Туркистонда қўриқлаш хизмати

 

Россиянинг Туркистондаги жазолаш идоралари тизимида жандарм полиция бошқармаси, Туркистон туман қўриқлаш бўлими – охранка (махфий полиция идораси) алоҳида ўрин эгаллаган. Ўрта Осиё ва Тошкент–Оренбург темир йўлларида 1901–1905-йилларда жандарм полиция бошқармалари ташкил қилинган эди. Лекин жиноят-қидирув ишларининг ошиб бориши туфайли маъмурият томонидан бу ташкилотни янада кучайтириш масаласи кун тартибига қўйилган. Айтиш керакки, чор Россияси мустамлака сиёсатидан келиб чиққан ҳолда жиноятларни тергов қилиш учун ХХ аср бошигача Туркистонга жандарм офицерларини юборган ёки бундай ишлар Ўрта Осиё темир йўли жандарм полиция бошқармаси томонидан амалга оширилган.
1901 йили алоҳида жандармлар корпуси бош бошқармаси Туркистон генерал-губернаторига ўлкада доимий жандарм назоратини йўлга қўйиш таклифи билан чиқди. Бунга асосий сабаб 1898 йили Андижонда бўлиб ўтган қўзғолон эди. Қўзғолон айнан «маҳаллий мустамлака маъмурияти ихтиёрида махфий агентура йўқлиги сабабли юз берди», – деб кўрсатилди (Ўз МДА. ф. 1, оп. 28, д. 502, л. 1 об.). Шундан сўнг генерал-губернатор вилоят ҳарбий губернаторларига бу масала бўйича ёзма хулоса беришни талаб қилди. Сирдарё, Самарқанд ва Еттисув губернаторлари ўз рапортларида маъмурий-полиция шахсий таркибини кучайтириш мақсадга мувофиқ деб эътироф этган. Қолганлар эса жандармлик назоратини таъсис этишни қўллаб-қувватлаган.
Ўша даврдан бошлаб жи­но­ятлар бўйича дастлабки тер­гов ишлари Оренбург-Тош­кент ва Ўрта Осиё темир йўллари жандарм поли­ция бошқармасининг жандарм бўлинмаси бошлиқлари­ томонидан олиб борилган. 1904 йилда бу қонунан расмийлаштирилган. 1906 йилдан бошлаб сиёсий жиноятлар бўйича дастлабки тергов­ ўтказилиши тўғрисидаги ало­ҳида буйруқ кучга кирган.
Мустамлака маъмурияти жиноий хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш учун жиноятчи ҳамда ахлоқан нопок кишилар орасидан доимий ва вақтинчалик полиция изқуварлари — филерларнинг кенг тармоғини тузишга киришди. Филерлар фао­лияти Россия империясида 1882 йили кучга кирган ҳам­да 1889 йили тўлдирилган «Махфий полиция назорати­ тўғрисидаги низом» билан бош­қарилган. Унга кўра мах­фий назорат сиёсий шубҳали шахслар устидан кузатув олиб бориш орқали жиноятларнинг олдини олиш чораларидан бири бўлган.
Филерларнинг махфий кузатиши қидирув хусусиятига эга бўлиб, полиция департаменти ёки маҳаллий ҳокимият томонидан муайян­ шахснинг «зарарли» фаолия­ти тўғрисида олинган маълу­мотни текшириш, алоқалари­ни ўрганиш, у билан муноса­батда бўлган кишиларни қи­дириш учун вақтинча таъсис­ этилган. Жандарм бошқарма­лари кузатув натижалари тўғ­рисида полиция департаментига ёзма ахборот бериб­ турган. Фақат махфий назорат остида бўлган кишиларгагина иш қўзғатилган.
Махфий назорат фақат полиция департаменти томонидан таъсис этилган. Департаментнинг рухсатисиз фақат: 1) талабалар ҳамда 16 ёшга тўлган, олий ёки ўрта таълим ўқув юртларидан «ёмон» хулқи ҳамда ўқишга пул тўламаганлиги учун ҳайдалганлар ва ўқи­тувчилар семинарийсида қониқарсиз баҳоларга ўқиётганлар устидан; 2) маъмурий сургундан қайтиб, полициянинг ошкора кузатувидан озод бўлганлар устидан олдиндан назорат ўрнатилган.
Қамоққа ҳукм қилинган шахслар жазони ўтаб қайтгандан сўнг махфий назорат рўйхатида турганлар. 1889 йилдан бошлаб рўйхатда турганлар икки йил давомида кузатилиб, кузатув фақат полиция департаментининг кўрсатмасига биноан бекор қилинган. Ўқишдан ҳайдалган талаба ва ўқувчилар ҳам ўқишга ёки ишга кирган тақдирда кузатув тўхтатилган. Махфий назорат умумий полиция, жандарм корпусининг вакиллари ёки махфий агентларнинг хизмат вазифаларига кирган.
1907 йилнинг бошига келиб метрополияда қуролли қўзғолон бостирилгандан сўнг чоризм бутун мамлакат бўйлаб жазо чораларини кучайтирди. Туркистонда сиёсий иш ташлашда қатнашган асосан рус миллатига мансуб юзлаб ишчилар ишдан бўшатилди. 1907 йил баҳорида чоризм жазо чораларини бирмунча бўшаштиришга мажбур бўлди. Чунки, бир томондан, ўлканинг марказий шаҳарларида эсэрлар, дашноқлар, анархистлар фаолиятини кучайтирган бўлса, иккинчи томондан, Туркия ва Эрондаги инқилобий ҳаракатлар таъсирида Туркистонда ҳам ғалаёнлар юз бера бошлаган эди (Ўз МДА. ф. 1, оп. 31, д. 523, л. 7 об).
Ўша йили августда ҳукуматга қарши фаолият билан шуғулланган шахсларга қарши курашиш учун Туркистон генерал-губернатори котибияти ҳузурида тергов бўйича алоҳида бў­лим ташкил этилди. Ички иш­лар вазири П.Столипиннинг кўрсатмасига кўра бўлим бошлиғи этиб жандармлар корпусининг подполковниги Васильев та­йинланган.
Алоҳида бўлим фаолияти асосан Тошкент ва унга яқин туманларни қамраб олган. Бу ҳол чор ҳукуматини қониқтирмас эди. Шунинг учун Россия ички ишлар вазирлиги полиция департаментининг алоҳида бўлим бўйича 1907 йил 15 декабрдаги фармойишига кўра Туркистон генерал-губернатори котибияти ҳузурида Туркистон туман қўриқлаш бўлими (Туркестанское районное охранное отделение – ТРОО) очилди (Ўша жойда, д. 523, л. 4). Қўриқлаш бўлими расман генерал-губернатор котибияти таркибига кирса-да, полиция департаменти идораси сифатида мустақил муассаса ҳуқуқига эга эди.
1908 йили Ашхобод ва Вернийда бевосита ТТҚБга бўйсундирилган қидирув-тергов пунктлари ташкил этилди. Уларнинг биринчиси Каспийорти вилоятида, иккинчиси эса Еттисув вилоятида сиёсий қидирув билан шуғулланган. Шундай қилиб, ТТҚБ – охранканинг фаолияти Туркистоннинг барча беш вилоятини қамраб олган.
Россия империясидаги қўриқлаш ва қидирув бўлимлари бошлиқларининг хизмат вазифалари ҳамда 1902 йилдаги қоидалар мажмуига кўра қўриқлаш бўлими ваколатига ички агентурага эга бўлиш, ўқувчи ва ишчилар устидан кузатув олиб бориш, филерлик хизмати ташкил этиш, инқилобий руҳдаги ҳаракат ва адабиётларни ўрганиш ва ҳоказолар кирган. Қўриқлаш бўлими ўз ишида аноним хатлардан, агентура маълумотлари ҳамда провокатор – полицияни хабардор қилиб туриш учун турли ташкилотларга кирган агентлар хизматидан, турли муассасалар ўртасидаги ёзишмалардан фойдаланган. Бундан ташқари, фото ишига алоҳида аҳамият берилган: хатлар, ашёвий далиллар, қамоқда бўлганлар ва шубҳали шахслар расмга туширилган. Антропометрия ва дактилоскопия усулларидан фойдаланилган. 1903 йилдан бошлаб ички ишлар вазири Плевенинг кўрсатмасига биноан қўриқлаш бўлими бошлиқларига поч­та-телеграф хабарлари ва ёзишмаларини текшириш ва улардан зарурларини олиб қўйиш ҳуқуқи берилган.
1907 йили «Ички кузатувни ташкил этиш ва юритиш (агентура) бўйича йў­риқ­нома» ишлаб чиқилган. Бунда сиёсий ташкилотларга жойлаштирилган махфий агентлар ўта аҳамиятли ҳисобланган. Агентлар яширин ташкилотлар, уларнинг раҳбарлари ва аъзолари ҳақида, йиғилишлар жойи ва вақти, тайёрланаётган ҳаракатлар, олиб кирилаётган ва олиб чиқилаётган қуроллар, муайян мақсадлар билан ўлкага кириб келаётган шахслар ва ҳоказолар тўғрисида раҳбарларига узлуксиз маълумот бериб борган.
Ҳар бир агент учун полиция департаменти бир ойда 15 рубль маблағ ажратган. Туркистон сиёсий қидируви­нинг раҳбари подполковник Васильевга ўз агентларини қамоқ, ҳибсхоналарга жойлаштириш орқали нафақат маҳбуслар орасида бўлаётган воқеа-ҳодисалардан хабардор бўлиш, балки қамоқхона ходимлари ёрдамида кўпайиб бораётган қочиб кетишларнинг олдини олиш вазифаси юкланган. Масалан, Туркистон туман қўриқлаш бўлими бошлиғига Тошкент қамоқхонасида маҳбусларнинг оммавий қочишга тай­ёргарлик кўраётгани тўғ­рисидаги хабарни Самара губернияси жандарм бошқар­масининг бошлиғи берган (Ўз МДА. ф. 461, оп. 1, д. 506,­ л.л. 1-5 об.).
Филерлик хизматига «сиёсий ва ахлоқий жиҳатдан ишончли» бўлган, ёши 30 дан ошмаган, истеъфога чиққан кичик унвондаги ҳарбийлар олинган. Улар ташқи кўринишдан кўзга ташланмаслиги, миллати поляк ва яҳудий бўлмаслиги лозим эди. Филерлик хизматига олишда собиқ отлиқ аскарлар, разведкачилар, ҳарбий хизматда мукофот олганлар, қуролдан яхши отганлиги учун тақдирланган, жисмонан соғлом, интизомли, зийрак ва фаросатлиларга кўпроқ эътибор берилган. Филерларни синаб кўриш ва тайёрлаш бир неча босқичдан иборат бўлган: 1) янги келганларнинг феъл-атвори, кучли ва заиф томонлари ўрганилган; 2) янги филерлар шаҳар кўчалари, даҳалар, маҳаллалар, уйлар ва ҳоказоларни батафсил ўрганишлари ҳамда бу ҳақда кундалик ҳисобот ёзишлари керак бўлган; 3) машқ сифатида улар ўз ҳамкасбларини кузатган; 4) янги ишга олинганлар тажрибали филерга бириктириб қўйилган. Улар қўриқлаш бўлимида ишлашларини сир тутишлари лозим бўлган. Махфий агент ва филерлар бир-бирларини билмасликлари лозим эди.
Филерлар кузатилаётган шахсга лақаб берганлар ва у доимо битта сўздан иборат бўлган. Лақаб кузатилаётган шахснинг ташқи кўриниши ёки унга хос бўлган жиҳатлар билан боғлиқ бўлган. Баъзан жиддий объектни кузатиш учун бир неча кишидан иборат кузатув постлари ташкил этилган. Уларга солдат, савдогар, қоровул, газета сотувчиси кийимлари кийдирилган. Фойтунчи кўринишидаги кузатувчилар ҳам бўлган. Агар бирон киши устидан узоқ ва жиддий кузатув олиб бориладиган бўлса, шубҳа туғдирмаслик учун филер оиласи ўша ерга кўчириб келтирилган.
1906 йилга қадар филерлар ихтиёрий ёлланиб ишловчи мақомида бўлишган. ИИВ полиция департаменти алоҳида бўлими циркулярига кўра катта филерлар давлат хизматига даҳа кузатувчиси лавозимига, кичик филерлар эса миршаб лавозимига ишга олинган. Ишларининг махфийлиги борасида қатъий кўрсатмалар бўлишига қарамай, агентлар хизмат вазифасидан таъмагирлик мақсадида фойдаланган ҳоллар учраб турган. (Масалан, Йовмуд хонига қарши иш қўзғаш ва уни қамоққа олишга марвлик армани Маликжонов бош қўшган бўлиб, у Марв шаҳридаги қидириш пунктининг агенти сифатида очиқ ва намойишкорона ҳаракат қилган. Унинг маънавий қиёфасини қуйидаги ишларидан ҳам кўриш мумкин, у турк­манлар орасида обрўли Йовмуд хонини асоссиз қамоққа олгач, уни қамоқдан чиқаришга ёрдам беришни ваъда қилиб, қариндошларидан пул ундирган. Маликжоновнинг сурбетлиги шу даражага бориб етганки, бу ишга мутлақо алоқадор бўлмаган кишиларни ҳам қамоққа олиш билан қўрқитиб, 5000 рубл­гача пул ундирган. Айрим кишилар қўриқлашга алоқаси бор кишининг «қўлидан ҳар нарса келишига» ишонган ҳолда унга пул бериб, у тарафидан бўладиган чақувлардан ўзларини ҳимоялашга уринганлар. Ўз МДА. ф. 461, оп. 1, д. 1577, л. 4 - 4 об.).
Мустамлака маъмурияти Туркистонда жандарм ва полиция хизматларини нечоғли кучайтирмасин, ўлкадаги аҳвол омонатлигича қолаверди. Шу боис чор ҳукумати маҳаллий аҳолини фақат жазо ва қурол ёрдамида ушлаб туришга ҳаракат қилган. 1892 йилда ўлкада жорий қилинган «кучайтирилган» ёки «фавқулодда» қўриқлаш ҳолатининг 1916 йил ўрталаригача давом этгани бежиз эмасди. 1916 йилнинг иккинчи ярмида Туркистонда бошланган қўзғолонни бостириш учун ҳарбий ҳолат эълон қилинган.
ТТҚБ фаолиятидаги ўта жиддий йўналишлардан бири ўлкада панисломизмнинг тарқалишига қарши кураш эди. Туркистон генерал-губернатори С.Духовскийнинг 1899 йилдаёқ «Туркистонда Ислом» деб номланган ҳисоботида Россия империя­си мусулмонларининг сони 14 миллионга етгани таъкидланган эди. Бу Черногория, Сербия, Болгария, Греция, Швейцария ва Норвегия каби давлатларнинг умумий аҳолиси сонидан кўп эди. Духовскийнинг фикрига кўра ўлкадаги рус маъмурияти сиёсатининг бутун мазмуни мусулмонларни христиан маданиятига «тўла мослаштириш» заруратидан келиб чиқиши, «мусулмончиликка қарши маданий курашдан» иборат бўлиши керак эди.
Туркистон халқларини маънавий бўйсундиришнинг фаол тарафдори бўлган С.Духовский бу вазифани бажариш учун қуйидаги чораларни таклиф этган: 1) миссионерлик фаолиятида шошилмаслик (гарчи, Европанинг мустамлака давлатларида бу асосий воситалардан бири бўлса ҳам – Ф.Э.), чунки «миссионерларнинг бу соҳада ҳаддан ташқари уринишлари мусулмон муҳитини миссионерликка қарши ундаши мумкин»; 2) Европа маданиятига жалб қилишнинг таъсирчан қуроли сифатида мусул­монлар орасида тиббий фао­лиятни кучайтириш; 3) му­­сулмонларнинг тили ва ички ҳаётини ўрганиш, рус тилини расмий алоқаларга киритиш, маҳаллий аҳолини аста-секин чоризм суд муассасаларига бўйсундириш, шу тариқа Туркистонни мустамлака қилишни кучайтириш ва мустаҳкамлаш; 4) ўлкада аралаш никоҳлар сонини кўпайтиришга интилиш.
Бундан ташқари, ТТҚБ мил­лий ўзликни англашга хиз­мат қилиши мумкин бўл­ган мактаб, мадраса ва жадид мактаблари устидан қат­тиқ назорат ўрнатган. Бу ер­ларда, мустамлака маъмуриятининг фикрича, панисломизм ғоялари тарғиб қи­линган ҳамда бу ҳаракатнинг бўлғуси тарғиботчи кадр­лари тайёрланган. Айниқса, янги усулдаги мактабларга «давлат аҳамияти даражасида эътибор берилган», айнан шу боис уларни вақтинча бўлса-да, назоратсиз қолдириш мумкин бўлмаган. Туркистон ўлкаси­ ўқув муассасаларининг бош нозири Н.Остроумов ҳамда ТТҚБ бошлиғи В.Андреевнинг ёзишмаларида Туркистоннинг янги усулдаги хусусий мактаблари ҳукумат назоратида эмаслиги тўғрисида сўз боради.
Шу билан бирга, маҳаллий тилда чоп этилаётган мат­буот нашрларининг кўпа­йиши мустамлака маъмурия­тида алоҳида ташвиш уйғот­ган. Айрим нашриётлар ўз нашрларини обунасиз ва бепул волость бошқармаларига жўнатиб турган. 1907 йилда ички ишлар вазири бундай почта жўнатмаларини эгаларига етказиб бермаслик ҳамда уларни йўқ қилиш учун вилоят губернаторларига тақдим этиш ҳақида буйруқ беради. (Бу матбуот нашрлари рўйхатига «Зарафшон», «Самар­қанд» (Самарқанд вилояти), «Вперёд», «Тараққий», «Русский Туркестан», «Тур­кестан», «Ташкентский курьер», «Хуршид» (Тош­кент шаҳри) киритилган. 1908 йили ТТҚБ тавсиясига кўра «Шуҳрат» газетасини нашр қилиш тақиқланади, унинг муҳаррири А.Авлоний, ходимлари Мунавварқори Абдурашидхонов («Хуршид» газетасининг собиқ ношири) ҳам­да татар миллатидан бўл­ган Аҳмеджан Бектемиров эди. А.Бектемиров «Шуҳрат» газетаси ёпилгандан сўнг «Осиё» газетасини чиқара бошлади, бироқ у ҳам «зарарли йўналишда бўлганлиги сабабли» ёпилди. 1915 йилда «Ислоҳ» газетасини ёпиш масаласи кўтарилди (унинг ношири А.Садиқов, раҳбари М. Абдурашидхонов эди).
Жадид зиёлиларидан Мунавварқори Абдурашидхоновнинг фаолияти қўриқлаш бўлимига тинчлик бермаган. 1910 йили Туркистон ўлкаси ўқув муассасалари бош нозири Туркистон генерал-губернаторига, у эса ТТҚБ раҳбарига «Тошкентдаги янги усул мактабининг катта ўқитувчиси Мунавварқорининг ҳукуматга қарши кайфияти тўғрисида» хабар беради.
Ўша йилнинг августида Мунавварқори Тошкентда тараққийпарвар ёшлардан ташкил топган «Умид» китоб савдоси жамияти ва нашриёт очиш учун рухсат олишга уринган. Бироқ қўриқлаш бўлимида Мунавварқорининг рус ҳуқуқ-тартиботига зид фаолияти тўғ­рисида маълумотлар борлиги сабабли жамиятни очишга рухсат берилмаган. ТТҚБ агенти Мунавварқорининг уйида бўладиган янги мактаб ўқитувчиларининг йиғилишлари тўғрисида, гарчи­ у ерда нима тўғрисида гап кетганини билмаса-да, мунтазам хабар бериб турган. 1910 йили Мунаввар­қори Давлат думасига ўлкадаги мактабларни қайта ташкил этиш ва уларда она тилида ўқитишни жорий этиш зарурати тўғрисида хат тайёрлайди. У биринчилардан бўлиб Марказий Осиёдаги удумлар, халқларнинг зиёратгоҳлари ва одатларига бўлган хуружларга қарши чиқади. Натижада қўриқлаш­ бўлими унинг орқасидан кузатув ўрнатган. У ҳақда маълумот етказиб турган агент­лардан бири Мунавварқори хизмат қилган масжиднинг қавми бўлган.
Полиция департаменти 1910 йил 18 декабрдаги махфий циркулярда Россия империяси губерния жандарм бошқармаси туман ва қўриқлаш бўлими бошлиқларига қуйидагилар тўғрисида буйруқ беради: 1) жа­дидлар ҳаракати ва ташкилотларининг «жиноий фао­лиятини» ёритиш учун махфий агентурани яратишга жадал киришиш; 2) мусулмон аҳолининг кайфиятини узлуксиз кузатиш, мусулмон мактабларининг педагог ходимлари, мударрислари ва диний уламолар фаолиятига алоҳида эътибор берган ҳолда улар тўғрисида вақти-вақти билан хабар бериб туриш; 3) панисломий нашриётлар ва улар нашр этаётган адабиётлар устидан кузатув ўрнатиш ва полиция департаментига эъти­борга лойиқ мақолаларни ўз вақтида тақдим этиш.
Ушбу масалалар билан ИИВнинг яна бир идораси – маънавий ишлар департаменти ҳам шуғулланган. Бу департамент ҳам генерал-губернатор эътиборини пан­исломизмнинг ҳар қандай кўринишларини бостириш учун таъсирчан чоралар кўришга қаратган.
1912 йили ТТҚБ бошлиғи генерал-губернатор котибиятига Туркистонда рус ҳукуматига қарши фаолият юритувчи ҳамда пан­исломизм ғояларини тарғиб қилувчи мусулмон ташкилотларининг мавжудлиги тўғрисида маълумотлар йўқ­лиги ҳақида ёзган. Бунга жавобан полиция департаментининг алоҳида бўлими бу фикрнинг хатолигини кўрсатган ҳолда «ўлкада пан­исломий ҳаракатлар мавжудлиги ва бунга ўта жиддий эътибор қаратиш ло­зим»­лигини таъкидлаган.
Биринчи жаҳон уруши бошланиши билан ТТҚБ­нинг ишлари сезиларли даражада кўпайди. Қўриқлаш бўлимининг бошлиғи ўлкадаги полиция ва жандарм бўлинмаларига хат жўнатиб, барча сиёсий характерга эга бўлган ҳодисалар тўғрисида зудлик билан хабар беришни талаб этди. Бундан ташқари, сиёсий қидирувга тегишли барча ариза ва ёзишмалар ҳам қўриқлаш бўлимига жўнатилиши лозим эди. Шунга қарамай, ТТҚБ бошлиғи 1916 йил ёзидаги халқ ғазабининг портлашини олдиндан айтиб бера олмади. Қўриқлаш бўлимининг агентлари ҳатто қўзғолон арафасида ҳам халқ кайфиятини буткул осойишта деб таърифлаган. Шунинг учун 4 июлда бошланган қўзғолон тезлик билан Марказий Осиёнинг кўпгина ҳудудларини қамраб олди. Содир бўлаётган воқеалар ҳақида ТТҚБ бошлиғи 1916 йил 8 август­да полиция департаменти директорига йўллаган махфий рапортида шундай деб ёзган эди: «Исён кўтарган сартлар тўдаси Жиззах уезди бошлиғини, участка прис­тавини ўлдирган. Туб аҳоли томонидан айрим ерлик маъмурият вакилларининг ўлдирилиши уларнинг аҳолига нисбатан виждонсиз муноса­батда бўлганликлари ҳам­да мардикорликка олишда оила аъзоларининг сони ва ёшини кўрсатишда порахўр­ликка йўл қўйганлиги» билан боғлиқ (Ўз МДА. ф. 461, оп. 1, д. 1468, л. 224 об.).
ТТҚБ 1917 йилнинг январь-февраль ойларида ҳам қўзғолон иштирокчилари ҳақида маълумот йиғишни давом эттирган. Бироқ бу бўлимнинг сўнгги иши эди. Февраль инқилобидан сўнг подшо ҳукумати ағдарилгач, 1917 йилнинг 7 мартида Туркистон ҳарбий округининг қўмондони имзоси билан ТТҚБни бекор қилиш тўғрисидаги буйруқ эълон қилинди. Бошқа маълумотларга кўра ТТҚБ 1917 йилнинг 9(22) апрелида муваққат ҳукумат томонидан «Вест­ник Временного правительства»да эълон қилинган «Жандармлар корпусини тарқатиб юбориш тўғрисида»ги фармойиш билан бекор қилинган.
ТТҚБни тугатишда даставвал унинг бошлиғи полковник Волков раҳбарлигидаги жандармлар корпусини ҳаракатдаги армияга юбориш кўзда тутилган эди. Бироқ 9 мартда қўриқлаш бўлимининг барча аъзолари ва махфий агентлар қамоққа олинган. Тез орада ушбу ташкилот фаолиятини ўрганиш учун махсус қўмита ташкил этилди. Натижада кўпгина махфий ходимларнинг исмлари ва лақаблари (аксарият ҳужжатлар аввал йўқ қилинган бўлишига қарамасдан) аниқланди ва матбуот орқали халққа маълум қилинди (Абдуллаев Р.М. Интеграционные процессы в мусульманском мире и Туркестанские джадиды // Жадидчилик: ислоҳот, янгиланиш, мустақиллик ва тараққиёт учун кураш (Туркистон ва Бухоро жадидчилиги тарихига янги чизгилар). Даврий тўплам, № 1. – Т.: 1999, стр. 77).
Шундай қилиб, халқ ҳаётининг барча соҳаларида узлуксиз назорат ўрнатиш йўли билан оммани маънавий қул қилишни мўлжаллаган Туркистон туман қўриқлаш бўлими фаолиятига сўнгги нуқта қўйилди. Бироқ, 1917 йил воқеа­лари ва ТТҚБнинг тугатилишига қарамай, мустамлака қилинган маҳаллий халқ­лар маънавий зулмдан қутула олмади. Мустамлакачилик сиёсати шўролар даврида ҳам бирмунча бошқачароқ шаклда давом эттирилди.
Фатҳулла ЭРГАШЕВ,
тарих фанлари номзоди