ОАВ ва маҳаллий кенгашлар: ҳамкорлик ва самара

 
Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш жадал ва изчил тарзда амалга оширилмоқда. Энг муҳими, давлатнинг ўзи бош ислоҳотчи бўлган кенг қамровли тадбирларда давлат ташкилотлари билан бир қаторда нодавлат ташкилотлар, айниқса, фуқаролик жамияти институтлари фаол иштирок этмоқда. Жамият ривожи учун хизмат қилаётган нодавлат ташкилотлар давлат органлари таъсиридан мутлақо холи, ўзи белгилаб олган йўналиш бўйича мустақил фаолият кўрсатмоқда ва бунда тамомила жамоатчиликка таянмоқда. Фуқаролик жамияти институтларига хос бўлган энг муҳим хусусият жамоатчилик назоратини амалга ошириш эканлигини назарда тутсак, уларнинг сони йилдан-йилга кўпайиб бораётгани қувонарли ҳолдир. Дарҳақиқат, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган нодавлат ташкилотлар сони олти мингдан ошиб кетди.
Оммавий ахборот восита­лари фуқаролик жамияти ин­с­­титутларидан бири сифа­тида жамият ҳаётида қандай­ ўрин тутмоқда деган савол кўп­­­чиликни қизиқтиради. Юрт­бошимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, «бугун ҳаётнинг ўзи олдимизга фуқаролик жамияти институтлари тизимида оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва ролини янада мустаҳкамлаш вазифасини қатъий қилиб қўймоқда. Зеро, кейинги 10 йилнинг ўзи­да босма оммавий ахборот воситаларининг сони 1,5 баро­бар, электрон оммавий ахбо­рот воситаларининг со­ни эса 7 баробар кўпайиб, бу­гунги кунда уларнинг уму­мий сони қарийб 1200 тага етди. Мав­жуд барча телека­налларнинг деярли 53 фоизи,­ радиоканалларнинг эса 85 фои­зи нодавлат оммавий ах­борот воситалари ҳисобланади».
Оммавий ахборот воситаларининг мақсади битта – ютуқларни кўрсатиш ва ом­малаштириш, жамият ҳаё­тини янада демократлаштириш, камчиликларни очиб таш­лаш ва уларга барҳам бе­риш, фаровон ҳаёт қуришга ўз ҳиссасини қўшишдан иборат. Ўзбекистонда амалга­ оширилаётган ислоҳотларнинг асл моҳияти ин­сон ҳу­қуқ ва эркинлигини таъмин­лаш, аҳоли фаровонлиги каби олий мақсадни ўзида мужассамлаштиргани тўғрисидаги холис ва ҳаққоний ахборотни нафақат халқимизга, балки жаҳоннинг турли қитъаларида яшовчи, мам­лакатимизга қизиқиш билан қараётган инсонларга тезкорлик билан етказиш республикамиз ОАВининг асосий вазифаси ҳисобланади.
Кези келганда шуни айтиш керакки, ОАВ эркин фао­лият кўрсатиши учун мам­лакатимизда барча ҳуқу­қий асослар, механизм ва ша­­роитлар яратилган. Ўзбекистон Конституциясида ОАВ­­га бағишланган қоида ало­ҳида бобда ўз аксини топ­­ган. Унга кўра «оммавий­ ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ иш­лайди. Улар ахборотнинг тўғрилиги учун белгиланган­ тартибда жавобгардирлар. Цензурага йўл қўйилмайди» (67-модда).
Конституциянинг ушбу нормаси талаблари қатор қо­нунларда ривожлантирилган. Чунончи, 1997 йилнинг 24 ап­релида «Ахборот олиш ка­фолатлари ва эркинлиги тўғ­рисида»ги Қонун қабул қи­линган бўлиб, 2000 йилнинг­ 15 декабрида унга ўзгартиришлар киритилган. 1997 йилнинг 26 декабрида «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Қонун қабул қилинган. Кейинчалик, яъни 2007 йилнинг 15 январида мазкур қонун қатор нормалар билан тўлдирилиб, янги таҳрирда қабул қилинган.
Муҳими шундаки, ахборот воситаларининг бир ма­ромда фаолият кўрсатиши, хабарларни сифатли тайёрлаш ва тарқатишда мазкур соҳа мутахассислари – журналистларнинг ўрни ва хизмати беқиёсдир. Шу боис 1997 йилнинг 24 апрелида «Журналистлик фаолиятини­ ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун қабул қилинган.
ОАВ фаолиятини тартибга солишда муҳим аҳамиятга­ эга бўлган яна бир қонун «Ах­борот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғ­рисида»ги Қонундир. Қайд этилганлар билан бир қаторда, «Телекоммуникациялар тўғрисида»ги ёки «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги ва бошқа қатор қонунлар Ўзбекистон Конституциясида бел­гилаб берилган ҳар бир ин­соннинг ахборот излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳамда сўз эркинлиги ҳуқуқини таъ­минлашга бевосита хизмат қилмоқда.
Мамлакатимизда ахборот соҳасини ислоҳ этиш масаласи Юртбошимиз томонидан Олий Мажлисга тақдим­ этилган Мамлакатимизда де­мократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривож­лантириш концепциясида ало­ҳида, яъни учинчи йўналиш­ сифатида баён этилган. Унда қатор янги қонунларни қа­бул қилиш, айрим қонунлар­га ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш белгиланган. Мисол учун, «Давлат ҳокимия­ти ва бошқаруви органлари фао­лиятининг очиқлиги тўғ­рисида»ги ёки «Телерадиоэшиттиришлар тўғрисида»ги, «Оммавий ахборот воси­талари фаолиятининг иқтисо­дий асослари тўғрисида»ги, «Оммавий ахборот воситала­рини давлат томонидан қўл­лаб-қувватлаш кафолатлари тўғрисида»ги моҳиятан ян­ги қонунлар қабул қилиниши мўлжалланган. Бугунги кунда бу борада қатор ишлар амалга оширилмоқда. Чу­нончи, давлат ҳокимияти­ ва бошқаруви органларининг фаолиятида ошкораликка эри­шиш, улар томонидан қа­бул қилинган қарорлар тўғ­рисида аҳолига ахборот бе­ришни таъминлашга қаратилган қатор ташкилий чоралар кўрилмоқда. Бу йўналишдаги ишлар сифати ва самарасини ошириш мақсадида Бухоро ва Самарқанд вилоятларида «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Қонун лойиҳасини ҳуқуқий эксперимент сифатида синовдан ўтказишга киришилди. Бу жараёнда фуқаролик жамияти институтлари, жисмоний­ ва юридик шахслар давлат ҳокимияти ва бош­қа­руви органлари, жумладан халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари, уларнинг доимий комиссиялари фаолияти билан ёки депутатлар томонидан амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ўзларини қизиқтирган ахборот билан турли хил усуллардан фойдаланган ҳолда танишади. Ҳуқуқий эксперимент давомида туғиладиган айрим фикр-мулоҳазалар асосида мазкур лойиҳага ўз­гартиш ва қўшимчалар кири­тилиши, у мутлақо янги нормалар билан бойитилиши мумкин. Шундан сўнг қонун парламент томонидан қабул қилиниб, Президент имзолаганидан кейин кучга киради. Давлатимиз раҳбарининг ибораси билан айтганда, мазкур қонун фуқароларнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқини янада кенгроқ амалга ошириш имкониятини яратиб бериш билан бирга, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг қабул қилинаётган қарорлар сифатини ошириш борасидаги масъулиятини ҳам кўп жиҳатдан кучайтиради.
Таҳлилларга асосланган ҳол­да айтиш мумкинки, ма­ҳаллий кенгашлар, уларнинг доимий комиссиялари ва депутатлар томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида ҳудуд аҳолисига ахборот етказишда ОАВнинг барча турларидан унумли фойдаланиш лозим. Шиддат билан ўзгариб бораётган ҳозирги даврда ОАВ имкониятларидан самарали фойдаланиш учун депутат телевидение, радио, журналлар, газеталар имконияти билан чекланмай, интернет тармоғи орқали ўз электорати билан мулоқотга киришиши муҳим аҳамият касб этади.
Интернет тармоғи ахборот тарқатишнинг энг замонавий усули ҳисобланиб, ОАВнинг бошқа турларига нисбатан айрим афзалликка эга. Ҳозирги даврда бу тармоқ орқали ахборот тарқатиш кўлами кенгайиб бормоқда. Халқаро миқёсда интернет тармоғидаги манбалардан самарали фойдаланишнинг энг илғор ва замонавий усулларини (янгидан-янги дастурларни) иш­лаб чиқиш ва қўллаш борасида кўпчилик давлатларда тинимсиз изланишлар олиб борилмоқда.
Шуни қайд этиш ўринли­ки, ОАВ тўғрисидаги қонунлар талабларига мувофиқ, телевидение, радио, газета, журнал ёхуд интернет тармо­ғидаги юридик ва жисмоний­ шахсларга тегишли веб-сайт, веб-саҳифада жойлаштирилган ҳар қандай ахборот ҳақ­қоний ва ишончли бўлиши керак. Зеро, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Қонуннинг 5-моддаси учинчи қисмида «Оммавий ах­борот воситалари қонун ҳуж­жатларига биноан­ ахбо­ротни излаш, олиш, тар­қатиш ҳуқуқига эга ҳамда тар­қатилаётган ахборотнинг хо­лислиги ва ишончлилиги учун белгиланган тартибда жавобгар бўлади» деб кўрсатилган. Қонунларда белгиланган тартиб-таомилларга зид равишда ахборот тарқа­тиш жавобгарликни келтириб чиқаради.
Шу ўринда маҳаллий ва­киллик органларининг ОАВ билан ҳамкорлиги, жумладан­ халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари депутатларининг фаолиятини омма­вий ахборот воситаларида ёритиш ма­саласи бугунги кунда муҳим­ аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаш жоиз. Чунки маъ­­лум ҳудудда яшовчи аҳо­ли ўзининг Конс­титуцияда белгиланган сиёсий ҳуқу­қидан фойдаланиб маҳаллий давлат ҳокимиятининг вакиллик органи – кенгашларга ўз вакили, яъни депутатини сайлаган. Сайланган вакил номзоди сиёсий партиялар томонидан тақдим этилиши фуқаролик жамиятининг ривожланишида жуда катта аҳамият касб этади. Депутат халқ вакили сифатида кенгаш сес­сиясида ёки унинг доимий комиссия­си таркибида фаолият кўрсатади. Шунингдек, депутат «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги Қонунда белгилаб қўйилган ҳу­қуқлардан фойдаланган ҳол­да вакиллик органида электорат манфаатларини ифода­лайди.
Депутатлар корпусининг ОАВ билан ҳамкорликда тай­ёрлаб, тарқатаётган ах­бороти ҳаққоний ва сифатли­ бўлиши, аҳолида қизиқиш уй­ғотиши лозим. Депутат ҳар­ доим ўзи тайёрлаган ахборотнинг мазмуни, таъсирчанлигига эътибор бери­ши зарур. Электорат билан мулоқот жараёнида ёки чоп этилган мақолада депутат ўрганилган масаланинг нафақат ижобий жиҳатларини, шу билан бирга, муаммо­ни ҳал этиш йўллари ҳақида ўз нуқтаи назарини баён қилиши керак.
Маҳаллий кенгашлар де­путатларининг ОАВ билан ҳамкорлиги йилдан йилга кенгайиб бормоқда. Масалан, шу йилнинг ўтган даврида Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ОАВ орқали депутатлар корпуси томонидан жами 3915 марта ахборот (пресс-релиз, мақола, мулоқот, савол-жавоб ва ҳ.) тар­қатилган бўлиб, шулардан телевидениеда (кўпчилиги ма­ҳаллий телевидениеда) 1518 та, радиода 640 та, га­зеталарда 2557 та чиқиш қилинган.
Депутатларнинг ОАВ би­лан ҳамкорлик қилишида бир тарафнинг, яъни депутатнинг ташаббуси камлик қи­лади. «Қарс икки қўлдан чи­қади» дейилгани каби, ОАВ вакиллари ҳам депутат­ билан бирга ишлаш истагини билдириши керак.
Кузатишлар шуни кўрсатмоқдаки, маҳаллий кенгаш сессияси ёки доимий комиссия мажлиси бўлиб ўтгани ҳақидаги қисқача хабар маҳаллий газеталар орқали аҳолига етказилаётган ҳолатлар тез-тез учрайди. Аммо муҳокамаларда депутатлар ёки иштирокчилар томонидан айтилган ҳаққоний эъти­розлар, таклифлар жамланган ҳолда тайёрланган тавсиялар, қабул қилинган қарор моҳияти тўғрисида аҳолини қизиқтирувчи ахборот камдан-кам тарқатилади. Дарвоқе, вилоят, туман, шаҳар кенгашлари муассислигида ташкил этилган­ газеталар ўша ҳудуд учун расмий нашр ҳисобланади. «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонунга биноан эса (28-модда) барча маҳаллий кенгашлар томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўша жойдаги расмий нашрларда эълон қилиниши керак. Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, мазкур қонунда «маҳаллий давлат ҳокимияти органлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари матнларининг электрон­ шакллари уларнинг расмий веб-сайтларида эълон қилиниши шарт» деган қоида ҳам мавжуд.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари депутатларининг ОАВ билан ҳамкорлиги улар фаолият кўрсатаётган ҳудудда яшовчи аҳолининг ўзи вакил этиб сайлаган депутат маҳаллий вакиллик органида электорат манфаатларини нечоғли ифода этаётганидан хабардор бўлиш имкониятини яратиш баробарида, жамиятни эркинлаштириш ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти фаолиятида демократиянинг янада чуқур илдиз отишига, энг муҳими, мазкур ҳудуднинг манфаатларини умумдавлат манфаати билан уйғунлаштиришга олиб келади.
Мавжуда РАЖАБОВА,
юридик фанлар доктори, профессор