Инсон ҳуқуқлари: уни ҳимоя қилишда адлия органлари олиб бораётган ишлар таҳлили

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини­ таъминлашга давлат сиё­са­тининг энг устувор йўналиши сифатида эътибор қаратилмоқда.
Энг аввало, бу борада мукаммал норматив-ҳуқу­қий база яратилди. Бундан­ таш­қари, Ўзбекистон Республикаси томонидан 70 дан ортиқ халқаро ҳужжат ратификация қилинди. Барча таълим муассасаларида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини ўқитиш амалиёти йўлга қўйилди.
Шу билан бирга, мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган давлат дастурлари қабул қилиниб, ҳаётга изчил татбиқ этилиши натижасида болалар, аёллар ва ёшларнинг ижтимоий-иқ­тисодий ҳуқуқларини таъминлаш имкониятлари яна­да кенгайди.
Қолаверса, мамлакатимиз­да инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи­ давлат ва нодавлат органларининг ҳамкорлигига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнда­ адлия органлари ўзига хос ўринга эга. Бугунги кунда­ улар томонидан соҳага оид қонун ҳужжатлари ижро­си­ни таъминлаш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган ишлар амалга оширилмоқда.
Дарҳақиқат, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият экани тўғрисидаги конституциявий нор­ма Адлия вазирлиги фаолиятининг барча йўналишларида устувор вазифа этиб белгиланган. 2003 йили Ҳукуматимиз қарори­ билан вазирлик тузилмасида Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси, ҳудудий адлия органларида эса тегишли бўлимлар ташкил этилгани бунинг яққол исботидир.
Президентимизнинг 2011 йил 23 августдаги қарори билан­ тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисида»ги низомда ҳам адлия органларининг асосий вази­фаларидан бири сифатида­ Конституциямиз, қонунларимиз ва халқаро шартно­маларда мустаҳкамланган инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш белгиланган.
Бу йўналишдаги вазифа­лар ижросини таъминлаш мақсадида адлия органлари­ зиммасига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонун ҳужжатларини таҳлил қилган ҳолда янада такомиллашти­риш ҳамда халқаро-ҳуқу­қий нормаларни миллий қонунчилигимизга имплементация қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, аҳолида­ инсон ҳуқуқ ва эркинликларига ҳурмат руҳини, қо­нунга итоаткорликни шакл­лантириш бўйича зарур чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, давлат органларида­ инсон ҳуқуқлари соҳаси билан боғлиқ қонун ҳужжатларига риоя қилиниши­ни таҳлил қилиш ва умумлаштириш, тегишли давлат­ органларига уларни яхшилаш юзасидан таклифлар киритиш, фуқароларнинг мурожаатларини холис ва ҳар томонлама кўриб чиқишдек муҳим вазифалар юклатилган.
Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарининг юқоридаги қарори билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бош­қа давлат органлари томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя қилиниши аҳволини ўрганиш бўйича идоралараро ишчи гуруҳи тузилди ва унга Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг раҳбарлик қилиши белгилаб қўйилди. Ушбу қарорда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари со­ҳа­сида аниқланган қонунбузилишларни бартараф қилиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгилаш, бу борадаги қонунчиликни янада такомиллаштириш, БМТнинг асосий конвенциялари нормаларини қонунчилигимизга ва ҳу­қуқни қўллаш амалиётига имплементация қилиш бўйича таклифлар тайёрлаш кабилар ишчи гуруҳнинг асосий вазифалари этиб белгиланди.
Демак, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида адлия органлари олдида турган вазифалар қамрови жуда кенг. Уларнинг ижросини сўзсиз таъминлаш эса адлия органлари ходимларидан катта масъулият талаб этади. Статистик маълумотларга эътибор қаратсак, бу бора­да салмоқли ишлар қилинаётганига гувоҳ бўламиз. Хусусан, биргина 2016 йил­нинг 1-чорагида адлия органлари томонидан мазкур йўналиш бўйича 142 та­ ташкилот ва идорада 95 та­ назорат тадбири ўтказилди ва уларнинг натижа­си бўйича 186 та таъсир чораси қўлланди. Саъй-ҳаракатларимиз самараси ўлароқ, давлат органларининг 35 та қарори бекор қилинди, 234 нафар айбдор шахс интизомий жавобгарликка тортилди. Қо­нунчиликни бузиш ҳолатлари юзасидан 90 та огоҳнома, 74 та таклиф кири­тилди. Уларга кўра 27 на­фар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди. Ҳу­қуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга киритилган 5 та таклиф асосида бир нафар шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Ушбу давр мобайнида фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб судларга киритилган 549 млн. 897 минг сўмлик 199 та даъво аризаси қаноатлантирилди. Судлар қарорларига асосан фуқаролар фойдасига мансабдор шахс­лардан 26 та даъво аризаси бўйича 12 млн. 995 минг сўм ундирилди.
Вазирлик томонидан соҳага оид қонунчиликни янада такомиллаштиришга­ ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасига «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги қонунга васийлик ва ҳомийликка ҳамда болаларни оила тарбиясига олишни (патронат) рад этувчи юқумли касалликлар рўйхатини белгиловчи­ нормани киритиш бўйича таклиф киритилди.
Хулоса ўрнида айтганда­, ўтган йиллар давомида адлия органларининг инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдаги роли кучайтирилди. Энг муҳими, бу борадаги ишлар самарали ташкил этилгани боис, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ўз вақ­тида ҳимоя қилинмоқда ва тикланмоқда. Бу каби чора-тадбирлар фуқароларнинг адлия органларига бўлган ишончини янада мус­таҳкамламоқда.
Шерзод РАБИЕВ,
Адлия вазирлиги бошқарма
бошлиғи ўринбосари