинг қурбонлари транзит қилинадиган ҳудуд ҳисобланади. Ўзбекистондан одамларни асосан Россия, Туркия, БАА ва Қозоғистонга олиб чиқиб сотиш ҳолатлари кўп учрайди. Минтақада қуйидаги тоифага мансуб фуқаролар энг кўп одам савдоси қурбони бўлишади: хорижий давлатларга иш излаб чиққан меҳнат мигрантлари; ишсиз ички мигрантлар; ижтимоий ҳимоя билан тўлиқ қамраб олинмаган вақтинчалик ишсизлар (номунтазам); вояга етмаганлар, етимлар; чайқовчилар; болалар.
ХМТ одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги фаолияти давомида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг «Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш тўғрисида»ги конвенция­си ҳамда «Одам савдоси, айниқса, аёллар ва болалар савдоси­нинг олдини олиш ҳамда унга чек қўйиш ва унинг учун жазолаш тўғрисида»ги қўшимча протокол (2000 йил 15 но­ябрь, Нью-Йорк)да­ белгиланган халқаро­ стандартларга­ амал қилиб келмоқда. Мазкур стандартлар ташкилотнинг ҳудудий координаторлари учун ҳам асос вазифасини ўтайди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон одам савдосига қарши курашиш соҳасида улкан салоҳиятга ва бой тажрибага эга мамлакатдир. Минтақадаги давлатлар, қолаверса, дунёдаги бошқа мамлакатлар ҳам бу борада Ўзбекистондан кўп нарса ўрганишлари мумкин.
Халқаро экспертлар тадбир иштирокчиларини Европа ва Осиё давлатларида одам савдосига қарши курашиш, одам савдосидан жабр кўрганларга ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳимоя қилиш механизмлари, халқаро ва миллий ҳуқуқни қўллаш амалиёти, шунинг­дек, амалиётчилар учун ташкил этилган таълим тадбирлари билан таништирдилар. Хорижликлар томонидан мамлакатимизда одам савдосига қарши кураш соҳасида амалга оширилаётган ишлар юқори баҳоланиб, келгусида давлат органлари ва инсон ҳуқуқлари бўйича миллий инс­титутларнинг ҳаракатларини бирлаштириш, уларнинг фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро алоқаларини янада кучайтириш ҳамда давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди. Халқаро конференция якунида миллий қонунчилик ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.
Жамшид НИЁЗОВ,
«Huquq va burch» мухбири