Қонунчиликдаги янгиликлар

 
2013 йилнинг январь ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан бир қатор муҳим ҳужжатлар эълон қилинди. Қуйида ана шу ҳужжатларнинг баъзилари хусусида сўз юритилади.
 
Ўзбекистон республикаси президентининг қарор ва фармойишлари
 
Қишлоқларда намунавий уйлар қурилиши давом этади
Ўзбекистон Президентининг 2013 йил 4 январдаги қарори билан Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойлар қурилишининг 2013 йилги дастури тасдиқланди.
У республика тижорат банкларининг ва Осиё тараққиёт банкининг имтиёзли ипотека кредитларини ва Молия вазирлигининг мақсадли кредит линиясини жалб қилиш йўли билан амалга оширилади. Уй-жойларни қуриш давомида транспорт коммуникациялари ва ташқи муҳандислик тармоқлари, ижтимоий ва бозор инфратузилмаси объектлари ҳам барпо этилади.
Қарорда белгиланганидек, 2013 йил 1 январдан жисмоний шахслар, ушбу дастур доирасида, ипотека кредитини­ тўлаб бўлмагунга қадар, харид қилинган уй-жойлар бўйича мол-мулк солиғини тўлашдан озод қилинадилар.­
Ушбу ҳужжатга мувофиқ Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда туманлар ҳокимликлари 2013 йилдан бошлаб намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойлар қурилиши учун ерларни ажратишда мавжуд массивларнинг ҳудудларини кенгайтиришга, бунинг иложи бўлмаганда эса ташқи муҳандислик коммуникацияларига уланиш имконияти бўлган суғорилмайдиган ёки унумдорлиги паст қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланишга алоҳида эътибор бериши лозимлиги таъкидланган.
Солиқ тизимида янги бошқарма
Ўзбекистон Президентининг 2013 йил 24 январдаги «Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида ҳисоб-китоблар механизмини янада тартибга солиш тўғрисида»ги Қарори билан Давлат солиқ қўмитаси таркибида чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида нақд хорижий валюта муомаласига йўл қўймаслик устидан назорат қилиш, қисқа муддатли текширишларни ташкил этиш бўйича 9 нафар ходимдан иборат махсус бошқарма ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳудудий бўлимлар тузилиши белгиланди.
Қарор Ўзбекистон Республикасининг валютани­ тартибга солиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талаблари­га сўзсиз риоя этилишини таъминлаш ҳамда чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида ҳисоб-китоблар механизмини янада тартибга солиш мақсадида қабул қилинган.
Бошқарманинг асосий вазифалари сифатида чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида ҳисоб-китобларни амалга оширишда валюта жиноятлари ва ҳуқуқбузарликларини ўз вақтида аниқлаш, олдини олиш ва чек қўйиш, жумладан, назорат хариди механизми воситаси орқали аниқлаш, аниқланган қоидабузарлик факт­лари бўйича материалларни жиноят турига қараб ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топшириш; товарлар ва хизматлар учун нақд хорижий валютада ҳисоб-китоб қилиш бўйича аниқланган жиноятлар ва ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги маълумотларнинг ягона компьютер базасини яратиш ва юритиш кабилар белгиланган.
 
Хорижий валютани сотиш тартиби либераллаштирилди
Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 30 январдаги «Жисмоний шахсларга хорижий валютани сотиш тартибини янада либераллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ни Қарори айни пайт­да валюта олди-сотдиси масаласига тўлақонли ойдинлик киритди.
Қарордан кўзланган мақсадлар сифатида Ўзбекистон ҳудудида бирдан-бир қонуний тўлов воситаси бўлмиш миллий валютанинг мақомини янада мустаҳкамлаш, нақд хорижий валютанинг муомала доирасини тартибга солиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича халқаро стандартларни жорий қилиш, шунингдек, валюта алмаштириш операцияларини амалга ошириш механизмини такомиллаштириш кўрсатиб ўтилган.
Қарорда таъкидланишича, 2013 йил 1 февралдан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг резидентлари — жисмоний шахсларга ваколатли банк­лар томонидан хорижий валютани халқаро тўлов карталаридан фойдаланган ҳолда нақдсиз шаклда сотиш механизми жорий этилади.
Хорижий валютани жисмоний шахслардан сотиб олиш ва уларга сотиш тартиби ҳамда айирбошлаш шохобчалари тўғрисидаги низом мазкур қарор билан тасдиқланди ва 2013 йил 1 февралдан бошлаб кучга кирди.
Судьяликка номзодлар танланадими?
Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 29 декабрдаги фармойиши билан янги таҳрирдаги «Ўзбекис­тон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия­ этиш бўйича олий малака комиссияси тўғрисида»ги низом тасдиқланди.
Ушбу комиссия умумий юрисдикция судлари ва хўжалик судларининг судья кадрларини танлайди, тайёрлайди ва тавсия этади, захирасини шакллантиради ва ҳар йили янгилайди.
Судьялик лавозимларига биринчи марта тайинланадиган номзодлар захирасини шакллантириш ишлари комиссия томонидан адлия, прокуратура, суд ва ички ишлар органлари иштирокида амалга оширилади.
Судьяликка номзодлар захирасига 30 ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотга эга, юридик ихтисослик бўйича камида 5 йиллик иш тажрибаси бўлган, салмоқли ҳаётий тажриба, обрў-нуфузга эга бўлган, тайёргарлик кўрган, юқори малакали юристлардан бўлган Ўзбекистон фуқаролари киритилиши мумкин.
 
Вазирлар маҳкамасининг қарорлари
 
Ободонлаштириш ташкилотлари қайта ташкил этилди
Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 10 январдаги 4-сон қарори билан рес­публиканинг шаҳар ва туманларида фао­лият юритувчи ободонлаштириш ташкилотлари (бўлинмалари) қайта таш­кил этилиб, улар негизида ободонлаш­тириш бошқармалари тузилди.
Кўчалар, скверлар, хиёбонлар, ёдгорлик мажмуалари ва умумий фойдаланиладиган бошқа зоналарни кўкаламзорлаштириш, дов-дарахтларни парвариш қилиш, уларнинг зараркунандалари ва касалликларига қарши курашиш; йўл-кўприк хўжалигини ва хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини сақлаш, мукаммал ва жорий таъмирлаш; дренаж хўжалигини ва фаввораларни сақлаш, мукаммал, жорий таъмирлаш ва улардан фойдаланиш бўйича бошқа ишлар; электр энергиясини тежаш мақсадида замонавий асбоб-ускуналар ва технологияларни жорий этган ҳолда йўллар ва кўчаларнинг ташқи ёритиш тармоқларини сақлаш, мукаммал ва жорий таъмирлаш ҳамда улардан фойдаланиш бўйича бошқа ишлар; назоратсиз, жумладан, эгасиз итлар, мушуклар ва йиртқич ҳайвонларни ветеринария-санитария қоидаларига риоя қилган ҳолда тутиш ва давлат ветеринария бўлимларига олиб келиш; қабристонлар ва қабр устига ўрнатилган ёдгорликларни сақлаш ва улардан фойдаланиш; мавсумий талабларни ҳисобга олган ҳолда ободонлаштириш объектларини санитария жиҳатидан тозалаш уларнинг асосий вазифалари этиб белгиланди.
Қанча «Ласетти» ишлаб чиқарилади?
Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 18 январдаги 12-сон қарори билан 2013 йилги тайёр маҳсулот, бутловчи қисмлар ва материалларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш дастурининг 832 та лойи­ҳаси прогноз параметрлари тасдиқланди. Хусусан, бу йил 17 мингта «Ласетти», 22 мингта «Дамас», 69 мингта «Матиз», 63 мингта «Нексия» автомобили ишлаб чиқариш назарда тутилган.
Шунингдек, ҳукумат амалдаги маҳаллийлаштириш дастуридан қарийб 130 та лойиҳани чиқариб ташлади. Улар орасида «Zenith electroniks» МЧЖ ҚК телевизорлари, Ҳисоблаш техникасини таъмирлаш ва унга техник хизмат кўрсатиш жамоа корхонасининг «Samsung» бренди остидаги маиший совутгичлари, «Дойче кабель АГ Тошкент» ОАЖ ҚК термопанеллари ва бошқалар бор.
Миллий банкнинг мақоми ўзгарди
Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 23 январдаги 15-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг мақоми ўзгарди. Энди у хўжалик юритиш ҳуқуқига асосланган унитар корхона ҳисобланади (олдин у давлат ихтисослаштирилган банки бўлиб, ҳукумат тимсолида Ўзбекистон мулки бўлган ва Ўзбекистон банк тизимига кирган).
Уставга киритилган нормага кўра банкнинг хўжалик ва ҳакамлик судларида даъвогар сифатида чиқиш ҳуқуқи уставдан чиқариб ташланган.
Банкка нафақат тадбиркорлик субъектлари фаолиятида капитал билан иштирок этиш, балки хўжалик жамиятлари, унитар корхоналарда иштирокчи ёки акциядор сифатида уларга мол-мулкнинг бир қисмини белгиланган тартибда хўжалик юритишига берган ҳолда унитар корхоналар (шўъба корхоналар) ташкил этиш ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа шаклларда иштирок этиш ҳуқуқи берилган.
Фермер хўжалигини тугатиш кимнинг ихтиёрида?
Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 21 январдаги қарори билан «Фермер хўжалигининг ер майдонини­ мақбуллаштириш ва уни тугатиш тар­тиби тўғрисида»ги низом тасдиқланди.­
Мазкур низомда таъкидланишича, фермер хўжалиги ер майдонини камайтиришни назарда тутган ҳолда ихтиёрийлик асосида уни мақбуллаштириш фермер хўжалиги раҳбарининг туман (шаҳар) ҳокимига берган аризаси асосида амалга оширилади.
Ўзининг ер майдонини кенгайтирган ҳолда уни ихтиёрийлик асосида мақбуллаштиришни хоҳловчи фермер хўжалиги давлат мулки бўлган ер майдонларини узоқ муддатли ижарага бериш танловида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қатнашиши керак.
Ихтиёрийлик асосида амалга оширилган мақбуллаштиришдан сўнг фер­мер хўжалигида қолган ер майдони «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги Қо­нунда назарда тутилган минимал миқ­дордан кам бўлмаслиги керак, деҳқон­чилик маҳсулоти етиштиришга ихтисослаштирилган фермер хўжалиги учун ижарага бериладиган ер майдонининг энг кам ўлчами пахтачилик ва ғаллачилик учун камида 30 гектар,­ боғдорчилик, узумчилик, сабзавотчи­лик ва бошқа экинлар етиштириш учун камида 5 гектар бўлади. Фермер­ хўжалиги ер майдонини мақбуллашти­ришда ер майдони контурларининг ях­литлиги бузилишига йўл қўйилмайди.
Ер майдонини узоқ муддатли ижарага олиш шартномасини бекор қилиш ва фермер хўжалигини тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари (туман (шаҳар) ҳокими) томонидан тақдим этиладиган даъволар асосида хўжалик суди қарорига биноан амалга оширилади.
Қисқа сатрларда
– Ўзбекистон Президентининг 2013 йил 3 январдаги ПҚ-1901-сон қарорига асосан Ўзбекистон ҳукумати билан Корея Республикаси ҳукумати ўртасида туризм соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида 2012 йил 20 сентябрь куни Сеул шаҳрида имзоланган битим тасдиқланди.
– Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 12 январдаги 6-сон қарори билан 2013—2017-йилларда «Сифат» Ўзбекистон пахта толасини сертификатлаш марказини модернизациялаш ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш дастури қабул қилинди. У пахта толасини сертификатлаш миллий тизимини динамик ва барқарор ривожлантиришни таъминлайди.
– Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 январдаги 10-сон қарори билан «Ўзбек лизинг интернейшнл А.Ж.» қўшма лизинг компанияси таъсисчиларидан бири ўзгарди. Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Хал­қаро молия корпорацияси томонидан мазкур компаниянинг устав жамғармасидаги улуши «Ўзбек-Оман инвестиция компанияси» масъулияти чекланган жамият фойдасига берилган.
– Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 23 январдаги 16-сон қарори билан Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти Жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евросиё гуруҳи тўғрисидаги Битимнинг (Москва, 2011 йил 16 июнь, 2012 йил 13 декабрдаги ЎРҚ-307-сон қонун билан ратификация қилинган) амалга оширилиши учун Ўзбекистон томонидан масъул бўлган ваколатли орган этиб белгиланди.
– Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 24 январдаги 17-сон қарори билан Мудофаа вазирлиги ва Қуролли кучлари Бирлашган штаби фуқаро ходимларининг иш стажи учун фоизли устама белгиланди. У қуйидаги миқдорни ташкил этади: 2 йилдан 5 йилгача стажи бўлганда лавозим маошининг 10 фоизи; 5 йилдан 10 йилгача стажи бўлганда 15 фоизи; 10 йилдан 15 йилгача стажи бўлганда 20 фоизи; 15 йилдан 20 йилгача стажи бўлганда 25 фоизи; 20 йилдан ортиқ стажи бўлганда 30 фоизи.
Фаррухжон ФАЙЗИЕВ,
ҳуқуқшунос