Суд ҳокимияти унда кадрларни қайта тайёрлашнинг ўзига хос жиҳатлари

 
Ижтимоий-иқтисодий, сиёсий соҳаларда эришаётган ютуқларимиз суд-ҳуқуқ тизимини чуқур ислоҳ қилиш ва либераллаштириш, жамиятда қонун устуворлигини, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар самараси билан ҳам узвий боғлиқ десак, асло янглишмаймиз. Конституциямизда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари энг олий қадрият сифатида эътироф этилган. Ушбу меъёрнинг ҳаётимизда тўлиқ ўз ифодасини топишида суд ҳокимиятининг алоҳида ўрни бор. Зеро, Ўзбекистон судлов тизимининг бош мақсади – ҳар бир фуқаронинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.
Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, конституциявий асосга эга бўлган яхлит суд тизими юзага келди, унинг таркиблари такомиллашиб, ихтисослаштирилди. «Судлар тўғрисида»ги Қонунда белгиланганидек, республикамизда одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилади. Шу­нингдек, мазкур қонунда Ўзбекистонда суд конституция ва бошқа қонунларда, инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳужжатларда эълон қилинган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, корхона, му­ассаса ва ташкилотларнинг ҳу­қуқ­лари ҳамда қонуний манфаатлари суд йўли билан ҳи­моя қилиниши; суднинг фао­лияти қонун устуворлигини­, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга қаратилгани эътироф этилган.
Мамлакатимизда демо­кратик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида Ўзбекистонни демократик янгилашнинг бугунги босқичдаги энг муҳим йўналишларидан бири – қонун устуворлиги ва қонунийликни мустаҳкамлаш, шахс ҳуқуқи ва манфаатларини ишончли ҳи­моя қилишга қаратилган суд-ҳуқуқ тизимини изчил демо­к­ратлаштириш ва либераллаштиришдан иборат экани таъкидланган. Шунингдек, концепцияда суд ҳо­кимия­тини босқичма-босқич мустаҳкамлаб бориш, суд­нинг мус­тақиллигини таъ­минлаш, уни инсон ва фуқа­ро ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли муҳофаза этишга хизмат­ қиладиган том маъно­даги мустақил институтга ай­лан­ти­ришга қаратилган кенг кў­ламли ташкилий-ҳу­қуқий чо­ра-тадбирлар амалга оширил­гани ҳақида ҳам фикр-муло­ҳаза юритилган.
Хусусан, ўтган йиллар мо­байнида ҳокимиятлар бў­ли­нишига оид конституциявий принципни изчил амалга ошириш мақсадида «Судлар­ тўғрисида»ги Қонун янги таҳрирда қабул қилинди, жиноят-процессуал, фуқаролик процессуал қонунчилиги­га ўзгартиш ва қўшимчалар­ киритилди. Бу эса, ўз нав­батида, суд тизимини ижро этувчи ҳокимият органлари назорати ва таъсиридан чи­қариш имконини берди.
Айни пайтда судьялик ла­возимига номзодларни тақдим этиш, судьяларнинг ва­колатини тўхтатиш ва мудда­тидан олдин тугатиш, уларга нисбатан интизомий иш қўзғатиш вазифалари Адлия вазирлиги ваколатидан чиқарилганини ҳам қайд этиш лозим. Миллий давлат­чилигимиз тарихида илк бор суднинг ҳокимият тизимидаги мақоми конституцияда белгилаб қўйилди.
Бу каби чора-тадбирлар самараси ўлароқ, суд ҳокимиятининг мустақиллиги ва таъсирчан фаолиятини сўзда эмас, амалда таъминлаш, одамларнинг онгу шуурида суд инсоннинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи идора деган қарашни шакллантиришга эришиш – Ўзбекистон ҳуқуқ доктринасининг, аниқроғи, суд-ҳуқуқ сиёсатининг устувор йўналишига айланди.
Аммо бугун суд амалиётида айрим муаммолар ҳам юзага келмоқдаки, бу объектив ва субъектив қонуниятлар билан боғлиқдир. Гап судьяларнинг ҳуқуқий онги, дунёқараши, тафаккури, маф­кураси, тўғрироғи, ҳу­қуқий психологияси ҳақида бормоқда. Президентимиз таъ­бири билан айтганда, ай­рим судьяларнинг менталитети, тафаккури ўзгармасдан эскилигича қолмоқда.
Судьяларнинг ҳуқуқий психологияси юридик психология ва суд психология­си предметларининг ўзига хос яхлит умумлашмаси бўл­миш умумҳуқуқий психологиянинг таркибий қисмидир. Мазкур эътироф ўз-ўзидан ҳуқуқий психология ва у орқали судьяларнинг касбий-малакавий психологияси назарияларига, аввало уларнинг илмий-концептуал тушунчаларига эътибор қа­ра­тишни тақозо этади.
Маълумки, республикамиз ҳаётининг деярли барча­ соҳаларида ечимини кутаётган асосий муаммолардан бири кадрларни касбий тайёрлаш масаласидир. Айниқса, суд-ҳуқуқ тизимида муваффақиятли ишлаб кета оладиган етук судья кадрларни тайёрлаш ўзига хос мураккабликка эга.
Конституция, «Судлар тўғ­рисида» ва «Конституция­вий суд тўғрисида»ги қонунлар талабларидан келиб чиқиб, судьяларга одил судловни таъминлаш, фуқаролик, хўжалик низоларини хо­лисона кўриб чиқиш, инсон хуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш каби вазифалар юклатилган. Буларни тўлақонли амалга ошириш учун эса судьялар ҳар томонлама етук, билимли ва юксак маданиятли бўлишла­ри шарт. Бир сўз билан айт­­ганда, юрист кадрларнинг ҳуқуқий билимлари савияси­ни ошириш, психологик саводхонлигини, шахсий, касбий сифатларини, бу борадаги муаммоларнинг ижтимоий-психологик жиҳатларини жиддий ўрганиш керак.
Адолатсиз ва нохолис суд қарорлари чиқарилишига сабаб бўлаётган омиллар кўп. Хусусан, айрим судьяларда суд этикаси тартиб­-қоидаларини қўпол равишда бузиб, манманлик, ўзбилармонлик, калондимоғликка­ берилиш ҳоллари ҳам уч­раб­ туради. Бундан ташқари,­ судьянинг ҳаётида содир бў­ладиган турли хил воқеалар, суд жараёнида прокурор, адвокат, айбланувчи, жабрланувчи, гувоҳ, холис, даъвогар, жавобгар ва бош­қаларнинг хатти-ҳаракатлари­ адолатли қарор қабул қилинишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Бошқача айт­ганда, у психологик жараёнларни бошидан ўтказади. Яъни судья процессни бош­қаради, унга жавоб беради, давлат номидан одил қарор чиқарилишига масъул ҳисобланади. Суд процессларини қонунда белгилангандек ўт­казиш, келиб чиқиши мумкин бўлган нохуш ҳолатлар­нинг олдини олишда судьянинг психологик тайёргарлиги муҳим аҳамиятга эга. Ўз навбатида, судьялик лавозимига танлаш ва тавсия этишда шахснинг нафақат юридик билимига, балки психологик тайёргарлигига ҳам алоҳида эътибор бериш лозим. Чунки одил судловни амалга оширишда суд тизимининг ихтисослашганини инобатга олиб, судья­ларни ҳам бу йўналишларда­ психологик жиҳатдан қайта тайёрлашни такомиллаштириш зарур.
Судьяларнинг касбий фао­лияти уларнинг ҳуқуқий билимлари, касбий сифатлари, шахсий, индивидуал-психологик хусусиятларини ҳам қамраб олади. Шунинг учун соҳа ходимларини тайёрлаш ва малакасини оширишда уларнинг касбий лаёқатини аниқлашга ёрдам берадиган сифат ва хусусиятларини ўрганиб, лавозимларга тавсия этиш мақсадга мувофиқдир.
Комил ИСМОИЛОВ,
Юристлар малакасини ошириш марказининг
катта ўқитувчиси