«Huquq va burch» javob beradi

 
Меҳнат дафтарчаси йўқотилса...
 
– Охирги иш жойимдан бўшаётганимда меҳнат дафтарчасини топиб беришолмади. Уни қайта олишим мумкинми, аввалги қайдларни тиклаш масаласи қандай ҳал этилади?
Наргиза БОБОМУРОДОВА,
Қарши шаҳри
 
Саволга Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгашининг юридик бўлим мудири Улуғбек ГАЗИЕВ жавоб беради:
— 1998 йил 29 январда Адлия вазирлигида рўйхатга олинган Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага мувофиқ меҳнат дафтарчаси йўқотилганда ёки фойдаланиш учун яроқсиз бўлиб қол­ган (йиртилган, ёнган, ёзувлари бўялган)да, унинг дубликати ходимнинг охирги иш жойидан берилади.
Меҳнат дафтарчасини йўқотган шахс бу ҳақда зудлик билан охирги иш жойига ёзма хабар бериши лозим. Шундан сўнг 15 кун вақт оралиғида иш берувчи ходимга биринчи бети юқори қисмининг ўнг томонига «Дубликат» деб ёзилган янги меҳнат дафтарчасини беради.
Дубликат тўлдирилаётганда «Иши тўғрисидаги маълумотлар» бўлимига охирги иш жойидаги маълумотлар ил­гариги буйруқлар асосида ёзилади.
Агар ходим ушбу корхонага ишга кирмасдан олдин ишчи ёки хизматчи вазифасида меҳнат қилган бўлса, унда меҳнат дафтарчаси дубликати «Иши тўғрисидаги маълумотлар» бўлимининг 3-устунига мазкур корхонага ишга келмасдан илгариги ишлагани тўғрисидаги ҳужжатлар билан тасдиқланган умумий иш стажи ёзилади.
Меҳнат дафтарчаси эгасининг олдинги умумий иш стажи жамланиб, яъни қайси корхонада, қайси давр ва лавозимларда ишлаган йиллари, ойлари ва кунлари умумий тарзда ёзилади. Масалан, бир иш жойида бош­қа ишга ўтказилгани ва бошқалар кўрсатилмайди.
Ҳужжат билан тасдиқланган ва белгиланган тартибда расмийлаштирилган умумий иш стажи меҳнат фаолиятининг айрим даврлари бўйича қуйидагича ёзилади:
— 2-устунда ишга қабул қилинган сана кўрсатилади;
— 3-устунда ходим ишлаган корхона, цех ва мансаби, номи ёзилади.
Агар тақдим қилинган ҳужжатларга ходимнинг мазкур корхонанинг ўзидаги бошқа доимий ишга ўтказилиши тўғрисидаги маълумот бўлса, бу тўғрида ҳам тегишли ёзув киритилади.
Сўнг 2-устунда меҳнат шартномаси бекор қилинган сана, 3-устунда эса ходим томонидан тақдим қилинган ҳужжатда тегишли маълумот бор бўлса, меҳнат шартномасининг бекор қилинганлиги ҳам кўрсатилади.
4-устунда дубликатга ёзув киритилиши учун асос бўлган ҳужжатнинг номи, номери ва санаси киритилади. Иш стажини тасдиқловчи ҳужжатлар эгасига қайтариб берилади. Иш берувчи ходимга мазкур корхонага кирмасдан олдинги иш стажини тасдиқловчи ҳужжатларни олишда ёрдам кўрсатиши мажбурийдир.
Меҳнат дафтарчаси дубликатини беришда иш берувчи ходимдан қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақининг 10 фоизигача миқдорда ҳақ олиш ҳуқуқига эга. Иш берувчининг айби билан яроқсиз ҳолга тушиб қолганда, меҳнат дафтарчаси нархини иш берувчи қоплайди. Табиий офатлар ёки бошқа сабабларга кўра ходимнинг меҳнат дафтарчаси йўқотилган тақдирда, дубликат бепул берилади.
Ишдан бўшаган ходимлар меҳнат дафтарчаларини ўз вақтида олмаган тақдирда, улар ишлаётган ходимларнинг меҳнат дафтарчаларидан алоҳида тарзда корхонанинг ходимлар бўлимида икки йил давомида сақланади. Ушбу муддат давомида ҳам йўқлаб келинмаган ва олинмаган меҳнат дафтарчалари иш берувчи архивида 50 йил сақланади ва шундан сўнг белгиланган тартибда йўқ қилиб юборилиши мумкин.
 
Ижара шартномаси
 
 Кўп қаватли уйдаги квартирамни ижарага бермоқчиман. Ижара шартномасини нотариал тартибда тасдиқлатиш учун қандай ҳужжатлар талаб этилади ва бунинг учун қанча миқдорда давлат божи тўлашим керак?
Руфат АБДУЛЛАЕВ,
Чилонзор тумани
 
Саволга Юнусобод тумани 6-сон давлат нотариал идораси нотариуси Икром ИСМОИЛОВ жавоб беради:
— Ўзингизга тегишли квартирани ижарага беришингиз учун квартира жойлашган туман кадастр хизматидан ижара шартномасини расмийлаштириш учун маълумотнома, ижарага берилаётган квартирада кимлар рўйхатда туриши ҳақида турар-жойдан маълумотнома, квартира жойлашган туман солиқ инспекциясидан маълумотномалар нотариал идорага тақдим этилади.
Ижара шартномасини расмийлаштириш учун тарафлар келишган ижара ҳақининг 1 фоизи миқдорида, лекин энг кам ойлик иш ҳақининг 20 фоизидан кам бўлмаган давлат божи ундирилади.
 
Ўқишни тиклаш шартлари
 
2004 йили тўлов-контракт асосида ЎзМУнинг тарих факультетига ўқишга кириб, 2008 йилда 4 та фанни ўзлаштира олмаганим сабабли талабалар сафидан ўчирилганман. Ўқишимни тиклашим мумкинми?
Элёр ЙЎЛДОШЕВ,
Оқолтин тумани
 
Саволга Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Мадамин АРИПЖАНОВ жавоб беради:
— Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 18 июндаги 118-сонли қарорининг 3-иловаси билан тасдиқланган Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлатиш тартиби тўғрисидаги низомга асосан талабалар ўқишини кўчириш ёки қайта тиклаш, одатда, ёзги таътил даврида, тегишли курс (семестр)да ўқув машғулотлари бошланишига қадар амалга оширилади. Барча ўқув шакллари бўйича талабалар сафига қайта тиклаш тўлов-контракт асосида мазкур низом талабларига риоя қилинган ҳолда амалга оширилади.
Давлат грантлари бўйича таълим олган етимлар, I ва II гуруҳ ногиронлари, шунингдек, муддатли ҳарбий хизматни ўтаган (захирага бўшаган кунларидан бошлаб уч йил мобайнида), академик таътилдан қайтган шахс­лар истисно тариқасида ўқишга давлат гранти ўринларига қайта тикланиши мумкин.
Ўқишдан четлатилгандан кейин 5 йилгача бўлган муддатда олий таълим муасcасаси ректорининг, ундан ортиқ муддат (ҳарбий хизматда бўл­ганлик, уч ёшгача бўлган болаларни парвариш қилиш билан боғлиқ меҳнат таътили ҳамда соғлиқни тиклаш вақтлари ушбу муддатга кирмайди) ўтган ҳолларда талабалар ўқишини тиклаш идоралараро комиссиянинг қарори асосида амалга оширилади.
 
Гувоҳнома яроқсиз бўлиб қолса...
 
Фарзандимга туғилганлик ҳа­қидаги гувоҳнома Хива туманидан берилган. Ҳозир оилам билан Чирчиқ шаҳрида яшайман. Маълум сабабларга кўра ушбу ҳужжат фойдаланишга яроқсиз бўлиб қолди. Уни алмаштириш учун қаерга мурожаат этишим керак?
Азамат ЖУМАНИЁЗОВ,
Тошкент вилояти
 
Саволга Хива туман ФҲДЁ бўлими мудири Сайёра АЛЛАБЕРГАНОВА жавоб беради:
— Бундай ҳолатларда такрорий гувоҳномалар берилади. Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларида белгиланганидек, туғилганлик ҳақида такрорий гувоҳномалар фуқаролик ҳолати далолатнома ёзуви қайд этилган тегишли шахснинг ўзига, унинг ота-оналарига ёки ишонч қоғозлари асосида бошқа шахсларга берилади.
Такрорий гувоҳнома олишни хоҳловчи шахс далолатнома ёзувларини қайд этган ёки ўзи яшаб турган жойдаги ФҲДЁ органларига мурожаат этиши мумкин. Яшаш жойидаги ФҲДЁ органи орқали такрорий гувоҳнома бериш тўғрисидаги илтимос билан мурожаат этилганда, аризани қабул қилган ФҲДЁ органи уни далолатнома ёзувини қайд этган ФҲДЁ органига ижро учун жўнатади.
Ариза берувчи далолатнома ёзуви қайд этилган ФҲДЁ органига мурожаат этганда, такрорий гувоҳнома шу куннинг ўзида берилади.
Почта орқали келиб тушган такрорий гувоҳнома сўралган аризалар шу куни ижро этилади ва илова хат билан биргаликда шаҳар (туман) ФҲДЁ органига жўнатилади ва бир вақтнинг ўзида ариза берувчига гувоҳнома жўнатилгани ҳақида хабарнома юборилади.   
Такрорий гувоҳнома олишда ариза берувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат кўрсатилиши керак.
 
Саҳифани Маъмуржон ПАРПИЕВ тайёрлади.