Тарихий адолат тантанаси

 

Ўзбекистон мустақилликка эришгач, Президент Ислом Каримов ташаббуси билан миллатнинг тарихий илдизларини англаш, умуминсоний аҳамиятга эга бўлган миллий қадриятларни тиклаш, истибдод давридаги қатағон қурбонларига бўлган муносабатни қайта кўриш, уларнинг номларини абадийлаштириш ишларига кенг жамоатчилик эътибори қаратилди.
Маълумки, чор Россияси Ўрта Осиёни босиб олгач, маҳаллий халқни тобе қилиш, унинг маънавий мулкини талаш ва ўзини ассимиляция қилиш билан ти­зимли равишда шуғулланди. Миллий мактаб ва мадрасалар фаолиятини назорат қилиш, чеклаш билан ки­фояланмай, рус-тузем мак­табларини ташкил этди. Тур­кистон маориф инспектори Ф.Керенский, Туркистон ўқитувчилар семинарияси мудири, олим ва миссионер Н.Остроумов, педагог ва ҳарбийлардан М.Муропиев, В.Наливкин, Н.Маллицкий, Н.Ликошин, М.Андреевлар маҳаллий халқ тарихи, адабиёти, урф-одатлари, дини, маориф тизимини ўрганиш ва уни чоризм манфаатига хизмат қиладиган тарзда ислоҳ қи­лиш йўлларини излади. Бун­дан кўзланган асосий мақсад халқни руслаштириш эди. Барча миллий зиёлилар орқасидан ёппасига кузатув олиб борилди, аксари­ят кишилар асоссиз равишда ватандан сургун қилинди ва қамоққа олинди. Бу ўринда А.Абдурауфқориев, М.Абдурашидхонов, М.Беҳбудий, Т.Каттабоев, У.Хўжаев, Т.Нор­бўтабеков, А.Зоҳирий, О.Маҳмудов, А.Шакурий, М.Ўринбоев каби миллатпарварларни эслаш кифоя.
1917 йилнинг октябрида давлат тўнтариши йўли билан ҳокимиятни эгаллаган большевиклар ана шу сиёсатни янада кенг кўламда олиб бордилар. Агар чор ҳукумати вакиллари Туркис­тон халқини тобеликда ушлаш сиёсати орқали ижтимоий-сиёсий ҳуқуқларини чеклаб қўйган бўлса, большевиклар «синфийлик»ни важ қилиб, қатағонни кенгайтирди, холос. Улар чор ҳукуматидан қолган жазолаш тизимини давом эттириш билан кифояланмай, сиёсий репрессиянинг янги-янги шаклларини қўллади. Шўролар ҳукумати инқилобгача Туркистон туман махфий бўлими томонидан рўйхатга олинган миллатпарвар зиёлиларни таъқиб этиш ва жазолашни давом эттирди. Ер-сув ислоҳоти, колхозлаштириш туфайли халқнинг турмуши янада оғирлашди. Биринчи жаҳон уруши, фуқаролар уруши яраси битмай туриб, халқ истиқболсиз, ниҳоятда мушкул вазифаларни бажаришга мажбур қилинди. Бу мажбуриятнинг номи мамлакатни­ индустриялаштириш ҳамда аниқ сонини ҳеч ким билмайдиган қўшинни сақлаш, боқиш эди. Шу сабабли, биринчидан, Сибир, Магадан каби совуқ иқлимли жойларда фойдали қазилмаларни излаб топиш ва конларни ишга тушириш лозим эди. Иккинчидан эса, давлат­ бошқарув тизимидан мухолиф кучларни сиқиб чиқариш керак бўлиб қолган эди. Ана шу сабабларга кўра мамлакат бўйлаб Киров ўлими билан боғлиқ, бухаринчилар ва бошқаларнинг номи билан боғлиқ кўплаб сиёсий суд жараёнлари ўй­лаб топилди. Троцкийнинг ўзини кўриш уёқда турсин, ҳатто номини эшитмаган кишилар троцкийчиликда айбланди. Бундай айбловлар туфайли минглаб кишиларни иқлими, шароити чидаб бўлмайдиган маконларга мажбурий жўнатиш – қатағон бошланиб кетди.
Халқни сиёсий фалаж аҳволга солиб қўйиш учун жисмоний ва мафкуравий қатағон баробар олиб борилди.
Ҳар бир халқнинг маданияти юксаклигини кўрсатувчи кўзгу унинг адабиёти, санъати, маориф ва матбуотидир. 20-йилларнинг охири – 30-йилларнинг бошига келиб, Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўл­пон, Абдулла Қодирий, Ашурали Зоҳирий, Қаюм Рамазон, Отажон Ҳошим ва бошқа адабиёт, санъат, фан намояндалари обрўсига соя ташланди. Буларни яқин келажакда маҳв этиш учун «Маориф комиссарлиги иши» деган сохта сиё­сий жараён ташкил қилинди. Маориф соҳасидаги зараркунандалик ниқоби ости­да Маҳмуд Ҳодиев – Боту, Босит Қориев, Боис Қориев – Олтой, Лутфулла Алавий ва бевосита комиссарлик билан хизмат юзасидан боғлиқ бўлган кўпгина маориф ходимлари қа­моққа олиниб, оғир жазоларга мубтало қилинди.
1929 йилнинг март-август-ноябрь ойларида маҳаллий зиёлиларнинг яна бир катта қисми 1924 йилда сиёсий фаолиятини тўхтатган «Миллий иттиҳод» ташкилотига алоқадорликда айбланиб қамоққа олинди.
Шу йилдан эътиборан халқ қувватламаган янги миллий алифбони жорий қи­лиш масаласи республика ҳукумати олдига мажбурий равишда кўндаланг қўйилди. 1930 йилда лотин, 1940 йилда кирилл алифбосига ўтилди. Бунинг оқибатида ёш авлод миллий маданий меросдан узиб қўйилди. 30-йилларнинг охири, 40-50-йилларга келиб республика газеталарини русча-байналмилал сўзлар босиб кетди. Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Ғози Юнус, Ғулом Зафарий, Усмон Носир, Ғози Олим Юнусов, Отажон Ҳошим, Қаюм Рамазон, Ҳожи Олим Қобулий, Лутфулла Олимий, Рафиқ Мўмин каби ўзбек адиблари, олим ва журналистлари миллатчиликда айбланиб, қа­тағон қилинди.
Инсон омилига беписанд­лик, таҳқирлаш ва хўрлаш ҳолатлари Ўзбекистондан Ук­раина, Кавказ, Сибирга сур­гун қилинган кишилар ва оилалар, қиримтатар, че­чен­, ингуш, қорачой, корейс, поляк халқларининг Ўрта Осиёга сургун қилини­ши чоғида яққол кўзга ташланди. Диққинафас вагонларда вафот этганларни ўз вақтида дафн этиш учун имконият берилмади. Ма­йитлар чўлларда, ўрмонларда, турли бекатларда шундайлигича ташлаб кетилди. Ҳатто Бериянинг ўринбосари И.Серовнинг буйруғи билан сургун қилинмай қо­либ кетган вайнах қариялари, ёш болалар отхонага қа­маб ёқиб юборилди. Ўзбекистондан Шимолий Қозоғистонга сургун қилинган 1537 оила очлик, ишсизлик­, ниҳоятда оғир иқлим туфай­ли қирилиб кетди. Улардан 86 кишигина тирик қолиш учун ватанга қайтишга рухсат сўраб ариза бергани маъ­лум. Кўпгина кишилар айнан бир модда билан қайта-қайта жазоланиб, умрининг 15-20, ҳатто 30 йилини маҳбусликда ўтказишга мажбур бўлди. Жумладан, шоир Ол­той, таржимон Баҳром Ҳайдарий, шарқшунос Лазиз Азиз­зода умрининг 30 йилини қамоқда ўтказди.
Иккинчи жаҳон уруши ту­файли қирғин машинасининг парраги сустроқ айлан­са-да, тўхтамади. Меҳнаткашлар оддий норозилик учун жазоланарди. Уруш йиллари ҳукумат халқимизнинг руҳини кўтариш, ватан мудофаасига муносиб ҳисса қўшиш учун адабиёт ва санъат аҳлига миллий қаҳрамонларимиз, донишманд алломаларимиз сиймоларини яратишга рухсат бер­ди ва баъзи асарлар давлат мукофотларига лойиқ топил­ди. Аммо 40-йилларнинг охирига келиб адабиёт, санъат, фан ва маданият, маориф намояндаларининг фаолиятини зимдан кузатиб, нав­батдаги жазолашларга за­мин яратувчи ВКП(б) МК­нинг Ўзбекистондаги вакили муассасаси ташкил қилинди. 1952 йилда ушбу ташкилот ва маҳаллий гумашталар ёрдамида кўпгина ижодкорларга ўтмишни идеаллаштириш, фольклор қаҳ­рамонлари, сарой аъёнларини тарғиб қилиш айби қўйилди. Хусусан, Жалолиддин Мангуберди ва Алишер Навоий образларини яратгани учун шоир Мақсуд Шайхзода қамоққа олинди, Ойбек­ тазйиққа учраб, саломатлигини йўқотди. Маннон Уйғур вафотидан ке­йин ҳам таъ­қибга учради. Режиссёр Жавод Обидов ишдан четлатилди.
Юқорида санаб ўтилган маъ­лумотлар билан танишган­ киши оммавий қатағонни амалга оширишга зарурат бор­миди, деган ҳақли савол­ни қўяди.
1956 йилда ушбу масала юза­сидан қилган маърузаси­да КПСС МКнинг биринчи­ котиби Н.Хрушчев барча айб­ни И.Сталинга тўнкади ва қатағонлар амалга оширилган вақтлар «шахсга си­ғиниш» даври деб аталди.
2000 йил 12 майда Ўзбекистон Президенти қарори билан «Шаҳидлар хотираси ёдгорлик мажмуи» ташкил қилинди. Пойтахтнинг қаровсиз, тунда эмас, ҳатто кундузи юрса, киши қўрқувга тушадиган Алвастикўприк мавзеси обод қилиниб, са­йилгоҳга айлантирилди. 2002 йил 31 августда собиқ қатл­гоҳлардан бирининг ўрнида икки империя, икки тузум олиб борган қатли ом сиёсатини очиқ кўрсатувчи «Қатағон қурбонлари хотираси» музейи очилди.
Дастлаб биргина залдан, 2008 йилдан бошлаб уч залдан иборат бўлган бу музейда ўзбек халқи бошига тушган мусибатдан ташқари қиримтатар, немис, поляк, корейс халқлари чекига тушган мажбурий муҳожират – депортация ҳам ўз аксини топди.
Истиқлол – Оллоҳ халқимизга ато этган бебаҳо неъмат. Афсонавий қаҳрамон Алпомиш ҳақидаги дос­тонларнинг рўшнолик кўриши, Жалолиддин Мангубердига ҳайкал қўйилиши, Наврўз байрамининг тикланиши, номлари юқорида санаб ўтилган ёзувчи, олим, давлат арбоблари, журналистлар, маориф ходимларининг оқланиши, асарларининг қайта чоп этилиши – адолат ғалабасининг яққол намунасидир.
Собиқ Иттифоқ даврида миллатимиз вакиллари саноат, ҳарб, фан, спорт соҳаларида камситилган эди. Бугун халқимиз ҳеч кимдан кам эмаслигини барча соҳаларда қўлга киритаётган ғалабалари орқали намоён этмоқда.
Буларнинг барчаси бизни­ ўтмишга тийран нигоҳ билан­ қарашга, ундан хулоса чиқа­ришга, бугунги дориломон кунларнинг, истиқлолнинг қадрига етишга ундайди.
Сирожиддин АҲМАД