Суд ишларини юритиш унда тарафларнинг тенг ҳуқуқлилиги

 
Фуқаролик процессуал ҳуқуқи назариясида тарафларнинг тенглиги принципи ҳақида турли фикрлар айтилган. Масалан, ҳуқуқшунос олим Ш.Шорахметовнинг фикрича, мазкур принципга мувофиқ фуқаролик ишида иштирок этувчи шахслар иш юритилишида тенг ҳуқуқдан фойдаланадилар. Бундан кўриниб турибдики, у маълум даражада ишда иштирок этувчи барча шахсларга, хусусан, бошқаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун ариза билан судга мурожаат қилган прокурорга, давлат бошқарув органлари, ташкилотлар ва айрим фуқароларга ҳам тегишлидир.
Лекин бу борада қарашлар турли хил. Хусусан, В.Мироновнинг фикрича, ҳозирги вақтда ҳам, келажакда ҳам ҳеч бир процесс иштирокчиси ишда қатнашаётган прокурор билан тенг бўла олмайди. Чун­ки прокурор уларга нисбатан кенг ваколатларга эга. Масалан, иш бўйича фикр бериш, ишни талаб қилиб олиш, ишда иштирок этган-этмаганлигидан қатъи назар, суд қарорлари устидан протест келтириш, ҳал қилув қарори иж­росини тўхтатиб туриш шу­лар жумласидандир (Миронов В.И. Принципы гражданского судопроизводства / Юрист. 2002. №12. 19-бет). Бизнингча, уш­бу фикрга қўшилиб бўлмайди. Чунки процессуал тенг ҳуқуқлилик принципи процесс иштирокчиларида тенг процессуал ҳуқуқлар бўлишини талаб этади. Прокурор эса судда даъво қўзғатганида иш бў­йича тараф ҳисобланмайди. Демак, тарафларнинг махсус процессуал ҳуқуқларидан фойдалана олмайди. Бинобарин, прокурор келишув битими туза олмайди ва даъвогарнинг розилигисиз даъво предмети ёки асосини ўзгартириш, даъво миқдорини кўпайтириш ёки камайтиришга ҳақли эмас. Бошқа шахс­ларнинг манфаатларини кўзлаб даъво қўз­ғатган давлат бошқарув ор­ган­лари ҳам ушбу процессуал ҳуқуқлардан фойдалана олмайди. Хулоса қилиб айтиш мумкинки, тарафларга берилган айрим процессуал ҳуқуқлар прокурор, давлат бошқарув идораларига берилмаган ва, аксинча, уларга берилган айрим процессуал ҳуқуқлардан тарафлар фойдалана олмайди.
Ҳуқуқшунос олим В.Лебедовнинг фикрича, тарафларнинг тенг ҳуқуқлилиги принципи фактик тенгликда эмас, балки процессуал тенгликда намоён бўлади. Ҳуқуқшунос И.Зайцев тарафлар тенг ҳуқуқлилиги принципига кўра фуқаролик процессининг у ёки бу иштирокчиси ҳуқуқий ҳолати унинг шахси, ижтимоий келиб чиқишига қараб эмас, балки фуқаролик процессидаги ролига қараб аниқланади, деб таъкидлайди. Ушбу фикрларга қўшилган ҳолда айтиш мумкинки, тарафларнинг тенг ҳуқуқлилиги деганда уларнинг процессуал ҳуқуқий ҳолатидан келиб чиққан ҳолда тенглиги эътироф этилади. Чунки­ тарафлар мулкий жиҳатдан тенг бўлмаслиги мумкин.
Ўзбекистон Фуқаролик процессуал кодексининг 8-моддасида «Фуқаролик суд ишларини юритиш тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади» деб белгиланган. Лекин тарафларнинг қайси жиҳатдан тенг ҳуқуқ­лилиги аниқ айтилмаган. Конституциямизнинг 53-моддасига кўра бо­зор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўз­бекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди.
Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз­ ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин.
Хусусий мулк бўлган мол­-мулкнинг миқдори ва қий­мати чекланмайди (ФК­нинг 207-моддаси 2-қисми).
Бу қоидаларнинг қонун ҳужжатларида мустаҳкамланиши тарафларнинг мулкий тенглигини истисно этади. Шундай экан, тарафларнинг тенг ҳуқуқлилиги принципига мулкий жиҳатдан эмас, балки процессуал нуқтаи назардан ёндашиш лозим.
Бу борада чет давлатларнинг фуқаролик процессуал қонунчилигига эътибор­ қаратсак. Масалан, Молдова ФПКнинг 26-моддаси «Тортишувчилик ва тарафларнинг процессуал тенглиги» деб номланиб, унга кўра фуқаролик суд ишлари тортишувчилик ва тарафларнинг процессуал тенглиги принципига асосан юритилади. Латвия ФПКнинг 9-моддасида тарафларнинг процессуал ҳуқуқлардан тенг фойдаланиши мустаҳкамлаб қўйилган.
Юқорида келтирилган ҳу­қуқшунос олимларнинг фикр­ларига қўшилган ҳамда хорижий давлатларнинг фу­қаролик процессуал қонунчилигини қиёсий таҳлил этган ҳолда тарафларнинг тенг ҳуқуқлилиги тамойилини процессуал жиҳатдан мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Фуқаролик процессуал кодексининг 8-моддаси қуйидаги таҳрирда баён этилса, мақсадга мувофиқ бўларди: «Фуқаролик суд ишларини юритиш тарафларнинг ўзаро тортишуви ва процессуал тенг ҳуқуқлилигига асосланади».
Суд ишларини юритишда тарафларнинг тенг ҳу­қуқлилиги принципини тенг процессуал имкониятлар си­фатида тушуниш лозим. У нафақат процессуал ҳуқуқ­лар, балки процессуал мажбуриятларда ҳам намоён бўлади. Тарафларнинг тенг мажбуриятларга эгалигига мисол тариқасида уларнинг ўзларига берилган барча процессуал ҳуқуқлардан ин­соф билан фойдаланишларини ва зиммаларига юклатилган мажбуриятларни бажаришлари шартлиги, ўз талаб ва эътирозларини асослантириши ва ҳоказоларни келтириш мумкин (ФПК­нинг 34, 57-моддаси). Демак, қонунда мустаҳкамланган тарафларнинг тенг ҳу­қуқлилиги принципи даъвогар ва жавобгарнинг тенг процессуал ҳуқуқларида, тенг процессуал мажбурият­ларида, ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва мажбу­риятларини бажаришда зарур бўлган ҳолларда суднинг тенг ёрдамидан фойдаланиш имкониятида намоён бўлади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, тарафларнинг фақат процессуал жиҳатдан тенг ҳуқуқлилигини эътироф эт­ган ҳолда ушбу тушунчага қуйидагича таъриф бериш мумкин: «Тарафларнинг процессуал тенг ҳуқуқлилиги принципи – тарафларнинг қонунда мустаҳкамланган ўз ҳуқуқ ва эркинликларини судда ҳимоя қилишнинг процессуал воситаларидан фойдаланишда суд томонидан процессуал имкониятларнинг таъминланиши, шунингдек, бошқа тарафнинг фикр ва мулоҳазаларига эътироз билдириш имкониятидир».
Ушбу принципнинг бир қатор ўзига хос хусусиятлари бор. Улар қо­нунчи­ликни ҳамда суд амалиётини таҳлил қилиш натижасида аниқланади.
Ўзбекистон Фуқаролик процессуал кодексининг 314-моддасида белгиланишича, процессда тараф сифатида қатнашишга жалб этилмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига доир маса­лани ҳал қилишга йўл қўйилмайди. Бу қоиданинг мазмун-моҳиятида ҳам тарафлар­нинг процессуал тенг ҳу­қуқлилиги принципи ўз ифо­дасини топган. Ҳозир суд амалиётида тараф сифа­тида жалб этилмаган шахсларга нисбатан ҳал қилув қарорини чиқариш ҳолатлари учраб турибди. Масалан, Г.Алимова судга О.Муродов ва бошқаларга нисбатан моддий ва маънавий зарарни ундириш, ноқонуний эгаллаган ерни қайтариш, ариқдан фойдаланишга эркинлик яратиш ҳақидаги даъво билан мурожаат қилган. Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро суднинг 2010 йил 24 июндаги ҳал қилув қарорига кўра даъво қисман қаноатлантирилиб, даъвогар фойдасига жавобгарлардан солидар тартибда 2.300.000 сўм моддий ва 500.000 сўм маънавий зарар­ ундирилган. Вилоят суди кас­сация инстанциясининг 2010 йил 11 ноябрдаги аж­рими билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган. Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2011 йил 18 апрелдаги ажрими билан қуйидаги асосларга кўра суд қарорла­ри бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборилган. Аниқланишича, Г.Алимова ва О.Муродовнинг уйлари бир-бирига қўшни бўлиб, ўрталарида ариқ сувидан фойдаланиш масаласида доим низо чиқиб турган. Жиноят ишлари бўйича туман судининг 2008 йил 9 сентябрдаги ажримига ­би­ноан, М.Алимовга тан ­жа­ро­ҳати етказгани учун О.Му­­родовга нисбатан Жи­ноят кодексининг 109-моддаси 2-қисми билан қўзғатилган жиноят иши 2008 йил 28 августдаги «Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги эълон қилинганлигининг ўн етти йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги қарорнинг 6-бандига асосан ҳаракатдан тугатилиб, М.Алимовга етказилган зарарни ундириш учун фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат этиши зарурлиги тушунтирилган. Шунингдек, жиноят ишлари бўйича туман судининг 2008 йил 23 октябрдаги, 2009 йил 23 июнь, 15 июль, 11, 17 сентябрь ҳамда 6 октябрдаги қарорларига кўра тарафлар ўзаро жанжаллар оқибатида ҳуқуқбузарлик содир этганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилганлар. Г.Алимова ўз даъвосида отаси Т.Алимов ва акаси М.Алимовга зарар етказилганини билдирган бўлса-да, суд уларни тараф сифатида ишга жалб қилиш масаласини ҳал этмаган. Бундан ташқари суд фуқаролик ишини Содиқ ва Нодир Муродовларнинг иштирокисиз Фуқаролик процессуал кодексининг 174-моддасига асосан кўриб, жавобгарлар суд мажлисининг жойи ва вақти ҳақида тегишли тартибда чақирув қоғозини олган бўлишига қарамасдан, судга келмаганлигини кўрсатган. Лекин суд ушбу ҳолатда Фуқаролик процессуал кодексининг 136-моддасида кўрсатиб ўтилган ҳолатлар мавжуд бўлгандагина иш бўйича қатнашиши лозим бўлган шахслар суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тартибда хабардор қилинган деб ҳисобланиши мумкинлигига, ишда эса уларга судга чақирув қоғозлари топширилганини тасдиқловчи маълумотлар мавжуд эмаслигига эътибор бермаган (Ўзбекис­тон Республикаси Олий судининг ахборотномаси. 2011. №3. 20-бет). Демак, ушбу ҳолатда биринчи инстанция ва кассация инстанция суди томонидан тарафларнинг тенглиги принципи ва ФПКнинг 314-моддаси 2-қисми қўпол тарзда бузилган. Шунинг учун Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан қуйи инстанция судларининг қарорлари учун процессуал қонун нормаларини нотўғри қўллаганлиги боис бекор қилинган.
Хулоса қилиб айтганда, тарафларнинг процессуал тенг ҳуқуқлилиги принципи уларнинг судда процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятлардан бир хил фойдаланишига, одил судловни сифат­ли, тартибли амалга оширишга, иш бўйича қонуний, адолатли ва асослантирилган қарор чиқарилишига имконият яратади.
Давлатжон
ҲАБИБУЛЛАЕВ,
юридик фанлар номзоди