Табиатнинг мўжизавий эҳсонлари

 

Қишлоқда уч-тўрт суҳбатдош йиғилса, гап айланиб рўй бераётган ўзгаришларга бориб тақалади. Пенсияга чиққандан сўнг ҳам ўқитувчилик қилаётган ҳамқишлоғимиз Худойберди ака билан бир маросимда учрашиб қолдик. Ундан яқинда ўрнатган биоэнергия ускунаси қандай ишлаётганини суриштирдим.
– Кони фойда экан, – дея сўз бошлади Худойберди ака. – Электри бутун уйни ёритади, телевизор, совутгичлар бемалол ишлайди, батареялар орқали хоналарни иситади, газнинг ҳам ўрнини босади. Ишлатилиши оддий. Мол-ҳолларнинг нури-чиқитларини махсус ҳовузчага соламиз, ундан генератор энергия ҳосил қилиб беради.
Йўлимиз Қўшработ томонларга тушиб қолди. Тоғ ёнбағрида жойлашган қиш­лоқ врачлик пунктининг то­мидаги қуёш батареялари диққатимизни тортди.
– Жонимизга ора кириб қолди, – деди шу ерда ишлаётган шифокор. – Электр энергиясининг ўрнини тўла босаяпти.
Қизилқум томонларда бўл­сангиз, чорвадорларнинг уйлари ёнида темир устунга ўрнатилган варракларнинг шамолда айланиб турганини кўрасиз. Улар ҳам электр қуввати ҳосил қилиш, қудуқдан сув тортиб чиқаришда чўпонларга камарбаста.
Ўтган йили хизмат сафари билан Хитойнинг бир неча йирик шаҳарларида бўлдик. Қурилишлар қамрови катта, паст­қам, кўримсиз уйлар ўрнини замонавий уй-жойлар эгаллаяпти. Эътиборлиси, ак­­сарининг томи устида қу­ёш батареялари.
Бу мисолларни бежиз келтирмадик. Қуёш нури ва эсаётган шамоллар чегара билмай, барчани баб-баравар баҳра этгани сингари қайта тикланувчи энергия манбалари ҳам одамлар турмушига тобора чуқур кириб бормоқда. ХХI аср эса муқобил ва қайта тикланувчи қувват­лар даври сифатида тарих саҳифасидан жой олмоқда.
– 1984 йилда жаҳонда 1 мегаватт қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқарилган бўлса, 2010 йилда бу миқдор 10 минг мегаваттни таш­кил этди, – дейди ЎзФА фи­зика-техника институти лаборатория мудири, техни­ка фанлари доктори, профессор Муҳаммад Турсунов.
Муқобил ва қайта тикланувчи энергия манбаларининг афзалликлари хусусида сўз юритишдан аввал жаҳон энергетикасидаги ҳо­зирги аҳвол, унинг экологияга кўрсатаётган таъсири­га тўхталсак. Дунёда ёқилғига талаб тобора ортиб бораётир. Халқаро ташкилотларнинг ҳисоб-китобларига кў­ра бу талаб иқтисодий тараққиёт туфайли 2030 йил­га бориб асримиз бошига қараганда 50 фоиздан кўп­роққа ўсиб, умумий эҳтиёж 23, 27 миллиард тонна шарт­ли ёқилғини ташкил этади. Ўз навбатида, бундай ўсишнинг экологияга салбий таъсири ҳам кучайиб бораверади.
Айни пайтда жаҳонда ишлаб чиқарилаётган барча энергиянинг 10,2 фоизи қайта тикланувчи қувватлар ҳисобига тўғри келаяпти. 2050 йилга бориб унинг айрим турларидаги улуши 70 фоиздан ошиши мумкин. Бу биргина корхоналарнинг атроф-муҳитга чиқараётган зарарли чиқитларини 500 миллиард тоннага камайтириш имконини беради. Зеро, камуглеродли энергетикани ривожлантиришдан асосий мақсад – парник газларнинг ҳавога кўтарилиши ортаётгани боис юзага келаётган глобал муаммоларни ҳал этишга ҳам қаратилган. Бу борадаги режаларга мувофиқ 2020 йилга бориб бундай газларни 20–25 фоиз, 2040 йилда 40 фоиз, 2060 йилга бориб эса 50–60 фоиз камайтиришга эришиш мўлжалланмоқда.
Юртимизда бу борадаги аҳвол қандай? Муқобил энергия манбалари соҳасида қандай изланишлар олиб борилаяпти? Шу каби саволлар кўпчиликни қизиқтириши табиий.
Ўзбекистон – ёқилғи-энергетика ресурслари бўйича ўз эҳтиёжини тўла таъминлайдиган давлат. Бугунги кунда бу таъминотнинг асосий қисмини, яъни қарийб 80 фоизини табиий газ, 7,6 фоизини нефть, 5 фоиздан ортиғини кўмир ташкил этади. Республикамизда кейин­ги даврда йилига 48-50 мил­лиард киловатт-соат электр энергияси ҳосил қилинаяпти. Мамлакатимиз муқобил ва қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича ҳам улкан салоҳиятга эга. Олимларнинг фикрича, юртимиз ҳудудига тушадиган ва ҳо­сил бўладиган назарий қувват миқдори 6 миллиард 750 миллион тонна шартли ёқилғини ташкил этади. Бу мавжуд қайта тикланмайдиган ресурслар захирасига нисбатан уч баравар кўпдир.
Президентимиз Ислом Каримов 2011 йилнинг асосий якунлари ва 2012 йилда Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида табиий ресурслардан самарали фойдаланиш масаласига алоҳида эътибор қаратиб, муқобил энергия ресурсларини излаш ва жорий этиш ишла­рининг талаб даражасида эмас­лигини, ушбу соҳада зуд­лик билан ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар тўп­ланиб қолганини қайд этди.
– Ҳозирги пайтда муқобил ва қайта тикланувчи энергия манбалари республикамизда фойдаланилаётган барча қувватларнинг 0,3 фоизини ташкил этади, – дейди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси бўлим бошлиғи ўринбосари, физика-математика фанлари доктори Илёс Раҳматуллаев. – Ваҳоланки, юртимизда бу кўрсаткични етарли даражага кўтариш учун катта имкониятлар мавжуд. Масалан, қуёш иссиқлиги таъминоти, фотоэнергетика, офтоб энергиясини термодинамик ўзгартириш ва гибридли қуёш-шамол тизимлари бўйича олимларимиз томонидан кўп­лаб тадқиқотлар ўтказилган. Лекин уларнинг илмий ечимларини амалиётда қўллаш анчайин суст кечаяпти.
Олимнинг куйинганича бор. Ватанимиз – қуёшли диёр. Мадҳиямиз ҳам «Сер­қуёш, ҳур ўлкам...» деган ҳароратли мисралар билан бошланади. Булар шоирона муболаға бўлмай, жуғрофий, иқлимий жиҳатдан бизни Яратганнинг ўзи сийлаганидан далолатдир. Республикамиздаги актинометрик станциялар тармоғининг кўп йиллик кузатувлари юртимиз йилнинг 300 куни қуёш нуридан тўла баҳра олишини, турли ҳудудларда қуёш йилига 2400 дан 3090 соатгача нур таратиб туришини кўрсатди. Унинг қуввати 50 триллион 973 миллион тонна шартли ёқилғига тенг бўлиб, бу мамлакатимизда аниқланган жами энергия захирасига нисбатан анча кўпдир.
Тўғри, кейинги йилларда қайта тикланувчи энергиядан фойдаланишни кенгайтириш борасида муайян чора-тадбирлар кўрилаяпти. Масалан, қуёш энергиясини қўллаш соҳасида «Физика-қуёш» илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси, ЎзФА физика-техника, энергетика ва автоматика институтлари, Трансфер технологиялар агентлиги, Тошкент давлат техника университети ва бошқа илмий муассасалар томонидан илмий-амалий ишлар олиб борилмоқда.­ Олтита компания эса қуёш қурилмаларини ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Улардан бири бўл­ган ЎзФА физика-техника институти тад­қиқотчилари «Физика-қу­ёш» илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси мутахассислари билан қайта тикланадиган қувватларнинг бир қатор йўналишлари бўйича ҳамкорлик қилишади. Муҳими, фундаментал тадқиқотлар шу ернинг ўзи­да ишлаб чиқаришга татбиқ этилади.
– Бизда тайёрланаётган фотоэлектрли қурилмалар қу­ёш нуридан электр энергияси ҳосил қилишга қаратилган, – дейди лаборатория­ мудири, профессор Муҳаммад Турсунов. – Уни ишлаб­ чиқаришда асосан кремнийдан фойдаланамиз. Қурилмалар сифатини яхшилаб бориш ва кўплаб хилларини­ яратиш орқали қуёш нурларини электр энергиясига айлантириш самарадорлигини 18 фоиздан оширишга эришдик.
Бу ерда қуёш батареяларининг ҳароратга чидамлилигига ҳам эътибор қаратилади. Маълумки, ёз кунлари­ ўлкамизда ҳарорат 40-45, айрим ҳудудларда ундан ҳам юқори бўлади. Шундай жазирамали кунларда институт­ олимлари томонидан Қорақалпоғистондаги «Аёзқалъа» сайёҳлик мажмуасига ўрнатилган фотоэлектрли қурилмалар (ФЭҚ) талабга жавоб­ бермай қолди. Чунки ундаги қуёш элементлари юқори ҳароратга дош беролмай «ку­йиб» қолар, токнинг кучи камайиб кетарди. Бу ҳолни бартараф этиш мақсадида тад­қиқотлар олиб борилди ва шу асосда ФЭҚнинг конструкциялари кучайтирилди. Бу изланишлар ФЭҚ­нинг 50 даража иссиқ­ликда ҳам бемалол ишлашини таъминлади.
Мутахассисларнинг қайд этишича, Европа мамлакатларида ишлаб чиқарилган қуёш батареяларининг ишлаш даражаси ҳарорат 25 – 30 даражадан ошганда пасайиб бораверар экан. Шу боис Марказий Осиё ва Африка мамлакатларида биз­нинг олимларимиз ишланма­ларига қизиқиш ортиб бормоқда. Тошкентдаги шун­дай қурилмаларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Мir solar» масъулияти чекланган жамияти истеъмолчи­ларга фотоэлектрли қурилмаларнинг кўплаб хилларини таклиф этмоқда. Улар бир неча лампочкани ёритишдан тортиб, йирик корхоналарнинг электр энергия­га бўлган эҳтиёжини ҳам қондира олади.
– Корхонамиз маҳсулотлари Маҳаллийлаштириш дастуридан жой олган бўлиб, ҳозирги пайтда зарур қисм­ларнинг 64 фоизини ўзимизда тайёрлашга эришдик, – дейди бош директор ўринбосари Шуҳрат Эшмуродов. – Айни пайтда янги маҳсулот хилларини ишлаб чиқариш устида иш қизғин кетаяпти.
Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 7 июлдаги фармойишига асосан тузилган Муқобил ёқилғи ва энергия­ корхоналари ассоциацияси қуёш, шамол, сув, газ, биотехнология ва бош­қа турда­ги энергиялар билан шуғулланувчи барча муассаса, ташкилотларни бир тизимга­ кел­тириш, илмий тадқиқотлар ва уларни амалиётга татбиқ этиш масалаларини ҳал этиш билан шуғулланади. Ассоциация қошида ташкил этилган Илмий-техника­вий кенгашга эса етук олим ва мутахассислар жалб этилган.
Айни кезда республикамизда «Энергиядан самарали фойдаланиш тўғрисида», «Энергетика тўғрисида», «Сув ва сувдан фойдаланиш­ тўғрисида», «Чиқиндилар тўғ­рисида», «Табиий монопо­лия тўғрисида», «Фаолиятнинг айрим турларини лицен­зиялаш тўғрисида»ги қонунлар ҳамда бошқа меъёрий ҳуж­жатлар амал қилаяпти. Уларда муқобил ва қайта тик­ланувчи энергияга доир жиҳатлар мавжуд. Лекин ҳа­ёт ривожи бу бора­да мустақил қонун қабул қи­лишни кун тартибига қўй­моқдаки, унинг лойиҳасини тайёрлаш юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палата­си, Ўзбекистон экологик ҳа­ракати ва­ бошқа идоралар томонидан ҳамкорликда чо­ра-тадбирлар кўрилаяпти.
Физика-математика фанлари доктори Илёс Раҳматуллаевнинг фикрича, қайта тикланувчи энергия манбала­ридан самарали фойдаланиш ҳамда кенг миқёсда қўллашга доир муаммолар ечимини топиш учун, биринчи навбат­да, тайёрланаётган қонунни тезроқ пухта ишлаб чиқиш зарур бўлса, иккинчидан, қуёш энергиясида ишлайдиган улкан объектларни барпо этиш учун ер май­дон­лари­ ажратилишига доир масалани ҳал этиш лозим. Негаки,­ 1 мегаватт электр энергияси­ ҳосил қилиш учун бир гектар майдонга, 100 мегаватт қувват учун эса 100 гек­­тар жойга қуёш қурилма­ларини ўрнатиш лозим бўлади.
– Яна бир масала респуб­ликамизда технологик базани яратиш билан боғлиқ, – дейди олим. – Бу борада бир қатор давлатлар катта тажриба тўплаган. Хитой ва Ҳиндистон 20 йил давомида бу йўналишда ўз технологиясини яратди. Мамлакатимиз ҳам муқобил ва қайта тикланадиган энергетиканинг барча йўналишлари бўйича ўзининг технологиясини яра­тиши лозим.
Мамлакатимизда шамоллар мавсумий характерга эга бўлиб, ҳар хил кучда ва но­текис эсади. Ана шу жиҳатларни инобатга олган мутахассислар ҳудудларимизга ўртача қуввати 60–250 кВт.га тенг бўлган 70 минг­дан ортиқ шамол генератор­ларини ўрнатиш мумкинлигини билдиришмоқда. Мисол­ учун, «Интеллект диалог» МЧЖ томонидан кейинги пайтда 70 дан ортиқ шамол станциялари турли жойларга ўрнатилди.
Ўзбекистондаги яна бир қайта тикланувчи энергия – гидроэнергоресурсларнинг салоҳияти бошқаларига қа­раганда анча чуқур ўрганил­ган. Ўлкамизда 656 та катта-кичик дарёлар мавжуд. Уларнинг энергия ҳосил қилиш қуввати 107 миллиард 1 миллион 50 минг кВт-соатга тенг. Шунингдек, қайта тикланадиган энергия­нинг бошқа турлари ҳам мавжудки, улардан бири биомасса бўлиб, мамлакатимизда бу борада ҳам кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2008–2012-йилларда табиатни муҳофаза қилишга мўлжалланган дастур тўғ­рисидаги қарорида бош­қа чора-тадбирлар қатори биогаз олиш ва ундан иқтисодиётнинг турли тармоқларида фойдаланиш зарурлиги белгилаб берилган эди. Диққатга молик жиҳати, унинг ижросини таъминлашда наинки илмий-тадқиқот институтлари, балки тадбиркорлар ҳам фаол иштирок этмоқда. Масалан, Алижон Темиров чорвачиликда фақатгина ўғит сифатида фойдаланиладиган органик чиқиндиларни қайта ишловчи биомасса ускуналарини ҳам ўрнатмоқда.
Унинг айтишича, биогаз ускунасида қайта ишланган органик модда экологик тоза ўғитга айланади. У экинлар ҳосилдорлигини 40 фоизгача оширибгина қолмай, ўғит сарфини 15–20 баравар қисқартиради. Агар биогаз технологияси такомиллаштирилиб, қўшимча ускуналар ўрнатилса, ундан автомобиллар учун ёнилғи ҳам ҳосил қилиш мумкин.
Қисқаси, кечагина ўй-ха­ёл­дай туюлган ғоялар ян­ги тех­нологиялар туфайли ҳа­қи­қатга айланмоқда. Бу мақ­садларга эришиш юртимиз рав­нақи ва обод­лиги, унинг интеллектуал, техник-технологик салоҳиятининг янада ошиши учун хизмат қилади.­
Абдурауф ҚОРЖОВОВ,
Ўзбекистонда хизмат
кўрсатган журналист