Тезкор-қидирув фаолияти такомиллашув ва ривожланиш йўлида

 
Олий Мажлис Сенатининг ўнинчи ялпи мажлисида маъқулланиб, 2012 йил 25 декабрда давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган «Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида»ги Қонун суд-ҳуқуқ тизимини изчил демократлаштириш ва либераллаштириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. Энг муҳими, ушбу қонун қабул қилиниши билан тезкор-қидирув фаолиятига оид қонунчилик мустаҳкамланиб, мавжуд ҳуқуқий бўшлиқ тўлдирилди.
Мамлакатимизда демо­кратик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида таъкидланганидек, «Тезкор-қи­дирув фаолияти тўғрисида»ги қонуннинг мақсади тезкор-қидирув хусусиятидаги тадбирларни ўтказишда фу­қароларнинг ҳуқуқ ва эркин­ликларини таъминлаш, қонунийликка риоя қилишнинг реал ҳуқуқий кафолатларини яратишга йўналтирилган. Унинг қабул қи­линиши демократик давлатларнинг умум­­эътироф этилган амалиётига мос келади ҳам­да жиноят­ларни содир эти­лишининг дастлабки бос­қич­ларидаёқ олдини олиш ва ўз вақтида тўхтатиш бўйича чораларнинг самарадорлигини, шунингдек, суриштирув ва дастлабки тергов сифатини оширишга хизмат қилади.
Қонунда Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсиз­лик хизмати, Давлат божхона қўмитаси ва Бош проку­ратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши ку­рашиш департаменти органлари Ўзбекистон ҳудудида тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириш ваколатига эга экани, бошқа давлат ор­ганлари, шунингдек, юридик­ ва жисмоний шахслар томо­нидан тезкор-қидирув фаолиятини олиб бориш тақиқ­ланиши назарда тутилган.
Шу ўринда тезкор-қидирув фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳақида тўхталиб ўтсак. Биринчидан, Ўзбе­кис­­­тон халқаро ҳуқуқнинг тўлақонли субъекти сифатида, жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликни таъминлаш мақ­­­садида бир қатор давлат­лар­аро, ҳукуматлараро ва идо­­ралараро шартномалар, конвенция ва бошқа ҳужжатларни ратификация қил­ган­ ва уларнинг ижросига алоҳида эътибор қаратмоқда.
Иккинчидан, Конституциямиздаги шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар (24–31-моддалар); суд ҳокимияти (106–116-моддалар); ва про­куратура (118–120-моддалар); бундан ташқари, тез­кор-қидирув фаолиятига оид (121-модда) нормалар билан ҳам тартибга солинади.
Учинчидан, «Давлат сирларини сақлаш тўғрисида», «Прокуратура тўғрисида», «Терроризмга қарши кураш тўғрисида», «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида», «Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қа­рорлар устидан судга ши­ко­­ят­ қилиш тўғрисида»ги ва бошқа қонунлар, шунинг­дек, Жиноят, Жиноят-процессуал, Жиноят-ижроия ва Божхона кодексларида ҳам тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ тегишли нормалар белгиланган.
Тўртинчидан, Президент­нинг фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва фармойишлари, идоравий, идоралараро норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда ушбу фаолиятни олиб борувчи органларнинг соҳа­га оид идоравий буйруқ ва йўриқномаларидан ҳам амалда фойдаланилади.
Қонуннинг 4-моддасида тезкор-қидирув фаолиятининг асосий вазифалари қайд этилган бўлиб, унда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулки ҳимоя қилинишини, шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаш масаласи устувор вазифалардан бири этиб белгиланган. Шу­нингдек, 13-моддада тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларнинг мажбуриятлари ҳақида батафсил маълумот берилган. 5–9-моддаларда тезкор-қидирув фаолиятининг қонунийлик; инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари устуворлиги; конс­пирация; ошкора ва ноошко­ра усуллар уйғунлиги каби принциплар акс этган. Бу эса ушбу қонуннинг умум­ҳуқуқий, конституциявий тамойилларга мансублиги ва демократик талабларга жавоб беришини англатади.
Қонуннинг 7-моддаси инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари устуворлиги принципига бағишланган. Ушбу модда фаолиятнинг асосий вазифаларидан тортиб, тадбирлар ўтказиш шартларигача бўлган жараённи қамраб олади.
Шунингдек, 7-моддада «Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар ҳамда уларнинг ходимлари томонидан инсон ҳу­қуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузил­ган тақдирда, мазкур органлар ва уларнинг раҳбарлари ушбу ҳуқуқлар, эркинликлар ва қонуний манфаатларни тиклаш, етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳамда айбдорларни белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш чораларини кўриши шарт» деган талаб қўйилган. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси, биринчидан, уларнинг тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларнинг қарорлари ва мазкур органлар ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи орган, прокурор ёки судга шикоят қилиши орқали, иккинчидан, фуқаро мурожаат қилмаганда эса тезкор-қидирув фаолияти устидан идоравий ва прокурор назорати жараёнида ҳам таъминланиши мумкин.
Учинчи боб тезкор-қидирув тадбирларининг турлари ва уларни ўтказиш тартибига бағишланган бўлиб, уни қонуннинг ўзаги дейиш­ мумкин. Ушбу бобда тезкор-қидирув тадбирларининг турлари, уларни ўтказиш учун асослар, шартлар, чекловлар, тезкор-қидирув фао­лиятини ахборот билан таъминлаш ва ишни юритиш, натижалардан фойдаланиш, маълумотларни муҳофаза қилиш ҳамда тезкор-қидирув­ тадбирларини ўтказиш тўғрисидаги қарорларнинг проку­рор томонидан кўриб чиқилиши тартиби белгиланган.
Қонунда тезкор-қидирув 16 та тадбирдан иборат қилиб белгиланган. 16-модданинг би­ринчи қисмида ёзишмалар,­ телефон орқали ва бошқа сўзлашувлар, почта жўнатмалари, телеграф хабарлари ҳамда алоқа тармоқлари орқали узатиладиган бошқа хабарлар сир сақланиши, шунингдек, уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқларини чекловчи тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилишига прокурор санкцияси асосида йўл қўйилиши белгиланди.
Тезкор-қидирув фаолиятининг натижаларидан исботлаш жараёнида фойдаланиш масаласи ҳозирги пайтгача долзарб муаммолардан бири эди. Бунинг асосий сабаби ушбу масаланинг қонун билан аниқ тартибга солинмаганидир. Аксарият ҳолларда бу каби материаллар судлар томонидан далил сифатида кўриб чиқилмаслиги натижасида тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар бир қатор қийинчиликларга дуч келарди.
Қонуннинг 19-моддаси иккинчи қисмида «Тезкор-қидирув фаолияти материал­лари жиноят иши қўзғатиш учун асос бўлиши, жи­ноят иши ўз юритувида бўлган су­риштирув, тергов органла­рига, прокурорга тер­гов ҳа­ракатларига тайёр­гарлик кў­риш ва уларни ўтказиш учун тақдим этилиши, шунингдек,­ бу материаллардан Жиноят-процессуал кодекси нормаларига мувофиқ жиноят ишлари бўйича исбот қилишда фойдаланилиши мумкин» деган талаб мустаҳкамланди. Би­роқ тезкор-қидирув фаолия­ти натижаларидан жиноят процессида фойдаланиш учун улар учта босқич­дан ўтишлари лозим: далил­ларни тўплаш, текшириш ва баҳолаш.
19-модданинг 5-қисмига эса «Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи ходим ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида аниқланган жиноятни қасддан яширган тақдирда белгиланган тартибда жавобгар бўлади» деган норма киритилган. Ушбу ҳолатлар қонунларнинг ижро этилиши устидан прокурор назорати жараёнида аниқланиши мумкин. Шуни эътиборга олиш зарурки, айрим ҳолларда тезкор-қидирув фаолияти натижасида олинган маълумотларни жиноят ҳақидаги ариза ва хабарларга тенглаштириш ҳолатлари ҳам кузатилади. Бу моҳиятан тўғри эмас. Чунки, юқорида­ таъкидлаганимиздек, олинган маълумотлар қонунда белгиланган тартибда текширилиб, баҳолангач, далил сифатида фойдаланилади.
Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларга кўмаклашаётган шахс­ларни, шунингдек, уларнинг оила аъзоларини ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш масаласи ҳам шу пайтгача очиқ қолаётган эди. Қонуннинг 23-моддасида унинг ҳуқуқий асоси мустаҳ­камланди. Унда ушбу шахс­лар давлат ҳимоясида экани,­ шунингдек, белгиланган тартибда тақдирланиш ҳуқу­қига эгалиги алоҳида қайд этилган. Бундан ташқари, кўмаклашаётган шахслар ва уларнинг оила аъзолари ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига ҳақиқий таҳдид юзага келса,­ белгиланган тартибда махсус ҳимоя чора-тадбирлари кўрилиши, шунинг­дек, бир йўла бериладиган нафақа, ногиронлик ҳамда боқувчисини йўқотганлиги муносабати билан пенсия тайинланиши назарда тутилган.
Ушбу модданинг олтинчи қисмида уюшган жиноий гуруҳ ёки уюшма орасига уларни фош қилиш мақсадида киритилган шахс қонунда белгиланган тартибда қилмишнинг жиноийлигини истисно қиладиган ҳо­латлар мавжуд бўлган тақдирда, қонунга хилоф қилмишлари учун жиноий жавобгарликдан озод этилиши белгиланган. Айрим хорижий давлатларнинг қонунчилигида ҳам бу каби шахс­ларни жиноий жавобгарликдан озод қилиш амалиёти мавжуд. Масалан, Беларусь Республикаси Жиноят кодексининг 38-моддасида қайд этилишича, «...агар жиноятларнинг олдини олиш ва фош этиш юзасидан амалдаги қонунчиликка мувофиқ махсус вазифаларни бажараётган шахс, ушбу жараёнда жиноий гуруҳнинг бошқа аъзолари билан биргаликда қатнашиб, иложсиз равишда жиноят содир этишда қатнашса, жиноий жавобгарликка тортилмайди (шахснинг ҳаёти ёки соғлиғига тажовуз қилиш билан боғлиқ оғир ва ўта оғир жиноят содир этиш бундан мустасно)». Худди шу каби нормалар Украина,­ Эстония каби мамлакатларнинг Жиноят кодексларида ҳам мавжуд.
27-моддада тезкор-қидирув фаолиятини амалга оши­рувчи органлар томонидан қонунларнинг ижро этилиши устидан назоратни Бош прокурор ва унга бўйсунув­чи прокурорлар амалга ошириши, унинг иккинчи қисмида эса прокурорлар ўзларига тақдим этилган ҳужжатлар ва материаллардаги маълумотларнинг махфийлигини таъминлаши лозимлиги белгиланган.
Хулоса ўрнида айтганда, «Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида»ги Қонун тезкор-қидирув тадбирларини амалга оширувчи ваколатли давлат органлари фаолиятининг либераллашувига олиб кела­ди, қонунийликка риоя қи­лишнинг ҳуқуқий кафолатларини яратади ҳамда инсон­ ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳи­моялашга, шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
Бахтиёр ИБАТОВ,
Бош прокуратура ҳузуридаги СВОЖЖДЛҚК
департаменти бошлиғининг ўринбосари,
Ваҳобжон КАРИМОВ,
департаментнинг бўлим бошлиғи