Инсон ҳуқуқлари уларни судда ҳимоя қилиш кафолатланган

 
Юртимиз мустақилликнинг илк кунлариданоқ ўзи­га хос тараққиёт йўлини тан­лади. Бу йўл миллий ва умуминсоний қад­риятларни ўзида ифодалаган, бозор муносабатларига асосланган ҳуқуқий демокра­тик давлат ва адолатли фуқа­ролик жамиятини қуриш, хал­қимизга ҳеч кимдан кам бўлмаган муносиб турмуш шароитини яратиб беришдан иборат. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тараққиётнинг ушбу моделини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш, миллий дaвлaтчилик вa унинг ижтимoий-сиёсий тизимини ярaтиш, дeмoкрaтик тaмoйиллaр aсoсигa қурилгaн сиёсий вa иқтисoдий тизимни ривожлантириш учун ҳуқуқий пoйдeвoр вазифасини ўтамоқда.
Асосий қонуннинг 13-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида демо­кратия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳу­қуқлари олий қадрият ҳисобланади ҳамда демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конс­титуция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади. Бу эса фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари энг самарали, таъсирчан ва демо­кратик усуллардан би­ри – суд орқали амалга­ оширилишини кенгайтириш, суд тизимининг демократик асосларини­ ислоҳ қилиш ва янада чуқур­лаштириш, суд ишларининг адолатли, ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминлаш, фуқароларнинг шахсий, сиё­сий, иқтисодий, ижтимоий ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини янада кучайтиришга қаратилган суд-ҳуқуқ ислоҳотларини­ амалга оширишни тақозо этди.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида таъкидлан­га­ни­дек, юртимиздa ҳуқуқий дaв­лaт aсoслaрини янaдa тa­кo­миллaштириш вa aҳoли­нинг ҳуқуқий oнги вa мaдa­ния­ти­ни юксaлтириш бора­си­да­ги ишларнинг кўлами, миқё­си ва самарадорлиги ке­йинги ўн йилда янги босқич­га кўтарилди. Бу борада, ав­вало, суд ҳокимиятини бос­қичма-босқич мустаҳкамлаб бориш, суднинг муста­қилли­гини таъминлаш, уни собиқ тузумда бўлгани каби қатағон қуроли ва жазолаш­ органи эмас, балки инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя этишга хизмат қилади­ган том маънодаги мустақил давлат инс­титутига айлантиришга қаратилган кенг кўламли ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилди.
Конституциянинг 44-моддасида ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган.
Ҳар бир шахс ўз ҳуқуқ ва эркинликларини нафақат суд орқали ҳимоя қилиш, балки ўз ҳуқуқларини тиклаш ҳуқуқига ҳам эга. Хусусан, Инсон ҳу­қуқлари умумжаҳон декларациясининг 8-моддасида ҳар бир инсон нуфузли миллий судлар орқали ўз ҳуқуқларини самарали тарзда тиклаш ҳу­қуқига эгалиги мустаҳкамлаб­ қўйилган. Миллий қонунчи­лигимизда ҳам фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали­ тиклашга, самарали ҳимоя қилишни кафолатлашга хизмат қилувчи қатор нормалар­ мав­жуд. Хусусан, «Фуқаро­ларнинг ҳуқуқлари ва эркин­ликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қа­рорлар устидан судга шикоят қилиш тўғрисида»ги Қонун ушбу мақсадга хизмат қилади. Қонуннинг 2-моддасида судга шикоят берилишига доир хатти-ҳаракатлар (қарорлар) назарда тутилган бўлиб, унга кўра давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашма­лари, фуқароларнинг ўзини ўзи бош­қариш органлари ва ман­сабдор шахсларнинг судга шикоят қилишга лойиқ кол­легиал ёки якка тартибда­ги хатти-ҳаракатлари (қарорлари) жумласига: фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузган; фуқаронинг ўз ҳу­қуқ ва эркинликларини рўёбга чиқаришига монелик туғдирган; фуқаро зиммасига қонунга хилоф равишда қандайдир мажбурият юклатилишига сабаб бўлган хатти-ҳаракатлар (қарорлар) кириши белгилаб қўйилган.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда фуқароларнинг суд орқали ҳимояланиш кафолатлари жиддий тарзда кучайтирилган. Ушбу кафолатдан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилгани натижасида суд амалиётида умумий юрисдикция судларига тааллуқли бўлган фуқаролик ишлари сони кўпайди. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузадиган ғайри­қонуний ҳаракатлар устидан қилинган шикоятларни судларда кўриш амалиётида­ келиб чиқаётган муаммоларни бартараф қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми то­­монидан 1996 йил 19 июл­да «Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан келтирилган шикоятларни судларда кўриш амалиёти тўғрисида»ги 18-сонли қарор­ қабул қилинди. Унда «Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш тўғрисида»ги Қонунда назарда тутилган тартибда ҳа­ракатлари ва қарорлари ус­тидан шикоят қилиниши мум­кин бўлган давлат органларига, Конституция ва бош­қа қонун ҳужжатларига му­вофиқ, ўз фаолиятини амалга ошириш учун ташкил қилинган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари кириши юзасидан тушунтириш берилди. Шунинг­дек, ҳаракатлари ва қарорлари устидан судга шикоят қилиш мумкин бўлган ўзини ўзи бош­қариш органларига ­Конституция, «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ тегишли ҳудудларда ўз ваколатларига кирадиган масалаларни мустақил ҳал этишни таъминлаш учун тузиладиган­ ҳар қандай органлар кириши назарда тутилди.
Шу ўринда фуқаролар ва ташкилотларнинг бузилган ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси жамиятда суд ҳокимиятининг нуфузини оширишга,­ фуқаролар ва ташкилот­лар­нинг суд орқали ҳимоя­ла­нишга бўлган ҳуқуқларини тўла-тўкис кафолатлашга хизмат қилаётганини алоҳида­ таъкидлаш керак. Конс­ти­туциямизда ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор­ шахслар, жамоат­ бирлашма­ларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари ус­тидан судга шикоят қилиш ҳуқуқини кафолатловчи му­ҳим норманинг мустаҳкамлаб қўйилга­ни 1997 йил 30 августда қа­бул қилинган маз­кур кодексга «Давлат органлари ва бошқа органлар, шунинг­дек мансабдор шахс­ларнинг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шико­ят ва аризалар бў­йича иш юритиш» деб номланган янги 3-кичик бўлимнинг киритилишига асос бўлди.
Давлат органлари ва бош­қа органлар, шунингдек, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоят ва аризалар бўйича иш юритишда процесс иштирокчиларининг муносабатлари давлат бошқаруви органларининг фаолияти билан боғлиқ ҳолда кўрилади ва бу ҳақдаги шикоятлар фақат қонунда тўғридан-тўғри назарда тутилган ҳоллардагина судга тааллуқли бўлади. Фуқаролар иштирокида амалга ошадиган бундай ишларни кўриб ҳал этишнинг суд тартиби судсиз, маъмурий тартибда кў­рила­диган ишларга нисбатан муайян устунликларга эга бўлиши фуқаролик иш­ларининг тўғри ҳал этилишида муҳим кафолатлар яратилгани, фуқаролар, давлат ва бошқа идораларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари қўриқланиши билан фарқланади. Қонунчиликда давлат бошқарув органлари ва мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан бериладиган шикоятлардан давлат божи суд ҳал қилув қарори чиқарилгач, айбдор шахслардан ундирилишининг белгиланиши суд орқали ҳи­мояланиш ҳуқуқини қўшимча равишда кафолатлашга хизмат қилади. Бундан таш­қари, Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 майдаги 140-сонли қарори билан «Давлат божи ставкалари ҳақида»ги 1994 йил 3 ноябр­даги 533-сонли қарорига қўшимча ва ўзгартишлар киритилди. Унга кўра давлат бошқарув органлари ва мансабдор шахсларнинг жисмоний шахсларнинг ҳақ-ҳуқуқларини камситувчи ғайриқонуний хатти-ҳаракатларидан қилинган шикоятлардан ундириладиган энг кам ойлик иш ҳақининг 5 баравари миқдоридаги давлат божи камайтирилиб, энг кам ойлик иш ҳақининг 1 бараварига туширилди.
Фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш соҳасини мумкин қадар кенгайтириш, фуқароларга ўзларининг бузилган ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳи­моялаш мақсадида суд идораларига мурожаат этишлари, шунингдек, фуқаролик ишлари бўйича қабул қилинган суд қарорлари устидан юқори инстанция судларига шикоят беришлари учун кенг имконият туғдирувчи миллий қонунчилигимизга бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Шу мақсадда Фуқаролик процессуал кодексининг 37-боби «Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорлари, ажримлари устидан апелляция шикояти бериш (протест келтириш)» деб номланди ва кассация институтининг мазмун-моҳияти тубдан ўзгарди. Эндиликда суднинг қарори қонуний, асосли ва адолатли эканлиги юзасидан текширувни қўзғатиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар доираси янада кенгайди.
Мамлакатимизда демокра­тик ислоҳотларни янада чу­қурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида суд ишларини қайта кўришнинг апелляция тартиби жорий этилиб, кассация ислоҳ этилга­ни, фуқаролар қонуний кучга кирган биринчи инстанция суди қароридан норози бўлган тақдирда, ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини кассация инстанциясида, ўз адвокати иштирокида бевосита ҳимоя қилиш имконига­ эга бўлганлиги, шу тариқа фуқароларнинг биринчи инс­танция судларининг қарорларига нисбатан шикоятларини яширин, ёпиқ тарзда кўриб чиқиш тартиби батамом тугатилгани таъкидланган. Амалга оширилган ўзгаришлар биринчи инстанция судлари томонидан йўл қў­йилган хатоларни ўз вақтида­ тузатиш, суд фаолиятида сансалорликка йўл қўймасликнинг муҳим кафолатига айланди.
Шу ўринда мазкур соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида эътироф этилаётган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 2 августдаги «Суд тизими ходимларини ижтимоий муҳофаза қилишни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонини алоҳида таъкидлаш ўринли бўлади. Мазкур фармон Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқа­ролик жамиятини ривожлантириш концепциясида зикр этилган муаммолар­ни ҳал этишни назарда тутади. Айниқса, ушбу фармон билан суд ишларини мустақил юри­тиш ва суд органлари ходимларининг ижтимоий мақомини муҳофаза қилиш учун зарур ҳу­қуқий ва ижтимоий кафолатларнинг кучайтирилиши суд органларининг давлат бошқарувидаги роли ва аҳамиятини янада оширишда, уларнинг мустақилли­гини янада мус­таҳкамлашда­ муҳим аҳамият­ касб этади.
Буларнинг барчаси Конс­титуцияда мустаҳкамлаб қў­йилган суд орқали ҳимоя ҳуқуқининг миллий қонунчилигимизда ўз ифодасини тўлиқ топганидан, мамлакатимизда фуқароларнинг суд орқали ҳимояланиш кафолатлари кучайтирилганидан ҳам­да ушбу кафолатлардан фой­даланиш имкониятлари тобора кенгайиб,­ такомиллашиб бораётганидан далолат беради.
Музаффар МАМАСИДДИҚОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти
бўлим бошлиғи