Баркамол авлод – келажагимиз таянчи

 
Ёшларга қаратилаётган эътибор замирида миллат тақдирига, мамлакат эртасига дахлдорлик масъулияти мужассам. Шу мақсадда ўтган йиллар мобайнида «Таълим тўғрисида»ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва вояга етмаганлар билан боғлиқ бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилиндики, улар бугун фарзандларимиз таълим-тарбия­сида мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Бухоро вилояти прокура­тура органлари томонидан ҳам ёшларга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси­га алоҳида эътибор қаратил­моқда. Бу борада жамоат ташкилотлари, таълим тизи­ми ва ҳуқуқни муҳофаза қи­лувчи идоралар билан ҳамкорлик яхши самара бериши­ инобатга олинган ҳолда режа ва дастурлар ишлаб чиқилиб­, улар асосида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бу йил вилоятдаги 534 та умумтаълим мактабини 30214 нафар йигит-қиз тамомлаган, уларни таълимнинг кейинги босқичига тўлиқ қамраб олиш долзарб вазифалардан биридир. Жорий йилнинг 16 майида ҳукуматимизнинг «2013-2014 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига қабул тўғрисида»ги Қарори қабул қилинди. Ушбу қарор ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия ва Бош прокуратуранинг идоравий-меъёрий ҳужжатларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида шу кунларда вилоятдаги барча туман ва шаҳарларда, қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларида, мактаб, лицей ва коллежларда учрашув ва юзма-юз мулоқотлар ташкил этилмоқда.
2013 йилнинг 30 апрелидан кучга кирган «Ўзбекис­тон Республикасининг айрим­ қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш­ тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ эндиликда ота-она ёки уларнинг ўрнини босадиган шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган қиз бола узатилиб, ўғил бола уйлантирилса, белгиланган тартибда маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилади. Бу эса қизларнинг эрта турмушга чиқиши билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олишда муҳим омилдир. Жойларда ўтказилаётган тадбирларда қонунчиликдаги бу ўзгартиш ва қўшимчалар мазмун-моҳиятини аҳолининг турли қатламларига етказишга алоҳида эътибор қаратаяпмиз.
Маълумки, ёшлар бандлиги таъминланса, турли хил жиноятларнинг олди олинади. Шу маънода вилоят прокуратураси органлари коллежларни тамомлаган йигит-қизларни ишга жойлаштириш бўйича бир қатор ишларни амалга оширмоқда. Масалан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида маҳаллий давлат органлари ҳамкорлигида ўтказилган 14 та меҳнат ярмаркасига бўш иш ўрнига эга бўлган 704 та корхона, ташкилот ва муассаса жалб этилган. Уларда 130 нафар битирувчи билан уч томонлама шартнома имзоланган.
Вилоятда манзилли дастурга асосан 2013 йилда 73737 та янги иш ўрни яратилиши белгиланган бўлиб, уларнинг 17834 таси коллежларни битирган йигит-қизлар учун мўлжаллангандир. Бундан ташқари, тадбиркорлик фаолиятини йўл­га қўймоқчи бўлган коллеж­ битирувчиларига 7,2 млрд. сўмлик имтиёзли кредит бе­риш режалаштирилган. Ҳо­зирга қадар тижорат банклари томонидан уларнинг 188 нафарига 1,9 млрд. сўмдан зиёд кредит ажратилган.
Таълим муассасаларида ташкил этилган тўгарак, клуб ва спорт секциялари ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Маълумотларга кўра мактаблардаги фан тўгаракларига 123575 нафар, бош­қа тўгаракларга 9091 нафар, «Баркамол авлод» марказларига 15070 нафар, спорт мактабларига 30701 нафар, мусиқа ва саньат мактабларига 3393 нафар ўқувчи қамраб олинган.
Ёшлар камолотида маънавий-маърифий тадбирларнинг ҳам ўрни беқиёс. Шуни ҳисобга олиб, вилоятдаги мутасадди идораларни жалб этган ҳолда 30 дан ортиқ тадбир ташкил этилди. Жумладан, апрель ва май ойларида «Камолот» ЁИҲ вилоят кенгаши билан ҳамкорликда Қоровулбозор шаҳрида турли миллат ёшлари иштирокида «Ўзбекистон – ягона Ватан!» шиори остида дўстлик фестивали, Газли шаҳрида «Ўзбекистон – умумий уйимиз» шиори остида миллий ўйинлар фестивали, Жондор туманида «Бахтли диёр фарзандларимиз!» лойиҳалари ташкил этилган.
Янги педагогик технология сифатида кўплаб давлатларда катта қизиқиш билан ўрганилаётган таълим соҳасидаги уч босқичли спорт ўйинлари – умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг «Умид ниҳоллари», коллеж ва лицейлар ёшлари ўртасидаги «Баркамол авлод» ва олий ўқув юртлари талабаларининг «Универсиада» мусобақалари ёшларни жисмонан соғлом, маънан етук этиб тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.
Хабарингиз бор, бу йил бухороликлар «Универсиада-2013» спорт мусобақаларига мезбонлик қилишди. Шу муносабат билан «Бухоро» спорт мажмуаси таъмирланди. Бухоро давлат университети ҳамда муҳандислик-технология институтида янги спорт зали қурилди. «Дилкушо» теннис корти, «Семурғ» ва «Ҳумо» спорт мажмуалари, Бухоро олимпия захиралари ҳамда нефть-газ коллежларининг спорт заллари ҳам тўла таъмирланиб, зарур инвентарлар билан жиҳозланди. Бундан ташқари, Бухоро аэропорти ва темирйўл вокзалида кенг кўламли ободонлаштириш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Ўйлаймизки, яратилган шарт-шароитлар мусобақа қатнашчиларига манзур бўлди ва улар Бухоро таассуротларини бир умр ёддан чиқаришмайди.
Ёшлик – беғубор туйғулар, орзу-ҳаваслар фасли. Шунинг учун ҳам ҳар бир йигит-қиз бу даврда ўз келажаги учун мустаҳкам пойдевор қўйишга интилади. Шундай экан, уларнинг бу ҳаракатларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашимиз, рағбатлантиришимиз, ўзларини эса тўғри йўлга бошлашимиз лозим. Ана шу масъулиятни чуқур англаб олсак, фарзандларимизнинг бахтли келажагини таъминлаган бўламиз.
Шерзод МАТИЕВ,
Бухоро вилояти прокурори