Божхона қиймати кўрсаткичлари нотўғри декларация қилингани аниқланганда...

 
Товар эркин муомалага ёки божхона ҳудудидан чиқарилганидан сўнг божхона қиймати кўрсаткичлари нотўғри декларация қилингани аниқланганда тўғриланиши мумкин.
 
Ишнинг мазмуни
Масъулияти чекланган жа­мият томонидан 2008—2010-йиллар ва 2011 йилнинг беш ойи мобайнида чет­ элдан Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудуди­га ишлаб чиқариш учун хом­ашё ва бутловчи материаллар олиб кирилган.
Олиб кирилган ушбу маҳ­сулотлар бўйича божхона юк декларацияларини расмийлаштиришда масъулияти­ чекланган жамият томони­дан Ўзбекистон Президенти­нинг 2008 йил 21 февралда­ги «Хорижий инвестициялар иш­тирокида «Женерал Моторс Ўзбекистон» корхонаси­ни барпо этиш тўғрисида»ги Қарорида белгиланган имтиёзлардан фойдаланиб келинган.
Давлат божхона хизмати­ органи масъулияти чекланган жамият томонидан 2009 йил ва 2010 йилнинг май ойи­га қадар «Женерал Мо­торс Ўзбекистон» ёпиқ акциядорлик жамиятидан таш­қари бошқа корхоналарга ҳам 139614 дона маҳсулот етказиб берилганини аниқла­ган. Ушбу ҳолат вилоят ста­тистика бошқармасининг маъ­лумотномаси билан ўз тас­диғини топган бўлиб, масъ­улияти чекланган жами­ят томонидан инкор этилма­ган.
Вилоят божхона бош­қармаси масъулияти чекланган жамият томонидан божхона қиймати корректировкаси ихтиёрий равишда амалга оширилмагани сабабли унинг зиммасига божхона расмийлаштируви жараёнида берилган имтиёзларни қайта ҳисоб-китоб қилиш ҳамда Ўзбекистон Адлия вазирлиги томонидан 2000 йил 20 апрелда 920-сон билан рўйхатга олинган «Бож­хона қийматини тўғрилаш БҚТ-1 ва БҚТ-2 шакл­ларини тўлдириш бўйича» йўриқнома талаблари асосида божхона қиймати корректировкасини расмийлаштириш масъулиятини юклашни сўраб, вилоят хўжалик судига ариза билан мурожаат қилган.
 
Аризачининг важлари
Ўзбекистон Президентининг 2008 йил 21 февралдаги «Хорижий инвестициялар иштирокида «Женерал Моторс Ўзбекистон» корхонасини барпо этиш тўғрисида»ги Қарори 8-бандининг тўртинчи хатбошисида «Женерал Моторс Ўзбекистон» ёпиқ акциядорлик жамияти автомобилларини ишлаб чиқаришда ишлатиладиган бутловчи буюмлар, материаллар ва технологик жиҳозлар ишлаб чиқарувчи бошқа корхоналар томонидан олиб келинадиган маҳсулотлар божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан таш­қари) озод этилиши белгиланган.
Ушбу қарорнинг 1-иловасида корхона томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар фақатгина «Женерал Моторс Ўзбекистон» ёпиқ акциядорлик жамияти томонидан автомобиллар ишлаб чиқариш учун етказиб берилган тақдирдагина божхона тўловлари бўйича имтиёзлар татбиқ этилиши кўрсатилган.
Вилоят статистика бошқармасининг вилоят божхона бошқармасига юборган маълумотномасида масъулияти чекланган жамият томонидан 2008—2010-йиллар ва 2011 йилнинг беш ойи давомида ишлаб чиқарилган маҳсулот «Женерал Моторс Ўзбекистон» ёпиқ акциядорлик жамиятига етказиб беришдан ташқари, ички ва ташқи бозорда бош­қа хўжалик юритувчи субъектларга ҳам сотиб келингани қайд этилган.
Натижада масъулияти чек­ланган жамият томонидан­ Ўзбекистон Президентининг 2008 йил 21 февралдаги «Хорижий инвестициялар иштирокида «Женерал Моторс Ўзбекистон» корхонасини барпо этиш тўғрисида»ги Қарори талаблари но­тўғри қўлланган.
Маҳсулотларнинг «Женерал Моторс Ўзбекистон» ёпиқ акциядорлик жамияти билан бирга ички ва ташқи бозорга ҳам етказиб берилиши оқибатида олиб кирилган товарлар учун божхона тўловларини қайта ҳи­соб-китоб қилиш зарур.
 
Жавобгарнинг эътирозлари
Ариза асоссиз бўлиб, Ўз­бекистон Президентининг 2008 йил 21 февралдаги қарорига тушунтириш бериш­ни сўраб, Ўзбекистон Конс­титуциявий судига мурожа­ат қилингани сабабли Конс­титуциявий суднинг ушбу масала юзасидан тегишли қарори қабул қилингунига қадар мазкур хўжалик иши бўйича иш юритишни тўхтатиб туриш лозим.
 
Суднинг ҳал қилув қарори
Биринчи инстанция суди масъулияти чекланган жами­ят томонидан «Женерал Мо­торс Ўзбекистон» ёпиқ акциядорлик жамияти билан бирга бошқа корхоналарга ҳам 2009 йил ва 2010 йилнинг май ойига қадар маҳсулот етказиб берилганини инобатга олиб, давлат божхона хизмати органининг аризасини қаноатлантирган ва масъулияти чекланган жа­мият зиммасига божхона тў­ловларини тўлаш борасида аввал берилган имтиёзларни қайта ҳисоб-китоб қилиш ҳамда божхона қийматининг корректировкасини расмийлаштириш масъулиятини юклаган.
 
Суднинг ҳал қилув қарорига шарҳ
Ўзбекистон Президентининг 2008 йил 21 февралдаги «Хорижий инвестиция­лар иштирокида «Женерал Моторс Ўзбекистон» корхо­насини барпо этиш тўғриси­да»ги Қарорининг 8-бандида «Женерал Моторс Ўзбекистон» ёпиқ акциядорлик жамияти, «Ўзавтосаноат» ак­циядорлик компанияси, шу­нингдек, ушбу қарорнинг 1-ило­васига мувофиқ рўйхат бўйича «Женерал Моторс Ўз­бекистон» ёпиқ акциядорлик жамияти автомобиллари­ни ишлаб чиқаришда ишлатиладиган бутловчи буюмлар, материаллар ва технологик жиҳозлар ишлаб чиқарувчи бошқа корхоналар томонидан олиб келинадиган маҳсулотлар божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви йиғимларидан таш­қари) тўлашдан озод этилиши белгиланган.
Демак, мазкур қарорда «Женерал Моторс Ўзбекис­тон» ёпиқ акциядорлик жа­мияти, «Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси таркибига кирмайдиган бошқа корхоналар томонидан бутловчи буюмлар, материаллар­ ва технологик жиҳозлар фа­қат «Женерал Моторс Ўзбекистон» ёпиқ акциядорлик жа­миятига автомобиллар иш­лаб чиқариш учун етказиб берилган тақдирдагина уларга нисбатан божхона тўловларини тўлаш борасида имтиёзлар татбиқ этилиши назарда тутилган.
Аммо масъулияти чекланган жамият томонидан суднинг ҳал қилув қарорида кўр­сатилган давр мобайнида­ чет элдан Ўзбекистон божхона ҳудудига олиб кирилган хомашё ва бутловчи ма­териаллар нафақат «Женерал Моторс Ўзбекистон» ёпиқ акциядорлик жамияти­га, балки унга умуман алоқаси бўлмаган бошқа хўжалик юритувчи субъектларга ҳам етказиб берилган.
Гарчанд масъулияти чекланган жамият томонидан божхона юк декларацияларини расмийлаштириш пайтида Ўзбекистон Адлия вазирлиги томонидан 1999 йил 3 ноябрда 834-сон билан рўйхатдан ўтказилган «Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисида»ги йўриқнома талабларидан келиб чиқиб, божхона юк декларацияларининг 44-устунига божхона тўловларини тўлашдан озод қиладиган ҳужжат сифатида Ўз­бекистон Президентининг 2008 йил 21 февралдаги «Хо­рижий инвестициялар иш­тирокида «Женерал Моторс Ўзбекистон» корхонаси­ни барпо этиш тўғрисида»ги Қарори кўрсатилган бўлса-да, аммо ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан берилган имтиёздан лозим даражада тўғри ва мақсадли фойдаланмасдан келинган.
Бунинг натижасида «Женерал Моторс Ўзбекистон» ёпиқ акциядорлик жамияти­дан бошқа корхоналарга ет­казиб берилган маҳсулотлар­нинг божхона қиймати ўз вақ­тида ҳисоблаб чиқарилма­ган ҳамда Ўзбекистон давлат­ бюджетига белгиланган тартибда ва миқдорда божхона­ тўловлари (бож, қўшилган қиймат солиғи, акциз соли­ғи) тўланмасдан қолган.
Ваҳоланки, Божхона кодекси 104-моддасининг биринчи қисмида божхона че­гараси орқали олиб ўтиладиган товарларга қонун ҳуж­жатларига мувофиқ бож, қўшилган қиймат солиғи ва акциз солиғи солиниши назарда тутилган бўлиб, товар­ларнинг божхона қиймати божни, акциз солиғини ва тегишли бож йиғимларини ҳисоблаб чиқариш учун асос бўлади.
Қўшилган қиймат солиғи­ни ҳисоблаб чиқариш учун товарнинг божхона қиймати асос бўлиб, унга тўланиши лозим бўлган бож, акциз тўланадиган товар бўйича эса акциз солиғининг суммаси ҳам қўшилади.
Шуни ҳам таъкидлаш жо­изки, Божхона кодекси 112-моддасининг иккинчи қисмида тўланмаган божхона тў­ловлари, тўламаганлик фак­ти қачон аниқланганидан­ қатъи назар, ундирилиши ло­зимлиги белгиланган. Уш­бу масалалар тўғрисида Олий хўжалик суди Пленумининг 2009 йил 24 апрелдаги «Хўжалик судлари то­монидан божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини қўл­лашнинг айрим масалалари ҳақида»ги қарорининг 13-бандида ҳам зарур тушунтиришлар берилган.
Ўзбекистон Адлия вазирлиги томонидан 2000 йил 20 апрелда 920-сон билан рўйхатдан ўтказилган «Божхона қийматини тўғрилаш БҚТ-1 ва БҚТ-2 шаклларини тўлдириш бўйича» йўриқнома I бўлимининг 5-, 8-бандларига мувофиқ товар эркин муомалага ёки Ўзбекистон божхона ҳудудидан чиқарилганидан сўнг божхо­на қиймати кўрсаткичлари нотўғри декларация қилингани аниқланганда ва назарда тутилган бошқа ҳолатларда тўғриланиши мумкин. Бунда БҚТ-1 ва БҚТ-2 шаклларида тўғриланган бож­хона қиймати ва божхона тўлови кўрсаткичлари божхона юк декларациясининг ажралмас қисми ҳисобланади.
Ушбу йўриқноманинг II бўлимида декларант томонидан божхона қиймати корректировкаси шаклини тўлдириш тартиби, тўлдирилиши лозим бўлган аниқ устунлар кўрсатилган. Бироқ масъулияти чекланган жамият томонидан ушбу тартибга риоя этилмасдан, божхона қиймати корректировка­си ихтиёрий равишда амалга оширилмаган. Шунинг учун давлат божхона хизмати органи хўжалик судига ариза билан мурожаат қилган ва суднинг ушбу аризани қаноатлантириш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилинган.
Масъулияти чекланган жамиятнинг Ўзбекистон Президентининг 2008 йил 21 февралдаги қарорини тушунтириш бўйича Ўзбекистон Конституциявий судига мурожаат қилгани учун мазкур хўжалик иши бўйича­ иш юритишни тўхтатиб туриш тўғрисидаги илтимосно­маси суд томонидан Консти­туциявий суднинг иш юритишида мазкур хўжалик иши билан боғлиқ масала мавжуд эмаслиги ҳисобга олиниб, қаноатлантирилмаган.
Зеро, Хўжалик процессуал кодекси 82-моддаси би­ринчи қисмининг 1-бандида хўжалик суди ишни консти­туциявий, фуқаровий, жино­ят ёки маъмурий суд ишларини юритиш тартибида кў­рилаётган бошқа иш ёки ма­сала юзасидан қарор қа­бул қилингунга қадар кўриш мумкин бўлмаганда иш юритишни тўхтатиб туришга мажбурлиги белгиланган.
Бундан ташқари, «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонуннинг 31-моддаси биринчи қисмига мувофиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни шарҳлаш норматив-ҳуқуқий ҳужжатда ноаниқликлар топилган, у амалиётда нотўғри ёки мантиққа зид тарзда қўлланган ҳолларда амалга оширилиши мумкин. Лекин Ўзбекис­тон Президентининг 2008 йил 21 февралдаги «Хорижий инвестициялар иштиро­кида «Женерал Моторс Ўз­бекистон» корхонасини барпо этиш тўғрисида»ги Қарорининг матнида ҳеч қандай ноаниқликлар ёки тушунмовчиликлар мавжуд эмас.